Қайднома

Қидирув

Легионерларимизда нима гаплар?

Легионерларимизда нима гаплар?

  19.05.2020 01:32
  0
  406
Легионерларимизда нима гаплар?

Вазият тақозоси. Россия футбол иттифоқи 15 май куни мамлакат биринчи дивизиони (Миллий футбол лигаси) муддатидан олдин якунланганини эълон қилди. Шу тариқа мавсум тўхтатилган вақт турнир жадвалида 1-2-ўринларни эгаллаб турган «Ротор» ва «Химки» жамоалари Россия Премьер-лигасига йўл оладиган бўлди. Эслатиш жоиз, «Ротор» мураббийлар штабида терма жамоамиз собиқ ҳужумчиси Максим Шацких бор, қолаверса, ҳимоячимиз Виталий Денисов ҳам Волгоградда ўйнамоқда. Дарвоқе, волгоградликлар дарҳол РПЛ-2020|2021 учун хомаки смета тузиб чиқишди. Демак, дастлабки ҳисоб-китобларга мувофиқ, Россия элит лигасига нақ 16 йиллик танаффусдан кейин қайтадиган «Ротор» учун кейинги мавсумда 1,7 миллиард рубль керак бўлади. Шундан 1,377 миллиарди асосий жамоанинг РПЛда иштирок этишига боғлиқ харажатларга йўналтирилади. Таъкидланишича, «Ротор» раҳбарияти беларуслик Александр Хацкевич бошқарувидаги мураббийлар штабини тўлиқ сақлаб қолмоқчи.

Бу сафар голсиз. «Энергетик-БГУ» клуби Беларусь чемпионати 9-тури доирасида «Динамо Брест»ни қабул қилиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўзбекистонлик вингер Жасур Яхшибоев мазкур баҳсда тўлиқ 90 дақиқа тўп сурди, аммо бу сафар майдонни голсиз тарк этди. Жамоа сафидаги яна бир ҳамюртимиз Шаҳбоз Умаров 68 дақиқа фаол ҳаракатланиб, ўрнини захира вакилига бўшатиб берди.

Кўпчилик ўйнагани йўқ. Жанубий Корея иккинчи дивизионида 2-тур учрашувлари ортда қолди. Хуршид Ғиёсовнинг янги жамоаси - «Аньянг» бу сафар меҳмонда «Пучхон 1995»га имкониятни бой берди - 1:2. Ҳам­юртимиз ўйин қайдномасига киритилган бўлсада, майдонга тушгани йўқ. «Аньянг» энди 24 май куни ўз майдонида «Кённам» билан куч синашади.

«К»-лигага келсак, «Пусан И~Парк» клуби 2-турда ҳам мағлубиятга учради. Достон Турсуновнинг жамоаси бу сафар ўз майдонида «Чонбук Моторс»га бас келолмади - 1:2. Илк учрашувда тўлиқ вақт давомида тўп сурган Достон 2-турда «Пусан» захирасида қолди. Жанубий Корея чемпионати 2-турида ҳам «ўзбекча дерби» кузатилиши мумкин эди. Бироқ «Сеул» - «Кванжу» ўйини (1:0)да мезбонлар вакили Икром Алибоев майдонга тушмади, мағлубият аламини татиб кўрган дебютант сафидаги Рус­там Ашурматов эса тўлиқ вақт ҳаракатланди. «Сеонгнам Ильва Чунма» - «Инчхон Юнайтед» баҳсида ҳисоб очилмади. Мезбон жамоа ярим ҳимоячиси Жамшид Искандеров 1-турда бўлгани каби яна тўлиқ 90 дақиқа фаол ҳаракатланди.

Маълумот тасдиқланди. «Ростов» ҳужумчиси Элдор Шомуродовнинг кучли лигаларга йўл олиши ҳақида анчадан буён гап-сўз бор. Championat.asia асосчиси Гайрат Хасбиулин 15 май куни «Тезкор студия» лойиҳасида Элдорга Германия Бундеслигасидан аниқ таклифлар тушгани ҳақида маълумот тақдим этди. Кейинчалик Шомуродовнинг агенти - ProSportsManagement компанияси раҳбари Герман Ткаченко ҳам  «Академии футбола» жонли эфирида буни тасдиқлади. Унинг сўзларига қараганда, Германия клублари томонидан Элдорга чиндан ҳам, қизиқиш бор ва ҳозирда улар билан музокара ўтказилмоқда. Аммо бу жараён умумий иқтисодий инқироз туфайли мураккаб кечмоқда. Гайрат Хасбиулиннинг маълумотига келсак, у шундай деганди: «Ўзбекистонлик мухлисларнинг кейинги мавсум Бундеслига ўйинларига янада жиддийроқ қизиқишлари эҳтимоли юқори. Элдор Шомуродов агенти билан гаплашдим. Унинг айтишича, агар Россия Премьер-лигасининг жорий мавсуми муддатидан аввал якунланса, Шомуродовнинг кетиши 100 фоиз аниқ. Агар чемпионат давом эттирилса, Элдор «Рос­тов»да қолади. Бугунги кунда ҳужумчига Германия, Испания ва Италия клубларидан жиддий қизиқиш бор. Келишувга кўра, клублар номи ошкор этилмайди. Элдор ва унинг агенти учун биринчи ўринда  Германия клуби таклифи турибди. Ундан кейин Испания, сўнгра Италия клуби чорлови ўрганилмоқда. Шундай экан, Шомуродов кейинги мавсум Германия Бундеслигасида ўйнаши мумкин».


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz