Бир пайтлар ёшлар «Пўлат қандай тобланади?», «Одам қандай тобланади?» номли китобларни севиб ўқишарди. Савол туғилади: «Тобланиш учун уруш ёки машаққат бўлиши шартми?» Саволга коронавирус жавоб қайтармоқда. Бугунги мулоҳазаларимиз шу хусусда.
Бундеслига - умидлар манзили
Инсоният аста-секин коронавирус пандемияси даврида яшашга кўнмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти яқин истиқболда мазкур вирусдан батамом қутулиш қийинлигини таъкидламоқда. Аёнки бу каби огоҳлантиришлар жаҳон футболига ҳам таъсир ўтказмай қолмайди. Хусусан, ёзги трансферлар чоғи ҳар бир клуб етти эмас, балки етмиш марта ўйлаб, кейин бир кесади, яъни ўзи истаган ҳар бир харидни амалга оширолмайди. Авваллари муваффақиятсиз трансферни у қадар писанд этмаган, унга оддий бир омадсизлик сифатида қараган топ-клуб ҳам энди маблағи ҳавога учишини истамайди, уни тежаб ишлатишга интилади. Бошқача айтганда, жаҳон футболида тез-тез учраб турадиган исрофгарчиликлар энди кузатилмаса керак. Зеро, коронавирус энг йирик пулдорларни ҳам кўзини очиб, ақлини шошириб қўйди. Шу маънода Элдор Шомуродов трансферини «Шальке» ёки Бундеслиганинг бошқа бир клуби роса тарозига солиб кўриши аниқ. Вазият шундайки, футболчимизнинг хизматидан фойдаланишни хоҳлаб туриб ҳам унинг нархини пасайтиришга уринишади. Нарх масаласидаги тортишувлар ҳаттоки, асабга тегадиган даражага етиши мумкин. Қайси тараф оғир-босиқ бўлса ва оқилона йўл тутса, у бундай вазиятнинг ғолибига айланади. Ўйлаймизки, Элдорнинг трансфери осон ва омадли кечади. Аммо вазият мураккаблашган тақдирда унинг ўзи ташаббусни қўлга олиши ва имкон топиб, Бундеслигага йўл олишни таъминлаши даркор. Чунки ҳамюртимиз Россия Премьер-лигасидаги ишини қилиб бўлди. Маълум муддат унга имкон беришди ва футболчимиз «ярқ» этиб порлади. Бу ёғига Элдорнинг имконлари пасайтирилиши эҳтимоли катта, аниқроғи, исботлаб бўлмайдиган йўллар орқали чегараланади. «Додингни кимга айтасан?!» дейди доно халқимиз бу каби мушкул ҳолатларда. Қолаверса, Одил Аҳмедовнинг «Краснодар»даги фаолияти - Элдор Шомуродов учун ўзига хос сабоқ. У шуни ёдда тутса, бас? Эътиборли жиҳати шундаки, Бундеслигага ўтиш масаласи наинки, Элдорнинг фаолияти, балки ўзбек футболи тараққиёти учун ҳам муҳим қадам ҳисобланади.
Вакилларимиз Япония, Жанубий Корея, Россия ва араб футболи муҳитида тўп суриб, легионерлик мақомини олишга улгуришди. Очиғи, футболимиз бу мақомлардан ҳозирча катта наф кўрмади. Яъни бизда корейсча тезлик ва японча тафаккур кўзга ташланмаяпти. Арабча ғирромлик ва рус футболига хос дангасалик эса аллақачон кириб келди. Қисқаси, айни таъсирлар воситасида футболимиз Япония ва Жанубий Кореяникидан устун бўлолмади. Яқин келажакда ҳам олдинга ўтиши қийин, шекилли. Йўқ, бу сўзлар мутлақ умидсизликни билдирмайди. Мухлислар Жанубий Кореяда фаолият юритаётган Икром Алибоев, Жамшид Искандеров, Рустам Ашурматов, Достон Турсунов каби навқирон футболчиларимизни астойдил қўллаб-қувватлашмоқда. Балки айни шу йигитлар Жанубий Корея футболидаги ижобий ҳолатларни жиддий тарзда терма жамоамиз ўйинига олиб киришар ва мухлислар ишончини оқлашар... Майли, кутамиз ва умид қиламиз. Айни чоғда Элдорни қайта-қайта Бундеслига сари ундаймиз. Ҳар қанча ўзлаштирмайлик Осиё футболи, барибир, анъанавий тафаккур таъсиридан буткул узилиб кетолмайди, чоғи. Еврофутбол, хусусан, Бундеслига - бутунлай бошқа масала. Унинг бугунги даражасини ўзлаштириш футболимиз учун тараққиёт саналади. Ҳолбуки, «кўҳна қитъа» футболи бугунги даражасида қотиб қолишни истамайди ва тараққиёт тулпорига яна ва яна қамчи босаверади. Шундай экан, Элдорнинг жойи - Германия чемпионати. Бошқа иқтидорларни ҳам шу йўлга чорлаймиз.
БўшлиҚ узра янграр мухлис олҚиши
Жаҳон футболи коронавирус пандемияси билан ёнма-ён яшашга ҳозирланмоқда. Хўш, бу жараён футбол тараққиётига қандай таъсир кўрсатади? Францияда Лига 1 тўхтатилди, Бундеслига мавсумни тиклади, «А» серия, Ла Лига, АПЛ ҳамон иккиланишда. Демак, футбол эҳтиёткор бўлишга мажбур ва буни жуда чуқур ҳис қилмоқда. Салгина хато футбол умрига зомин бўлиши ҳеч гап эмас. Коронавирус билан ҳисоблашмай футбол ўйнаш ёки ярамас офатдан чўчиб ўйнамаслик - ҳар икки ҳолат ҳам миллионлар ўйини зарарига ишлайди. Шунинг учун футбол оралиқ йўлни изламоқда. Бундеслига ва «К»-лига бу йўлни топганини айтишга ҳали эрта. Ўзи кўрсатмасин, вирус юққанлар сони ошса, футбол қайси йўлни танлайди? Оғриқли ва ёқимсиз савол-а бу? Ҳа, лекин бу хусусда ўйламасликнинг ҳам иложи йўқ. Жумладан, биз учун ҳам мақбул йўлни танлайдиган вақт келди. Мухлисларсиз ўйналадиган бўлса, Суперлига баҳслари қанча эрта бошланса, шунча яхши. Кеч кузда вирус билан боғлиқ вазият қандай бўлишини тахмин қилиш мушкул. Ҳозир айни пайти. Хавотирларни нари суриб, вазиятдан унумли фойдаланиш - энг тўғри йўл. «Темирни қизиғида ур» мақоли шу паллага тааллуқли. Мавсум давом эттирилса, жамоалар мухлисларсиз ҳам туппа-тузук рақобатлашади ва уй-сафар учрашувининг аҳамияти йўқолмайди. Демак, «Навбаҳор» ўз майдонида мухлисларсиз ҳам улар олқишини сезиб, ҳис қилиб ўйнайверади, мезбонлик тушунчаси, ўз сўзини айтаверади, барибир. Ахир мухлис бўлмаса, ген гапиради, кон сўзлайди, томирларда анъаналар жўш уради, муҳит ўзгармайди.
Тўғри, бўм-бўш стадионга боққан футболчининг кўнгли бироз бузилар, аммо бу узоққа чўзилмайди. Ҳакамнинг ҳуштаги чалингач, ҳаммаси ўз изига тушади. Эҳтимол, футболчиларни руҳлантириш учун аудиоолқишлар йўлга қўйилар ёки стадион сухандони мухлислар юборган SMS-хабарларни футболчиларга ўқиб эшиттирар... Нима бўлганда ҳам, мезбон жамоада қўшимча руҳий устунлик созланади. Футболчиларда шу тариқа мухлиссиз ўйнаш кўникмаси шаклланади. Боз устига, яна қўшимча захира имконияти мавжудки, бу жиҳат ҳам футболчи ҳаётини ўзгартириб юборади. Ўзгаришлар таъсирида ёши катта ва тажрибасиз ёш футболчилар хизматидан қисқа муддат фойдаланиш мумкин. Натижада янги ижрочиларга эҳтиёж туғилади. Хуллас, коронавирус футболни янгича яшашга ўргатади, янги ўзанга солади. Бундан охир-оқибат, мухлис топади. Карантинда ўтириб зериккан кўнгилларда футбол қуёши порлайди. Бошқа ҳаммаси бекор!
Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20