Қайднома

Қидирув

Ўзбекистон миллий термасининг 10 йиллик рамзий сараланган жамоаси...

Ўзбекистон миллий термасининг 10 йиллик рамзий сараланган жамоаси...

  22.05.2020 11:00
  0
  604
Ўзбекистон миллий термасининг 10 йиллик рамзий сараланган жамоаси...

Ўзбекистон миллий термаси ўтган 10 йил давомида жуда катта йўлни босиб ўтди. Вадим Абрамов бош мураббийлигида Осиё кубоги ярим финалигача етиб борилди, «Оқ бўрилар» ҳақиқий «Оқ бўрилар»га айланишди, Элдор Шомуродов тимсолида умид пайдо бўлди, ёшларимиз хорижда муваффақиятли тўп суришди ва биз... жаҳон чемпионатига чиқолмадик. Яна ва яна. Ўзбек футболи мундиал йўлида олдинга қанчалик катта қадам ташлаган бўлса, якунда шу тариқа ортга қайтаверди. Шунга қарамай, эътирофга лойиқ жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Sports.ru сайтининг «Узбекская кухня» блоги муаллифлари сўнгги ўн йилликда Ўзбекистон термасида тўп сурган энг яхши футболчилардан иборат рамзий жамоа тузиб, мухлисларни хурсанд қилишди.

 

Дарвозабон

 

ИГНАТИЙ НЕСТЕРОВ

Сўнгги 10 йилликдаги клублари: «Бунёдкор», «Локомотив», «Уҳуд» (Саудия Арабистони)

Сўнгги 10 йилликдаги ютуқлари: 6 карра Ўзбекистон чемпиони, 6 карра мамлакат кубоги соҳиби, Осиё Чемпионлар Лигаси ва Осиё кубоги ярим финалчиси

Биринчи рақамга бошқа вариантларнинг бўлиши ҳам мумкин эмасди. Нестеров «давримизнинг Павел Бугалоси». Барқарорлик бор, мураккаб вазиятларда совуққонликни йўқотмайди, Ўзбекистон термасида ажойиб «сейв»­ларни амалга оширган. Шундай ўйинларнинг биридан кейин унинг номи бир неча соат жаҳон «Твиттер» жамоат­чилиги эътиборида турди. Миллий жамоанинг мундиалга чиқолмаганида унинг айби йўқ. Игнатий ҳамиша борини бериб ўйнаган.

Муқобил вариант: Элдор Суюнов

 

Чап Қанот ҳимоячиси

 

ВИТАЛИЙ ДЕНИСОВ

Сўнгги 10 йилликдаги клублари: «Днепр» (Украина), «Локомотив», «Крилья Советов», «Рубин», «Ротор» (ҳаммаси - Россия)

Сўнгги 10 йилликдаги ютуқлари: Россия чемпиони, 2 карра Россия кубоги соҳиби, 2 марта РПЛнинг энг яхши 33 нафар футболчиси рўйхатига кирган, 2013 йили Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси бўлган

Денисовнинг ўйини нафақат рақиблар билан, балки ўзи билан курашишни ҳам англатган. Четдан қараганда, у қанот бўйлаб амалга оширадиган рейдлари орқали Дакар ралличиларидан қолишмайдигандек тасаввур уйғотарди. Виталийнинг Ўзбекистон термаси таркибида борлиги мураббийларга хотиржамлик бағишларди. У машҳур собиқ ҳимоячи, ўзбек футболида ёрқин из қолдирган отаси Геннадий Денисовга ўхшади. Бош жамоамиз Виталийга шунчалик боғланиб қолгандики, ундан кейин чап қанот ҳимоямизда камчиликлар кузатила бошланди. Унинг шерикларига таъсири катта бўлган, Денисов нафақат жаҳон чемпионатидан қуруқ қолган, балки жароҳат сабаб Ўзбекистон термаси учун сўнгги ўн йилликдаги энг муваффақиятли ҳисобланган турнир - Осиё кубоги-2011ни ҳам ўтказиб юборган.

Муқобил вариант: Виктор Карпенко

 

Марказий ҳимоячи

 

АНЗУР ИСМОИЛОВ

Сўнгги 10 йилликдаги клублари: «Бунёдкор», «Чанчун Ятаи» (Хитой), «Локомотив»

Сўнгги 10 йилликдаги ютуқлари: 2 карра Ўзбекис­тон чемпиони

2013 йилнинг 10 сентябри. ЖЧ-2014 саралаши доирасидаги Иордания термасига қарши «плей-офф» ўйини. Ким ғалаба қозонса, ўша кейинги босқичда Уругвайга қарши ўйнайди. Ғолибга - мундиал йўлланмаси. Исмоилов 5-дақиқада ҳисобни очади, иорданияликлар вазиятни тенг­лаштиришади, умуман, ўша ўйин тенг курашлар остида ўтганди. Асосий ва қўшимча вақт 1:1 кўринишида якунланди. Пенальтилар сериясида ҳисоб бўйича 10-футболчилар ҳам тепишди. Ҳеч қачон 11 метрли жарима зарбаларини ижро этмаган Анзур ижрода адашди ва бутун стадион унинг манзилига ҳақоратлар йўллади. Исмои­лов билан боғлиқ яна бир қизиқарли вазият 2018 йилги жаҳон чемпионати саралашида рўй берганди. Жанубий Корея термасига қарши Тошкентда ўтказилган баҳс (0:0)дан сўнг Анзур микст-зонада мундиалга чиқиш имконияти йўқолгани бўйича берилган саволга шундай жавоб қайтарди:

- Ҳали имконият сақланиб турибди. 3-ўринни эгалладик, аммо қийин бўлади.

- Сурия 2:2 ўйнади. Биз тўртинчимиз.

- Йўғ-е?! Эрон 2:1га ютмадими?

- Йўқ, 2:2 бўлди.

Кутилмаган янгиликдан карахт аҳволга тушган Исмои­ловда гапиргани бошқа сўз қолмаганди ва шу тариқа, ўзи билмаган ҳолда, кўплаб янгиликларнинг асосий қаҳрамонига айланди. Унинг фаолиятида пасайиш кузатилмаган, гарчи у энг ёрқин футболчилардан бири бўлмаса ҳам. Шунга қарамай, ундаги барқарорлик, хотиржамлик сабабли бутун ўзбек футболидаги энг ишончли ҳимоячилардан бири бўлиб турибди.

Муқобил вариант: Шавкат Муллажонов

 

Марказий ҳимоячи

 

ИСЛОМ ТЎХТАХЎЖАЕВ

Сўнгги 10 йилликдаги клублари: «Нефтчи», «Локомотив»

Сўнгги 10 йилликдаги ютуқлари: 3 карра Ўзбекистон чемпиони, 5 карра Ўзбекистон чемпионати совриндори, 3 карра мамлакат кубоги соҳиби, 2 карра Ўзбекистон суперкубоги соҳиби

Ислом Фарғона футболи тарбияланувчиси, бир пайтлари «Нефтчи» сафида тўп сурган ёш ҳимоячи бошқалардан ажралиб турарди. Ваҳоланки, ўша йиллари ўз ёш тоифасидагилар орасида энг иқтидорлилардан бири ҳисобланмаган. Шундай бўлсада, Тўхтахўжаев клубдаги позициясини анча мустаҳкамлаб олгани боис, ўзбек гранд­ларининг унга қизиқиши ортди. Ислом эса «Локомотив» тузган янги лойиҳага қўшилишни афзал билиб, Тошкент­га кўчиб ўтди ва фаолиятининг аксар қисмини шу клубда ўтказди. Ўзбекистонда деярли барча совринларни қўлга киритгач, яқинда Хитой жамоаси билан шартнома имзолаганди. Унинг вазифаси марказий ҳимоя билан чекланиб қолмади. Кўп ҳолларда Тўхтахўжаев мудофаанинг ўнг қанотидаги бўшлиқларни тўлдирди ва буни аъло даражада уддалади.

Муқобил вариант: Егор Кримец

Ўнг Қанот ҳимоячиси

 

АКМАЛ ШОРАҲМЕДОВ

Сўнгги 10 йилликдаги клублари: «Бунёдкор», «Пахтакор», АГМК

Сўнгги 10 йилликдаги ютуқлари: 2 карра Ўзбекистон чемпиони, Осиё Чемпионлар Лигаси ярим финалчиси, 3 карра мамлакат кубоги соҳиби, Ўзбекистон суперкубоги соҳиби

«Ўзбекистонлик Арбелоа» кўпинча танқидлар марказида қолган, аммо термадаги ишини сидқидил бажарган. Вазият тақозосига кўра, ушбу позицияда рақобат катта бўлмади. Шунга қарамай, Шораҳмедовнинг ўйини ўз клубларига сезиларли фойда келтирди. Рақиблар Акмалга қарши курашда жуда қийналишади. Шораҳмедов жаҳон чемпионатига чиқиш нияти борлигини кўп маротаба таъкидлаган, лекин тақдирни қарангки, айнан у Жанубий Кореяга қарши кечган муҳим баҳсда ўз дарвозасига тўп киритиб, азалий орзунинг амалга ошмаслигига сабабчи бўлган.

Муқобил вариант: Рустам Ашурматов

 

Таянч ярим ҳимоячиси

 

ТЕМУР КАПАДЗЕ

Сўнгги 10 йилликдаги клублари: «Бунёдкор», «Инчхон Юнайтед» (Жанубий Корея), «Шаржа» (БАА), «Актобе» (Қозоғистон), «Локомотив»

Сўнгги 10 йилликдаги ютуқлари: 3 карра Ўзбекистон чемпиони ва мамлакат кубоги соҳиби, мамлакат суперкубоги соҳиби, Қозоғистон чемпиони ва ушбу мамлакат суперкубоги соҳиби, 2013 йили Қозоғистон чемпионатининг энг яхши легионери, Осиё кубоги ярим финалчиси. Узоқ вақт Ўзбекистон термасида ўйин ўтказиш бўйича рекордчи саналган

2000-2010 йиллар сарҳисобига кўра, рамзий терма тузилганда, катта эҳтимол билан, унда ҳам Кападзега жой топиларди. Сўнгги 10 йилликни Темур «Бунёдкор» сафида қарши олди, сўнгра Сервер Жепаровнинг ортидан Жанубий Корея лигасига кетди. Кейинчалик Бирлашган Араб Амирликларида иши юришмаган бўлса, Қозоғистон чемпионатига тезда мослашиб, лига юлдузига айланди. Унинг миллий термадаги роли ҳам жуда муҳим эди. Кападзе бош жамоадаги фаолиятини 2015 йили якунлади. Ўша пайт 119та ўйин ўтказишга улгурган футболчи 1-рақамли гвардиячига айланди. Фақатгина 2 йилдан кейин­гина Жепаров уни ортда қолдирди. Шу натижанинг ўзиёқ Темурнинг терма учун нечоғли муҳим ўйинчи бўлганини кўрсатиб турибди. Ҳозирда Кападзе мураббийлик ишини давом эттирмоқда, Ўзбекистон ёшлар термаси футболчиларига устозлик қиляпти. Параллель равишда миллий жамоа бош мураббийига ёрдамчи ҳам саналади. Кўпчилик ундан яхши мураббий чиқишини айтмоқда. Унинг мазкур соҳадаги фаолияти эндигина бошланган бўлса, футболчилик даврида эришган ютуқлари таҳсинга сазовор.

Муқобил вариант: Азиз Ҳайдаров

 

Таянч ярим ҳимоячиси

 

ОДИЛ АҲМЕДОВ

Сўнгги 10 йилликдаги клублари: «Пахтакор», «Анжи», «Краснодар» (иккиси - Россия), «Шанхай СИПГ» (Хитой)

Сўнгги 10 йилликдаги ютуқлари: Ўзбекистон чемпио­нати кумуш медали совриндори, 2 карра Россия чемпио­нати совриндори, Россия кубоги финалчиси, Хитой чемпиони ва ушбу лига совриндори, Хитой футбол ассоциацияси кубоги соҳиби, 5 карра Ўзбекистонда йилнинг энг яхши футболчиси, 2011 йили «Анжи»нинг энг яхши ўйинчиси, 2014|2015 йиллар мавсумида «Краснодар»нинг энг яхши ўйинчиси, «Краснодар» тарихидаги энг яхши футболчилар рўйхатига кирган, Осиё кубоги ярим финалчиси, Осиё Чемпионлар Лигаси ярим финалчиси

Термамизнинг ҳозирги сардори 2011 йилдаёқ жамоа­нинг катта кучи ва ажралмас қисмига айланиб улгурганди. Ўша Осиё чемпионати пайти таркибда етарлича муаммолар бўлганди. Асосий марказий ҳимоячи Ярослав Крушельницкий жароҳат олгач, унинг ўрнига форвард Улуғбек Бақоев чақирилган. Шу боис, мудофаа чизиғидаги бўшлиқ Одил ҳисобига ёпилган. Унинг ортга қайтиши ҳужумнинг кучсизланишига сабаб бўладигандек туюлганди, аммо тахминлар ўзини оқламади. Биринчи ўйиндаёқ Аҳмедов мезбонлар - Қатар термаси дарвозасини ишғол қилди. Кейинги учрашувларда ҳам ўз ишини охирига етказиб қўйди. Агар меҳнатсеварлик биринчи ўринга қўйилса, Одилни 10 йилликнинг энг яхши футболчиси, дейиш мумкин. Бу борада Аҳмедов кўпчиликдан илгарилаб кетган, шу боис уни беназир ўйинчи сифтида биламиз. Ҳозир ҳам шундай. Унинг обрўси қайси клубга ўтиши, қайси бирига ўтмаслик бўйича қарорни ўзи чиқаришига имкон яратади.

Муқобил вариант: Фозил Мусаев

 

Чап Қанот ярим ҳимоячиси

 

ЖАСУР ҲАСАНОВ

Сўнгги 10 йилликдаги клублари: «Бунёдкор», «Лаҳвия», «Қатар СК» (иккиси - Қатар), «Эмирейтс» (БАА), «Локомотив», «Қизилқум», «Насаф», АГМК, «Сўғдиёна»

Сўнгги 10 йилликдаги ютуқлари: 3 карра Ўзбекистон чемпиони, Қатар чемпиони, 4 карра Ўзбекистон кубоги соҳиби

Юқорида Аҳмедовнинг меҳнатсеварлиги ҳақида гапирдик. Жасур Ҳасанов ҳам шу тоифа футболчилардан бири. У «Бунёдкор»да очилиб кетди, Ривалдо бошчилигидаги таниқли легионерлар соясида қолиб кетмади. Жасурнинг «мотори» ўйин динамикаси бўйича шубҳаларни келтириб чиқарарди. Ҳасанов ҳеч қачон катта юлдуз саналмаган, терма жамоада ҳам ушбу рўйхатдагиларнинг аксариятидан камроқ ўйин ўтказган. Аммо унинг иштироки Тошкент, Навоий, Қарши ва Жиззахдаги кўплаб мухлисларнинг эсидан чиқмаслиги турган гап.

Муқобил вариант: Жалолиддин Машарипов

 

Плеймейкер

 

СЕРВЕР ЖЕПАРОВ

Сўнгги 10 йилликдаги клублари: «Бунёдкор», «Сеул», «Сеонгнам», «Ульсан» (ҳаммаси - Жанубий Корея), «Ал-Шабаб» (Саудия Арабистони), «Локомотив», «Истиқлол», «Сепаҳон» (иккиси - Эрон), «Жетису» (Қозоғистон), «Металлург»

Сўнгги 10 йилликдаги ютуқлари: Жанубий Корея чемпиони, Ж.Корея лига кубоги ва ушбу мамлакат футбол ассоциацияси кубоги соҳиби, Саудия Арабистони чемпиони, Ўзбекистон чемпиони ва мамлакат кубоги соҳиби, 2011 йили Осиёнинг энг яхши ўйинчиси, 2010 йили Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси. Ўзбекистон миллий жамоасида ўтказилган ўйинлар бўйича рекордчи - 126та. Осиё кубоги-2011 ярим финалчиси

Ўзбекистоннинг энг креатив футболчиларидан бири. Осиёда Жепаров номи юлдузли саналади. Сервер икки марта Ўзбекистонда йил ўйинчиси номига сазовор бўлган, улардан бири аввалги ўн йилликка тўғри келган. У қайси клубга ўтмасин, ҳамма ерда катта ютуқларга эришган, нуфузли совринларни қўлга киритган, ажойиб голлар уриб, уни ўзига хос «сальто» билан нишонлаган. Терма жамоада ҳам унинг ўрнини тўлдирадиган футболчи бўлмаган, фақат 2015 йили уни адолатсиз тарзда захира ўриндиғида қолдиришган. Бошқа паллада у Ўзбекистон термаси учун тоза ҳаво вазифасини ўтаган.

Муқобил вариант: Марат Бикмаев

 

Ўнг Қанот ярим ҳимоячиси

 

САНЖАР ТУРСУНОВ

Сўнгги 10 йилликдаги клублари: «Волга», «Алания», «Газовик» (ҳаммаси - Россия), «Локомотив», «Бунёдкор», «Ворскла» (Украина), «Умм-Салал», «Ал-Ҳарайтият» (иккиси - Қатар), «Тэжон Ситизен» (Жанубий Корея), АГМК

Сўнгги 10 йилликдаги ютуқлари: Осиё кубоги ярим финалчиси, Ўзбекистон чемпионати совриндори, 2012 йили Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси

Футболчиларимиз орасида тақдири ўзгача кечганлардан бири. Ёшлик давридаёқ, «Пахтакор» мактабида таҳсил олаётганда, ёшлар жамоаси билан шартномани узайтиришни хоҳламай, Россияга кетган, у ерда турли талабалар жамоасида тўп сурган. Буларнинг бари аввалги 10 йилликда содир бўлганди. Кейинчалик «Волга» клуби вакиллари Турсуновнинг иқтидорини пайқашди. Санжар Вадим Абрамов бош мураббийлигидаги муваффақиятли таркибнинг ҳам бир қисмига айланганди. Тўғри, унинг фаолиятида паст-баландликлар учради. Ўз вақтида жуда кўп марта жамоасини алмаштирди, уларнинг ҳаммасида турлича ютуқларга эришди. Сардор Рашидов келгач, термадаги ўрин учун кураш янада қийинлашди, аммо бу жойни у Самвел Бабаян келганидан кейин йўқотди. Нима бўлганда ҳам, Турсунов ўз позициясида Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиларидан бири саналган.

Муқобил вариант: Сардор Рашидов

 

Ҳужумчи

 

АЛЕКСАНДР ГЕЙНРИХ

Сўнгги 10 йилликдаги клублари: «Пахтакор», «Локомотив», «Сувон Самсунг Блюуингз» (Жанубий Корея), «Эмирейтс» (БАА), «Актобе», «Ордабаси» (иккиси - Қозоғистон)

Сўнгги 10 йилликдаги ютуқлари: Қозоғистон чемпио­ни ва ушбу мамлакат лигаси совриндори, Қозоғистон кубоги соҳиби, Ўзбекистон кубоги ярим финалчиси

Мухлислар «Саша» деб чақирадиган форвард ўзбек футболи ривожи йўлида чин дилдан меҳнат қилди. Гейн­рих ҳужум чизиғи етакчиси бўлгани ҳолда, ўйин суръатини бутунлай ўзгартириб юборишга мойил эди, гол «ҳид»­ини сезарди. Шунингдек, унинг ижросидаги жарима зарбалари «Пахтакор» ва миллий жамоани қийин вазиятларда қутқарарди. 10 йилликнинг сўнгги палласида, умуман, бутун фаолияти давомида Александр энг юқори чўққига чиқолмади, барибир. Аммо мухлислар унинг майдонга тушгани ҳамоно, ўз ишини шошилмайгина бажариши, майда қадамлар билан жарима майдончасига кириб бориши, ажойиб голлар урганини ҳамон эслашади. Айнан шу жиҳатлар эвазига Гейнрих бугунги рамзий термадан ўрин эгаллади.

Муқобил вариант: Улуғбек Бақоев

 

Евдоким РАИМОВ, sports.ru


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz