Қайднома

Қидирув

Европа ЧЛ-2020: Хайр, чемпион...

Европа ЧЛ-2020: Хайр, чемпион...

  17.05.2020 01:04
  0
  397
Европа ЧЛ-2020:  Хайр, чемпион...

Европа Чемпионлар Лигаси амалдаги ғолиб жамоа билан ўзгача хайрлашишни хуш кўради. Мана, қаторасига иккинчи йилки, «шалпангқулоқ» кубокнинг эгаси кейинги мавсум 1|8 финал раундида тўхташдан бошқа чора тополмаяпти. Хуллас, «Ливерпуль» қайноқ «Энфилд Роуд»да ҳам «Атлетико»дан енгилгач, ижодкорлар дарҳол турнирнинг янги тарихига назар солишиб, амалдаги чемпионлар тақдири кейинги мавсум қандай кечганини ёдга олишди. Қуйида айнан ушбу мақола билан танишасиз.

Мавсум-1993|1994

Амалдаги чемпион - «Марсель»

Натижаси - турнирда иштирок этмаган

Замонавий ЧЛнинг биринчи мавсуми «Марсел»га аталди, бироқ Францияда тез орада катта можаро кўтарилди: жамоа президенти Бернар Тапининг кўплаб қонунбузарликлари ошкор бўлди. Оқибатда «Марсель» Лига 2га тушириб юборилди, қолаверса, еврокубоклар-1993|1994дан четлаштирилди. Марселликлар «шалпанг­қулоқ» кубокни ҳам олиб қўйишмаганидан хурсанд бўлишса арзийди.

 

Мавсум-1994|1995

Амалдаги чемпион - «Милан»

Натижаси - финал («Аякс»дан мағлубият - 0:1)

Фабио Капелло жамоаси кетма-кет 3 йил турнир финалига чиққанди. «Россонерлар» аввалига камтарин «Марсель», кейин «Аякс»га минимал ҳисобда ютқазишди. Икки мағлубият орасида эса Йохан Кройфф томонидан Каталонияда шакллантирган қудратли «дрим-тим»га асло имконият қолдиришмади - 4:0. Чемпионлик ҳимояси учун кечган сўнгги ўйинда барчасини «Аякс» сафида порлай бошлаган ёш Патрик Клюйвертнинг охирги дақиқаларда урган голи ҳал қилганди.

 

Мавсум-1995|1996

Амалдаги чемпион - «Аякс»

Натижаси - финал («Ювентус»дан мағлубият - 1:1, пен. - 2:4)

«Аякс» ўз мақомини ҳимоя қилишга жуда яқин келди, фақат сўнгги қадам - пенальтилар сериясида омади озгина юришмади.

 

Мавсум-1996|1997

Амалдаги чемпион - «Ювентус»

Натижаси - финал (Дортмунд «Боруссия»сидан мағлубият - 1:3)

Қаторасига 3 йил амалдаги ғолиб финалга чиқди ва шу нуқтада ваколатини янги чемпионга топширди. «Милан» ва «Аякс»дан сўнг «Ювентус» бошига ҳам шу қисмат тушди.

 

Мавсум-1997|1998

Амалдаги чемпион - «Боруссия» Д.

Натижаси - ярим финал («Реал»дан мағлубият - 0:2; 0:0)

Фернандо Морьентес ва Кристиан Карамбё томонидан «Сантьяго Бернабеу»да урилган голлар чемпион юришига нуқта қўйди. «Боруссия» Дортмундда ҳарчанд уринмасин, 2та тугул, 1та ҳам гол уролмади.

 

Мавсум-1998|1999

Амалдаги чемпион - «Реал»

Натижаси - чорак финал (Киев «Динамо»сидан мағлубият - 1:1; 0:2)

«Реал» олдига марҳум Валерий Лобановский томонидан қайта шакллантирган «Динамо» тўсиқ қўйди. Мадрид клуби дарвозасига урилган 3та гол ҳам Андрей Шевченко ҳисобига ёзилган эди.

Мавсум-1999|2000

Амалдаги чемпион - «МЮ»

Натижаси - чорак финал («Реал»дан мағлубият - 0:0; 2:3)

«Реал» Мадридда қайд этилган 0:0дан кейин «Олд Траффорд»да Редондо финти натижасида Рауль урган гол эвазига чемпионга айрилиқ куйини ижро қилди.

 

Мавсум-2000|2001

Амалдаги чемпион - «Реал»

Натижаси - ярим финал («Бавария»дан мағлубият - 0:1; 1:2)

Германия гранди «Реал»ни ҳар икки ўйинда енгиш уддасидан чиқди ва кейин бечора «Валенсия»нинг қаторасига иккинчи финалда мағлубликни тан олишга мажбурлади.

 

Мавсум-2001|2002

Амалдаги чемпион - «Бавария»

Натижаси - чорак финал («Реал»дан мағлубият - 2:1; 0:1)

Диққат қилинг, ЧЛнинг дастлабки 8та мавсумидан 7тасида (илк мавсумни ҳисобга олмаганда) ғолиблик амалдаги чемпионни енгган клубга насиб этган. Хуллас, мавсум-2001|2002да «Бавария ҳам бу анъанани бузолмади.

 

Мавсум-2002|2003

Амалдаги чемпион - «Реал»

Натижаси - ярим финал («Ювентус»дан мағлубият - 2:1; 1:3)

«Реал» яна бир финал остонасига келди, аммо «Ювентус» чиройли «камбэк» эвазига чемпионни кузатиб қўйди.

 

Мавсум-2003|2004

Амалдаги чемпион - «Милан»

Натижаси - чорак финал («Депортиво»дан мағлубият - 4:1; 0:4)

Эҳтимолки, бу амалдаги ғолибларнинг энг эсда қоларли хайрлашувидир... Ҳар ҳолда, «Милан» илк ўйинда 3та гол фарқи билан ғалаба қозонгач, ҳеч ким унинг турнирдан чиқиб кетишини кутмаганди. «Депортиво» эса «Риасор»да кичик мўъжиза кўрсатиб, чемпионни шунчаки, «йиғлатди».

 

Мавсум-2004|2005

Амалдаги чемпион - «Порту»

Натижаси - нимчорак финал («Интер»дан мағлубият - 1:1; 1:3)

Жозе Моуриньо ва бир қатор етакчиларидан айрилган «Порту» гуруҳдан чиқишни амаллади, аммо бошқасига имкон тополмади. Чемпионни тушириб юборган «Интер» ҳам узоққа боролмади, барибир.

Мавсум-2005|2006

Амалдаги чемпион - «Ливерпуль»

Натижаси - нимчорак финал («Бенфика»дан мағлубият - 0:1; 0:2)

Истанбул финали қаҳрамони худди «Порту» каби биринчи «плей-офф» раундидаёқ ўз ваколатини топширди. Боз устига, «Бенфика»га ҳар икки ўйинни бой берган ҳолда...

 

Мавсум-2006|2007

Амалдаги чемпион - «Барселона»

Натижаси - нимчорак финал («Ливерпул»дан мағлубият - 1:2; 1:0)

Қаторасига 3-йили амалдаги чемпион гуруҳдан чиқиши билан курашни тўхтатди. Бу сафар «Барса» ўз майдонида гол қўйиб юборгани ва «Энфилд»да «Ливерпуль» дарвозасига йўл тополмагани учун чекинди.

 

Мавсум-2007|2008

Амалдаги чемпион - «Милан»

Натижаси - нимчорак финал («Арсенал»дан мағлубият - 0:0; 0:2)

Яна нимчорак финал, яна ғолиб билан хайрлашув. «Милан» ва «Арсенал» ўртасидаги олишувда мухлислар деярли 3 соат давомида гол кўришмади, якунда эса Сеск Фабрегас ва Эмануэль Адебайор «Сан Сиро»ни сукунат домига тортишди.

 

Мавсум-2008|2009

Амалдаги чемпион - «МЮ»

Натижаси - финал («Барселона»дан мағлубият - 1:3)

«Қизил иблислар» ЧЛнинг замонавий тарихида биринчи бўлиб, чемпионлик унвонини ҳимоя қилишлари мумкин эди, аммо ўша вақтдаги «Барселона» чиндан ҳам, енгилмас эди...

 

Мавсум-2009|2010

Амалдаги чемпион - «Барселона»

Натижаси - ярим финал («Интер»дан мағлубият - 1:3; 1:0)

Хосеп Гвардиола ва Жозе Моуриньо жанги, ҳужумкор ва ҳимоявий футбол тўқнашуви. Бунда Жозе ва «Интер»­нинг кучли ҳимояси ғолиб. Ўшанда «Барса» қаторасига икки марта ғолиб бўлган биринчи клубга айланиши тахмин қилинган эди, бироқ...

Мавсум-2010|2011

Амалдаги чемпион - «Интер»

Натижаси - чорак финал («Шальке»дан мағлубият - 2:5; 1:2)

Жозе Моуриньо олдинроқ «Порту»да бўлгани каби «Интер»да ҳам унвонни ҳимоя қилиш миссиясида қатнашмади. Боз устига, у бу сафар собиқ жамоасининг турнир билан эрта хайрлашишига ҳисса ҳам қўшди қайсидир маънода. Ҳар ҳолда, «Шальке»нинг муваффақиятида «Реал»да «Беназир» томонидан ношудга чиқарилган Рауль катта роль бажарди.

 

Мавсум-2011|2012

Амалдаги чемпион - «Барселона»

Натижаси - ярим финал («Челси»дан мағлубият - 0:1; 2:2)

Икки йил олдин кузатилган ҳолатнинг такрори - Хосеп Гвардиола «Барселона»си ярим финалнинг яққол фаворити бўла туриб, бўлажак ғолиб «Челси»га йўл бўшатишдан ўзга чора тополмади.

 

Мавсум-2012|2013

Амалдаги чемпион - «Челси»

Натижаси - гуруҳ босқичи (квартетда 3-ўрин)

Ажабланарли ҳолат! ЧЛнинг амалдаги ғолиби илк марта куздаёқ ўз ваколатидан маҳрум бўлди. Тўғри, квартетда 3-ўринни банд этган Лондон клуби ўша мавсум ЕЛ кубогини ютди. Бу ҳам ўзига хос натижа!

 

Мавсум-2013|2014

Амалдаги чемпион - «Бавария»

Натижаси - ярим финал («Реал»дан мағлубият - 0:1; 0:4)

Юпп Хайнкес шарофати билан келган катта ғалабадан сўнг «Бавария» бошқаруви Хосеп Гвардиола қўлига ўтди. Қарангки, айнан каталониялик мутахассис «Реал» узоқ кутилган «Десима» томон йўл очди...

 

Мавсум-2014|2015

Амалдаги чемпион - «Реал»

Натижаси - ярим финал («Ювентус»дан мағлубият - 1:2; 1:1)

Мадридликлар ЧЛ финалида «Барселона»га қарши «Класико»га жуда яқин келишди, бироқ «Реал» тарбияланувчиси Альваро Мората бунга қарши чиқди. У ҳар икки ўйинда «қаймоқранглар» дарвозасига 1тадан гол уриб, «Юве»ни финалга етаклади, собиқ клуби орзусини «кўмди».

Мавсум-2015|2016

Амалдаги чемпион - «Барселона»

Натижаси - чорак финал («Атлетико»дан мағлубият - 2:1; 0:2)

Маълумки, Диего Симеоне «Атлетико»си ЧЛ «плей-офф» босқичида ютқазади, агарда рақиб сафида Криштиану Роналду бўлса. «Матрасчилар» Лионель Мессиси бор «Барселона»ни эса бундай баҳсларда икки марта доғда қолдириш уддасидан чиқишган. Энг қизиғи, улар ҳар икки ҳолатда финалга йўл олишган ва ўша «Реал» олдида бош «эгишган».

 

Мавсум-2016|2017 ва 2017|2018

Амалдаги чемпион - «Реал»

Натижаси - чемпион

Зайниддин Зидан бошқарувидаги «Реал» ЧЛнинг замонавий тарихида чемпионлик унвонини ҳимоя қилган биринчи клуб бўлди. Қолаверса, мадридликлар бу ишни икки марта уддалашди!

 

Мавсум-2018|2019

Амалдаги чемпион - «Реал»

Натижаси - нимчорак финал («Аякс»дан мағлубият - 2:1; 1:4)

«Реал» унвонни қаторасига учинчи марта ҳимоя қилиш миссиясига Зайниддин Зидан ва Криштиану Роналдусиз киришди ва ўз майдонида «Аякс»га сенсацион тазда ютқазиб, афсонавий юришини тўхтатди. Ваҳоланки, мадридликлар илк «плей-офф» раундининг дастлабки учрашувида сафардан ғалаба билан қайтишганди.

 

Мавсум-2019|2020

Амалдаги чемпион - «Ливерпуль»

Натижаси - нимчорак финал («Атлетико»дан мағлубият - 0:1; 2:3, овертайм)

Мана, ЧЛ икки йилдирки, яна ўз одатига кўра, амалдаги ғолиб билан эрта хайрлашмоқда. Аксарият мавсумларда чемпионни «қулатган» клуб турнирда анча узоққа борган. Кўрамиз, «Атлетико» бу ишни қандай давом эттираркин? Статистикага қарасак, амалдаги ғолибга «жаллод» бўлган клублар бундай қаҳрамонликдан сўнг 50 фоиз ҳолатда «шалпангқулоқ»нинг янги соҳибига айланган!


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz