Қайднома

Қидирув

Роберт Левандовски: «Шунчаки зўрлигимни билмас эканман...»

Роберт Левандовски: «Шунчаки зўрлигимни билмас эканман...»

  16.05.2020 11:46
  0
  128
Роберт Левандовски: «Шунчаки зўрлигимни билмас эканман...»

Испаниянинг Sport нашри миллий чемпионатларда юзага келган мажбурий танаффусдан фойдаланиб, «Бавария» клуби ва Польша терма жамоасининг сермаҳсул ҳужумчиси Роберт Левандовскини суҳбатга чорлади. Левагол шу тариқа журналистлар билан савол-жавоб асносида болалик йилларини ёдга олди, вақтида Польша чемпионати учинчи лигасида тўп суришга мажбур бўлганию, бошқа эътиборли жиҳатлар хусусида гапириб берди.

- Роберт, болалигингиздан шундай моҳир голеадор бўлганмисиз?

- Ҳа, ақлимни танибманки, рақиб дарвозасини ишғол қилиш мен учун табиий ҳол саналади. Бинобарин, фақат зафар ҳақида ўйлайман, ҳамиша ғолиб чиқишга интиламан. Тўғри, болалигимда ярим ҳимоя чизиғининг турли қанотларида тўп сурганман. Бироқ жамоамнинг голлар уриб, очколар жамғаришига кўмаклашиш асосий вазифам ҳисобланган, барибир. Оддий айтганда, ҳужум вакили сифатида дарвозага имкон борича кўпроқ зарба йўллашни ўйлардим, шунга қаракат қилардим. Мана, орадан йиллар ўтди, лекин айтарли ҳеч нарса ўзгармади - ҳамон гол уриш завқига тўйганим йўқ. Тўпнинг рақиб дарвозасидан жой олиши, ўша лаҳзанинг ҳузури ўзгача. Бир сир, болалигимда баъзан тўп билан гаплашардим ҳатто. Айтишим мумкинки, тўп - энг яқин дўстим...

- Қизиқ, жонсиз-тилсиз дўстингизга нималар дегансиз?

- Оддий гаплар - фақат меникисан, сени ҳеч кимга бермайман, менга қулоқ солишинг шарт (кулади). Мисол учун, ҳаттоки, овқатланиб ўтирганимда ҳам тўп оёқларим олдида турарди. Ундан ажралишни сира истамасдим. Футболга муҳаббатим туфайли тўпга ҳам мислсиз даражада меҳр қўйгандим. Ўша пайтлар компьютер йўқ эди, бўш вақтни боғимиз ёки паркда ўтказардим. Ҳозирги болакайлар ва қизалоқлар олдида шундай имкониятлар борки, уларга шунчаки, ҳавас қиласан...

- Ёшлигингизда қачондир ўз орзунгизни баралла айтганмисиз? Мисол учун, «Дунёдаги энг яхши ҳужумчи бўлишни истайман».

- Мақсадга босқичма-босқич яқинлашиш кераклигини тушунардим. Ҳа, вақтида 80000 ва ундан кўпроқ мухлис билан тўлган трибуналар остида ўйнашни орзу қилардим. Ўша йиллар Польшада болаларга чин ибрат бўладиган сермаҳсул ҳужумчи йўқ эди. Футбол оламидаги таниқли голеадорлар ўйинини кузата туриб, беихтиёр ўйланиб қолардим: «Польшалик оддий йигит сифатида машҳур ўйинчилар қаторидан жой олишни истаяпман. Лекин одамлар нега польшаликлар жаҳоннинг етакчи футболчилари даражасига чиқа олишдарига ишонишмайди?»

- Хўш, айнан қайси футболчилар сизни алоҳида лол қолдиришган?

- Эсимда, 6 ёшлигимда Роберто Баджонинг ЖЧда кўрсатган ўйинидан ўзгача завқланганман. Майдонда намойиш этган мўъжизалари ақлимни ўғирлаган, шунчаки, ром қилиб қўйганди. 10-14 ёш оралиғида эса Алессандро дель Пьеро бош кумиримга айланди.  Ундан кейин Тьерри Анри ижросидаги бетакрор хатти-ҳаракатлар шайдоси бўлиб қолдим. Унга фақат ҳар қандай позициядан гол уриши учунгина эмас, балки жамоасига катта манфаат келтириши туфайли ҳавас билан қараганман. Энг асосийси, Анри зиммасидаги вазифани шундай енгиллик билан бажарардики, ҳаракати юксак самара бериши баробарида четдаги кишиларга эстетик завқ бағишларди. Тьерри билан илк учрашувимизни ҳозир ҳам яхши эслайман. Анри олдида чинакам «шок» ҳолатига тушганман: «Бу тушимми ё ўнгим? Ёшликдаги кумирим олдимда турибди, яна мен билан футболка алмаштирмоқчи!» Айнан ўша унутилмас воқеадан кейин орзулар рўёбга чиқишига ишончим кескин ортди.

- Келинг, яна болалигингизга қайтайлик: 8-16 ёш оралиғида ота-онангиз билан 2 соатли йўл узоқлигида жойлашган машғулотлар майдонига қатнаган экансиз. Айтишларича, ҳафтасига 3-4 марта.

- Худди шундай. Бунинг учун ота-онамдан бир умр миннатдорман. Мактабдош дўстларимнинг ота-оналари бизга қараб, ҳайратларини яширишмаган экан: «Бола ортидан намунча югурмасанглар... Ҳар куни бориб-қайтиш учун 2 соатдан йўл босиб, ҳафтада 12-16 соатлаб сарсон бўлишнинг нима зарурати бор? Бу телбаликдан ўзга нарса эмас...». Ота-онам эса ҳар сафар бу каби гапларга жавобан менинг орзумни рўёбга чиқаришдан муҳимроқ юмушлари йўқлигини таъкидлашган. Дўстларим ҳар оқшом ярим тунгача базмларда кўнгилхушлик қилишарди, мен эса бундан тийилардим. Чунки эртасига машғулотга боришим кераклигини билардим. Хуллас, футболдаги келажагим учун ўйин-кулгидан мутлақо воз кечдим. Ҳар қайси болакайда танлаш имконияти бор - вақтини беҳуда сарфлаши ёки нима биландир шуғулланиши мумкин. Тўғри, меҳнат самараси бирданига кўринмайди, лекин қачондир келади, албатта.

- Тўп билан қалин дўстлашиб олганингизни айнан қачон фаҳмлагансиз?

- Отам жисмоний тарбия ўқитувчиси эди ва доимо алоҳида уқтирарди: «Шунчаки, тўп тепиши эмас, футболни теран тушунишни ўрганишинг лозим» У шунингдек, жисмонан кучли ва эпчил бўлишлигим кераклигини таъқидлаб, бунинг учун бошқа спорт турлари билан ҳам шуғулланишим кераклигини айтарди. Шунга асосан, дзюдо, волейбол ва баскетбол тўгаракларига ҳам қатнаганман. Умуман олганда, барча спорт турларини ёқтираман. Онам ва опам волейболчи бўлишган ва уларнинг ўйинларини томоша қилишдан зерикмасдим.

- Ҳозир ишониш қийинку, аммо вақтида Польшанинг етакчи клублар сизни қабул қилишдан бош тортган экан. Масалан, «Легия» раҳбарларига бўйингиз паст кўринган ва улар савияли ҳужумчи бўлишингизга ишонишмаган...

- Тўғриси, ўша пайт ҳаётимдаги энг кўнгилсиз даврни бошдан ўтказганман. Узоқ вақт руҳий тушкунлик билан курашдим, машғулотларга қайтганимда эса, яхши спорт формасида эмасдим. Ўзимни кўрсатишим учун вақт талаб этиларди. Бироқ шартномам мавсум охирида ниҳоясига етган, бу ҳақда ҳеч ким огоҳлантирмаганди. Клуб спорт директори ҳузурига кирганимда, у керак эмаслигим, кетишим мумкинлигини очиқ-ойдин айтди. Ўшанда энди 17 ёшни қарши олгандим. Биласиз, бу ёшда ҳар қандай ўсмирнинг кимгадир кераклиги, келажаги борлигини ҳис этиши муҳим. Автомобиллар тўхташ жойида кутиб турган онам менга шундоқ қарадию, ҳаммасини тушунди. Чунки футболда қолиш-қолмаслик хусусида чуқур ўйга чўмгандим. Муҳими, тез орада ўзимни қўлга олдим, яъни таслим бўлиш фикрини четга улоқтирдим.  Бунинг учун қуйи лига жамоаларидан бири сафига қўшилиб (Роберт учинчи лига иштирокчиси - «Знич»да 2 йил тўп суриб, 36та гол урган ва клуб билан элитага кўтарилган) ўзимга қайта имконият яратдим. Шу қарор тўғри бўлиб чиқди ва сермаҳсул ўйиним менга «Лех» эшикларини очди. Хуллас, рисоладагидек ўйнай олишимни исботладим, аммо баъзан шундай ҳолатга тушган футболчилар руҳий мувозанатни йўқотиб, «ўра»дан чиқиб кетиш йўлини тополмайдилар.

- Сизнингча, мукаммал ҳужумчи бўлиш учун нималарга эътибор қаратиш керак?

- Етарли маҳоратга эга марказий ҳужумчи ўнг ва чап оёқғи, боши ва гавдаси ёрдамида гол уришни бирдек ўзлаштириши шарт. Қоидадан четга чиқмаган ҳолда, албатта. Шунингдек, у ҳар қандай вазиятга тайёр туриши, дейлик, тўсатдан келадиган тўпни дарвозага йўллашда сусткашликка йўл қўймаслиги керак.

- Дарҳақиқат, ҳужумчилар тўп билан кўп муомалада бўлмайдилар ва уни эгаллагач, тезда қарор қабул қилишлари керак...

- Ҳужумчи тўп қачон келишини кутмаслиги, аксинча, уни топиш учун изланиши лозим. Жумладан, тўп ўзи томон келиши эҳтимоли кам бўлган вазиятга ҳам тайёр туриши муҳим. Баъзан барчасини сониянинг улуши ҳал қилади. Гоҳида ички ҳис-туйғу тўп сенга насиб этишини билдиради. Хуллас, рақиб дарвозаси яқинида доимий равишда ҳушёр туриш талаб этилади. Ҳужумчига озгина айёрлик ҳам зарар қилмайди: у ўзини бепарво одимлаётгандек кўрсатиши, аммо вазиятни аниқ баҳолаб бориши керак. Бунда энг муҳими - ҳимоячилар эътиборини тортмаслик.

- Майдонда рақиб ҳимоячилари билан мулоқотга ҳам киришасизми?

- Йўқ, деярли гаплашмайман. Асосий эътиборни ўйин, юзага келиши эҳтимоли бор вазиятларга қаратаман. Гап-сўзлар кишини чалғитиши мумкин.

- Ҳимоячиларнинг заиф жиҳатларини ўрганиб чиқасизми, қайсидир футболчига қарши алоҳида тайёргарлик кўрасизми?

- Ҳа, албатта. Ўйин арафасида барчаси кўриб чиқилади. Нафақат ҳимоячилар, балки бутун жамоанинг заиф томонларини билиб олишнинг аҳамияти катта. Умуман, қайси футболчидан нима кутиш мумкинлигини билиш фойдадан холи эмас. Майдонда мени алоҳида қўриқлайдиган ҳимоячилар билан дуэлларни сабрсизлик билан кутаман. Чунки уларни алдаб ўтиш, устунроқ эканлигингни исботлашнинг гашти ўзгача.

- Ўйин пайти тўсатдан қабул қилган қайсидир қарорингиздан ўзингиз ҳам лол қолганмисиз?

- Бунақаси тез-тез учрайди. Кўпинча ўйлашга вақт йўқлигидан таваккалига иш тутасан ва ҳаракатинг эффектли чиқади. Ҳаттоки, қайси оёқда зарба йўллашни ўйлашга ҳам улгурмайсан. Бундай паллада ички туйғуга суяниб иш кўриш  лозим. Ички сезги эса тажриба ёрдамида шаклланади. Оддий айтганда, ҳужумчи зарбалардан чамаси 70 фоизини аниқ бир қарорга келмасдан амалга оширади. Баъзида дарвозани ишғол этгач, беихтиёр ўйлаб қоламан: «Ажабо! Шунчалик зўрлигимни билмай юрган эканман!»

-Руҳшунослар ҳужумчилар ўзига хос «руҳий қалқон» шакллантиришлари зарурлигини алоҳида таъкидлашади. Чунки у қулай вазиятдан фойдаланолмаса, руҳан эзилиб, ўзини кўрсатолмаслиги мумкин.

- Жуда тўғри. Агар 100 фоизли голни йўққа чиқарсангиз ҳам, асабийлашмаслигингиз лозим. Чунки бир неча дақиқадан кейин яна шундай имконият туғилиши мумкин. Агар сиқилсангиз, навбатдаги имкониятдан ҳам фойдаланолмайсиз. 2, 3, 4 ёки 5 марта хато қилсангиз ҳам, тушкунликка тушманг, 6-имконият бўлишига ишонинг.

- Бой тажриба эвазига ўйин пайти кучни тежаш мумкинми?

- Ҳар учрашувда мудом тўпни эгаллаш пайида бўламан. Агар гол урсам, иккинчисига интиламан, «хет-трик»ка эришсам, «покер»га. Тиним йўқ, ўйин тугамагунича дарвозани забт этишни ўйлайман. Гоҳо айрим жамоадошларим эътироз билдиришади: «Наҳотки, 3 кундан кейин яна бир ўйин борлигини билмасанг. Ахир кучни тежаш ҳам керак-ку» Аммо қачондир 1та гол етарли, деган фикрга келсам, ўзлигимни йўқотган бўламан. Қисқаси, майдонда ҳеч қачон тўхтамайман.

- «Бавария» билан янги шартнома туздингиз. Айтингчи, бирор марта бошқа жамоага ўтишни ҳақида ўйлаганмисиз?

- Дунёдаги энг сара клублардан бирида тўп суряпман, бу ерда бахтиёрман. Ички муҳитдан тортиб, машғу­лотларгача - ҳаммаси аъло. Бундай жамоада ўйнаш - лаззат.

- Айтишларича, Криштиану Роналду ва Серхио Рамос вақтида сизни «Реал» сафини тўлдиришга даъват этишган экан. 3 йил муқаддам «Бавария»га қарши ўйиндан кейин уларнинг «Сен биз билан битта жамоада ўйнашинг керак» дейишгани ростми?

- Ҳа, шундай таклиф бўлганди. Сиз Испания ёки бошқа мамлакатнинг ажойиб жамоасида тўп суришингиз мумкин. Лекин мен учун муҳими бу эмас. Зеро, айнан «Бавария»да юксак чўққига кўтарилдим, бор маҳоратимни кўрсатдим. Бу ёғига ҳам шундай имкониятни фақат «Бавария» беради.

 

Дарвоқе...

***Роберт Левандовски турмуш ўртоғи Анна билан коронавирусга қарши кураш учун 1 миллион евро ажратди. Айтиш ўринли, «Бавария» вакиллари Жошуа Киммих ва Леон Горетц­ка ҳам шунча миқдорда хайрия қилишди.

uw 31 ёшли Роберт жорий мавсум Бундеслигада 25та, ЧЛда эса 11та гол урди. Айни пайт у ҳар икки турнирнинг бош тўп­урари бўлиб турибди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz