Бутун дунё аҳлини хавотирда ушлаб турган COVID-19 пандемияси оқибатида деярли барча мамлакатларда кўплаб соҳалар қатори спорт ҳам тўхтаб қолди. Жумладан, футбол мусобақалари кўзда тутилмаган мажбурий танаффусга юз тутди. Футболга ихтисослашган ОАВ вакиллари эса миллионлар ўйини мухлисларини зериктириб қўймаслик мақсадида тарихий учрашувлар ва воқеликларни омма эътиборига ҳавола этиб боришмоқда. Биз ҳам ҳозирги ҳолатдан келиб чиқиб, мухлисларнинг янги авлоди учун жонли энциклопедияга айланган футбол фахрийси Ахбор ака Имомхўжаевни суҳбатга тортиб, эътиборга молик баъзи тарихий ўйинлар ҳақида сўзлаб беришини илтимос қилдик.
Антифутбол: «Торпедо» (Кутаиси) - «Пахтакор»
- 1970 йил. Собиқ иттифоқ чемпионати. Олий лиганинг охирги тури. Қарангки, турнир жадвалининг энг қуйи қисмидан жой олган икки жамоа - Кутаиси ««Торпедо»си ва «Пахтакор»нинг Грузиядаги ўзаро ўйини айнан финиш маррасига тўғри келганди. Қиймати жуда баланд ўйин. Зеро, қўли баланд келадиган жамоа келаси мавсум кучлилар қаторида қолиш имкониятини сақлаб қоларди. Мағлубиятга учрагани эса қуйи лигага тушиб кетиши аниқ эди. Грузия сафари олдидан «Пахтакор» ҳисобида 25 очко бўлиб, кутаисиликлар 2 очкога ортда қолаётгандилар. Хуллас, бизни олдинда нафақат сўнгги, балки ҳал қилувчи аҳамиятга эга учрашув кутаётганди. Кутаисида бўлиб ўтган ўйин ҳалигача эсимдан чиққан эмас - ўта ажабтовур воқеалар миямга муҳрланган. Биринчидан, ўйин куни кучли ёмғир ёғиши натижасида майдон сув билан тўлган кўлмакзорга айланиб қолганди. Футбол қонун-қоидаларига асосан, агар учрушув куни ёғингарчилик ортидан майдон сувга тўлса, бош ҳакам тўпни одам бели баробар баландликдан ташлаб кўриши керак. Агар тўп майдонда сакраса, учрашув ўтказилади, акс ҳолда, қолдирилади. Амалда мазкур қоиданинг мутлақо аксига гувоҳ бўлганмиз. Тасаввур қилинг, майдон жиққа ҳўл, тўп тепишнинг умуман иложи йўқ, бироқ бош ҳакамнинг қарори бошқача бўлди. У барчанинг кўз ўнгида, мухлислар ўтирган трибуна қаршисида тўпни одам бели баробар баландликдан пастга ташлади. Тўп сакрамади, шунчаки, «лоп» этиб, майдонни қоплаган сув юзасида туриб қолди. Бироқ рефери ҳеч кимга қулоқ солмай, ўжарлик билан ўйинни белгиланган вақтда бошлашга қарор қилди. Ҳамма ҳайрон, ҳаттоки, мухлислар ҳам. Кейинчалик билсак, бош ҳакамнинг онаси ўша давр партия марказий қўмитасида фаолият юритган экан. Шунинг учун у ҳеч қандай қўрқув ва босимсиз учрашувга рухсат берган, яъни онасининг ваколатига ишонган. Иккинчидан, ўйин бошланиши билан футбол эмас, антифутбол кўрдик. Бинобарин, футболчилар томонидан тепилган тўп ҳар қадамда сув юзасида тўхтаб қолаверди. Бир ёқда футболчи тўпни шеригига оширади, иккинчи тарафда 2-3 киши ташланади, аммо у манзилга етиб бормайди. Икки ўртада тўп узатган ва унга интилган футболчилар сарсон. Баъзи вазиятларда футболчи тўпга етиш илинжида югуриб, ундан ўзиб ҳам кетган. Чунки тўп кутилмаганда кўлмакда туриб қолган - ана томоша. Оддий айтганда, ўйин футболдан кўра, цирк артистлари томошасига ўхшаганди, ҳар қадамда кулгули ҳолат. Бироқ учрашув давом этяпти, натижа ҳар икки жамоага бирдек муҳим. Шу боис рақиблар шароитга тезроқ мослашиш ҳаракатидалар. Бундай шароитга энг тез мослашган футболчи - бу «Пахтакор» ҳужумчиси Биродар Абдураимов. Усталикни қаранг, футболчимиз тўпга эга чиққани ҳамоно уни 5-10 метр масофага баландлатиб тепиб юборган. Бунда рақиб ҳимоячилари тўпга интилиб, олдинга ўтиб кетишар, у эса ортда тўхтаб қоларди. Грузинлар орқага қайтишларича Абдураимов шу ишни яна қайтарар ва рақиблар сарсон... Хуллас, мезбонлар бу «трюк»ка сира кўниколмаганлар. Шу тариқа масхарабозлар чиқишини эслатган ўша ўйинда вакилларимиз тўпни олдинга олиб ўтишни ўзлаштиришган ва Биродар Абдураимов гол уриб, ғалабани таъминлаганди. Якунда Кутаиси клуби қуйи лигага тушиб кетган ва «Пахтакор» кучлилар сафида қолганди. Яна бир томони, ҳакамнинг финал ҳуштаги янграгач, грузиялик мухлислар «Пахтакор»ни гулдурос қарсаклар остида кузатиб қўйишганди.
Нохуш натижа
- Шунга ўхшаш яна бир ғалати ўйин. Буниси «Пахтакор» стадионида ўтказилган. Бош жамоамиз собиқ иттифоқ чемпионати олий лигасидаги дастлабки мавсумни Тошкентда кетма-кет 2та мағлубият билан бошлайди. «Пахтакорчилар» аввалига «Торпедо» (Москва) билан куч синашиб, 0:1 ҳисобида енгилишади. Кейин Грузияда бўлгани каби антифутбол мақомидаги ўйин кузатилади. Гап шундаки, иккинчи учрашув куни Тошкентда қаттиқ жала қуйган, боз устига, ёмғир кўп ўтмай, қорга айланган ва яна кучли шамол ҳам бошланган. Табийки, бундай шароитда ўйнаш мушкул эди - футболчилар учун ўзгача синов. Тўғриси, йигитларимиз бу вазиятда довдираб қолишган. Рақиб эса номдор ва катта тажрибага эга эди. Хуллас, меҳмонлар «Пахтакор» дарвозасини бирин-кетин ишғол қилишга тушадилар ва барчаси вакилларимизнинг нақ 6та гол қўйиб юборишлари билан тугайди. Эътиборли томони, бу «Пахтакор»нинг ўз майдонида 90 дақиқада 3тадан кўп гол қўйиб юборган ягона ўйинидир. Ҳозирга қадар жамоа бошқа бирор рақибга бундай имконият тақдим этган эмас.
Мундиалга тенг ўйинлар
- Тарих саҳифаларига назар солсак, собиқ иттифоқ даврида «Пахтакор» ва Қозоғистоннинг «Қайрат» жамоалари ўртасидаги ўйинлар ҳар икки республика мухлислари учун худди мундиалдек катта қизиқиш уйғотарди. Азалий рақиблар хоҳ Тошкент, хоҳ Олма-Отада тўқнаш келишсин, стадионнинг ярми меҳмон жамоа тарафдорлари билан тўларди. Ўз навбатида, футболчилар ҳам дўстона муносабатни сақлаган ҳолда, шиддатли, кескин ва асосийси, ҳақиқий футбол намойиш этишарди. Умуман, «Пахтакор» ва «Қайрат» тўқнашувида жамоаларнинг чемпионат турнир жадвалида эгаллаб турган ўрни ўз аҳамиятини йўқотарди. Ўйинга нисбатан қизиқиш, муносабат ва футболчилар ёндашувини четдан кузатган киши беихтиёр «Бу ерда жаҳон чемпионати ёки бирор йирик турнир финали ўтказиляпти» қабилида ўйлаши муқаррар эди. Ҳа, ўша пайт икки жамоа мухлислари шундай таассурот уйғотадиган муҳит яратишарди.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20