Регистрация

Поиск

Эътироф: Мураббий мақомидаги мерган ёки яна Мбаппе ҳақида...

Эътироф: Мураббий мақомидаги мерган ёки яна Мбаппе ҳақида...

  02.10.2021 18:58
  0
  243
Эътироф: Мураббий мақомидаги мерган ёки яна Мбаппе ҳақида...

Вақти-вақти билан Килиан Мбаппенинг 2 дона сурати ижтимоий тармоқларда сайрга чиқиб туради. Уларнинг бирида беғубор болалик даврини кечираётган бўлажак тўпурар деворлари Криштиану Роналдунинг «Реал»даги суратлари билан безатилган ўз хонасидаги кроватда ўтирибди. Иккинчи суратда ҳам у яна Криштианунинг ёнида, лекин бунисида анча улғайиб қолган, жинси шим ўрнига спорт костюмини кийиб олган ҳолда португалиялик юлдуз билан камерага қўл силкитмоқда. Бу 2012 йилдаги сурат бўлиб, ўшанда Мбаппелар оиласини Роналду Мадридга таклиф этган ва Килиан «Реал» машғулотида иштирок этганди.

2021 йилнинг августига қадар Мбаппе «Қироллик клуби»га жуда яқин турганди. Уни таркибга жалб этишни клубга қайтганидан бери яна чўққини забт этишга қасд қилган Флорентино Перес орзу қилганди. Мазкур трансфер 2017 йилда, Килиан «Монако»ни тарк этганидан кейин амалга ошиши ҳам мумкин эди. Бироқ ҳужумчи 180 млн. евро эвазига «ПСЖ»га ўтди. Шундан бери ҳар йили ёзда франциялик ҳужумчига эга бўлиш умиди мадридлик мухлисларни руҳлантириб турди. Бироқ айнан шу йил, барча клублар пандемия туфайли иқтисодий инқирозни бошдан кечираётган паллада, келишувга эришиш аниқдек туюлганди.

Бундан бир неча йил аввал Флорентино Перес футбол афсоналарининг (Фигу, Зидан, Роналду, Оуэн, Бекхэм...) тақдимот маросимларида булар «Реал» сафида ўйнаб, дунёнинг энг яхши футболчиларига айланиш учун туғилганлар, деган таъсирчан иборани ишлатганди. Роналду ва Мессининг муносиб вориси бўлган Мбаппе ҳам «Реал»га ўтишга тайёрдек эди.

Фаолияти

«Монако» таркибига келган пайтида Килиан 18 ёшда эди. Бир йилдан сўнг Килиан Франция терма жамоаси билан Россия мундиалида жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлди. Орадан яна 3 йил ўтгач, у билан Париж яқинидаги уйида учрашдик. Аслида, бу муҳташам бинога Килиан ўзининг хайрия муассасасини жойлаштирган. У ерда ўша атрофдаги болакайлар мактабдан бўш вақтларида футбол сирларини ўрганадилар. Суҳбат жараёнида Мбаппе ўзини тажрибали телебошловчидек тутди, нутқи қисқа ва тушунарли, ҳаракатлари аниқ эди. Килиан доимо юзида табассум билан гапиради, футболчиларга хос бўлган хавотир унда йўқ. Отаси эса ёнимизда ўтирган бўлсада, ўзини ўта камгап, худди интервьюга фақат бир марта аралашиш мумкиндек тутди. Килиан билан қанчалик яқин танишсангиз, у футбол оламига мукаммал тайёргарлик билан келганига амин бўласиз. 22 ёшида у бошқа футболчилар бутун фаолиятида ҳам эриша олмайдиган натижаларни қўлга киритишга улгурди.

Мбаппенинг ёрқин фаолияти у ташкил этган мини-академиядан 16 чақирим узоқликдаги Бонди шаҳарчасида бошланган. У Парижнинг шимоли-шарқий томонида жойлашган кўҳна маскан. У ердаги қадимий черков ҳозир ресторанлар ва 60-йилларда бунёд этилган кўп қаватли уйлар қуршовида қолган. Уйлардан бирининг деворини Килианнинг улкан портрети безаб турибди.

Ҳужумчининг ота-онаси Бондида улғайганлар. Отаси Уилфрид камерунлик, онаси Файза жазоирлик. Аралаш жуфтликлар пойтахт атрофидаги аҳоли пунктларида кенг тарқалган. Мбаппеларнинг Бондидаги уйи футболга кириб келаётган ёшлар учун энг қулай маскан. Килианнинг отаси ва амакиси футбол мураббийлари, онаси эса мактабдан ташқари тадбирлар бошқарувчиси бўлгани ҳолда, Франциянинг 1-дивизион гандбол жамоаси аъзоси эди. Уларнинг асранди ўғиллари Жирес Кембо Экоко эса профессионал футболда муваффақиятли тўп сурган.

Уилфрид ва Файза Килиандан мактаб таҳсилига жиддий ёндашувни талаб қилишарди. Қолаверса, у маҳаллий консерваторияда флейта чалиш сирларини ўрганарди. Лекин футбол доимо биринчи ўринда бўлган. Отаси ва амакисидан ортда қолмасликка интилган болакай якунда ғайриоддий неъматга эга бўлди: у айнан мураббий каби фикр юритадиган футболчи бўлиб етишди.

Килиан ўсмирлик ёшига чиққанида топ-клублар унинг атрофида парвона бўлишди. У «Челси»да бўлди, 14 ёшини «Реал»да нишонлади, ўша пайт иккинчи мураббий лавозимида ишлаётган Зидан билан апоқ-чапоқ бўлиб олди. Зизу уни ўзининг эртакнамо машинасида кузатиб қўймоқчи бўлганида, ҳайратдан довдираб қолган болакай оёқ кийимини ечиб олишга изн сўраганди.

Охир-оқибат, Мбаппе сон-саноқсиз таклифларни рад этиб, «Монако»ни танлади. Ана шу қарорининг ўзиёқ Килианнинг мураббийга хос фикрлашини исботлайди: у номдор клубдаги шуҳрат ва манфаатни эмас, тезроқ асосий таркибдан жой олиш ва мукаммалликка эришишни устун қўйганди. Ўшанда у 17га ҳам чиқмаганди!

Таажжубки, ҳали ҳайдовчилик гувоҳномаси учун ўқиш ҳуқуқига эга бўлмаган «ғўр» йигитча князлик клубидаги 44 учрашувда 26та гол урди. Уларнинг 6таси ЕЧЛда! Бундан ташқари, бакалавр унвонига сазовор бўлди. Айтишича, Килиан ўқишда ҳам, футболда ҳам заррача бўлсада қийинчиликка дуч келмаган. Ундан ўта рақобатли касбни қандай эгаллагани ҳақида сўраганларида, елкаларини қисганича жавоб берганди: «Ҳаммаси жуда осон. Футболда ҳам муаммолар бўлмади. Очиғи, майдонга шу қадар барвақт тушганимдан ажабланмадим. Бироқ бу кутганимдан ҳам тезроқ рўй берди».

Лекин бошқалар ҳайратда эдилар. Бу йигитда шу пайтгача бошқаларда бўлмаган ўзгача фазилат мавжуд: ҳаракатлари Олимпиада спринтерини эслатадиган 18 ёшли марказий ҳужумчи Килиан Мбаппе ён-атрофга алангламасдан, фақат олға интилади. У тўпни шу тарзда олиб юради, нишонга аниқ йўллайди. У 18 ёшли Месси ва Роналдуга нисбатан сезиларли даражада мукаммалроқ шаклланган футболчи. Килиан ўзини «ҳар қандай позицияда бемалол ўйнай оладиган замонавий ҳужумчи» деб ҳисоблайди. Унинг тушунтиришига кўра, илгари ҳужумчилар алоҳида ихтисос соҳиблари бўлишган: «Соф ва сохта тўққизлик, еттилик». Мбаппе эса универсал.

2017 йилнинг мартида Франция терма жамоасида дебютини нишонлаган Мбаппе сўнгги 62 йил ичидаги энг ёш ўйинчига айланди. 5 ойдан кейин «ПСЖ» уни 180 млн. еврога харид қилди. Кейинги йилнинг ёзида Россия мундиали иштирокчилари сафидан жой олгач, авваллари Платини ва Зидандек афсоналар ўйнаган 10-рақамли кўк либосга ҳақли эканлигини ҳис этди ва ЖЧга фақт тож учун боришини расман маълум қилди.

ЖЧ чорак финалидаги «дубли» ва Аргентина ҳимоясини ёриб ўтишдаги 37 км/с тезлигидаги спринт Килианга дунё миқёсидаги машҳурликни келтирди. Хорватияга қарши финал арафасидаги ҳолатини у рўй-рост ошкор этганди: «Аввалига бироз асабийлашдим, оз ухладим. Лекин ўйин вақти яқинлашган сари ҳаяжоним камайиб борди».

«ЖЧ финалида ҳар қайси футболчи ғалабага ишонади. Ҳатто Хорватия ҳам зафар қучишига ишонганди. Икки жамоа битта соврин учун майдонга тушганида, ўзингизни рақиб жамоа юта олмаслигига ишонтирасиз. Айнан шу туфайли ғалаба қозона олмаган жамоа умидсизлик уммонига ғарқ бўлади», - дейди ҳужумчи.

Финал куни Килианга мухлислик қилиш учун Бонди аҳолисининг 50 фоизи улкан экран қаршисида жам бўлишди. 4:2 ҳисобидаги зафарни таъминлаш билан у 19 ёшида фаолиятидаги энг юксак чўққини забт этди. Финал оқшомидаги интервьюсида ғалаба аҳамияти ва бу фақат бошланиши эканлигини таъкидлади. Унинг чўққига жуда барвақт кўтарилгани футбол иерархиясини ўзгартириб юборганини тушунди ва «ПСЖ»га қайтгач, аввало, Неймарни хотиржамликка даъват этди: «Бу йил «Олтин тўп»га сен эмас, мен номзод бўламан. Лекин ваъда бераманки, сенинг ўрнингни эгаллашни истамайман».

Бир неча кундан кейин Мбаппе футбол тожини Бондига олиб келганида, минглаб кишилар уни кутиб олдилар: «Бу менинг раҳмат айтиш услубим. Қаердан эканлигимни ҳеч қачон унутмайман».

Янги юксак мартаба

ЖЧдаги ғалаба Мбаппега миллий қаҳрамон мақомини берди: «Ўзимни юлдуз деб ҳисоблайманми? Юлдузлик - мартаба, аммо у менинг бошқалардан устунлигимни англатмайди. Масалан, сайрга чиқиш учун жиддий тараддуд кўриш керак. Кўчада доимо мухлислар эътиборида бўламан. Баъзан улар синчковликни ошириб юборишади. Ўйлайманки, футболчининг шахсий ҳаётини оз бўлсада ҳурмат қилиш керак».

Килианнинг фикрича, буюк футболчилар ўта худбин бўлишлари лозим. Ҳар сафар майдонга ўзига далда бериш билан йўл олади: «Мен энг яхшиман».

Аслида шундай эмаслигини Килиан яхши билади: «Месси ва Роналду яхшироқлар, мен ягона эмасман. Буни ҳамма билади. Агар мен улардан кўпроқ муваффақиятга эришаман десам, худбинлик чегарасидан чиқиб кетган бўламан. Бу ўйинчилар тенгсизлар. Улар статистиканинг барча қонун-қоидаларини бузиб юбордилар, 10-15 йиллик ўта ёрқин фаолиятга эгалар».

«Месси (34) ва Роналду (36) ўз фаолиятларининг аввалидан кўра якунига яқинлар», - дея тан олганди Килиан. а муносиб ҳисса қўшганди. «Бу фаолиятимдаги энг яхши ўйиним бўлди. Ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам жамоамга ёрдам бердим. Яккакурашларнинг 90 фоизида ғолиб чиқдим. Ўйин давомида бирор марта иккиланишга йўл қўймадим».

Кейин Мбаппе «ПСЖ» «Манчестер Сити»дан енгилишидан аввал «Бавария»га 2та гол урди. «Энди ҳар бир оқшомда антикилиан режаларга дуч келиш мумкин. Демак, рақибларимиз ҳам буюк ўйинчи мақомига кўтарилганимни тан олишди», - дейди ҳужумчи.

Парижни тарк этиш Мбаппе фаолиятидаги энг муҳим қарор эканлигига шубҳа йўқ. Уни оила қабул қилади. Юлдуз мақомидаги футболчилар ичида фақат Килиан агентлар хизматидан фойдаланмайди, унга адлия вакиллари кўмаклашадилар. 22 ёшга чиққанида ҳужумчи ўта муҳим қарор қаршисида турган бўлсада, унинг келажак хусусидаги тасаввурини ўзгартира олмайди.

«Хўш, келажак режаларингиз қандай?» қабилидаги саволга у яна самимий табассумини намойиш этган ҳолда жавоб қайтаради: «Барча мавжуд совринларни қўлга киритиш!»

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Источник: interfutbol.uz


Подписывайтесь на InterFutbol в Telegram - свежие новости, развлекательные блоги и аналитические материалы в одном месте.

Популярные новости

МЕЖСЕЗОНЬЕ

Новости

Чемпионаты

тўлиқ жадвал »

«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz
uzbektop.ru ByTOP.info WAPLOG.TOP
aiwe.ru  - Рейтинг мобильных сайтов Rutop.info - Бесплатный рейтинг сайтов. Рейтинг лучших WAP сайтов imtop.su daxshat.top Uzbekona.TopWmSTAT.RuStatok.nettop.realuz.ru