Қайднома

Қидирув

Георги Квисиешвили: «Футбол мухлисларсиз ўз жозибасини йўқотади»

Георги Квисиешвили: «Футбол мухлисларсиз ўз жозибасини йўқотади»

  04.06.2020 03:48
  0
  416
Георги Квисиешвили: «Футбол мухлисларсиз ўз жозибасини йўқотади»

Ҳар мавсум маҳаллий жамоа­ларимизда турли миллат вакилларига мансуб легионерларнинг тўп суришлари одатга айланиб улгурди. Хусусан, грузиялик футболчиларнинг юртимизда чакки ўйнамасликларига ўрганиб қолдик. Мисол учун, ўтган мавсум Элгужа Григалашвили аввалига «Қизилқум»да ўзини кўрсатиб, иккинчи даврада АГМК жамоасига йўл олди. Навоийликлар эса унинг ўрнини Лаша Тотадзе ва Мате Вацадзе билан тўлдиришди ва улар ҳам кутилган даражада тўп суришди. Георги Квесиешвили Ўзбекистондаги 4 йиллик фаолияти давомида ижобий таассурот қолдирган грузияликлардан биридир. Ҳар ҳолда, у айниқса, «Қизил­қум»даги фаолияти давомида маҳаллий мухлислар ёқимтойига айланган эди. Георгининг орқа чизиқда ўйнагани ҳолда кўплаб голларга муаллифлик қилгани кўпчилик ёдида. Яқинда шу футболчи билан алоқа ўрнатиб, баъзи саволларга жавоб олдик. Георги суҳбат давомида юртимиздан олган таассуротлари билан ўртоқлашди, собиқ клубларининг айни ҳолатига муносабат билдирди.

 

- Салом, Георги. Ишларингиз қандай? Ўзбекистондаги фаолиятингизни эслаб турасизми?

- Албатта, зеро, юртингиздан олам-олам таассуротлар билан қайт­ганман, у ерда ҳаммаси ёқарди. Кимларни таниган бўлсам, уларни ҳозиргача ҳурмат қиламан. Чунончи, инсонлар ва мухлислар эътибори - бу катта бахт. Ўзбекистонда эса ҳамиша  атрофимдагилар эътиборини ҳис қилиб ўйнаганман.

- Бугун собиқ клубларингиз натижаларига ҳавас қилиш қийин. Бундан хабарингиз борми, қандайдир изоҳ бера оласизми?

- Натижалар қониқарсизми? Бу кўпроқ ишончга боғлиқ. Тўғриси, айни пайт вазият қандайлигини билмайман. Тўғри, чемпионат ўйинлари, айниқса, собиқ клубларим натижаларига бефарқ эмасман. Лекин коронавирус туфайли ҳозирча Ўзбе­кистондаги вазиятдан хабарим йўқ.

- «Қизилқум»нинг бир қатор ­ўйинларида ўзингизни кўрсатгансиз. Улардан энг эсда қолганини айта оласизми?

- Навоийда «Пахтакор»га қарши қарши кечган учрашувлардан бири сира эсимдан чиқмайди. Ўшанда охирги дақиқаларда гол уриб, жамоамни мағлубиятдан қутқариб қолгандим. Бинобарин, ўша вақтда ҳам пойтахт клубидан очко олиш жуда қийин эди.

- Жамоа натижаси яхшиланавермаса, мухлислар норозилиги кучаяди, танқид ва эътирозлар кўпаяди. Футболчи сифатида бунга қандай қарайсиз?

- Мухлислар ҳамиша натижа талаб қилишади ва бунга ҳақлилар, албатта. Лекин ҳеч қайси футболчи ёки жамоа майдонга ютқазиш учун тушмайди. Ҳар доим ғалаба қозонишнинг эса иложи йўқ. Баъзан ўйин яхши чиқмаслиги мумкин, бундай ҳолатда мухлислар натижани тўғри қабул қилишади. Аммо сурункали омадсизлик энг сабрли мухлисда ҳам эътироз туғдириши табиий. Муваффақиятсиз битта омилга боғлиқ бўлмайди. Муаммолар илдизини жамоа атрофидан излаш керак. Ҳа, футбода қайсидир клуб ютади, бошқаси ютқазади. Агар жамоангиз  ютқаздими, унда билингки, рақиб кучлироқ экан...

- Бугун қандай юмушлар билан бандсиз? Карантин вақтида ўзингиз учун нималарни қайтадан кашф этдингиз?

- Коронавирус бутун дунёга тар­қалгани барчага маълум. Бундан барча соҳаларга азият етди. Жумладан, футбол турнирлари издан чиқиб кетди. Менимча, халқаро учрашувлар ҳали-вери қайтмаса керак. Ҳа, вазият яхшиланиб бормоқда, лекин вирус ҳамон чекингани йўқ. Ўзимга келсак, карантин қоидаларига риоя қилиб, уйда ўтирибман, фарзандларимга кўпроқ вақт ажратяман. Бутсаларимни михга илдим. Футболчи вақтида кетишни ҳам билиши лозим. Менимча, ўзим учун тўғри қарорга келдим.

- Ўзбекистонлик мухлисларга тилакларингиз...

- Уларга аввало, тинчлик ва мустаҳкам саломатликни раво кўраман. Агар ҳамма карантин қоидаларига бирдек амал қилса, коронавирус тезда енгилиб, ортга чекинади. Шунда футбол яна ўз йўлида давом этади. Мухлислар билан тўлган стадионда ўйнаш завқи бошқача, барибир. Футбол мухлисларсиз ўз жозибасини йўқотиши ҳам турган гап. Ўзбекистонда ажойиб мухлислар бор, уларни ҳамиша ширин энтикиш билан эслайман. Дейлик, «Қизилқум» ҳам стадионга тўпланган мухлислар ҳурмати, ўзгача муҳит таъсирида икки ҳисса куч билан ўйнарди. Қисқаси, футболда мухлислар ўрни катта ва уларни ҳамиша ҳурмат қилиш керак. Ахир мухлисларсиз футбол футбол эмас. Албатта, Ўзбекистондаги дўстларим, танишларни роса соғинаман, уларни масофадан туриб, қучиб қоламан.

 

Маълумот учун

Георгий КВИСИЕШВИЛИ

Туғилган санаси ва манзили: 1985 йил 1 декабрь, Кобулети (Грузия)

Фуқаролиги: Грузия

Позиция бўйича: ҳимоячи

Ўзбекистонда ўйнаган клублари: «Бухоро», «Олмалиқ» (АГМК), «Қизилқум»


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz