Қайднома

Қидирув

Суперлига рестарти байрамга айланадими?

Суперлига рестарти байрамга айланадими?

  04.06.2020 01:10
  0
  829
Суперлига рестарти байрамга айланадими?

Суперлига баҳсларининг бошланиш муддати хусусидаги хушхабар мухлислар ўртасида яшин тезлигида тарқалди. Ҳамма орзиқиб кутилган дамлар билан боғлиқ хурсандчиликни ўзаро баҳам кўриб, бир-бирига суюнчилашди. Юнусободдан Баҳодир ака Валиев қўнғироқ қилиб, тўлқинланиб-тўлқинланиб, гапирди: «Биродар, «Пахтакор»нинг ўйинларини соғиндик. Бизнинг авлод мухлисликни «Пахтакор» - 79 ўйинлари томошасидан бошлаган. Тўғри, ўша шукуҳли дамлар, стадион мухлислар билан тўлиб-тошган унутилмас лаҳзалар яна такрорланишига ишониш қийин, лекин ноумид - шайтон. Оққан дарё қачондир ўзини эслатади, яна аввалгидек оқади! Ўйинлар бошлансин-чи, «Пахтакор» карантин даврини қандай ўтказганини билиб оламиз!» Сайхунободлик Аҳмаджон ака Алламуродов эса Ғуломжон Ҳамидов Беларусда ўйнаётган Жасур Яхшибоев ҳақида ажойиб шеър ёзганини таъкидлаб, «Интерфутбол» Сирдарёга етиб бормаётганидан афсусланди. Ёшлигида футбол ҳавосидан нафас олган, майдонда чиниққан марғилонлик Абдуҳомид аканинг ширин гинаси ва водийча лутфи бир олам. Хуллас, ҳаммада футбол соғинчи, футбол кайфияти. Ҳамма-ҳамма Суперлига баҳслари томошасига ҳозирланмоқда.

 

Мухлислар билан суҳбатларимизга қулоқ тутган жияним Жамшид савол беради: «Ҳозир ҳамма соғиняпти, кейин бирдан танқидга ўтишмайдими?» Унга жавобан Хуршид «Барибир, «Навбаҳор» бошқача ўйнайди. Кўрасизлар, ҳали», — дейди астойдил куйиниб. Мен эса иккиси тортишувига аралашмай, қизғин бораётган стол тенниси бўйича оилавий турнирга эътибор қаратаман. Ана, Зилола ва Гулрухсор баҳсни якунлаб, ракеткаларни Абдурауф ва Ҳумоюнга узатишди. Ракеткаларни шу зайл Хушнуд ва Зуҳриддин, Бекзод ва Ҳасанбой жуфтликлари алмашишди. Якунда Ғолибга Самаджон мастер-сабоқ ўтаб берди. Яққол устунлиги билинди. Барчамиз Самаджоннинг маҳоратини олқишладик!

Ҳордиқ учун тарқалар эканмиз, футболсевар ака-укалар, жиянларга уқтирдим: «Мана, стол тенниси турнирида маҳоратнинг даражаланишига гувоҳ бўлдинглар! Маҳорат ҳам, мухлислик ҳам ўзига яраша тош-тарози билан гўзал. Қандай футбол ёки қайси жамоа ёқишини, савиясидан қатъий назар, ҳар ким ўзи белгилайди. Тушуниб турибман, Бундеслига томошасидан кейин «К»-лига ўйинларини кўришга қийналяпсизлар. Бироқ бу ҳолат савия ёки даражага алоқадор эмас, менимча. Жанубий Корея футболи шунчаки, бизнинг феъл-атворимизга унчалик сингмайди. Демоқчиманки, мухлислар Суперлига баҳсларини стадионларга бормасдан ҳам, қизғин муҳокама қилаверадилар. Фақат «Спорт ТВ» астойдил бўлса, бас!»

Карантин пайти аввалги хотиралар қайта уйғонди. «Спорт» телеканали «Уйда қолинг!» чорлови остида кўплаб тарихий учрашувларни мухлисларга илинди ва томошабинлар Мирзаҳаким Тўхтамирзаев, Давлат Турдалиев, Зафар Имомхўжаев, Даврон Файзиев, Хайрулла Ҳамидов каби шарҳловчилар овозларини телеканал орқали яна бир бора эшитишди. Бугун кўплаб таниқли шарҳ­ловчилар «Спорт ТВ»да ишлашмаяпти. Кетганлар сафини Бобур Акмалов ҳам тўлдирди. Қолаверса, бош режиссёр Жамолиддин Бобожонов ҳам собиқ ходимга айланди. Инкор этмаймиз, ҳамкасбларимиз ҳаммага маълум ўша вазиятда журналистика этикасига бироз хилоф иш тутишгани рост, лекин шу ҳолат учун кескин чора қўллаш шартмиди?! Тўғри, телеканал иши тўхтаб қолмайди. Аммо унутмайликки, дарахт бир жойда кўкаради. Кўчираверилса, яхши ҳосил бермайди. Йўқ, бу билан таниқли шарҳловчилар иши ва қарорига танқидий муносабат билдиришдан йироқмиз. Баъзи ҳолларда кўчиш ҳамкасбларимиз ташаббуси билан бўлмагани кўпчиликка маълум. Ҳамма гап мутасаддиларда, уларнинг исътедодли журналистлар билан тил топишишларида. Ариза ёздириб олиш ҳеч қачон энг яхши чора ҳисобланмайди. Ҳақиқий журналист ҳар вақт ўз сўзини айтади, тутган позициясидан қайтмайди. Шунинг учун уни ёқтирмаслик ёки ишдан бўшатиш мантиқсизлик, жамиятимиз танлаган йўлга зиддир.

Бундан бир неча йил муқаддам «Зафар диёрида даврон сурури» номли мақола ёзгандик. Ўшанда сарлавҳадаги таг маънони кимдир тушунди, кимдир тушунмади. Энди бундай сарлавҳа нима мақсадда қўйилганини англагандирсиз. Ҳа, биз ҳамкасбларимизни шундай сарлавҳа билан маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлагандик. Ҳозир ҳам шу позициядамиз ва «корпоротив»ликни тушунмаган ҳамкасбларимиз тарафида туришимиз лозим. Мутасаддилар унутишмасинки, энди аввалги замонлар ортга қайтмайди ва исътедодлар хор бўлмайди. Бошқача айтганда, журналист мутасадди буйруғуга кўр-кўрона бўйсинавермайди. Шунинг учун ҳам — журналист! Тўғри—нотўғрилигига қарамай, буйруқ бажарадиганлар журналистикага бегонадирлар.

Узр, мавзудан бироз чалғидик, лекин ушбу мулоҳазаларимизни айтмасак бўлмасди. Чунки Суперлига баҳс­лари жонли трансляциясини эфирга узатишда исътедодли журналистларнинг ўрни беқиёс. Яна такрорлаймиз, «Спорт ТВ»нинг иши тўхтаб қолмаслиги аниқ, лекин нима учун мухлислар Хайрулла Ҳамидов, Даврон Файзиев, Бобур Акмалов шарҳларидан бебаҳра қолишлари керак?! Майли, ушбу шарҳловчилар «Спорт ТВ»да ишлашмасин, аммо бу уларни Суперлига баҳсларини шарҳлашдан маҳрум қилиш дегани эмас-ку?! Шу ўринда табиий савол туғилади: Суперлига баҳсларини намойиш қилиш «Спорт ТВ»нинг монополиясими ёки «Футбол ТВ» буни истамайди? Албатда, бу саволга жавоб қандай бўлиши кўпчиликни қизиқтиради ва мухлис ижобий жавоб кутишга ҳақли! Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Халқ давлат идораларига эмас, аксинча, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак!» деган даъвати аллақачон эл-юрт қалбидан жой олди. Бугун миллионлаб футбол мухлислари Суперлига баҳсларини таниқли шарҳловчилар шарҳлашларини хоҳлашади. Шу хоҳиш-истакка айрим раҳбарлар томонидан тўсиқ қўйилиши - тушунарсиз ҳол! Ўйлаймизки, Суперлига баҳслари бошлангунга қадар ҳаммаси ўз изига тушади, мухлислар ўйинларни мароқ билан томоша қилишади, ўзлари ёқтирган шарҳловчиларнинг маъноли ва ширали овозларини мириқиб тинглашади!

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz