Қайднома

Қидирув

Александр Чеферин: «Пандемия – барча учун сабоқ»

Александр Чеферин: «Пандемия – барча учун сабоқ»

  01.06.2020 01:15
  0
  288
Александр Чеферин: «Пандемия – барча учун сабоқ»

УЕФА президенти Александер Чеферин Британия-­нинг The Guardian нашри мухбири билан мулоқоти давомида асосан Европа футболини инқироз ҳолатидан олиб чиқиш йўллари хусусида фикрлашди. У шунинг баробарида ФИФА раҳбари Жанни Инфантино билан юзага келган ихтилофлар, футболчилар маошининг камайтириш ва коронавирус пандемияси таъсири каби масалаларга ҳам тўхталди. Хўш, УЕФА тепасида турган функционерни бугун биринчи навбатда, нималар ташвишга солмоқда?

- Жаноб Чеферин, сайёрамиздаги айни вазиятга қандай баҳо берасиз?

- Олдимизда бир қатор долзарб вазифалар тургани барчага аён. Аввалги ҳафта маълум сабаблар туфайли охирги икки ой ичида илк марта Швейцарияда бўлдим ва ҳар куни эрталаб соат 9дан кечки 23гача турли учрашувларда қатнашдим. Зеро, ҳал қилиниши лозим масалалар жуда кўпайиб қолган. Айниқса, турли мусобақалар тақвимини обдон ўйлашимиз талаб этилади. Шунингдек, ташкилотимиз чекига тушадиган миллионлаб долларга тенг зарар хусусида ҳам бош қотиришимиз керак. Бундай тиғиз иш кунидан кейин тунда уйқуга кетиш осон эмас экан. Назаримда, бу каби ҳолатларда фақат масъулияти йўқ кишигина бамайлихотир ухлаши мумкин. Тўғри, УЕФА ўта таҳликали вазиятда эмас, аммо бизни аввало, миллий чемпионатлар ва клублар тақдири, футбол тизимидаги ишчи-хизматчилар келажаги хавотирга солмоқда. Айни шу масала ҳозирда ўта жиддий бош оғриғи бўлиб турибди.

- Евро-2020 турнирини кейинги йилга кўчириш қарорига қачон ва қай тариқа келдингиз? Бундай вазиятларда тун бўйи кўз юмишнинг иложи бўлмаса керак...

- Ҳа, чиндан ҳам ухлаб уйғониб кетиш у ёқда турсин, умуман кўз юмолмай қолар экансан. Фақат эрталаб соат 4га яқин якуний қарорни тасдиқлаганимдан кейингина бироз ухладим.

- Европа чемпионатининг 2021 йили аниқ бўлиб ўтишига миллион доллар тикиш билан кафолат бера оласизми?

- Ҳа, бу борада кафил бўла оламан. Турнирнинг яна ўтказилмай қолишига сабаб бўладиган жиҳатни тасаввур ҳам қилолмаяпман. Коронавирус муаммоси бу қадар узоққа чўзилмаса керак-ов... Бундай фикрдан мутлақо йироқман. Менимча, умумий ҳолат кўпчилик ўйлаганидан ҳам вақтлироқ ўз жойига тушади.

- Қандай омилларга асосланиб, шу қадар ишонч билан гапиряпсиз?

- Ҳа, вазият анча жиддий, муҳими, пандемия суръати кескинлик билан пасаймоқда. Бундан ташқари, ҳаммамиз анча эҳтиёткор бўлиб қолдик. Ҳар ҳолда, энди вирус ҳақида етарлича билиб олдик. Умуман, ҳар ишда фақат хайрли якунга умид боғлайдиган инсонман. Офатнинг 2 ёки 3-тўлқини, ҳаттоки, 5-босқичи юз бериши мумкинлигини айтаётган ваҳимачиларни унча ёқтирмайман. Билганимиз шуки, ҳар бир инсон қачондир ёруғ дунёни тарк этиши аниқ. Бироқ нега энди ҳозирдан аза очишимиз керак? Хуллас, хавотирли башоратларга қўшилмайман, чунки бу ҳаёт. Албатта, ҳукуматлар кўрсатмаларига риоя қиламиз, лекин шахсан мен мухлисларга бой қадрдон футболимиз тез кунларда қайтишига аминман.

- Сизнингча, пандемиядан ке­йинги футбол ўзгача бўладими?

- Фикримча, яққол сезиладиган ўзгаришлар юз бермаса керак. Ҳа, бу офат биз учун янгилик бўлди, аммо қонхўр вирусдан қутулганимиздан кейин ҳаммаси тезда ўз изига тушади. Дейлик, биринчи ва иккинчи жаҳон урушларидан сўнг футбол ўзгармаган, бу гал ҳам шундай бўлади. Ҳозир кўпчилик дунё карантиндан кейин кескин ўзгариши хусусида гапирмоқда. Эҳтимол, шундай ҳам бўлар. Лекин нима учун кундалик ҳаётимиз янада фаровонлашишига умид боғламаслигимиз керак? Ахир мазкур офатдан тегишли хулоса чиқарган ҳолда, ақллироқ бўлишимиз ва инсониятнинг табиат қаршисида қанчалик заиф ва ҳимоясиз эканлигини тушунишимиз керак-ку. Ўйлашимча, пандемия барчамиз учун ажойиб сабоқ бўлди.

- 24та клуб иштирокидаги янги ЖЧ масаласида қандай фикрдасиз? Аввалроқ бу лойиҳа футболни «ўлдириши» мумкинлигини айтгандингиз...

- Ҳа, дарҳақиқат, ФИФА бу ғояни қай йўсинда тақдим этганидан келиб чиққан ҳолда, шундай фикр билдирганман. Мусобақанинг янги форматига кўра, қандайдир жамғарма ҳомийликни ўз зиммасига олиши лозим эди. Бироқ ўша ҳомий ҳақида маълумот берилмаганди. Билишимча, ҳозир ҳам ўша жамғармадан дарак йўқ ва Жанни Инфантинодан чиққан ғоянинг қандай йўналишда ривожланиши маълум эмас.

- Сизнинг ЧЛ ва ЕЛдан ташқари, учинчи даражали еврокубок турнирини жорий этиш режангизчи?

- Бу мусобақани ташкил қиламиз, албатта.

- Янги турнир 2021 йили йўлга қўйиладими ёки кейинроқ?

- Ғояни кейинга сурмоқчи эмасмиз.

- Молиявий «Фэйр-плей» қоидаси хусусида нима дея оласиз? Шахсан ўзингиз ҳамон амалдаги қоидалар тарафдоримисиз?

- Агар қайсидир клуб қоидага риоя қилмаса, уни жазолашни тўхтатмаймиз. Аммо воқеликка ҳамоҳанг равишда қоидаларга тегишли ўзгаришлар киритиш заруратидан ҳам воз кечмаймиз. Шунингдек, «Фэйр-плей»ни такомиллаштириш хусусида иш олиб боряп­миз. Бу яқин келажакда амалга ошириладиган иш, албатта. Мисол учун, «Дабдаба солиғи» деб аталадиган ўзига хос қоидани жорий этиш масаласини кўриб чиқяпмиз. Лойиҳалар кўп, лекин ҳозирча олис келажакка мўлжалланган ғояларни муҳокама қилмаяпмиз. Уларни барқарор вазиятга эришганимиздан кейингина ўртага ташлаймиз.

- «Манчестер Сити»нинг еврокубок мусобақаларидан четлатилганини ҳозир ҳам қўллаб-қувватлайсизми?

- Бу борада қарор қабул қилинган, ҳозир уни халқаро арбитраж суди кўриб чиқмоқда. Ҳаммасини шу суд ҳал қилади. Бошқа ҳеч нарса деёлмайман. Чунки қарорни мустақил орган чиқарган, мен эмас. Қолаверса, чиндан ҳам, ишнинг барча жиҳатларини билмайман. Табиатан ўзига нотаниш соҳаларга бурнини суқиб, саволларга изоҳ берадиган чала мутахассисларни ёқтирмайман.

- Аёллар ва эркаклар футболидаги иш ҳақи масаласи тобора долзарб мавзуга айланмоқда...

- Айтишим мумкинки, айнан шу масала Европа чемпионатининг келаси йилда бўлиш-бўлмаслигига жавоб беришдан ҳам мураккаброқ мавзу. Ўйлашимча, аёл ва эркак футболчиларга бир хил ҳақ белгилашнинг иложи йўқ. Боиси, икки йўналиш келтираётган даромад ўртасида катта фарқ бор. УЕФА аёллар футболига етарлича сармоя киритмоқда ва бундан мамнунмиз. Асосийси, аёллар футболи ҳам ривожланиб бормоқда. Лекин қайтараман, ҳозирча иш ҳақини тенг­лаштириш борасида аниқ гап айтиш қийин.

- ФИФА президенти Жанни Инфантино пандемия таъсирида юзага келган инқироз бошидан буён футбол мусобақаларини қайтадан ташкиллаштириш ва тақвимни бироз енгиллатиш учун қулай пайт келганини таъкидламоқда. Бу фикр­га қўшиласизми?

- Тўғриси, қандайдир муносабат билдиришим мушкул. Аввалига Инфантино нимани назарда тутганини тушунишга уриниб кўрдим. Таажжубки, у бир томондан ўйинлар сонини камайтиришга интилмоқда, бошқа тарафдан эса, янги мусобақа - Клублар ўртасидаги ЖЧни кенгайтириш вариантини таклиф этмоқда. Наҳотки, тақвимдаги тиғизликни шу йўсинда йўқотиш мумкин бўлса? Бу масалани Инфантино билан муҳокама қилдимми? Йўқ, ҳозирча имконият туғилмади. Ўзи қандайдир масалани кўриб чиқиш учун тез-тез учрашиш одатимиз йўқ. Хусусан, карантин даврида алоқага жуда оз чиқдик. Лекин вақти келганида, тақвим масаласини ҳам кўриб чиқамиз, албатта. Умуман олганда, расмий қарор қабул қилинишидан олдин бу масала ошкора муҳокама этилишини хоҳламайман.

- Инқироз даврида футболчилар маоши долзарб мавзулардан бири бўлиб қолмоқда. Сизнингча, ўйинчилар мавжуд шароитдан келиб чиқиб, иш ҳақи камайтирилишини тўғри қабул қилишадими? Улар очкўзликка йўл қўйишмасмикин?

- Футболчиларга нисбатан «очкўз» иборасини қўллаш но­ўрин. Бозор таомили шундай. Агар сизга 20 миллион миқдорида иш ҳақи таклиф қилишса, «очкўз» мақомидан хижолат чекиб, мўмай даромаддан воз кечмасангиз керак. Келинг, яхшиси, бозорнинг ҳозирги вазиятга муносабатини кутайлик: инқироздан кейин нарх пасаядими? Ўйлашимча, анча тушиши мумкин. Хуллас, футболчиларни катта иш ҳақи олишлари туфайли зиқнага чиқариш тўғри эмас. Ахир клубларга даромад келтирадиганлар ҳам шу футболчилар-ку. Футбол - катта солиқ тўлайдиган ўта йирик соҳа. Жумладан, ўйинчилар ҳам солиқдан четда эмаслар. Шундай экан, профессионал футболчиларга нисбатан «очкўз» сифатини қўлламаслик керак.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz