Қайднома

Қидирув

Карантин дастурхони

Карантин дастурхони

  29.05.2020 05:29
  0
  204
Карантин дастурхони

ҲАСАНАЛИ ОТАДАН ИҚТИБОСЛАР. Наинки тиббиёт, балки барча соҳаларда ўз йўлимиздан юришимиз керак. Жумладан, футболда ҳам алоҳида равнақ йўлини топишимиз шарт. Пандемия ҳам, короновирус офати ҳам ортда қолади, Худо хоҳласа. Лекин карантин даврида орттирган тажрибамиз - ибрат ва фазилатлар иммунитет сингари ҳеч қачон йўқолиб кетмаслигини истардим. Нимани кўзда тутмоқдаман? Вирус балоси туфайли ўлиму ҳаёт олдида ҳамма: ёшу-қари, каттаю-кичик, бою-фақир, арбобу-ишчи тенг бўлганини кўрдик. Тенгликдан ҳамжиҳатликка эришдик. Ҳаммамиз ягона футбол жамоаси каби бирлашдик. Ўзаро меҳрибонлик, саховат ниятларию сўзлари тил эмас, дилдан чиқа бошлади. Яна бир жиҳатга эътибор беринг - эндиликда вирусолог, иммунолог, инфекциончи каби мутахассислар ва олимлар қадри, ҳурмати беҳад ошди.

 

***

...Бундан буён барча соҳа олимлари, шу жумладан, қурувчиларнинг  ҳам қадр-қиммати, ҳурмати, камолоти ошишини истардим. Ҳар соҳада илму-фан кўкка бўй чўзсин, йўлчи юлдузга айлансин. Амалдор ўз ишининг устаси саналган мутахассис олдида бош эгишини истардим. Ҳозирга давр аксинча бўлгани туфайли мансабдор казоланиб, касби комил мутахассисни хоҳласа ётқизиб, хоҳласа турғазиб қўйишдан йироқ бўлсин.

 

***

...Аламли бир мисол келтираман. Саудларга қарши кечган охирги ўйин­да иккинчи голни уриб, ҳисобда олдинга ўтиб олганимиздан кейин умумий вазият биз учун ҳам, рақиб  учун ҳам тубдан ўзгарди. 2:1. Иккинчи голга қадар майдонда биз устунлик қилаётгандик, ўйин назорати қўлимизда эди. Голдан кейин рақиб бош мураббийи вазиятга қараб, янгича, тезкор чора кўрди, бошқачароқ, ашаддийроқ ўйин таклиф этди, афсуски, Абрамов бундай қилолмади. Демак, асосий баҳс­ларда ҳисобни ўз томонимизга бургач, рақибнинг янгича иш тутиши, фаолроқ ўйин кўрсатишига ҳали тайёр эмас эканмиз. Оддий айтганда, ғалабани ушлаш ёки ҳисобни янада мустаҳкамлашга тайёр эмаслигимиз билинди. Мавсумдаги энг яхши футболни кўрсатдик ва ўйинни, ғалабани бой бердик - 2:3. Афсус, минг афсус...

***

...Балки футбол журналистлари «ўқ ариқ»дан ҳовучлаб ё косалаб сув ичишаётгандир... Мендек оддий мухлис бундан бехабар. Масалан, истисно тариқасида Сергей Лушаннинг кўтарма пули ҳақидаги маълумот матбуотга чиқиб кетганди. Шунинг учун ҳеч қайси клуб уни ишга олмаяпти. Айби - сирни фош қилгани. Гап Лушанда эмас. Буғдойда...

 

***

...Ҳар бир тандирнинг ўз эгаси бор. Ҳар бир сомсапаз ризқини ўзи топиб емоқда. Ҳеч кимга мутеъ эмас. Футбол клубларимиз эса эгасиз ҳавода муаллақ қолиб кетган. Шу билан бирга ҳеч қаерда ҳомий жаноби олийлари футбол клуби ички ишларига аралашмайди. Бизда аксинча. Ҳомий катта холасидан қолган меросдай клубнинг пешайвони тўрига чиқиб ўтириб олади. Эгаси эмас, лекин хўжайин. Хўжайиндан ҳам каттароқ хўжайин. Бундай риёкор аҳволдан қутулиш учун барча клубларни кимошди савдосига қўйиб, сотиб юборайликми? Ким олади? Олган одам бир йилда хонавайрон бўлади-ку. Футбол даромад келтирмаса, клуб ёпилиб кетади-ку. Ёки «довеска»сига ҳар бирига юз гектар теплицани текинга қўшиб юборайликми? Шунда клубларни сотиб олишар балки. Энди Алихўжа ким бўлади, Хўжаали ким? Бор-йўғи шу. Тағин футболчи қандай нонни ейди? Клуб эгаси футбол эмас, даромад келтирувчи заводини кучайтириш илинжида. Футбол мусобақасида «кучли еттилик»ка чиқиб олади. Чемпионатимиз қанчалар кучсиз саналса, у «кучли»лар сафида шунчалар яхшилаб жойлашиб олади-ю, маҳсулотини сотиб даври-даврон сураверади.

 

***

...Маҳсулотимиз нималигини билиб олайлик. Бу футбол ўйини ва футболчилардир. Ҳаммасини футболимиз равнақи ва ўйинчиларимизнинг ўсишига йўналтиришимиз керак. Аввало, футболимизда коррупцияни йўқотиб, мусобақада ҳақиқий рақобатни жорий қилишимиз муҳим. «Бунёдкорчилар» билан «пахтакорчилар» учун бир хил кураш шароитини яратиб қўйишимиз зарур. Бунга бир кунда, биргина қарор билан эриша оламиз. Хоҳиш ва ирода бўлса, бас. Аввало, футболчилар ва мураббийлар ойлик маошни ишлаб топишсин. Ҳомийдан тиланиб эмас. Ҳозир кимдир йил бошидан буён ойлик ололмаяпти, бошқаси пулга «чўмил­япти». Умуман, маошни ҳомийдан олишмасин. Масалан, ЎФАдан олишсин. Қатарда шундай. Минимум миқдорда ҳамма баб-баравар ойлик олсин. Мавсум якунида эса эришган натижасига қараб, ҳар бир клуб турли миқдорда қўшимча пул билан тақдирлансин. Олтин, кумуш ва бронза медаллари учун катта мукофотлар белгилансин. Ҳомийлар-чи, улар клубнинг бошқа барча харажатини қоплашсин. Майли, бир клуб футболчилари тилла суви юритилган кафель устида, бошқаси бетон пол устида туриб, душ қабул қилишсин. Иккинчиси, камбағалида кузда сов­ринли ўринни эгаллаб, катта пулга эга бўлиш имконияти бўлса, бас. Кучли мураббий қўл остида кучли ўйин кўрсатиб, бунга эришади. Катта ойлик ортидан бой клубга кетишни ўйламайди ҳеч ким. Ҳамма истеъдодли ёшлар, иқтидорли мураббийларни излаб қолади. Ҳамма майдонга тушиб, охирги сониягача қаттиқ курашадиган, жанг қиладиган бўлади. Ўзбек футболи ўсади. Равнақ учун бундан бошқа чорамиз йўқ.

 

***

...Бу футболимиз учун бугунги чора. Бозор муносабатини яратиб олганимиздан ва клубларимиз ўз нонини мустақил топа бошлаганидан кейин, футбол маҳсулоти яхши сотилиб, бозори юришиб кетганидан кейин, барча клубларни хусусийлаштириб юборганимиздан кейин ҳамманинг молияси ўзига ҳавола қилинади. Аравасини ўзи тортади. Шунда майли, бири «Реал» бўлсин, бошқаси «Хетафе». Келган жойимдан гапни давом эттираман. Футбол маҳсулотининг иккинчи қисми ҳақида нима деймиз? Футболчиларнинг трансфер ҳуқуқини сотиш катта даромад манбаи бўлиб қолиши муҳим. 3та Эркинов Германияда, 4та ёш Эркинов Нидерландияда, сон-саноқсиз Эркиновлар Осиё клубларида ўйнаши керак. Масалан, Хорватия чемпио­натида 23 ёшдан катта футболчилар умуман йўқ. Лука Модричлари Европа клубларида, кучсизроқлари масалан, Ўзбекистонда ўйнашади. Биз ҳам асосан футболчи етиштириш мақсадига мослашсак тўғри бўлади. Дейлик, 25 ёшдан катта футболчиларга чеклов қўяйлик ва буни йил сайин кучайтириб борайлик. Мавсум якунида энг кучли уч нафар мураббий ва энг кучли уч нафар футболчига катта мукофот берайлик, буни белгилаб қўяйлик. Йил бўйи кўрсатган даражаларига қараб, катта пул билан мукофатланишсин. Шундай ўзгаришлар, янгиликлар билан ўзбек футболида пул ишлаб топиш йўлга қўйилади, у давлат ёрдами, давлат қўллови бўлса-да.

 

***

...Пандемиядан кейин юртимизда кўп нарса ўзгаради. Шу кунлари Юртбошимиз қабул қилган тезкор қарорлар туфайли фалокатдан қутула бошладик. Юртбошимизни ҳамма қўллаяпти. Ўз вақтида қарорлар, қонунлар чиқмоқда ва ҳаётга кенг қўлланилмоқда. Пандемиядан кейин ҳаёт ўзгаради. Ҳамма ўзгаради. Энди олдингидек яшай олмаймиз. Масалан, коррупция иқтисодиётимизга жуда катта зарар етказмоқда. Кейинги оғир шароитда порахўрларга қарши қаттиқ қонунлар қабул қилинса керак. Футболимизнинг натижа бермас харажатлари ҳам шишиб пўрсиллаб кетган. Молия масаласи ривожланишнинг асосий омили ҳисобланар экан, уни ЎФАнинг елкасига юклаш ноўрин. Тушунтиришга уринаман. Равшан Эрматовни Спорт вазирлиги коллегиясига аъзо қилиб сайлашди. Буни биласиз. Барча манбалардан келаётган маблағ қўшиб ҳисобланса, футболга сарфланаётган пул миқдори бошқа барча спорт турларига кетаётганидан бир неча ўн баравар кўпдир. Шундай экан, футболга бағишланган алоҳида қўмита ташкил қилсак арзийди. Шу қўмита футболни ислоҳ қилиш ва молиялаштириш билан шуғулланиши керак.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz