Championat.asia сайти томонидан йўлга қўйилган «Тезкор студия» лойиҳасининг 15 май кунги сонида Россиянинг «Ротор» клуби билан РПЛ йўлланмасини қўлга киритишган Максим Шацких ва Виталий Денисов, шунингдек, таниқли мутахассис Алишер Никимбаев қатнашишди. Онлайн-мулоқот жараёнида иштирокчилар бир қатор маълумотларни тақдим этишди. Ўз навбатида, биз ҳам мулоқотнинг энг қизиқарли парчаларини ҳукмингизга ҳавола этишни лозим топдик.
МАКСИМ ШАЦКИХ
Миллий жамоа бош мураббийлари ҳақида
- Менга ҳаммасидан ҳам англиялик Боб Хоугтон кўпроқ ёққан. Эҳтиросли, жўшқин, хушчақчақ - ҳақиқий инглиз. Қолаверса, иши ҳам қизиқарли туюлганди. Маҳаллий мураббийлардан ким? Тўғриси, кимнидир хафа қилишни истамайман. Жуда қийин савол.
Эслатма, Шацких 1999—2014 йиллар оралиғида Ўзбекистон миллий жамоасида Владимир Сальков (Россия), Леонид Остроушко (Қозоғистон), Ханс-Юрген Гёде (Германия), Боб Хоугтон (Англия), Валерий Непомняший (Россия), Маҳмуд Раҳимов, Юрий Саркисян, Равшан Ҳайдаров, Рауф Инилеев, Миржалол Қосимов ва Вадим Абрамов қўл остида тўп сурган.
Россия термаси таклифи ҳақида
- Россияга борганимда, мамлакат фуқаролигини таклиф қилишган. Аввалига, Россия ёшлар термасига чақиришган. Шунда ҳеч бир иккиланишсиз рад жавоби бериб, фақат Ўзбекистон термасида ўйнашимни айтганман. Шу билан масала батамом ёпилганди. Йўқ, таклиф фақат легионерлик мақомини йўқотиш билан боғлиқ эмасди. Фикримча, русларга ўйиним маъқул келган. Ёшлар жамоаси расмий ўйинида қатнашдингми, ўша мамлакат футболчига айланасан. Умуман, терма жамоа танлови борасида ўзим учун қарор чиқариб улгургандим ва россияликлар илгари сурган таклиф устида ҳаттоки, ўйлаб ҳам кўрмаганман.
Максим Шацких Ўзбекистон миллий жамоаси либосида жами 61 марта майдонга тушиб, 34та гол урган. У бош жамоамиз тарихидаги энг яхши тўпурардир.
«Динамо» К. клуби билан хайрлашуви ҳақида
- Бу ҳақда жуда кўп гапирганман. Юрий Сёминдан ранжимаганман, унга нисбатан адоватим йўқ. Шунчаки, битта ҳолат ёқмаганди - охирги ўйин, натижа муҳим эмас, аммо четда қолгандим, барибир. Ваҳоланки, Киев клубига 10 йиллаб хизмат қилган ва мухлислар билан трибуна эмас, майдонда хайрлашишни истагандим. Бироқ... Орадан 2 йил ўтиб, Сёмин билан йиғинда учрашиб қолиб, илиқ сўрашдик, дастурхон устида суҳбатлашдик. Такрор айтаман, ҳеч қандай хафагарчилик йўқ, бироқ бундай ёндашув футбол нуқтаи назаридан тўғри эмас. Агар ҳал қилувчи ўйин бўлганида ҳам, майли эди. Лоақал 30 сония қолганида, майдонга тушириб, мухлислар билан хайрлашиш имкониятини бериши мумкин эди. Бироқ...
Сёминнинг «Локомотив»дан кетгани? Ҳаммаси шунга қараб кетаётганди. Мураббийнинг клуб раҳбарияти билан муносабати анча олдин ёмонлашган ва истеъфо вақт масаласи бўлиб қолганди. Ўйлашимча, Сёмин бунга тайёр эди, фақат «Локо» мухлислари бироз норози. Чунки улар мураббийни ёқтирадилар. Ғалати эшитилса ҳам айтаман - «Локо» адолатсиз қарор чиқарди.
Максим Шацких 1991—2009 йиллар оралиғида «Динамо» шарафини ҳимоя қилган, Юрий Сёмин эса жамоани 2007—2009 йилларда бошқарган. Мураббий ҳаттоки, мавсум-2009нинг сўнгги учрашувида ҳам Шацкихни майдонга туширмаганди.
«Бунёдкор»га чорлашгани ҳақида
- «Бунёдкор» гуркираган йилларда клубдан менга ҳам таклиф тушган. Адашмасам, 2009 йил бошида. Бироқ бир томонда «Динамо», ЕЧЛ... «Бунёдкор»га розилик бериш фаолиятим якунлаётганини англатарди. Афсуски, «Динамо»да мени шундай ҳолат кутаётганини, барчаси аянчли тугашини билмасдим. Қисқаси, «Бунёдкор» таклифини ўйламай, рад этганман.
Келажакда Ўзбекистон клублари ёки терма жамоасидан таклиф тушса, қандай йўл тутаман? Нега энди йўқ дейишим керак? Агар чақиришса, ўйлаб кўраман, албатта.
Максим Шацких футболчилик фаолияти давомида Ўзбекистоннинг бирор клубида ўйнамаган.
Миллий жамоа натижалари ҳақида
- Бу масалада очиқ гапираман: Ўзбекистонда фақат битта клуб қолди — «Пахтакор». Ҳозирча бошқа жамоаларга қийин. Бу биринчи навбатда, Ўзбекистон миллий жамоасига катта зарар. Миллий чемпионатда рақобат пастми, футболчилар мураккаброқ ўйинларга мослашишда қийналишади. Чунки қўпол айтганда, йил давомида ҳаваскорлар даражасида тўп суришади. Ўз-ўзидан тушунарли - терма жамоа ўзагини «Пахтакор» вакиллари ташкил этишади. Аммо улар ўша саудияликлар ва арабларга қарши ўйнашда қийналишади. Чунки жисмоний тайёргарлик ва бошқа жиҳатларда яққол ортда қоладилар. Буларнинг барчаси миллий чемпионат савияси билан боғлиқ, агар чемпионат кучайса, терма жамоа ҳам яхшироқ кўриниш оларди.
Болалигидан Европа клубларида тарбияланган ва Ўзбекистонга алоқаси бор футболчиларни қидириш, уларни ортга қайтариш керак. Ҳар ҳолда, терма жамоанинг ҳозирги таркиби билан натижага эришиш қийин. Билмадим, Вадим Абрамов буни қандай уддалайди, исталган мураббий учун жуда қийин иш. Афсуски, Одил Аҳмедовнинг даври ўтди, у энди ёш эмас. Ҳа, Шомуродов яхши ҳаракатланмоқда. Аммо кадрлар бўйича таъминот йўқ, буни ёшлар терма жамоаларидан кутиш бефойда.
Максим Шацких Ўзбекистон миллий жамоаси билан Осиё кубоги-2011 ярим финалига чиққан - бу энг юқори натижаси.
АЛИШЕР НИКИМБАЕВ
Максим Шацких ҳақида
- Адашмасам, 1999 йилнинг охирлари эди. Ўзбекистон терма жамоаси БААда ташкиллаштирилган Осиё кубоги саралашида, Киев «Динамо»си эса ЕЧЛда иштирок этаётганди. Шацких миллий жамоа ихтиёрига етиб келиб, Бангладеш термаси билан ўйинда гол урган ва учрашув тугагач, дарҳол Киевга учиб кетган. Эсимда, ЕЧЛдан ўрин олган «Динамо» К. - «Реал» ўйинини телевизорда терма жамоа аъзолари билан бирга кўргандик. Макс ўша баҳсда майдонга тушган ва яна дарҳол Абу-Дабига қайтганди. БАА термасига қарши кечган ҳал қилувчи ўйинда эса айнан Шацких гол урган ва биз қитъа чемпионати йўлланмасини қўлга киритганмиз.
1999 йили Ўзбекистон - Бангладеш ўйини 21 ноябрь куни Абу-Даби, «Динамо» К. - «Реал» ўйини 24-санада Киев ва БАА - Ўзбекистон ўйини 27 ноябрда яна Абу-Дабида ўтказилган.
БАА - Ўзбекистон учрашуви ҳақида
- 1997 йил, ЖЧ-98 саралаши. Қозоғистон термаси билан ўйиндан олдин миллий жамоага бразилиялик Вега Да Сильва таклиф қилинди. БАА термасига қарши сафар учрашуви арафасида худди рақиб каби Абу-Дабидаги меҳмонхонага жойлашдик. Амирликлар устози ҳам бразилиялик эди. Хуллас, иккиси меҳмонхонада гаплашди. БАА термаси устози Да Сильвага дабдурустдан деди: «Биласанми, жамоангдан бир киши келиб, бизга ўйинни ютқазиб беришингизни таклиф қилди». Ўшанда бизда имконият қолмаган, мезбонларда эса жуда кичик бўлсада, бор эди. Араблар айнан ким шундай таклиф билан чиққанини ҳам кўрсатишган, аммо ҳозир исмини айтмайман, вазият чигаллашиб кетади. У кейинчалик маълум муддат ўзбек футболидан йўқолиб қолди, аммо яна қайтди ва ҳозирга қадар ишламоқда. Умуман олганда, бундай ҳолатлар кўп кузатилган, аммо далил ҳар доим ҳам бўлмайди.
БАА ва Ўзбекистон термалари ўртасидаги ўша учрашувда ҳисоб очилмаганди - 0:0.
ВИТАЛИЙ ДЕНИСОВ
Россия чемпионатида легионерларимиз нега камайиб қолишгани ҳақида
- Биринчи навбатда, футболчилар савияси ва сифати муҳим. Салоҳияти юқори футболчиларимизга Россия клубларидан ҳамиша таклиф бўлади, албатта. Ҳозир клублар номи ва футболчи фамилиясини айтмайман, вақтида мен орқали ҳам алоқага чиқишган. Аммо жамоа россияликлардан футболчи учун 1,5 ёки 2 миллион доллар сўраганди. Кейинроқ ўша футболчи Осиё клубига ўтган, трансфери эса 5 миллионга баҳоланган. Хуллас, Ўзбекистон жамоалари футболчи учун Россия клубидан 2 миллион доллар олишни истайди. Лекин тан олайлик, бугун Ўзбекистон чемпионатида ўйнайдиган ўйинчини Россияга 2 миллион эвазига юбориш иложсиз. Балки футболчининг кейинги трансферидан улуш олиш борасида келишувга эришиш мумкиндир, аммо Ўзбекистон клублари трансфер пули бирданига тўланишини хоҳлайди.
Айни пайт Россия элит лигасида атиги икки нафар вакилимиз бор - Элдор Шомуродов ва Остон Ўрунов.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20