Шу кунларда бутун дунё ЖЧ-2026 бошланишини интизор кутмоқда. Бошқача айтганда, футбол дунёси мундиалга шайланиш жараёнининг сўнгги ҳафтасини ҳаяжон ва хавотир, қувонч ва изтироб оғушида ўтказмоқда. Шу аснода тайёргарлик ниҳоясига етмоқда. Охирги синов вазифасини ўтаб бераётган ўртоқлик учрашувлари натижалари ҳам турлича. Қайсидир мухлис севимли жамоаси ғалабасидан мамнун, бошқаси эса мағлубият сабабини билолмай ҳайрон. Бўлажак мундиалнинг айни мозаикаси шундай. Аслида ҳам шундай бўлиши керак. Мундиалга қизиқиш катталиги боиси шу.
Мамлакатимиз шаҳар ва туманларидаги танлаб олинган мактабларда мундиал томошаси ҳар жиҳатдан қулай бўлиши учун тайёргарлик авжида. Ўқитувчилар, ота-оналар ва ўқувчилар миллий жамоамизнинг тарихий ўйинларини бирга кузатиш иштиёқида елиб-югуришмоқда. Янги Ўзбекистон тараққиётининг улуғвор ютуқларидан бири сифатида алоҳида қайд этишга муносиб воқеани шундай уюшқоқлик билан қарши олиш, биргаликда томоша қилишга ҳозирлик кўрилаётгани таҳсинга лойиқ. Зеро, шўро истибдодидан халос бўлингани ва яна ватанимиз мустақиллиги қайта тикланганига 35 йил тўладиган, бу муборак санага юксак масъулият билан ёндашилаётган қутлуғ дамларда шундай бирдамликнинг кузатилиши кайфиятни, руҳиятни кўтаради, албатта. Янги Ўзбекистонга мундиал туҳфа этган ютуқлардан бири ҳам шу аслида. Футбол миллий жамоамиз воситасида бутун халқимизни ягона мақсад сари олға бошламоқда, бирлаштирмоқда. Бундай юксак кўтаринкилик - давлатимиз футбол сиёсатининг устувор вазифаларидан бири. Шу маънода айтсак, футбол йўналишида ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотларнинг дастлабки натижасига гувоҳ бўлиб турибмиз.
«ИнтерФутбол» таҳририяти ҳам мухлисларимизга янада қулайлик яратиш мақсадида ўз анъанасига мувофиқ, мундиалга аталган махсус сон тайёрлади. Биз билан боғланган ўнлаб мухлислар таъкидлашдики, ЖЧ-2026 учун сотиб олинган ва шинам-салқин хоналарга жойлаштирилган янги телевизор ёнига «ИнтерФутбол»нинг махсус сони ҳам қўйилган. Футбол мухлислари мундиал доирасидаги баҳс-мунозараларда ҳозирданоқ махсус сонда берилган материаллардан фойдаланишаётганини тахмин қилиш мумкин. Кўпчилик тезкор равишда тайёрланган «Хуш кўрдик, ЖЧ-2026»нинг айрим саҳифаларида кўзга ташланган баъзи жузъий камчиликлар фойдаланишга халақит бермаслигини бир овоздан эътироф этди. Газета таҳририяти ҳам мухлислар қизиқишларини ҳисобга олиб, навбатдаги сонларда янги лойиҳалар тақдим этишга ҳозирланмоқда. Хуллас, мундиал мамлакатимиз футбол жамоатчилигининг умумий ишига айланмоқда.
Табиийки, мундиалолди ўртоқлик учрашувлар натижалари ҳар доим ҳам мухлисларни қувонтирмайди. Бинобарин, катта ўйинлар арафасида ташкиллаштириладиган «ўртоқлик» ўз номи билан тайёргарлик синовдан ўтказиладиган назорат баҳсидир. Демоқчимизки, ўртоқлик учрашувларида қайд этилган натижаларга шу позициядан баҳо берилгани маъқул. Ишончимиз комил, кеча Нидерландия термасига қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувини аксарият мухлислар хотиржамлик билан кузатишган. Ҳар ҳолда, Канада термаси билан бўлган назорат ўйинида мағлубият қайд этилганидан сўнг мухлисларимиз руҳиятида яхши маънода совуққон муносабат шаклланди. Ҳа, ўша учрашувдан кейин ижтимоий тармоқларда бир-бирига қарама-қарши муносабатлар болалаб кетди. Ҳар ким ўз қарашини исботлашга киришди. Ҳатто тортишувлар жиддий зиддиятларга айланган ҳолатлар ҳам кузатилди.
Миллий жамоамизнинг ҳар қандай ўйинидан фақат ғалаба кутадиган мухлисларни Эдмонтондаги мағлубият енгил «шок»ка туширди. Натижада айримлар эйфорияга берилиб, хатога йўл қўйган Фаррух Сайфиевни, бирга-бир вазиятдан гол уролмаган Элдор Шомуродовни айблай бошлашди. Ўртоқлик учрашувига тўғри позициядан қарайдиган мухлислар эса футболчиларимизни руҳан синдириб қўймасликни сўраб, маънавий ҳимояга отланишди. Ахир 1998 йилдан буён миллий жамоамиз мундиалда иштирок этишини орзу қилиб яшаяпмиз. Мана, 28 йил ўтиб, шу орзу амалга ошмоқда. Миллий жамоамиз шу орзуни рўёбга чиқариш учун нақ 8 марта уринди ва ахийри 8-циклда мақсадга эришди.
Айтиш шарт эмас, юксак мақсад сари йўлда не-не қийинчиликларга дуч келдик. Шундай экан, миллий жамоамизнинг мундиалга тайёргарлик жараёни мухлисларда қизғин баҳс-мунозаралар уйғотиши табиий ҳол ва айни муддао ҳам. Ахир мухлислар барчасига бепарво қарашса, футболнинг қизиғи қоладими? Фақат баҳс-мунозаралардан ахлоқ-одоб доирасидан четга чиқмаслик мақсадга мувофиқ. Ҳамма шундай бўлиши тарафдори. Лекин ҳаёт хаёлларимиздан бошқача эканлиги барчага маълум. Барибир, қайсидир мухлис бирор футболчимиз ғашига тегади, бошқаси уни қўллаб-қувватлайди. Яна биров эса ҳар иккисига қарши чиқади. Истаймизки, футболчиларимиз шундай зиддиятли манзарага руҳан тайёр туришсин. Улар битта ҳақиқатни сира унутишмасин: мухлисларнинг улкан армияси ҳеч қачон бир хил фикрламайди. Ҳа, футболчиларни ёқлайдиганлар ҳам, ёқтирмайдиганлар ҳам бор. Канада термасига қарши учрашувдан сўнг ҳимоячиларимизнинг жарима майдони ичида ҳам рақибга нисбатан «финт» ишлатишлари, ҳужумчиларимизнинг энг зарур паллада ўзларини йўқотиб қўйишлари, майдон маркази вакиллари елка қўйиш, корпус билан ишлашни меъёридан ошириб юборишлари қаттиқ танқид остига олинди. Айниқса, Элдор Шомуродовнинг яккама-якка вазиятда гол уролмагани эҳтиросга берилувчан ашаддий мухлислар хунобини оширди ва бу ҳолат ўта зиддиятли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Фидойи ҳамкасбларимиз эса футболчиларимиз руҳан эзилишларини ўйлаб, ортиқ даражада қайғуришди. Назаримизда, ҳар икки томон ҳақ. Зеро, ҳар икки тарафнинг мақсади улуғ, яъни қарама-қарши мулоҳазалар охир-оқибат, миллий жамоамиз мундиалда яхши иштирок этишига қаратилган эзгу истак билан боғлиқ. Ҳаммаси яхши. Фақат бир илтимос: шу эзгу истак теварагидаги баҳс-мунозаралар чоғи бир-биримизни қийнаб қўймайлик.
Элдор Шомуродов ҳар бир вазиятдан фойдаланишини истайдиган, бирма-бир ҳолатда гол уролмаганидан хуноби ошадиган мухлислар ўйлаб кўришсин, у маҳорат бобида жаҳон футболи юлдузлари Килиан Мбаппе, Ламин Ямал, Винисуис Жуниор, Эрлинг Холанд, Усмон Дембеле, Гарри Кейн каби ҳужумчиларга тенглаша олиши мумкинми? Элдордан шу машҳури оламлар зиммасига юкланадиган вазифалар ижросини талаб қилиш ўринлими? Бизнингча, миллий жамоамиз сардорининг майдондаги ҳаракатларига нисбатан бу каби юқори талаб қўйиш адолатдан эмас. Тушунайликки, Элдор жаҳон футболи юлдузлари каби ҳар бир вазиятдан фойдаланолмайди. Фақат у эмас, бошқа футболчиларимиз ҳам буни мухлислар талаб қиладиган даражада уддалашолмайди. Ахир шундай муаммо туфайли миллий жамоамиз 8-уринишдагина жаҳон форумида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Унутмайлик, миллий жамоамизнинг ҳар бир аъзоси мамлакатимиз футбол муҳитида энг яхшилар қаторида. Шундай экан, йигитларимизга тўғри позициядан туриб, баҳо берайлик! Ахир улар мамлакатимиз футболининг энг яхшилари. Миллий жамоамиз аъзолари ҳаракатида жаҳон юлдузлари амалга ошираётган ишларни кўриш истаги - маъқул орзу. Аммо ҳозирги ҳолатда бундай бўлиши қийин амалда. Айни шу нуқта ва уни тўғри тушуниш ўзаро зиддиятларга чек қўяди. Энг асосийси, футболчиларимиз ўз даражаларида муносиб тўп суришса, бас!
Муҳаммад ВАЛИ