Қайднома

Қидирув

Иммобиле кимсан Роналду, Месси ва Левандовскидан олдинда-я...

Иммобиле кимсан Роналду, Месси ва Левандовскидан олдинда-я...

  24.05.2020 05:52
  0
  350
Иммобиле кимсан Роналду, Месси ва Левандовскидан олдинда-я...

Евромавсум-2019/2020нинг ортда қолган қисмида қайд этилган натижаларга қарасак, «Лацио» клуби ва Италия миллий жамоаси ҳужумчиси Чиро Иммобиле қитъадаги миллий чемпионатларнинг энг яхши голеадоррига бериладиган «Олтин бутса» совринига асосий даъвогар бўлиб турибди. Европа спорт нашрлари ассоциацияси томонидан таъсис этилган нуфузли мукофотнинг айнан италиялик тўпурарга насиб этиши эҳтимоли анча баланд. Халқаро уюшма аъзоси саналган «Спорт-Экспресс» (Россия) нашрининг қуйидаги мақоласи ҳозирги ҳолатда Месси, Роналду ва Левандовскидек моҳир голеадорлардан олдинда турган етакчи тўпурар ҳақида.

 

Энг эффектли

Коронавирус пандемияси кўплаб соҳалар қатори футболни ҳам мажбурий таътилга чиқарди. Жумладан, мукаммал йўлга қўйилган «кўҳна қитъа» футболи ҳам режалаштирилмаган танаффусда. Кўзда тутилмаган танаффус ҳали яна қанча давом этиши эса ҳамон маълум эмас. Умуман, мавсумнинг қолган қисми ўтказиладими-йўқ - бу ҳам мавҳум масала. Тўғри, режа, мўлжал бор, аммо ҳеч ким дангал гапиришга ботинолмаяпти, барибир. Айни паллада голеадорлар рўйхатида италиялик Чиро Иммобиле пешқадамлик қилмоқда, норвегиялик вундеркинд Эрлинг Холандга эса «Олтин бутса» танлови қоидаси тўсқинлик қилади. Ҳа, қишда Дортмунд «Боруссия»си сафида урган голлари унга етарлича балл тақдим этади. Аммо Австрия чемпионатидаги голлари анча паст коэффициент бўйича ҳисобланади.

Умуман олганда, самарали зарбаларнинг умумий сони бўйича ҳам устунлик италиялик тўпурар томонида, барибир. Ваҳоланки, Чиро бир қатор фазилатлар бобида рақобатчиларига нисбатан пастроқ кўрсаткичга эга. Масалан, унда Килиан Мбаппега хос абжирлик ва тезлик йўқ. Иммобиленинг техник маҳорати ҳам ҳайратланарли даражада эмас. Аммо ҳозирча самарадорлик бобида айнан у ҳаммадан олдинда. Диққат қилинг, Чиронинг ўртача маҳсулдорлиги «1та ўйинга 1та гол» меъёридан ҳам юқори: 26та ўйинда 27та гол! Энг қизиғи, фахрий ҳужумчининг юксак парвози гўёки, жамоа муваффақиятига ҳамоҳанг бўлаётгандек. Зеро, Рим клуби танаффусга чиқишгача 25 сентябрдан буён мағлубият нималигини билмай, ўз рекордини янгилаганди (қаторасига 21та мағлубиятсиз ўйин. Қолаверса, «Лацио» декабрь ойида асосий рақобатчиси - «Ювентус»ни ишончли тарзда маҳв этди - 3:1. Ҳозирда римликлар туринликлардан атиги 1 очкога ортда қолмоқдалар.

Еврофутбол: «Гол Қ Пас» тизими бўйича етакчилар
1. Чиро Иммобиле («Лацио») — 34 балл (2186 дақиқа)
2. Лионель Месси («Барселона») — 31 балл (1891 дақиқа)
3. Жейдон Санчо («Боруссия» Д.) — 29 балл (1807 дақиқа)

 

Қадрдон жамоа, қадрдон мураббий

Чиро Иммобиле учун қатъий шаблонга айланиб улгурган гол уриш фақат ўзи эмас, балки бутун жамоа ўйинининг маҳсулидир. Буни тасдиқловчи далиллар италиялик тўпурар учун айнан ҳозир ўта долзарб мавзу ҳисобланади. Ҳужумчи ўз парвозининг бошланғич босқичи - 2011Ғ2012 йиллар мавсумида «В» серияда «Пескара» учун 28та гол урганди. Чиро шундан сўнг элитада «Торино» либосида ҳам сермаҳсул фаолиятини давом эттирди. Аммо  хориждаги икки уриниши омадсиз якунланди. Футболчи аввалига Дортмунд «Боруссия»сида ўз ўрнини тополмай, бунинг учун мураккаб вазият ва бош мураббий Томас Тухелни айблади. Кейин эса «Севилья»да ҳам салоҳиятини намойиш этолмай, Унаи Эмерининг етарли даражада ишонч билдирмаганидан нолиди.

Римда эса ҳужумчи Германия ва Испанияда ўзи учун армон бўлиб қолган барча қулайликларга эришди. «Лацио» тизгинини вақтинча мураббий сифатида қўлга олган ва қисқа вақт ичида Италия футболининг энг истиқболли ва малакали мутахассислари қаторига кўтарилган Симоне Инзаги ҳужумчидаги юзага чиқмай келаётган улкан иқтидорни қайта кашф этди. «Лацио» раҳбарияти 2016 йилнинг апрелида ёшлар жамоасини бошқараётган мураббийни истеъфога чиқарилган Стефано Пиоли ўрнига таклиф этишди. Шу тариқа маълум вақт бош мураббий вазифасини вақтинча адо этган Симоне мавсум охирида афсонавий Марсело Бьелсага жой бўшатди. Бироқ аргентиналик мутахассис тез орада Клаудио Лотито билан жанжаллашиб қолгач, президент Инзагини бош мураббий лавозимига қайтарди. Қисқаси, таътилда дам олиш баробарида «Салернитана»ни бошқариш тадорикини кўраётган ёш мураббий 9 июль куни «Лацио»ни қайта қабул қилди. Шу ойнинг 27-санасида эса римликлар Иммобилени «Севилья»дан харид қилишди. Трансфер суммаси - 8,5 млн. евро. Ҳужумчи бунга жавобан тўлиқсиз 4 мавсумда «бургутлар» либосида жами 116та гол урди.

Юлдузга мос тизим

«Севилья»даги омадсизликдан кейин Чиронинг иқтидори шубҳа остида қолганди. Римлик мухлислар шунингдек, яна бир янги футболчи - Луис Альбертонинг «Интер»га сотиб юборилган Кандрева ўрнини босишига ишонишмади. Боз устига, Инзагининг «бургутлар»га сингдиришга уринган ўйин услуби аввалига тушунарсиз туюлди, энг муҳими, укейинчалик «теша тегмаган» ғоялари чинакам кашфиётга айланди. Симоне ҳаттоки, учрашув жараёнида ҳам изланишларни тўхтатмади, турли-туман схемаларни синаб кўрди, барча шогирдларига бирин-кетин имконият беришдан чўчимади. Натижада «бургутлар»нинг ёрқин парвозини таъминлаган 3-5-1-1 (3-5-2) тактик чихмаси асосий қурол мақомига чиқди. Симоне ижодий изланишлар даврида фақат Иммобилега нисбатан муносабатини ўзгартирмади - ҳужумчи илк кунларданоқ мураббийнинг ёқимтойига айланганди ва ҳозир ҳам шундай. Тўғри, ҳамкорликнинг ортда қолган даврида устоз ва шогирд ўртасида «қора мушук» оралаган воқеа ҳам юз берди. Бир сафар ўйиндан вақтлироқ захирага олинган ҳужумчи мураббий қароридан норози эканлигини очиқ-ойдин намойиш этди ва бунинг учун жиддий танқидлар бўронига дуч келди. Энг асосийси, Чиро тез орада хатосини тушуниб, нафақат Инзаги, балки бутун жамоадан ортиқча жиззакилиги учун расман узр сўради: «Баъзан кучли босим остида номаъқул ишларни амалга оширамиз. Ўз қилмишим учун барча жамоадошларим ва мураббийдан кечирим сўрайман. Хато қилишдан ҳеч ким ҳимояланмаган. Муҳими, улардан тўғри хулоса чиқариш керак».

Шогирдининг вақтида сўраган самимий узрини қабул қилган мураббий ўша кўнгилсиз воқеани тезда унутди ва аввалгидек илиқ муносабатини давом эттирди. Бундан руҳланган Чиро ўзаро тушуниш янада ортганини эътироф этиб, голларидан бирини айнан Инзаги билан бирга нишонлади. Устоз эса энди фойдали маслаҳатлари ва ҳақли мақтовларини шогирдидан аямаяпти. Жумладан, у Чирони Сенад Лулич ва Марко Паролодан кейин «Лацио»нинг учинчи сардори мақомига кўтарди. Инзагининг суюкли шогирдига аталган юксак баҳони фақат расмий тадбирларда беришга уринаётгани эса Иммобилени бутун жаҳон танитиш ҳаракати бўлса, ажабмас.

Энг асосийси, Инзагининг ўйин услуби голеадор шогирдининг фойдали ишлар коэффициенти (ФИК)ни оширишга хизмат қилмоқда. Чиро айниқса, рақиб дарвозаси яқинида самарали тўп суради, бунда тезда тўғри қарорга келиши ва  зарба йўллашни пайсалга солмаслиги қўл келади. Сергей Милинкович-Савич, Карлос Корреа, Фелипе Кайседо ва Луис Альбертодек иқтидор соҳиблари эса уни вақтида тўп билан таъминлашмоқда. Луис Альбертонинг самарали узатмалар сони (12та) бўйича «А» серияда етакчилик қилаётгани бежиз эмас, албата. Чиронинг айтишича, Луис уни рафиқасидан ҳам яхшироқ тушунар экан. Улар аллақачон қадрдон дўстларга айланишган Лекин жамоа аъзоларини ҳеч ким Симоне Инзагидек яхши билмаса керак. У клуб президентининг ёзги трансферлар мавсумига оид саволига асосий эътиборини ўйин сифатини оширишга қаратишини маълум қилгани ҳам ҳозирги таркибдан мамнунлигини англатади. Айнан шу ижодий ёндашув туфайли қитъанинг энг сара снайпери «Лацио»да кашф этилди. Чиро - жамоавий ўйиннинг энг етук намунаси. Унга ўхшаган ижрочилар футбол ривожига якка тартибдаги ноёб иқтидор соҳибларидан кам манфаат келтирмайдилар.

 

Рейтинг қандай ҳисобланади?

«Олтин бутса» соҳибини аниқлаб берадиган кўрсаткич ҳужумчининг мавсум давомида урган голлари сонини чемпионат коэффициентига кўпайтириш орқали шаклланади. Коэффициент ҳар қайси чемпионатнинг УЕФА рейтингидаги ўрнига қараб белгиланади. Рейтингда дастлабки 5та ўринни банд этган мамлакатлар (Англия, Испания, Германия, Италия, Франция) биринчиликлари коэфициенти 2га тенг. 6-22-ўринлардан жой олган мамлакатлар чемпионатида урилган ҳам бир гол учун 1,5 балл берилади.

 

«Олтин бутса»-2019|2020 рейтинги (март ойидаги ҳолат бўйича)

Футболчи

Клуби

Чемпионат

Гол

Коэффициент

Балл

Чиро Иммобиле

«Лацио»

Италия

27

2

54

Роберт Левандовски

«Бавария»

Германия

25

2

50

Эрлинг Холанд

«Зальцбург»

Австрия

16

1,5

24

«Боруссия» Д.

Германия

9

2

8

Криштиану Роналду

«Ювентус»

Италия

21

2

42

Тимо Вернер

«РБ Лейпциг»

Германия

21

2

42

Жейми Варди

«Лестер»

Англия

19

2

38

Лионель Месси

«Барселона»

Испания

19

2

38

Килиан Мбаппе

«ПСЖ»

Франция

18

2

36

Бен Йеддер

«Монако»

Франция

18

2

36

Пьер-Эмерик Обамеянг

«Арсенал»

Англия

17

2

34

Ромелу Лукаку

«Интер»

Италия

17

2

34

 

«Олтин бутса»нинг  охирги йиллардаги соҳиблари

2008

Криштиану Роналду

Португалия

«МЮ»

62 (31)

2009

Диего Форлан

Уругвай

«Атлетико»

64 (32)

2010

Лионель Месси

Аргентина

«Барселона»

68 (34)

2011

Криштиану Роналду

Португалия

«Реал»

80 (40)

2012

Лионель Месси

Аргентина

«Барселона»

100 (50)

2013

Лионель Месси

Аргентина

«Барселона»

92 (46)

2014

Криштиану Роналду

Португалия

«Реал»

62 (31)

Луис Суарес

Уругвай

«Ливерпуль»

2015

Криштиану Роналду

Португалия

«Реал»

96 (48)

2016

Луис Суарес

Уругвай

«Барселона»

80 (40)

2017

Лионель Месси

 Аргентина

«Барселона»

74 (37)

2018

Лионель Месси

 Аргентина

«Барселона»

68 (34)

2019

Лионель Месси

 Аргентина

«Барселона»

72 (36)

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz