Қайднома

Қидирув

Карантин вақтида мусоҳаба ёхуд сизни қизиқтирган фикрлар...

Карантин вақтида мусоҳаба ёхуд сизни қизиқтирган фикрлар...

  17.05.2020 04:10
  0
  532
Карантин вақтида мусоҳаба ёхуд сизни қизиқтирган фикрлар...

Коронавирус пандемияси туфайли футболда юзага келган танаффусдан унумли фойдаланган таниқли мутахассис Алишер Никимбаев «Телеграм»даги канали орқали мухлислар билан навбатдаги интерактив мулоқотни амалга оширди. Айтиш ўринли, барча саволларга жавоб беришини айтган мутахассис сўзи устидан чиқди.

- Қозоғистон термаси билан режалаштирилган ўртоқлик ўйини бекор қилинишига қайси томон вакиллари сабабчи бўлишди?

- Бу борада 100 фоиз маълумотга эга эмасман, аммо қозоғистонлик ҳамкасбларим сўзларига қараганда, ўйин қолдирилишига уларнинг жамоалари бош мураббийи томонидан кучлироқ рақиб топиш бўйича қўйилган талаб сабабдир.

- Сизнингча, хорижлик мураббийлардан қай бири Ўзбекистон термасини бошқаришга лойиқ?

- Албатта, мураббий танлови бўйича маслаҳат беришим қийин. Аммо шахсий фикримча, бизга тўп назоратига таянган ҳужумкор футболни ёқтирадиган мутахассис керак. Балки ўзини кўрсатишга иштиёқи баланд ёш мураббий танлаш лозимдир. Бундан ташқари, у европача тажрибага эга талабчан бўлиши ҳам даркор. Чунки ундан нафақат мураббийлик салоҳияти, балки терма жамоаларни ислоҳ қилишга ҳисса қўшиш ҳам талаб этилади. Менга қолса, термамиз бошида испанлар ёки голландлардан бирини кўришни хоҳлайман. Дейлик, Феликс Санчесга ўхшаганларни. Бир неча йил аввал мен учун Микаэль Лаудруп ва Роналд Куман фаворит эдилар. Ҳозир эса бунинг имкони бўлмаса керак.

- Коронавирусга қарши олиб борилаётган кураш ва ушбу касалликнинг хавфлилик даражаси ҳақидаги фикрингиз қизиқ.

- Вирусология бўйича мутахассис эмасман, шу боис вазиятга профессионал баҳо беролмайман. Шундай экан, ҳукумат талабларини бажариш керак. Ахир биздаги ноқулайлик кўплаб йирик мамлакатлардаги йўқотишлар олдида ҳеч нарса эмас. Бутун бошли бизнес тармоқлари ва чегараларнинг ёпилиши (вақтинчалик бўлса ҳам) - бунақаси иккинчи жаҳон урушидан буён рўй бермаганди. Муаммо кичик бўлганида, давлат бундай чора қўлламасди, менимча.

- 1995 йили «Бухоро» клуби йил охиригача дисквалификация қилинган. Мазкур ҳолат бўйича турлича фикрлар билдирилган. Футболимиздан яхши хабардор мутахассис сифатида ушбу дисквалификация бўйича батафсилроқ маълумот берсангиз.

- Афсуски, ўша қарор бўйича тўлиқ маълумот берадиганларнинг деярли барчалари вафот этишган. Шу боис, ўзим гувоҳ бўлган нарсаларни айтаман, холос. «Бухоро» - «Янгиер» ўйинида рўй берган воқеалар жиддий эди, аммо Ўзбекистон футбол федерацияси бухороликларни кескин жазоламоқчи эмасди. Охир-оқибат, марказий нашрлардан бирида чоп этилган ва кейинчалик ҳукумат раҳбарларидан бири эътиборини тортган мақола ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Унинг муносабати қатъий бўлди. Вазият фақат «Бухоро»ни четлатиш билан чекланмади. ЎФФ президентлигига навбатдан ташқари сайлов ўтказилди: Абдулҳошим Муталов ўрнига Зокир Алматов тайинланди. ЎФФ бош котиби Салим Эшмуҳамедов ҳам ишдан бўшади (айрим маълумотларда унинг «Бухоро»га қўлланган жазога норозилик сифатида истеъфога чиқиш бўйича ариза бергани айтилади).

- Яқин йилларда Ўзбекистонда жамоаларнинг барчаси (ёки лоақал ярми) хусусийлаштирилиши мумкинми?

- Барча клубларимизнинг хусусийлаштирилишига ишонмайман. Муаммо мамлакатдаги иқтисодий вазият билан бевосита боғлиқ. Қачонки бизда йирик хусусий компаниялар сони ортса, эҳтимол, футбол клубларига эътибор қаратиб, уларни сотиб олишга уриниши мумкин.

- Ҳозирги ЎФА раҳбарияти билан ўзбек футболи келажагидан умид қилиш мумкинми?

- Бу борада оптимистик кайфиятдаман. Муаммо шундаки, Равшан Эрматовга нафақат пароканда хўжалик, балки бузилган коллектив ҳам мерос қолди. Ҳозир у ҳамфикрлар жамоасини шакллантирмоқда, бунинг учун эса бир неча йил керак. Демак, Эрматовга вақт бериш лозим.

- Оилангиз ҳақида маълумот беринг.

- Уйланганман. 3 нафар ўғлим бор, ҳаммаси уйланган. 5 нафар набиранинг бобосиман.

- Эшитишимизча, жаҳондаги аксарият клублар футболчилар маошини қисқартириш ҳаракатида. Бундай чоралар Ўзбекистонда ҳам қўлланармикин?

- Маошни футболчилар розилигисиз қисқартириш мумкин эмаслигини тушуниш лозим. Шу боис, ФИФА, УЕФА ёки федерациялар (лигалар) музокара бошлаган чоғда халқаро футболчилар касаба уюшмаси - FIFPro ўйинчиларнинг доимий суҳбатдошига айланади. Ўзбекис­тонда ҳам шундай уюшма бор, у зарур пайт клублар ва футболчилар ўртасидаги музокарада иштирок этиши мумкин.

- Футбол клуби очиш ҳақида маълумот берсангиз.

- Бу хайрли иш. Ўз навбатида, катта масъулият. Футбол клуби очиш юридик томондан қийин эмас. Гап унинг қандай молиялаштирилиши ва фаолият юритишида. Биринчи навбатда, мақсадингизни аниқ белгилаб олишингиз керак. Мактаб очиб, ёш футболчиларни тарбияламоқчимисиз? Бу иш ҳар доим ҳам кўзга ташланавермайди. Ёки футбол клуби ташкил этмоқчи бўлсангиз, ўз мухлисларингизни тўплашингизга тўғри келади, шу тариқа ҳомийлар эътиборини ҳам тортиш мумкин. Бугунги кунда кўплаб болалар мактаблари очилди. Уларнинг деярли ҳеч бирида элементар инфратузилма мавжуд эмас, машғулотлар учун майдонларни ижара асосида олишади. Ушбу мактабларнинг ўз майдонларини қуришини кутиш ҳам керак эмас, зеро, бундай таълим масканларига ҳомий ҳар доим ҳам топилавермайди. Бу мактаблар асосан ота-оналар пули ҳисобига молиялаштирилади.

- Идеал менежер қандай бўлиши керак?

- Ўйлашимча, у биринчи навбатда, стратегик фикрлаши лозим. Бизнинг футболдаги энг катта муаммолардан бири - деярли барча менежерларнинг фақат бугунги кун билан яшашлари. Футбол ташкилотларимиз бюджетни шакллантириш ва бошқа ишлар билан банд. Агар бундай менежерлардан қайси йўналишда фаолият олиб бормоқчи эканликлари ҳақида сўрасангиз, жавоб тариқасида «Чемпионлар Лигасига чиқмоқчимиз» каби таъкиддан бошқасини олмайсиз. Спортдаги ютуқлар ҳар бир клубнинг асосий мақсади - бу тушунарли. Аммо тижорий, ижтимоий, маркетингга доир ва таълимий мақсадлар ҳам борлигини унутмаслик керак. Ўз вақтида ОФК ҳар бир клубдан ўз бизнес-режасини ишлаб чиқишини талаб қилганди. Ҳозир ПФЛ ва ЎФАдан худди шундай бизнес-режани талаб қилиш вақти келгандир, эҳтимол.

- Нега ОЧЛ икки минтақада ўтказилади? Уларни бирлаштириш имкони йўқми? Акс ҳолда, эронлик, саудиялик, қатарлик ва амирлик рақиблар билан ўйнайвериш қизиқишни сўндириши ҳеч гап эмас.

- 2011-2012 йиллар ОФК раҳбариятининг ўзгариши катта таъсир кўрсатди. Айнан ўша кезлари ОФК мамлакатларни Чемпионлар Лигасига киритиш бўйича қатъий критериялардан воз кечди. Авваллари «Шарқ» ва «Ғарб» минтақаси вакиллари чорак финалдан ўзаро тўқнаш келишарди. Аммо клублар ва футбол федерациялари босими остида ОФК минтақаларни финалгача ажратишга қарор қилди. Қанчалик ғалати туюлмасин, молиявий жиҳат ҳам муҳим ўрин тутди. Бироқ асосий муаммо сифатида мамлакатлар ўртасидаги масофа, вақт тавофути кўрсатилди. Кейинчалик ОЧЛ ўйинларининг душанба-сешанба кунлари ўтказилиши белгиланди. Чунки араб давлатлари ва Эронда ички чемпионат баҳслари пайшанба-жума кунлари ўтказилади. Мазкур ҳолатда лига ўйинларини шанба-якшанбага белгилайдиган Ўзбекистоннинг овози қарор чиқаришда аҳамиятсиз бўлиб қолди. Эски схемага қайтиш мумкинми? ОФКнинг ҳозирги маъмурияти билан бу деярли имконсиз. Ваҳоланки, бир хил рақибларга қарши тўп суравериш клублар жонига тегиши аниқ. Демак, ким биринчи бўлиб чорак финалдан очиқ қуръа ташланиши бўйича таклиф билан чиқишини кутишдан ўзга чора йўқ.

- ЎФА раҳбарлигига Европадан мутахассис олиб келинса бўлмайдими? У биздаги муаммони дарҳол аниқлаши мумкин.

- ЎФА раҳбарлигига хорижлик мутахассис номзод бўлолмайди. Европаликлар спорт директори ёки техник директор каби лавозимларда ишлашлари мумкин. Умуман, Осиёнинг аксарият мамлакатларида худди шундай йўл тутишади. Хорижликларга кўп бора таклиф этилаётган яна бир лавозим - ҳакамлик департаменти раислиги. Аммо бизда ҳакамлик бўйича мутахассислар етарли, шу боис мазкур соҳада чет элдан эксперт чақириш зарурати йўқ. Маркетинг ва мураббийлик таълими бўйича эса хорижий тажрибага эҳтиёж бор.

- Яқинда ўтказилган Беларусь термасига қарши баҳс бизнинг ҳақиқий кучимизни кўрсатадими? Сизнингча, Ўзбекистон миллий жамоаси МДҲ давлатлари орасида нечанчи ўринда?

- Собиқ иттифоқ мамлакатларининг аксарият термалари бошқа турнирда қатнашишини инобатга олсак, бу саволга объектив жавоб қайтариш мушкул. Менимча, Ўзбекистон жамоаси МДҲ бўйича кучли бешликка киради.

- Азиз Ғаниевдек салоҳияти юқори футболчининг БАА чемпионатига йўл олиши тўғри бўлдими?

- Фикримча, 26 ёшгача бўлган футболчиларимиз араб клубларига ўтиш борасида шошилмасликлари керак. Айниқса, ўзларини Европада синаб кўриш учун қандайдир имконият бор пайтда. Ушбу мамлакатларда футболчиларимизга талаб юқори эканлигига сабаб - осиёликларга қўйилган лимит. Ушбу квота қўлланишидан олдин амирликларда фақат бир футболчи хизматига эҳтиёж туғилган - бу Миржалол Қосимов. Футболчиларимиздан осиёлик мақоми ҳеч қаерга кетмайди. Европада тўп суриш эса ташриф қоғозига қўшимча бонус сифатида қайд этилиши мумкин. Араб жамоалари орқали «кўҳна қитъа»га йўл олиш имкони борми? Ҳаммаси футболчиларнинг ўзларига боғлиқ. Мануэль Ланцини ва Рикарду Куарежманинг йўли улар учун мотивация бўлиши мумкин.

- Ўзбекистон чемпионатининг кейинги тақдири бўйи­ча фикрларингиз қизиқ. Турнир қачондан давом эттирилиши мумкин? Мавжуд вазият ва реалликдан келиб чиқсак, формат қандай кўриниш олади?

- Афтидан, Ўзбекистон чемпионати ҳам аксарият лигалар қатори фақат июндан давом эттирилиши мумкин. Агар шундай бўлса, қолган 23та тур ва кубок турнирининг 6та раунди баҳслари учун ПФЛ ихтиёрида 6,5 ойдан камроқ вақт қолади. Мазкур ҳолатда июлда ҳам узилиш бўлмаслигини инобатга олиш даркор. Ўз навбатида, Ўзбекистон термасини ЖЧ-2022|ОК-2023 саралашида камида 3та ўйин кутиб турганини унутмаймиз. Бу эса чемпионатдан камида 30 кунни олиб қўяди. Қолаверса, ОЧЛда қатнашаётган «Пахтакор»нинг гуруҳ босқичидаги 4та учрашуви бор. Мабодо ОФК ушбу турнирни марказлаштирган ҳолда ўтказишга қарор қилса, ушбу 15-16 кун бошқа жамоалар учун мавсумдаги кичик танаффусга айланар балки. Ёки кубок баҳсларида «Пахтакор»дан бошқа жамоалар битта раундни ўтказиб олса бўлади. Умуман, шундай режа ҳақиқатга яқинроқ, гарчи жамоалар 150 кун ичида 25-26та ўйин ўтказишига тўғри келсада. Мазкур ҳолатда «Пахтакор» бошқаларга нисбатан кўпроқ қийналиши турган гап, зеро, қолган клублардан фарқли ўлароқ, унинг ўйинлари кўпроқ. Тўғри, ушбу режада Лига кубогига ўрин йўқ, лекин мавжуд ҳолатда ниманидир қурбон қилишга тўғри келади. Муҳими, бу режа турнир форматининг ўзгаришсиз қолишини таъминлайди. Бироқ мусобақа июнь бошидан давом эттирилмаса, эҳтимол, форматни ўзгартиришга ҳам тўғри келар...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz