Қайднома

Қидирув

Равшан Эрматов: «Умид қиламизки, ОЧ-2020 вақтида ўтказилади»

Равшан Эрматов: «Умид қиламизки, ОЧ-2020 вақтида ўтказилади»

  03.06.2020 04:00
  0
  406
Равшан Эрматов: «Умид қиламизки, ОЧ-2020 вақтида ўтказилади»

ЎФА медиа бўлими ҳам коронавирус пандемияси туфайли юзага келган карантин даврида мухлисларга қизиқарли лойиҳаларни тақдим этди. Жумладан, «Савол йўлланг!» номли лойиҳанинг дастлабки сонида ЎФA биринчи вице-президенти Равшан Эрматов мухлислардан тушган ва турли мавзуларни қамраб олган саволларга жавоб берди.

- Миллий жамоамиз либосини ўзгартиришнинг иложи борми? Масалан, Puma, Adidas, Nike компаниялари билан шартнома тузилишини истардик... (ssuxrob3753)

- Айни вақтда Германиянинг Jako компанияси билан 2018-2021 йиллар учун тузилган шартнома асосида ҳамкорлик қиляпмиз. Шунинг баробарида спорт кийимлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган дунёнинг етакчи компаниялари фаолиятини ҳам кузатиб бормоқдамиз. Jako билан шартнома муддати якунига етгач, кейинги босқич ҳақида ўйлаймиз. Агар ушбу компания терма жамоаларимизга хос, янгиланган, сифатли ҳамда чиройли формалар таклиф этса, ҳамкорликни давом эттирамиз. Акс ҳолда, бошқа таклифларни ҳам ўрганиб чиқишга тайёрмиз, албатта. Бу ҳам бир рақобат.

- Нукусдан Aйбекман, саволим қуйидагича: Қорақалпоғистонда футбол мухлислари водийдагидан кам эмас. Охирги марта олий лига ҳавосидан 2001-2002 йиллар мавсумларида нафас олганмиз. Қорақалпоғистонга қачон катта футбол қайтади? (6365.bek)

- Қорақалпоғистонда футбол анъаналари узоқ йилларга бориб тақалади. Ушбу ўлкадан терма жамоамиз учун бир қатор истеъдодлар етишиб чиққан, қолаверса, бугунги кунда ҳам қорақалпоғистонлик кўплаб мутахассислар футболимизда муваффақиятли фаолият юритмоқдалар. Мана, ЎФА ва ОФК ҳамкорлигида Қорақалпоғистонда ФИФА стандартларига мос замонавий футбол майдони қурилди. Ўйлайманки, юқори сифатли майдон маҳаллий футболчилар учун қулайлик яратади. Ҳа, тан олиш керак, юқори лигаларимизда Қорақалпоғистон клублари сони кўп эмас. Муаммони атрофлича ўрганиб чиқиш мақсадида жойларга бориб, футбол билан шуғулланиш учун яратилган шароитларни яқиндан кўриб чиқдик. Қорақалпоғистонга ЎФА мутахассислар гуруҳини юбориб, болалар футболи ҳамда профессионал йўналиш объектлари фаолиятини синчковлик билан ўргандик. Камчиликлар бор. Уларни босқичма-босқич бартараф этиш ва қорақалпоқ футболи мавқеини тиклаш бўйича режа тузиб чиқилди. Ғалабалар ҳали олдинда.

- Нега охирги йилларда ампутантларга эътибор паст? Жаҳоннинг энг кучли терма жамоаси охирги йилларда ўз мавқеини бой бериб қўйди. (shukhrat.8353)

- ЎФАда фаолиятимни бошлаганимдан сўнг биринчилардан бўлиб, шу термамиз тақдирига қизиқдим. Чунки ампутантлар жамоаси тарихий натижалар қайд этган. Бу термани эътибордан четда қолдириш мумкин эмас. Айни вақтда Терма жамоалар бўлими ампутантлар термаси фаолиятини мувофиқлаштириб турибди. Мана, йил лауреатларини тақдирлаш маросимида шу термамизга аталган махсус номинация жорий этдик. Зеро, футболчилар доимий эътиборда ва эътирофда эканликларини ҳис қилишларини хоҳлаймиз. Шунда ғалабага интилиш кучаяди. Афсуски, ўтган йили ампутантлар термаси ғалабаларига пойдевор қўйган инсон - бош мураббий Рустам Қориев оламдан ўтди. Бу -  футболимиз учун катта йўқотиш. Умид қиламанки, унинг шогирдлари орасида ғалабали анъаналарни давом эттирадиган мутахассислар етишиб чиқишади.

- Терма жамоамиз қачон Тошкентда кучлироқ рақиблар билан ўйнайди? (boburbekmuxiddinov)

- Ўзбекистон миллий жамоаси ҳозир жаҳон чемпионати саралаш турнирида қатнашмоқда. Тайёргарлик эса бош мураббий режасидан келиб чиқиб олиб борилади. Термамиз устози Вадим Абрамов расмий ўйиндаги бўлажак рақибга қараб, спарринг-жамоа танлайди ва бизга мурожаат қилади. ЎФА раҳбарияти ва Халқаро алоқалар бўлими ўз навбатида,  ўша терма билан музокара бошлайди.

- Нега миллий терма бош мураббийи бир вақтнинг ўзида 2та жамоани бошқаради? (manunited_1)

- «Бунёдкор» бугунги кунда ўзбек футболида жуда катта ўрин тутади. Биласиз, ушбу клуб академияси турли ёш тоифасидаги термаларимизга кўплаб истеъдодли футболчиларни тарбиялаб берди. Вадим Абрамов ассоциация билан шартнома тузаётган пайт бу масалани кўтаргандик. Мураббий қийин вазиятда жамоани ташлаб кетолмаслиги, термадаги ишини бош масала сифатида билишини маълум қилди.

- Равшан Эрматов рефериликка қайтадими? (akhmedov_17)

- Биласиз, давлатимиз раҳбари томонидан футбол, умуман, спортга қўйилаётган талаблар жуда юқори. Айни вақт зиммамизга юкланган масъулиятли вазифаларни бажаришга бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этяпмиз. Шу сабаб ҳозир рефериликка қайтиш ҳақида ўйлаётганим йўқ.

- Яқин орада юртимизда ўтказиладиган йирик футбол турнирлари ҳақида маълумот бера оласизми? (elbek7187)

- Ўзбек футболи тарихида биринчи марта U-19 тоифасидаги Осиё чемпионати мезбонлиги бизга ишониб топширилган. ОФК режаси бўйича ушбу мусобақа октябрь ойида бошланиши керак. Бироқ бутун дунё пандемия ҳолатига дуч келгани туфайли кўплаб йирик турнирларнинг муддати ўзгармоқда. Шунинг учун қитъа чемпионати борасида ОФК томонидан чиқариладиган қарорни кутамиз. Умид қиламизки, тез фурсатда инсоният бу балони батамом енгади ва Ўзбекистондаги Осиё чемпионати белгиланган муддатда бошланади.

- Фаолиятингиз давомида сиз бошқарган энг қийин ва эсда қоларли ўйин қайси? (elbek7187)

- Энг мураккаби 2та - 2010 йилги жаҳон чемпионати ярим финали доирасидан ўрин олган Голландия - Уругвай ва ЖЧ-2018даги Хорватия - Аргентина учрашувлари. Агар энг эсда қолганини эсласам, бу ЖЧ-2010 очилиш учрашуви, албатта - ЖАР ва Мексика термалари ўртасидаги баҳс.

- Миллий жамоамизга Европадан кучли мутахассис олиб келиш масаласига фикрингиз қандай? (khaydarov.ozodbek)

- Айни пайт европалик мутахассис масаласида гапириш ноўрин. Чунки термамизда мураббий бор. Агар бу мавзудаги умумий фикримни айтсам, мураббийнинг қаердан эканлиги муҳим эмас. Асосийси, унинг терма жамоа ўйин услубига қанчалик мослигини ўрганиш керак. Мураббийнинг ишга ёндашуви ва олдига қўядиган мақсадлари ҳам аҳамиятлироқ.

- Бизда клубларни хусусийлаштириш қачон бошланади? (tolipov183)

- Жуда ўринли савол. Президентимизнинг 2019 йил 4 декабрдаги «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида бу масалага алоҳида эътибор қаратилган. 2030 йилга қадар клубларни босқичма-босқич хусусийлаштириш бўйича вазифа белгилаб қўйилган. Бу борада режали равишда иш бошлаб юборилган.

- Футболчининг ёши 20дан ошган бўлса, уни кўрикдан ўтказиш мумкинми, бундайлар профессионал даражада фаолият олиб бора олишадими? (ahmadjonovazamatjon)

- Агар 20 ёшгача профессионал тарзда ўйнамаган ва энди бошламоқчи бўлса, у ҳолда, бу кеч, албатта. Чунки футболчи 20 ёшга келиб, клубларнинг асосий таркибида ўйнай бошлаши, терма жамоалар билан халқаро турнирларда қатнашаётган бўлиши керак. Боз устига, футболда юқори техника ва истеъдоддан ташқари, жисмоний куч ҳамда тайёргарлик катта роль ўйнайди. Етарли тайёргарликсиз ўйнаш оғир жароҳатларни келтириб чиқариши мумкин. Агар умумий футбол тизимидаги фаолият назарда тутилса, унда албатта, бошқа йўналишларда ўзини синаб кўрса бўлади. Дейлик, мураббийликка ўқиш мумкин. Яна ҳакамликда ўз имкониятларини синаб кўриш мақсадга мувофиқ.

- VAR тизими Ўзбекистонда қачондан ишлайди? (abdulaziz_3110)

- Мазкур технологияни юртимизда жорий этиш бўйича дастлабки қадамлар ҳозирнинг ўзида ташланган. Ўзбекистонлик соҳа вакилларига тизимни ўқитиш бўйича ФИФА мутахассисларини таклиф этдик. Шундан сўнг тизимнинг техник жиҳозлаш ишларини бошладик. Ҳаттоки, тест режимида синаб ҳам кўрдик. Албатта, расман ишга тушириш учун мутахассисларимиз бу йўналишни тўлиқ ўзлаштиришлари, стадионлар махсус жиҳозланиши ва энг муҳими, VARни қўллаш учун лицензияга эга бўлишимиз керак. Ўйлайманки, бу ишларни кейинги мавсум бошига қадар якунига етказамиз ва тизимни амалга татбиқ этамиз.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz