Қайднома

Қидирув

Коронавирус ҳам ўз йўлига

Коронавирус ҳам ўз йўлига

  21.05.2020 03:54
  0
  422
Коронавирус ҳам ўз йўлига

Германия футболининг чин гранди - «Бавария» ҳаттоки, коронавирус пандемияси туфайли Бундеслига тўхтаб қолган вақтда ҳам тингани йўқ. Мюнхенликлар бу орада 3та шартнома муддатини узайтиришдан ташқари, бош мураббий Ханс-Дитер Фликка ёрдамчи ҳам топишди. Ҳа, коронавирус футболни равон йўлдан чиқариб юборди. Мана, аксарият лигаларда ҳамон мавсумни давом эттириш масаласида бош қотирила­ётган паллада Бундеслига ташаббусни қўлга олиб, қайта ҳаракатга тушди. Албатта, Германия клублари олдига жиддий шартлар қўйилган. Муҳими, немислар барча қоидаларга оғишмай амал қилишади, зеро, улар тартиб-интизомни ҳамиша биринчи ўринга қўйишга одатланишган. Умуман олганда, клублар карантин даврида ҳам индивидуал иш тартибига тўлиқ бўйсинди. «Бавария» эса шунинг баробарида мажбурий танаффусдан унумли фойдаланган ҳолда, бир неча муҳим қадамлар ташлади.

 

Биринчи қадам - клуб Томас Мюллер билан шартнома муддатини 2023 йилгача узайтирди. Мюнхен клуби фанатлари учун муҳим хабар. Бинобарин, ҳужумкор футболчи ўтган йили кузда ҳам ҳамкорликни давом эттириш таклифига қарши чиққанди. «Ҳа, кузда шартнома муддатини узайтириш фикридан йироқ эдим. Чунки маълум вақт оралиғида қаторасига 6та ўйинда бошланғич таркибга кирмадим. Бу мен учун мураккаб давр бўлди. Муҳими, мураббий ва ўйин услуби ўзгариши билан ҳаммаси изига тушди. Янги тизим футболчиларга майдонда ўзларини яхши ҳис қилиш имконини бермоқда ва ишимизни сифатли бажаряпмиз», - деди Томас Мюллер келишув остига имзо чекканидан кейин.

Иккинчи қадам - клуб Ханс-Дитер Флик билан шартнома муддатини 2023 йилгача узайтирди. Яна бир муҳим қарор. Бинобарин, айнан Флик «Бавария»ни қисқа вақт ичида боши берк кўчадан олиб чиқди. У энди ўз ғояларини бемалол амалга татбиқ этиши мумкин.

 

Учинчи қадам - клуб Альфонсо Дэвис билан шартнома муддатини 2025 йилгача узайтирди. Канадалик ярим ҳимоячи совуққон ҳаракатлари билан Европанинг энг сара клублари эътиборини қозонишга улгурди. Шу маънода айтсак, мюнхенликлар 2023 йилга қадар мўлжалланган шартномани узайтириш асносида кутилмаган ҳолатлар бўлиши олдини олишди.

 

Тўртинчи қадам - клуб бош мураббий Ханс-Дитер Фликка ёрдамчи топди. Энди «Бавария» мураббийлар штабида Мирослав Клозе ҳам ишлайди. Клуб мюнхенлик мухлислар ёқимтойига айланган собиқ ҳужумчи билан 2021 йилнинг июнигача мўлжалланган шартномани расмийлаштирди.

 

ДарвоҚе...

 

ОАВда «Бавария» фанатларини қувонтирадиган яна икки хабар бор:

1. «Бавария» коронавирус вақтида Тьяго Алькантара билан ўртадаги шартнома муддатини узайтириш борасида олиб борилган музокара жараёнини анча олдинга силжитди.

2. «Бавария» карантин чоғи Лерой Сане билан келишиб олди. Таъкидланишича, Фликнинг шахсан ўзи «Манчестер Сити» вакилига қўнғироқ қилган ва 30 дақиқалик суҳбат натижасида уни кейинги трансферлар дарчасида Мюнхен клуби сафини тўлдиришга кўндирган.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz