Қайднома

Қидирув

Лусио: «Конте мени алдаган...»

Лусио: «Конте мени алдаган...»

  22.05.2020 05:28
  0
  659
Лусио: «Конте мени алдаган...»

Яқинда Лусимар Феррейра да Силва, кўпчилик орасида Лусио номи билан танилган бразилиялик ҳимоячи бутсаларини михга илди. Миллий жамоа либосида 105дан ортиқ ўйин ўтказган афсонавий футболчи миллионлар ўйинидаги йўли ниҳоясига етганини тушунди. La Gazzetta dello Sport нашрига берган интервьюсида Лусио қайси жиҳатлар бўйича Моуриньодан қарздор эканлиги, нега Бенитеснинг «Интер»­да ишлари юришмагани, шунингдек, ўз хатоси ҳақида гапирди.

- Футболдан кетишга қарор қилдингиз. Соғинасизми?

- Ҳа, жудаям. Бу футбол билан болалигимдан шуғулланганман. Рос­тини айтсам, агар футболчи бўлмаганимда, қайси касбни танлашим мумкинлигини тасаввур ҳам қилолмайман. Ҳозир ўзимни бахтиёр сез­япман, чунки ортга назар ташлаб, фаолиятим яхши ўтганини кўряпман. Дунё кездим, кучли клублар ва Бразилия термасида ўйнадим. Кўплаб ютуқлар, ажойиб хотиралар. Энди карьерамга нуқта қўйдим, аммо юксак фахр ва қувончни ҳис қиляпман. Буюк футболчи бўлиб, жаҳонга танилганим учун Яратгандан миннатдорман.

- Келгусида нима билан шуғулланмоқчисиз? Балки, бир кун келиб, мураббий сифатида Италияга қайтарсиз...

- Ҳа, шундай вариант ҳам бўлиши мумкин. Бразилия футбол конфедерациясидаги мураббийлик курсларда ўқимоқчиман, шунингдек, клубни бошқаришни ўрганмоқчиман. Қисқаси, ўзим яхши кўрган соҳа - футболда қолмоқчиман. Бутун дунёда эришилган ғалабалар менга катта тажриба бўлди ва у келажакда асқотишига ишончим комил.

- Италия футболи, хусусан, «Интер»нинг иштирокини кузатяпсизми?

- Ҳозир «нерадзурралар» сўнгги йиллардаги энг яхши ўйинларини намойиш этишмоқда. Афсуски, «қора-кўклар» Чемпионлар Лигасидан чиқиб кетишди. «Интер»нинг айрим учрашувларини кўрдим. Ўйлашимча, бугунги жамоа аввалги мавсумлардагига нисбатан кучлироқ. «Интер»да скудеттони қўлга киритиш учун ажойиб имконият бор. Балки Европа Лигасида ҳам муваффақият қозонар.

- «Интер»га бошқа ролда қайтишни хоҳлайсизми?

- Ҳа! Ёмон бўлмасди. Менга Италия, жумладан, Милан жуда ёқади, тўрт йилим шу шаҳарда ўтган. Футболда қолишни орзу қиламан. Тўғри, мураббий, менежер ёки скаут бўламанми, аниқ эмас. Ўйлашимча, нималаргадир эришиш, ўзимнинг устун жиҳатларимни кўрсатиш имконияти туғилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, Италияга қайтиб, албатта, «Интер» клуби тизимида ишламоқчиман.

- «Интер»да кўплаб унутилмас ўйинлар ўтказгансиз. «Сан Сиро»да Дидье Дрогбага қарши тўп сурганингиз сиз учун персонал жиҳатдан энг яхши иштирокмиди?

- «Челси» билан икки ўйин, шунингдек, Испанияда ўтган «Барселона»га қарши баҳсни ҳамон унутмайман. Фантастик хотиралар қолган. Бу беллашувларни жуда яхши эслайман, чунки биз деярли идеал ўйин кўрсатганмиз. Нафақат мен, балки бутун жамоа, айниқса, ҳимоя чизиғи.

- «Камп Ноу»да ўтган «Барселона» билан ўйинни эсга солдингиз. Самуэль билан бирга ўтиб бўлмас тўсиқ яратгандинглар, ўшанда. Каталонияликларнинг 90 дақиқа давом этадиган ҳужумларига бардош бера олмасликдан чўчимаганмисиз?

- Қўрқув бундай ўйинларнинг бир қисми ҳисобланади. Бу нормал ҳолат. Ўшанда «Барселона»га қарши баҳсда жуда чўчиганмиз. Мазкур жамоа ортиқча қийинчиликсиз 2-3та гол уришга қодир эди. Тьяго Мотта қизил карточка олиб, майдондан четлатилгач, биздаги ҳадик икки карра ошган. Аммо бу жуда муҳим вазият бўлганди: мен, Жулио Сезар, Майкон, Занетти ва бошқа йигитлар... майдон марказида туриб, бир-биримизга шундай дедик: «Биз ушбу ўйин­да Тьяго учун ҳам ғалаба қозонишимиз шарт, агар ютқазсак, ҳамма уни айблайди». Шу тариқа қўшимча мотивацияга эга бўлиб, икки ўйин натижасига кўра, каталонияликлар тўсиғидан ўтганмиз.

- Қачондир ҳамма совринларни ютишингиз мумкинлигини тушунган ҳолат бўлганми? Масалан, Киев «Динамо»сига қарши кечган баҳсда Чемпионлар Лигасидан чиқиб кетишга жуда яқин келгандинглар.

- «Интер» мазкур ўйинда янги имкониятга эга бўлди: чиндан ҳам, бир неча дақиқадан сўнг ЧЛни тарк этишимиз мумкин эди. Бироқ ўйин пайти Снейдер ва Милито томонидан урилган голлар жамоани ўзига келтирди, курашга қайтдик, орзумизга ишондик. Аммо «Челси»га қарши ўйин жуда муҳим бўлганди. Натижада «Интер» Милан ва Лондонда ғалабага эришди. Шу икки учрашувда катта кучга эгалигимиз ва кўплаб голлар урганимиз бизга ажойиб мотивация тақдим этди. Мазкур ғалабада Жозе Моуриньо жуда муҳим роль ўйнади, у биз билан мунтазам суҳбатлашарди, жуда катта психологик ишни амалга оширарди. У ўзимизга ишонишимиз кераклигини бот-бот таъкидларди. Ўша паллада унинг гаплари аҳамиятли эди, бутун жамоа айнан португалиялик мутахассис шарофати билан муваффақият қозониши мумкинлигини тушунганди.

- Дарвоқе, Моуриньо ҳақида: ўз дарвозангиз олдида рақиб футболчисини алдаб ўтмоқчи бўлганингизда, жаҳли чиқармиди?

- Ҳа-ҳа, шубҳасиз! У мен каби португал тилида гаплашади, шу боис, ўйин пайти менга айтганларини эшитардим. Жозе доимо қичқирарди: «Лусио! Лусио! Йўқ-йўқ-йўқ!» Мени тўхтатишга уринарди (кулиб). Моуриньо қўл остида ўсишга эришдим, анча ривожландим. У ўйинлар ва машғулотлар пайти мен билан гаплашарди. Бу жуда муҳим эди, чунки ўша мавсум деярли барча турнирларда ғолиб чиқдик, мен эса ФИФА талқини бўйича тузилган топ-11 рейтингига кирдим. Рамзий термадан жой олганим, кўп жиҳатдан, Моу­риньонинг ўгитларига амал қилганим самарасидир. У менга яхши тўп суриш ва тўғри ҳимояланишни ўргатган. Қилган яхшиликлари учун Жозедан миннатдорман.

- Собиқ клубдошларингиздан бири ҳамон интернет орқали гаплашиб туришингизни айтганди.

- Ҳа, «Ватсап»да гуруҳимиз бор, суҳбатлашиб турамиз. Айниқса, қайсидир биримизда саргузаштлар кузатилса, буни дарҳол айтиб беради. Мисол учун, Моуриньо яқинда «Тоттенхэм»да иш бошлаганди. Бундай воқеалар гуруҳимизда фаол муҳокама қилинади.

- «Интер» «требл» қайд этганидан сўнг кейинги мавсумда жамоани Рафаэль Бенитес бошқарди. У нимани нотўғри бажарди, нега кўпчилик танқидига учради?

- «Интер» билан «олтин хет-трик»ни амалга оширган футболчиларнинг деярли барчаси кейинги мавсумда ҳам жамоада қолишди. Бенитес келиб, ҳаммасини ўзгартиришни хоҳлади. Гўёки, Моуриньо тузган жамоа, у қолдирган ўйин тизими мутлақо нотўғридек эди. Бенитес ишончни оқламади. У ҳатто машғулотларда ҳам бизга кўп бақирарди: «Йўқ, ҳаракатингиз хато, нотўғри бажаряпсиз!». Биз - футболчилар ўзаро гаплашардик: «Агар ҳаммаси шунчалик ёмон бўлса, Чемпионлар Лигаси, «А» серия ва Италия кубогида қандай ғалаба қозондик? Нега Бенитес келиб, ҳаммаси нотўғри эканини айтяпти?». Ўйлашимча, айнан шу сабабли «Интер»да унинг ишлари юришмади.

- «Нерадзурралар» сафидан «Ювентус»га ўтганингизда, мазкур трансфер кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлганди. Ҳаммаси қандай рўй бергани ҳақида гапирсангиз.

- Қийин аҳволга тушиб қолгандим. «Интер»ни тарк этишни хоҳламадим, «қора-кўклар» сафидаги фаолиятимни давом эттирмоқчи эдим. Бироқ мураббий алмашди, жамоани Страмаччони қабул қилиб олди. У ва Марко Бранка мен ва агентимга жуда катта босим уюштиришди. Эсимда, таътилни ўтказиш учун Бразилияга кетганимда, Бранка ҳар 15 дақиқада қўнғироқ қилди, кейин «эстафета» «Интер»нинг бошқа вакилларига ўтди. Улар менга тинмай: «Кетишинг керак, бошқа клуб изла», дейишарди. Вазият мураккаб эди. Ҳеч нарсани ўзгартиришни хоҳламасдим, улар эса аксинча ҳолат бўйича гапиришда давом этишди. Ўша пайт жамоа топиш осон эмасди. Аммо бироз вақтдан сўнг агентим қўнғироқ қилиб, «Ювентус» вариантидан сўз очди. Ушбу клубга ўтишни истамадим, лекин трансфер ойнаси ёпилишига 2-3 кун қолганди, шу боис кўнишдан ўзга чора қолмади. Хатога йўл қўйганимни тушунаман. Ҳаммаси жуда тез ойдинлашди, ахир 6 ойдан кейин «Юве»ни тарк этдим. Бу жамоада ўзимни ноқулай сездим, аммо бу футбол.

- Ўша пайтлари «Ювентус»ни ҳозир «Интер»да ишлаётган Антонио Конте бошқарарди. У билан ҳамкорлик қандай ўтган?

- Ҳаддан зиёд оғир ва зерикарли деёлмайман. Ҳаммаси Бонуччининг дисквалификацияга учраши мумкинлигига боғлиқ бўлиб қолганди. Конте «Юве»га ўтсам, ўйнашим мумкинлигини айтди. Лекин тез орада унинг айтганлари ёлғонлиги ойдинлашди, чунки Бонуччининг майдонга тушишига рухсат беришди ва «кекса синьо­ра» таркибида деярли ўйнамадим. Бу мен учун ҳеч нимани ўзгартирмайди, шунга қарамай, «Ювен-тус»­га ўтиш фаолиятимдаги хатолик бўлганди.

- Сиз билан бир жамоада ўйнаган энг яхши футболчи ким?

- Албатта, Самуэль. Биргаликда катта кучга айланардик. Шунингдек, «Байер» ҳамда Бразилия термасида мен билан ёнма-ён тўп сурган Жуанни айтишим мумкин.

- Қайси ҳужумчига қарши ўйнаш ҳаммасидан қийин бўлган?

- Лео Мессига: тезкор, ақлли, ажойиб ғояларга эга. Уни тўхтатиш жуда мураккаб эди!

- Фаолиятингиздаги энг эсда қоларли ҳолат қайси?

- 2002 йилги жаҳон чемпионати ва «Сантьяго Бернабеу»да ўтган Чемпионлар Лигаси финали - иккита унутилмас лаҳза. Улар ҳар доим хаё­лимга келади. «Интер»даги оилам - 45 йил ичида бирор маротаба мазкур турнир финалига чиқмаган жамоа билан ЧЛда ғолиб чиқиш фантастиканинг ўзгинаси.

- Ҳозир тўп сураётганлар орасида сизга ўхшайдиган ҳимоячи ким?

- Ван Дейк, аммо у мендан кучлироқ (кулади)! Виржилнинг техникаси юқори, аммо менда, эҳтимол, қувват ва журъат кўпроқ бўлгандир.

 

ЛУСИОНИНГ ТУРЛИ ЖАМОАЛАРДА ҚАЙД ЭТГАН НАТИЖАЛАРИ

 

Клубларда

1997 - «Гуара» (Бразилия) - 1та ўйин (0 гол)

1997—2000 - «Интернасьонал» (Бразилия) - 49 (6)

2000—2004 - «Байер» (Германия) - 92 (15)

2004—2009 - «Бавария» (Германия) - 144 (7)

2009—2012 - «Интер» (Италия) - 96 (3)

2012 - «Ювентус» (Италия) - 1 (0)

2013 - «Сан-Паулу» (Бразилия) - 10 (1)

2014—2015 - «Палмейрас» (Бразилия) - 25 (2)

2015—2016 - «Гоа» (Ҳиндистон) - 19 (0)

2018 - «Гама» (Бразилия) - 0 (0)

2018—2019 - «Бразильенсе» (Бразилия) - 17 (1)

Миллий жамоада

2000—2011 - Бразилия - 105 (4)


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz