Ўзбекистон чемпионатида ҳам ҳар мавсум турли даражада ёш иқтидорлар кашф этилиши табиий жараён. Жорий Суперлига баҳслари гарчи 3-турдан кейин тўхтаб қолган бўлсада, бу йил кимлар мавсум кашфиёти мақомига даъвогарлик қилишлари мумкинлиги хусусида қисман фикр юритиш имкони бор. Қувонарли жиҳати, мураббийлар илк турлардан бир қатор ёшларга ўзларини кўрсатиш имкониятини беришди. Демак, қуйида шундай истеъдодли йигитлар билан бирров танишиб чиқамиз.
Фаррух ИКРОМОВ («Бунёдкор»)
Вадим Абрамов ўз анъанасига содиқ қолган ҳолда, яна ёшлар ва маҳаллий футболчилар билан юқори натижаларни кўзламоқда. Ушбу мутахассиснинг ёшларни муҳим ўйинларда қўрқмасдан майдонга туширишига кўп бора гувоҳ бўлганмиз. Дейлик, у ўтган мавсум Жасур Жалолиддиновни катта саҳнага олиб чиқди. Аслида, ундан жорий йил ҳам чиройли ўйинлар, бетакрор голлар кутамиз. Лекин бу йилги мавсумда Жалолиддиновга ҳамоҳанг равишда яна бир иқтидор бўй кўрсатмоқда - Фаррух Икромов. Тўғри, ушбу футболчи 2017 йилиёқ Миржалол Қосимов қўл остида кўзга ташланган, бир неча голга муаллифлик қилганди. Аммо кейинчалик йўқолиб қолди. Абрамов 1-турда «Сурхон»га қарши кечган учрашувда Икромовни захирадан майдонга туширди ва унинг бир ўзи ўйинни қай даражада ўзгартириб юборганини кўрдик. Фаррух АГМК билан баҳсда ҳам захирадан жангга қўшилиб, жамоасига фойда келтирди. Қанотдаги тезкор ҳаракати ва дриблинг маҳорати билан ҳимоячиларга муаммо туғдирган футболчи чемпионат давом эттирилгач ҳам, худди шу руҳда давом этишидан умидвормиз.
Ойбек БОЗОРОВ («Насаф»)
Иқтидори юқори баҳоланаётган ушбу футболчини мухлислар ўтган мавсум «Насаф»даги ўйинлари орқали танишди. Қолаверса, Бозоров жорий йил январь ойида ўтказилган, Олимпиада йўлланмалари тақдирини ҳал қилган Осиё чемпионатида ҳам ўзини кўрсатди. Гуруҳ босқичида асосан захирадан майдонга тушган футболчи ўйинни яққол жонлантириб юборди. Шундан сўнг Любинко Друлович уни захира қуролига айлантирди. Ким билади, Ойбек Австралия термасига қарши кечган ҳал қилувчи учрашувда қизил карточка олмаганида, балки ижобий натижа қайд этармидик... Шуниси аёнки, бўйи нисбатан паст Ойбек чаққонлиги, узоқ масофадан бериладиган ажойиб зарбалари билан рақибларини қийнайди. Айни хусусиятлари ўлароқ, Вадим Абрамов футболчини февраль ойида ташкиллаштирилган миллий жамоа йиғинига жалб қилди. Хуллас, Рўзиқул Бердиев янги-янги иқтидорларни топиб, тарбиялашда етакчи эканлигини яна бир бора исботлади.
Ҳожимат ЭРКИНОВ (АГМК)
«Пахтакор» мактаби тарбияланувчиси саналган ҳужумчи ўтган мавсумнинг иккинчи даврасида Суперлигада «жон» сақлаб қолиш учун курашган «Қўқон-1912»га ижара асосида юборилганди. Катта футбол ҳавосидан баҳра олган Ҳожимат шу тариқа жамоанинг кучлилар сафида қолишига катта ҳисса қўшди ва бунинг натижасида Миржалол Қосимов мураббийлигидаги АГМКга кўчиб ўтди. Биласиз, Қосимов жамоасига футболчи олишда муайян принципларга риоя қилади, асосан ўз услубига мос тушган футболчилар билан ишлайди. Қишда олмалиқликлар сафига қўшилган Эркинов ўртоқлик ва назорат учрашувларида ўзини кўрсатди. Тезлик бобида унча-мунча ҳимоячини ортда қолдирадиган футболчи Суперлиганинг дастлабки турлариданоқ яхши ҳаракатланди ва «Бунёдкор» дарвозасини ишғол қилишга ҳам улгурди. Шу тариқа жамоа мухлислари томонидан февраль ва март ойларининг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди.
Мўмин МЕЛИЕВ («Машъал»)
Сир эмаски, «Машъал» турли ёш тоифасидаги терма жамоаларимизга футболчи етказиб бериши билан ном қозонган. Муборак клуби жорий йил ҳам ўз одатига содиқ қолган ҳолда, маҳаллий иқтидорларга катта футбол эшикларини очиб бермоқда. Жумладан, илк турда «Сўғдиёна» дарвозасига урилган ажойиб гол муаллифи Мўмин Мелиев ҳам кашфиётлар қаторидан жой олса, ажабмас. Дарвоқе, қишда «Насаф»га ўтиши кутилган бу футболчи якунда Муборакда қолганди. Бежизга эмас, шекилли.
Албатта, клубларимизда бундай ёшлар бисёр. Фақат уларга эътибор қаратган ҳолда, вақтида имконият берилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Аммо хулоса чиқаришга шошилмаймиз. Бу атиги дастлабки 3та турдан келиб чиқиб юритилган фикрлардир. Мавсум давомида биз билмаган ва кутмаган яна кўплаб футболчилар бош кўтарсалар, ажабмас.
А.ИСКАНДАРОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20