Қайднома

Қидирув

Рестартга интизор суперлига

Рестартга интизор суперлига

  27.05.2020 18:04
  0
  559
Рестартга интизор суперлига

Рамазон ҳайити ва айёмига тўғри келган ­ўйинлар футбол қонини янада қиздирди. Мухлислар Бундеслига, «К»-лига ва Беларусь олий лигаси доирасидаги қизиқарли баҳсларни мириқиб томоша қилишди. Шу орада Ла Лиганинг рестарти масаласига аниқлик киритилди. Мазкур қувончли хабар ҳайит шукуҳида яшнаётган мамлакатимиз футбол мухлислари учун ҳам ниҳоятда ёқиб тушди. Ҳаттоки, баъзи мухлислар шу муносабат билан бир-бирларини табриклашди. Ла Лига раҳбарияти гўё ўзбекистонлик мухлисларга ҳайитлик бергандек бўлди. Ҳаммасининг сабаби - соғинч, албатта! Катта футбол нафаси тобора яқинлашиб, мухлислар қалбидаги иштиёқни ҳаддан зиёд кучайтирмоқда. Ҳозир шундай таассурот уйғонмоқдаки, ҳар бир мухлис севимли клуби карантиндан сўнг аввалгидан бошқачароқ, мазмунлироқ ўйнашига ишонмоқда. Аниқроғи, уларни иштиёқ беихтиёр шундай ишончга ундамоқда.

Одатда мавсум аввалида мухлислар шундай кўтаринки ишонч ва иштиёқ оғушида яшашади. Кейинчалик алдамчи таассуротлар ҳаммасини жой-жойига туширади. Энди рестарт арафасида ҳам кўпчиликда шундай кайфият ҳукмрон. Айниқса, «Навбаҳор» мухлислари кайфия­тида бу яққол кўзга ташланмоқда. Жамоа сардори Азим Аҳмедовнинг ҳайит арафасидаги илҳомбахш сўзлари уларни янада тўлқинлантириб юборди. Чунки футболчи «лочинлар» ОЧЛ йўлланмаси учун астойдил курашга ҳозирланаётганларини яна бир бора таъкидлади. Натижада мухлислар қалбидаги иштиёқ гулхани яна ва яна ловуллади.

Хуллас, бугун кўпчилик шундай ҳис-туйғу оғушида. Гўё ҳар бир жамоа рестартни ғалаба билан бошлайдигандек, уни унча-мунча рақиб тўхтатолмайдигандек. Эҳтимол. Ана, «Боруссия» Д. ҳеч бир қийинчиликсиз олға босмоқда. Жейдон Санчо ва Эрлинг Холанд ҳар доимгидек фаол. Ашраф Ҳакими ҳамон «Реал» қалбига қайтиш оловини ёқмоқда. У бу сафар Зайниддин Зиданни ҳаваслантириб, «Вольфсбург» дарвозасига гол урди. Хўш, бу шиддатда иштиёқнинг ўрни қай даражада? Дортмунд клуби чиндан ҳам, иштиёқ эвазига ғалаба қозонмоқдами? Келинг, иштиёқ таъсирини бутунлай инкор этмайлик. Жамоа футболчиларининг майдонни соғинишгани бор гап ва шунинг учун сафарда ҳам қийналмай тўп суришмоқда. Лекин бу ҳолатни бутунлай иштиёқ таъсири билан изоҳлаш мантиққа зид. «Боруссия» Д. шунчаки, карантин даврини ажойиб ўтказиб, аввалги функционал ҳолатини сақлаб қолган. Наинки сақлаб қолган, балки умумий тайёргарликни янада тобига келтирган. Табиийки, «Вольфсбург» ҳам футболни соғинган, клуб қалбида иштиёқ олови ёнган. Лекин факт шуки, ўз майдонида тўп суриши ва ўша иштиёқ жамоани мағлубиятдан қутқаролмади. Мухлисларни айниқса, «Айнтрахт»даги иштиёқ олови ажаблантирди. Жамоа биринчи бўлимдан сўнг мезбон - «Бавария» фойдасига қайд этилаётган ишончли ҳисобни тан олишни истамади ва танаффусдан сўнг шиддат билан олдинга ташланиб, мюнхенликларни шошириб қўйди. Мартин Хинтереггер қисқа муддат ичида «дубл»га эришгач, мухлислар беихтиёр тур сенсациясини кутишди. Бошқача айтганда, иштиёқ тажриба ва маҳорат билан басми-бас беллашадигандек туюлди. Йўқ, ҳеч қанча фурсат ўтмай, Альфонсо Дэвис ўша Хинтереггер бошидан совуқ сув қуйди ва натижада у автогол муаллифига ҳам айланди.

Кўриниб турибдики, Бундеслига лидерлари рақибларидаги иштиёқ оловини бир ҳамла билан ўчириб ташлашди. Яъни Германия футболида иштиёқ ўз сўзини айтолмаяпти, барибир. Ундай десак, Жанубий Корея «К»-лигасида ҳам шу аҳвол. Хуршид Ғиёсовнинг клуби «К»-лига 2да ғалаба иштиёқида ёнаётганини, шу иштиёқ оғушида тўп сураётганини барча яхши тушуниб турибди. Аммо наилож - жамоа 3-турда ҳам мағлубиятдан қутулиш учун астойдил кураша-кураша яна ютқазди. Ҳисоб - 2:3! Нима ҳам дердик, эндигина легионерга айланган футболчимизга фақат ва фақат омад тилаймиз! Айтишадики, сўнмас иштиёқ бағрида, албатта, маҳорат ва тажриба ўсиб-улғаяди. Хуршид Ғиёсов ва унинг жамоасида ҳам шундай динамика кузатилиши тарафдоримиз.

Иштиёқ ва унинг ғалаба йўлидаги таъсири ҳақида сўз борар экан, Жасур Яхшибоев ва «Энергетик-БГУ»ни эслаб ўтишимиз шарт. Жасур яна гол урди, яна пенальтидан! Чўчимаяпти ва бу ишни аъло даражада уддалаяпти! Футболчимизнинг истеъдоди, таъбир жоиз бўлса, ўз-ўзини кўрсатиш иштиёқини имкониятларни юзага чиқаришга астойдил интилиш ҳаракати сайқалламоқда! Қойил! Офарин! Охирги ўйин дуранг натижа билан ҳам тугаши мумкин эди. Бироқ жамоа дурангга кўнмади ва иштиёқ эвазига зафар қучди! Ашраф Ҳакими Дортмундда туриб, Зиданга алангали салом йўллаётгани каби Жасур Беларусь майдонларидан Шота Арвеладзе «томорқа»сига «қойилмақом тошлар» отмоқда. Фаолияти давомида улкан ютуқларни кўзлаган футболчигина шундай йўл тутади, ўз имкониятлари очилиши йўлида тинимсиз курашади. Шу маънода Жасур ўз тенгдошларига ўрнак, ибрат! Мамлакатимиз футболида имкониятлари Жасур билан баравар футболчилар талайгина топилади. Беларусь тажрибаси исботламоқдаки, улар ҳам салоҳиятларини синаш учун еврофутболнинг ўртамиёна саҳналарига йўл олишса, асло ютқазишмайди. Ўша томонларда скаутлар ўртамиёна чемпионатларни ёки Германия қуйи дивизионларини ҳам кузатишади. Ҳа, не бўлганда ҳам, назарга тушмоқ, эътибор қозонмоқ учун еврофутболга ҳижрат қилиш лозимга ўхшайди. Уёғи энди футболчининг ўзига, унинг қалбидаги иштиёқ олови кучига боғлиқ. Иштиёқ олови сўниб қолмаса, бир куни еврофутбол кўчаларини ёритади, албатта. Тўғри, аввалроқ Ҳусниддин Ғофуров ва Азиз Ибрагимов ўша томонлар ҳавосидан нафас олиб қайтишди. Мухлислар эса уларнинг фаолиятида айтарли кўтарилишни сезишмади. Майли, унутмайликки, аввалги пайтни ҳозирги кун, пандемия даври билан солиштириб бўлмайди. Умид қиламизки, пандемия пайти рўй берган|бераётган аномал воқеа-ҳодисалар футболчиларимизга ижобий таъсир қилади ва улар аввалгига нисбатан 10, 100 чандон ортиқ даражада яхшироқ ўйнашга интилишади. Шу интилишгина йигитларимизни, юқорида айтганимиздек, еврофутбол ареналарига етаклайди. Коронавирус туфайли футбол ўзгача мазмун касб этмоқда. Беларусь олий лигасига муносабатнинг ўзиёқ шу фикрнинг исботидир. Ана, Жасур Яхшибоев ижобий муносабатлар машъаласини порлатмоқда, евроскаутлар кўзини ўйнатмоқда. Назаримизда, футболимиз яна ХХ асрнинг 70-80-йиллардаги каби залворли одим ташлашга ҳозирланмоқда. Элдор Шомуродов, Жасур Яхшибоев ва Остон Ўрунов еврофутболга сингиб, шу муҳит қалдирғочларига айланишади, чоғи. Тўғри тушунинг, қани энди Икром Алибоев, Жамшид Искандеров, Хуршид Ғиёсов, Рустам Ашурматов, Достон Турсунов ҳам ҳар қанча ўзига чорламасин «К»-лигани ташлаб, еврофутбол сари йўл олишса, бундан фақат футболимиз ютарди. Савиясидан қатъий назар, УЕФА тизимидаги турли даражага мансуб чемпионатлар Суперлигамиз обрўсини кўтаришига шак-шубҳа йўқ. Бугун вазият шундай, энди еврофутбол дарёси ўзгача шукуҳ ва қудрат билан оқмоқда. Ундан таъсирланиш ҳам ўзгача бўлиши муқаррар.

Бутун дунё футболида бўлгани каби бугун Суперлига ҳам рестартга интизор. Эрта-индин бу масала ижобий ҳал бўлишига ишончимиз комил. ПФЛ раҳбариятидаги ўзгаришларга боғлиқ хабарлар ҳам шундан дарак бермоқда. Ниҳоят, ПФЛ мухлислар орзу қилган ташкилотга айланиб, ўз номига муносиб фаолият юритишга тайёрланаётгандек туюлмоқда. Мухлислар карантин пайти Хайрулло Ҳамидов ва Даврон Файзиев қаторида Диёр Имомхўжаевнинг суҳбатларидан ҳам баҳраманд бўлиб боришди. Оҳ-ҳо, қандай мавзулар муҳокама қилинмади-я бу суҳбатларда?! Диёр суҳбатдошларга нисбатан анча ёш бўлишига қарамай, дадил ва асосли шахсий мулоҳазаларини билдиришдан тортинмади. ПФЛни балки у бошқарар, балки бошқа биров. Ушбу мулоҳазаларни қоғозга тушираётганимизда бу хусусда аниқ хулоса айтиш қийин эди. Газета мухлислар қўлига етиб боришига қадар эҳтимол, бу масалага ойдинлик  киритилар... Нима бўлганда ҳам, тараққиёт тарафдоримиз, футболимизда адолат байроғи ҳилпирашини истаймиз. Бошқа ҳаммаси йўл-йўлакай амалга оширилаверади. Бунга иштиёқ бўлса, бас! Эҳтимол, ПФЛ маъмуриятига маълум муддат тажриба ва маҳорат етишмас... Лекин умид қилсак, ишонсак, адолат тамойиллари бузилмаса ва энг муҳими, иштиёқ олови сўниб қолмаса, футболимиз Осиё ва жаҳон миқёсида ўз сўзини баралла айтишга қодир.

Карантиндан зериккан Суперлига ва севимли жамоасини олқишлашга муштоқ мухлис бугун янги хушхабар эшитиш орзусида бир-биридан ҳол-аҳвол сўрамоқда, «Менга хушхабар айт!» деб Абдулла Ориповнинг машҳур жумласини такрорламоқда! Биз эса лоақал яна бир-икки чемпионат йўлга тушиши билан газетамизни аввалги ҳажмда (32 эмас, 48 бетда, қўшимчасига пайшанба сонини ҳам) тақдим этишга ҳозирланмоқдамиз. Хушхабарнинг хушнасимларига қучоқ очинг, азиз мухлис! У сиз томон елмоқда...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz