Қайднома

Қидирув

Евро-2020: Сурилишнинг асосий таъсири

Евро-2020: Сурилишнинг асосий таъсири

  21.05.2020 01:44
  0
  174
Евро-2020: Сурилишнинг асосий таъсири

Европа футбол ассоциациялари уюшмаси (УЕФА) коронавирус пандемияси авжига чиққан паллада Евро-2020 турнирини кейинги йилга суришдан ўзга чора тополмади. Бутун ер юзига ҳар томонлама жиддий хавф солаётган коронавирус балоси қачон батамом бартараф этилиши ҳамон номаълум экан, Европа футболи мутасаддилари чиқарган ушбу қарор юзасидан қандайдир эътироз билдириш қийин. УЕФА ҳаттоки, миллий чемпионатларнинг ўлда-жўлда қолгани каби муаммолардан кўз юмганида ҳам, COVID-19 қитъа миқёсидаги бош турнирнинг вақтида ўтказилишига йўл қўймасди. Ҳар ҳолда, Евро-2020 қолдирилмаганида, УЕФА унинг оқибатларига қарши янада шошилинч тарзда курашишга мажбур бўларди. Келинг, энди Евро-2020нинг 2021 йилга сурилгани нималарга қандай жиддий таъсир этишини кўриб чиқайлик.

УЕФА УЧУН ЖЧ-2022 саралаш босқичи

2021 йили Европада ЖЧ-2022 саралаш турнири гуруҳ босқичи баҳсларини ўтказиш режалаштирилганди. Аниқроғи, саралашнинг 3-4-турлари 4-8 июнь саналарига белгиланган эди. Энди эса 11 июнь куни Европа чемпионати старт олиши керак. Қитъа биринчилиги финал раунди арафасида 2та муҳим расмий учрашувда майдонга тушиш ҳар қандай жамоа учун жиддий синов эканлиги ўз-ўзидан тушунарли. Шундай экан, ЖЧ-2022 саралаш босқичи учрашувларининг бошқа муддатга кўчирилиши эҳтимоли юқори.

Европа Миллатлар кубоги-2020|2021 финал босқичи

Қатар мундиали саралаш ўйинлари етмагандек, Европа Миллатлар Лигаси-2020|2021 финал босқичи ҳам 2021 йилнинг айнан июнь ойига режалаштирилганди. Тақвимга биноан, ўз гуруҳида ғолибликка эришган «А» дивизио­нининг 4та етакчи жамоаси финал раундида ўзаро куч синашаётган паллада қолганлар ЖЧ саралашида орани очиқ қилишлари лозим эди. Бундан оддий хулоса чиқарсак, ЕМК финал босқичи худди ЖЧ-2022 саралаши каби бошқа муддатга кўчирилиши мумкин.

Янги шартномалар тузиш зарурати

Навбатдаги Европа чемпионати ўйин­ларини қитъанинг турли мамлакатларидаги 12та шаҳарда ташкиллаштириш кўзда тутилган. Табиийки, УЕФАдан юбилей турнир муваффақиятли кечишини таъминлаш йўлида кўплаб учрашувлар асносида турли шартномаларни расмийлаштириш талаб этилади. Энди шу юмуш ёнига мусобақанинг янги муддатини белгилаш зарурати ҳам қўшилди. Ҳозирда Европа футбол уюшмаси қитъа чемпионатининг кўчирилишидан кўриладиган зарар миқдори 400 млн. евродан ошишини таъкидламоқда. Лекин шуни ҳам алоҳида ёдда тутиш керак, агар турнир бутунлай қолдирилган тақдирда зарар кўлами янада катта бўларди.

ФИФА УЧУН Клублар ўртасидаги ЖЧ-2021

ФИФА 2021 йилнинг 17 июнь - 4 июль кунлари оралиғида Хитойда 6 қитъа конфедерациясидан таклиф этиладиган 24та жамоа ўртасида формати янгиланган Клублар ўртасидаги ЖЧни илк марта ташкиллаштиришни режага киритганди. Бироқ Европа ва Жанубий Америка чемпионатлари айни шу муддатга кўчирилди ва бу клублар миқёсидаги янгиланган мундиал учун бошқа вақт танлашни тақозо этди. ФИФА олдида 3та вариант бор эди - 2021 йилнинг кейинги ойлари, 2022 йил ва 2023 йил. Кўринишидан, мутасаддилар биринчи вариантни тасдиқлашади, чоғи.

КЛУБЛАР УЧУН Ҳуқуқлар поймол этилмаслигига умид

Евро-2020 турнири кейинги йилга қолдирилгач, ҳамма миллий чемпионатларни бир амаллаб якунлаб қўйиш имконияти борлигидан қувонганди. Лекин коронавирус пандемиясининг бартараф этилиши чўзилиб кетди, бунинг таъсирида айрим лигалар мавсумни муддатидан олдин якунлади. Аслида мавсумни финишга етказиб қўйиш адолат нуқтаи-назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Агар барча миллий чемпионатларнинг совринлари, еврокубоклар йўлланмалари ҳамда элитадан чиқиб кетиш масалалари Франциядаги каби футбол федерацияси мутасаддилари қарорига асосан ҳал этилсами, норози жамоалар қанчалик кўпайиб кетишини бир тасаввур қилинг. Шунингдек, мавсум якунида жамоаларни қуйи лигага тушириб юбормаслик, пастдан эса 3та эмас, 2та клубни юқорига кўтариш таклифи ҳам илгари сурилди. Аммо бу вариантда ҳам қуйи лиганинг 3-жамоасига нисбатан адолатсизликка йўл қўйилган ҳисобланади. Хуллас, агар шундай бўлса, халқаро арбитраж судининг даъво аризаларига кўмилиб кетиши тайин.

Футболчилар билан қисқа муддатли шартнома тузиш

 УЕФА аввалига клублар мавсумини 30 июнгача якунлашни режалаштирганди. Агар шундай бўлганида, футболчилар билан шартнома муддатини узайтиришга ҳожат қолмасди. Бироқ афсуски, пандемия даври чўзилиб кетди ва ички мусобақаларнинг финиш марраси янада ортга сурилди. Хўш, бу ҳолатда шартномаси 30 июнгача мўлжалланган футболчилар нима қилишади? Ҳозирда ФИФА ҳам, УЕФА ҳам битимларни истисно тариқасида автоматик равишда узайтириш бўйича тавсиялар бермоқда. Лекин барчасини қандайдир ҳужжатда акс эттириш керак-ку. Қолаверса, мавсум барча чемпионатларда бир вақтда якунламайди. Яна ёзги трансферлар бозорини ҳам ўйлаш керак.

 

ФУТБОЛЧИЛАР УЧУН

 

Жиддий жароҳатланганларга  имконият

Ҳа, жорий мавсумдан аллақачон умид узган айрим футболчиларда сафга қайтиб, майдонга тушиш имконияти туғилди. Қолаверса, Жо Аллен (Уэльс), Мемфис Депай (Нидерландия), Мерих Демирал (Туркия), Усмон Дембеле (Франция) ва Николо Заньоло (Италия) каби ўйинчилар жиддий жароҳат туфайли Евро-2020ни ўтказиб юборишарди. Шунинг­дек, Гарри Кейн, Маркус Рэшфорд (Англия), Никлас Зюле, Лерой Сане (Германия) ва Поль Погба (Франция) сингари бир қатор футболчиларнинг қитъа биринчилигида иштирок этишлари катта сўроқ остида қолаётганди. Энди улар 2021 йили қитъа кубоги баҳсларида бемалол қатнашишлари мумкин, фақат савиялари талабга жавоб берса ва яна қандайдир муаммога йўлиқмасалар, бас. Допинг туфайли дисквалификация қилинган Артём Беседин эса декабрда жазо муддатидан қутулади, демак, унда ҳам Европа чемпионатида қатнашиш имконияти йўқ эмас. Бесединнинг Украина миллий жамоаси мураббийлар штаби ишончига кира олиш-олмаслиги - алоҳида мавзу.

Терма жамоаларга номзод

ўйинчиларга имконият

Богдан Михайличенко, Назарий Русин, Александр Зубков, Игорь  Харатин, Богдан Леднев, Владлен Юрченко, Александр Филиппов, Владислав Супряга, Дмитрий Иванисеня  - бу футболчилар яқин келажакда Украина терма жамоаси таркибидан жой олишлари мумкин. Март ойига белгиланган, аммо кейинчалик бекор қилинган ўртоқлик учрашувларига фақат Харатин ва Зубков чақирув олишганди. Қисқаси, қолган иқтидорлар Европа чемпионати рўйхатидан четда қолишга яқин туришганди. Энди уларда Андрей Шевченко ишончини қозониш учун қўшимча 1 йил бор.

МУХЛИСЛАР УЧУН

 

Авиачипталар ва бошпанани алмаштириш

Стадионларга кириш чипталари борасида муаммо йўқ  - улар 2021 йили ҳам ўз кучини йўқотмайди. Лекин авиачипталарни алмаштириш - анчайин чигал масала. Воситачилардан харид қилинган авиачипталар суммасини қайтариб бериш кафолатланмаган. Европа биринчилигининг 1 йилга кечиктирилиши туфайли юзага келган фавқулодда вазият истисно сифатида қабул қилиниш-қилинмаслиги номаълум. Меҳмонхоналарни «бронлаш» масаласида муаммо туғилиши эҳтимоли паст. Аммо баъзан буюртмани бекор қилиш иложи топилмаслиги мумкин, айниқса, ҳозирги шароитни инобатга олсак. Балки айрим мухлислар ўзлари танлаган шаҳарларга бу йилнинг ўзида боришни хоҳлаб қолишар, агарда коронавирус чекинса ва мамлакатлар чегаралари очилса. Бироқ баъзилар бошқа сабаблар туфайли ҳам Европа биринчилиги баҳсларини томоша қилиш имкониятини йўқотишлари ҳеч гап эмас. Ахир чемпионатгача ҳали яна 1 йил бор. Шунча вақтда режалар буткул ўзгариб кетиши, кимдир саломатлигини йўқотиши ёки бошқа муаммоларга ўралашиб қолиши мумкин. Тўғри, бу масалада ҳам ҳал қилувчи ҳукмни вақт белгилаб беради.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz