Қайднома

Қидирув

Асрор Ғофуров «Сурхон»да ўйнаётганидан мамнун

Асрор Ғофуров «Сурхон»да ўйнаётганидан мамнун

  30.05.2020 06:31
  0
  307
Асрор Ғофуров «Сурхон»да ўйнаётганидан мамнун

Ўтган мавсум узоқ муддатли танаффусдан сўнг элит лигага қайтган «Сурхон» илк уринишда Суперлига клублари билан муносиб рақобатлашди. Натижада иккинчи давра олдидан Термиз жамоаси олдига совринли ўринларни эгаллаш вазифаси қўйилди, шу мақсадда бир қатор кучли футболчилар таклиф этилди. Жумладан, асли сурхондарёлик ярим ҳимоячи Асрор Ғофуров ҳам жамоа сафига қўшилди. «Пахтакор» тарбияланувчиси ҳисобланган ушбу футболчи бунга қадар бир неча йил Туркиянинг қуйи лигаларида тўп сурган ва мавсум-2019 бошида «Андижон» билан шартнома тузганди. Бироқ Асрор Андижонда узоқ қолмади - жамоада мураббийлар ўзгаргач, кўплаб футболчилар қатори у ҳам ёзда бошқа клубга йўл олди. Аниқроғи, ўзи туғилиб-улғайган диёрга қайтди. Яқинда маҳоратли ва етарлича тажриба тўплашга улгурган ярим ҳимоячини суҳбатга чорлаб, ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олдик. Суҳбатдошимиз интервью давомида ҳамон Туркия чемпионатини кузатиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

 

- Суперлига баҳслари 15 март, яъни 3-турдан сўнг коронавирус пандемияси туфайли номаълум муддатга тўхтатилганди. Ижтимоий тармоқларда кузатиб боряпмиз, футболчилар ҳозирда турли юмушлар билан банд - кино кўриш, китоб ўқиш, уй юмушлари... Хўш, сиз қандай ишлар билан машғулсиз?

- Карантин вақтини ҳамма қатори оила даврасида ўтказяпман. Биласиз, футболчилар кўпинча машғулотлар, сафарлар ва учрашувлар билан бўлиб, уйда кам вақт ўтказишади. Мана, энди шу бўшлиқ ўрнини тўлдиряпмиз. Шу маънода айтсам, карантин тартиби бесамар кетгани йўқ. Шунинг баробарида инвидидуал тарзда шуғулланяпман. Бу борада мураббийлар алоҳида дастур ишлаб чиқишган ва бажариладиган машғулотлар борасида кўрсатма бериб туришади. Ҳозирча жамоавий ишлашнинг иложи йўқ экан, начора... Лекин жамоадошлар билан доимий алоқадамиз.

- Ҳозирги вазиятда футболчининг спорт формасини сақлаб туриши бир мунча қийин. Зеро, уйда ёлғиз шуғулланиш ва жамоада тўп билан ишлаш ўртасида фарқ бор, барибир. Бу масалада қандай усуллардан фойдаланяпсиз, нималарга эътибор қаратяпсиз?

- Тўғри айтдингиз, катта футболсиз, расмий машғулотларсиз уй шароитида спорт формасини бир меъёрда ушлаб туриш осон эмас. Ахир икки ойдан буён танаффусдамиз. Яшил майдонни роса соғиндик, албатта. Ҳозирча енгил жисмоний машқлар, югуриш, танани чиниқтириш билан чекланмоқдаман.

- Ҳеч қаерга чиқмай, уйда ўтиргач, ортиқча вазн тўпланиш хавфи туғилади, барибир. Буни спортга дахл­сиз одамлар мисолида ҳам кўряпмиз. Лекин футболчилар ҳар қандай ҳолатда ҳам, вазнни назорат қи­лишлари шарт. Бежиз жаҳон футболида клублар бу борада қатъий талаблар қўймаяпти, ортиқча вазн орт­тирганларга жарима солинмаяпти...

- Карантин бошлангандан буён парҳез режимига ўтганман. Яъни ёғли ва ҳазми оғир таомларни истеъмол қилмасликка ҳаракат қиляпман. Бунинг ўрнига кўпроқ суюқлик  - мева шарбатлари, коктейл ичяпман. Тушунарлики, спортчи кучайтирилган машғулотлар жараёнида кўп энергия сарфлайди. Лекин ҳозир ундай эмас. Шунинг учун баъзи таомлардан тийилиб туриш керак.

- Карантин бошлангач, кун тартибингизда айнан нималар ўзгарди?

- Деярли ҳаммаси. Тўғриси, олдинги кун тартибини соғиндим - футбол, машғулотлар, сафарлар...

- «Сурхон» сафига ўтган йилнинг иккинчи ярмида қўшилдингиз. Хўш, ортда қолган вақтда қайдай хулосага келдингиз - қарорингиз тўғри бўлиб чиқдими?

- Ҳа албатта. Ахир ўзим туғилган она жой учун тер тўкяпман ва бундан хурсандман. Ҳа, ўзига яраша масъулияти ҳам бор - эътибор кучли. Табиийки, мухлислар сиздан янада кўпроғини кутишади. Уларни қувонтириш учун бор кучимни ишга соламан.

- «Андижон»даги вазият хусусида нима дея оласиз?

- Ўзбекистондаги биринчи жамоам - айнан «Андижон». Водийда озми-кўп ўйнадим, яхши-ёмон кунларни ўтказдим. Бошқа гап йўқ, фақат андижонликларга кейинги ўйинларда омад тилайман.

- Билишимизча, Туркия чемпионатини ҳамон кузатиб бораётган экансиз.

- Ҳа, бефарқ эмасман, янгиликлардан хабардор бўлиб тураман. Ахир у ерда деярли 6 йил ўйнадим, яшадим.

- Суперлига қай тарзда давом эттирилиши тарафдорисиз?

- Ҳаммаси аввалгидек қолса, яхши бўларди. Лекин шароитдан келиб чиқсак, мухлисларсиз ўйнаш хавфсизроқ.

- Карантиндан кейин турнир жадвали ва жамоалар ўйинида кескин ўзгариш кузатилиши мумкинми?

- Ўйлашимча, ҳа. Чунки танаффус узоққа чўзилди ва бунинг таъсири билинади, барибир.

- Ўзбек футболининг энг юксалган даври сифатида қайси йилларни кўрсата оласиз?

- Менимча, «Бунёдкор»нинг энг кучайган пайти «Тошкент дербиси» ўзгача тус олганди. Яна «Пахтакор» ва «Нефтчи» ўртасидаги «Класико» авжига чиққан даврни ҳам ажратиб кўрсатиш мумкин.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz