Қайднома

Қидирув

Дебют ҳақида гаплашамиз ва...

Дебют ҳақида гаплашамиз ва...

  03.06.2020 01:05
  0
  156
Дебют ҳақида гаплашамиз ва...

Соқоли йўқ Лионель Месси, сочи узун Серхио Рамос, болакайдек кўринадиган Кевин де Брюйне... «Юлдузлар ҳаётидан» рукнининг бугунги қаҳрамонлари бошиданоқ чиройли голлар уришни, жасорат билан ташланишни, такрорланмас «сейв»лар амалга оширишни ёки заргарона тўп узатишни қойиллатишмаган, албатта. Айримлари фаолиятнинг илк қисмида ҳаттоки, озгина ўйин вақти билан чекланишган. Хуллас, бугун замонамизнинг энг сара футбол юлдузлари профессионал даражада қандай дебют қилишгани хусусида гаплашиш баробарида ўша вақтдаги ташқи кўринишларини эсга оламиз. Муҳим эслатма: ҳар бир футболчининг расмий ўйиндаги дебют санаси кўрсатилган.

Лионель МЕССИ (Аргентина)

Дебют вақтида: 17 ёш

Клуб: «Барселона»

Дебют вақти: 2004 йил 16 октябрь

Лео Мессининг профессионал футболдаги расмий дебюти Испания чемпионати-2004|2005нинг 7-турига тўғри келади. «Барселона» сафарда «Эспаньол»ни 1:0 ҳисобида енгаётган паллада, аниқроғи, ўйиннинг 82-дақиқасида ягона гол муаллифи Деку оҳиста захира ўриндиғи томон қадам ташлайди. Бразилиялик|португалия­лик ярим ҳимоячи ўрнини эса 17 ёшли аргентиналик вундеркинд эгаллайди, аммо қолган қисқа вақт ичида қандайдир ҳаракати билан эътибор қозонишга улгурмайди.

 

Криштиану РОНАЛДУ (Португалия)

Дебют вақтида: 17 ёш

Клуб: «Спортинг»

Дебют вақти: 2002 йил 14 август

Криштиану расмий ўйиндаги деб­ютидан бир йилча олдин «Спортинг» сафида илк марта кўриниш берганди. Бўлажак юлдуз Лиссабоннинг «Атлетик» клубига қарши кечган ўртоқлик учрашувида майдонга тушиб, гол ҳам уради. Роналду кейинги мавсум бошидаёқ ниҳоят, расмий учрашувда ҳам «Спортинг» либосини кияди. Мураббий Ласло Болони 17 ёшли йигитчага Европа Чемпионлар Лигаси саралаш босқичи доирасида даҳшатли «Интер»га қарши кечган ўйинда ярим соатча майдонда тўп суриш имкониятини берганди. Криштиану ўшанда ҳам роса уринган бўлсада, жамоасининг гол уришига ёрдам беролмайди ва ўйин 0:0 ҳисобида якунланади.

 

Неймар (Бразилия)

Дебют вақтида:17 ёш

Клуб: «Сантос»

Дебют вақти: 2009 йил 7 март

Бразилиялик вундеркинд «Сантос» билан шартнома тузганидан 1 йил ўтиб, жамоанинг расмий учрашувида илк марта майдонга тушади. Келишувига катта товон пули белгиланган (45 млн. евро) бўлажак юлдуз Паулиста лигасидан ўрин олган «Оэсте» жамоасига қарши ўйинда колумбиялик ярим ҳимоячи Маурисио Молина ўрнини эгаллаганди. Неймар ҳам дебютини гол билан безатолмаган, лекин атиги бир ҳафтадан кейин «Можи-Мирим» дарвозасини нишонга олган. Турнир якунида эса бразилиялик истеъдодни чемпионатнинг энг яхши ёш футболчиси сифатида эътироф этишади.

 

Килиан МБАППЕ (Франция)

Дебют вақтида:16 ёш

Клуб: «Монако»

Дебют вақти: 2015 йил 2 декабрь

Таниқли мураббий Леонардо Жардим иқтидори яққол кўзга ташланган ҳужумчини «Монако» таркибига қўшишни пайсалга солмайди. У Франция чемпионати (Лига 1) 16-турида «Кан»га қарши кечган ўйин тугашига 2 дақиқа қолганида Мбаппега майдон тафтини ҳис этиш имкониятини яратганди. Табиийки, ўсмир Килиан нимадир кўрсатишга улгурмайди. Орадан бир ҳафта ўтгач, Жардим энди Килианни «Тоттенхэм» билан баҳс (ЕЛ)да синаб кўради ва бу сафар 35 дақиқа унга самарали узатма муаллифи бўлишига кифоя қилади.

Златан ИБРАГИМОВИЧ (Швеция)

Дебют вақтида:17 ёш

Клуб: «Мальмё»

Дебют вақти: 1999 йил 19 сентябрь

Бўйдор Златан жонажон клуби - «Мальмё» сафидаги дебютини Швеция чемпионатида «Хальмстад»га қарши кечган учрашувда нишонлайди. Рақиб жамоа 2:1 ҳисобида олдинда бораётган паллада захирадан майдонга тушган ғурури баланд ҳужумчи кейинчалик дебютини ўзгача таърифлаган: «Роланд (Роланд Андерссон - «Мальмё»нинг ўша вақтдаги бош мураббийи) ҳамма чарчаган пайт кутилмаганда майдонга тушишимни айтди. Шунда катта адреналин тўлқини билан ҳаракатлана бошладим. Футболкам орқасида фамилиям ёзилганди - Ибрагимович. Бу энди бир воқеа, ажойиб қадам. Ўшанда мени ҳеч ким тўхтатолмайдигандек туюлган ва дарҳол зарба йўллаб, дарвоза тўсинини мўлжалга олгандим». Ёш Златан гарчи мислсиз иштиёқ билан тўп сурган бўлсада, ўша куни ўз жамоасини мағлубиятдан қутқаролмаганди.

 

Луис СУАРЕС (Уругвай)

Дебют вақтида:18 ёш

Клуб: «Насьональ»

Дебют вақти: 2005 йил 3 май

Уругвайлик ҳужумчи профессионал футболдаги дебютини маҳаллий клуб - «Насьонал» сафида нишонлайди. Эътиборлиси, у Либертадорес кубоги турнири гуруҳ босқичида Колумбиянинг «Хуниор» клубига қарши кечган баҳсда ўзини кўрсатиш имкониятига эга бўлганди. Суарес биринчи уринишда бирор самарали ҳаракатни амалга оширолмайди, «Насьо­наль» эса унинг ёрдамисиз ҳам рақибни маҳв этади - 3:2.

 

Муҳаммад САЛОҲ (Миср)

Дебют вақтида:17 ёш

Клуб: «Мокавлун»

Дебют вақти: 2010 йил 3 май

Қарангки, Салоҳ катта футболдаги дебютини Луис Суаресдан роппа-роса 5 йил кейин нишонлайди. Мисрлик иқтидор 2010 йилнинг баҳорида мамлакат Премьер-лигасида «Мокавлун» либосини кияди. «Ливерпул»нинг бугунги голеадори «Ал-Мансури» билан бўлган ва 1:1 ҳисобида якунланган учрашувда атиги 11 дақиқа тўп сурганди.

 

Виржиль ван ДЕЙК

(Нидерландия)

Дебют вақтида:19 ёш

Клуб: «Гронинген»

Дебют вақти: 2011 йил 1 май

«Гронинген» клуби академиясида таҳсил олган Виржиль 2011 йилнинг 1 май санасини асло унутмаса керак. У шу куни Нидерландия Эредивизиони учрашувида илк марта кўриниш берганди. «Гронинген» ва «Ден Хааг» ўртасидаги ўйинда ван Дейкнинг жамоаси 1та тўп фарқи билан олдинда бораётган паллада бош мураббий ярим ҳимоячи Петер Андерссонни майдондан олиб, Виржиль зиммасига ҳимояни мустаҳкамлаш вазифасини қўяди. Бўйдор ва бақувват йигит бу ишончни оқлайди ва «Гронинген» бошқа гол қўйиб юбормай, якунда 4:2 ҳисобида ғалаба қозонади.

 

Поль ПОГБА (Франция)

Дебют вақтида: 18 ёш

Клуб: «Манчестер Юнайтед»

Дебют вақти: 2011 йил 20 сентябрь

Аслида Погба профессионал футболда ярим йилча олдин дебют қилиши мумкин эди. Зеро, Алекс Фергюсон уни илк марта 2011 йилнинг февралида Англия кубоги доирасида «Кроули Таун» билан бўлган ўйин қайдномасига киритади. Бироқ ёш ярим ҳимоячи ўша учрашувни захира ўриндиғида кузатиш билан чекланади. Сентябрь ойига келиб, Поль ниҳоят, узоқ кутган дебют учрашувидан баҳра олади. «МЮ» Англия Лига кубоги баҳсида танаффусга қадар «Лидс» дарвозасига жавобсиз 3та гол ургач, Фергюсон танаффусда Райан Гиггз ўрнига Погбани туширади. Лекин тўлиқ бир бўлим ҳаракатланган франциялик иқтидор илк уринишда айтарли ҳеч қандай каромат кўрсатолмайди.

 

Роберт ЛЕВАНДОВСКИ (Польша)

Дебют вақтида:18 ёш

Клуб: «Знич»

Дебют вақти: 2006 йил

Леваголнинг профессионал даражадаги дебюти санасини аниқ келтириш анча қийин масала. Роберт самарали фаолиятини аниқ статистик маълумотлари билан унча мақтанолмайдиган Польша футболида бошлаган. Унинг «Легия 2» сафидаги омадсизликдан сўнг 2006 йил ёзда учинчи дивизион иштирокчиси - «Знич» билан шартнома тузгани ва дебютини шу клубда нишонлагани маълум. Айрим манбаларда ёзилишича, Роберт 15 август куни Польша кубоги ўйинида илк марта майдонга тушган. 1|32 финал босқидан ўрин олган бу учрашувда «Знич»га «Мраговия» рақиблик қилган ва Левандовски иккинчи бўлим ярмида майдонга тушиб, 1та гол урган. Якунда «Знич»  4:1 ҳисобида устун келиб, кубок турнирида курашни давом эттиради.

 

Эден АЗАР (Бельгия)

Дебют вақтида:16 ёш

Клуб: «Лилль»

Дебют вақти: 2007 йил 24 ноябрь

Азар профессионал футболдаги дебютини Лига 1-2017|2018 15-туридан ўрин олган «Лилль» ва «Нанси» ўртасидаги ўйинда нишонлайди. Бельгиялик вундеркинд майдонга тушган паллада финал ҳуштаги янграшига 12 дақиқа қолган ва унинг жамоаси 0:2 ҳисобида ютқазаётганди. Ёш футболчи эса қисқа вақтда натижани ўзгаришига таъсир ўтказолмайди.

 

Антуан ГРИЗМАНН

(Франция)

Дебют вақтида:18 ёш

Клуб: «Реал Сосьедад»

Дебют вақти: 2009 йил 2 сентябрь

«Реал Сосьедад» клуби академияси тарбияланувчиси биринчи марта Испания кубоги ўйинида ўзини кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Турнирнинг иккинчи раундида унинг жамоаси «Райо Вальекано»ни қабул қилганди. Гризманн учрашувнинг 79-дақиқасида майдонга тушганида, «Сосье­дад» 0:1 ҳисобида орқада бораётганди. Мезбон жамоа кейинчалик яна битта гол қўйиб юборади ва кубок учун курашдан четга чиқади.

 

Давид ДЕ ХЕА (Испания)

Дебют вақтида:18 ёш

Клуб: «Атлетико»

Дебют вақти: 2009 йил 30 сентябрь

Давид де Хеанинг «Атлетико»даги расмий дебюти вазият тақозоси билан рўй беради. Ёшлар ўртасидаги ЖЧга йўл олган Серхио Асенхо ўрнини жамоанинг иккинчи рақамли голкипери Роберто эгаллайди, аммо испаниялик футболчи ЧЛ доирасида «Порту»га қарши кечган сафар ўйинининг биринчи бўлими ярмидаёқ майдондан чиқиб кетади - жароҳат. Хуллас, майдонда 1 соатдан кўпроқ ҳаракатланган Давид учрашув охирида 2та гол қўйиб юборади ва «Атлетико» ортга мағлубият билан қайтади. Шунга қарамай, экспертлар де Хеа дебютига юқори баҳо қўйишади. Чунончи, ёш голкипер нақ 6 марта «сейв» кўрсатганди.

 

Раҳим СТЕРЛИНГ (Англия)

Дебют вақтида:17 ёш

Клуб: «Ливерпуль»

Дебют вақти: 2012 йил 24 март

«Ливерпул»да Кенни Далглиш даврида дебют қилган футболчилардан бири. «Қизиллар» бош мураббийи англиялик ёш иқтидорни АПЛ 30-туридан ўрин олган «Уиган» билан ўйин­нинг 84-дақиқасида Дирк Куйт ўрнига туширганди. Ўша вақтгача 1:2 ҳисобида ортда борган «Ливерпуль» якунда мағлубиятдан қутулолмайди. Лекин Раҳим чамаси 10 дақиқа ичида анча яхши таассурот қолдиришни уддалаганди. Аниқроқ айтсак, у қисқа вақтда 1та хавфли зарба, дриблинг маҳорати ва яхшигина узатма билан эсда қолади.

 

Кевин де Брюйне

(Бельгия)

Дебют вақтида:17 ёш

Клуб: «Генк»

Дебют вақти: 2009 йил 9 май

Малласоч Кевиннинг дебюти ўз жамоасининг ўта омадсиз ўйинига тўғри келди. Бельгия чемпионати 33-турида «Генк» оддий рақиб «Шарлеруа» олдида мутлақо ожиз қолади - 0:3. Де Брюйне эса учрашувнинг 81-дақиқасида майдонга тушиб, ҳеч нарсани ўзгартиролмайди.

 

Серхио РАМОС (Испания)

Дебют вақтида:17 ёш

Клуб: «Севилья»

Дебют вақти: 2004 йил 1 февраль

Серхио Рамос профессионал фао­лиятини қанот ҳимоячиси сифатида бошлайди. У ўзининг биринчи расмий ўйинида «Севилья» ҳимоясининг ўнг қанотида ҳаракатланган эди. Ўшанда испаниялик футболчи майдонда атиги 26 дақиқа тўп сурган ва жамоаси билан «Депортиво» олдида таслим бўлган - 0:1.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz