Қайднома

Қидирув

Ана, холос! Бензин учун 7 соат навбат кутиш...

Ана, холос! Бензин учун 7 соат навбат кутиш...

  07.10.2021 02:20
  0
  103
Ана, холос! Бензин учун 7 соат навбат кутиш...

Англияда кимсан Криштиану Роналдунинг янги автомобилига бензин топилмади. Жаҳон футболининг мегаюлдузига қарашли яп-янги автомобиль ёнилғи қуйиш шахобчасида деярли 7 соат қолиб кетса-я... Бу қанақаси? Ҳар ҳолда, Британиянинг The Sun таблоиди хабарига кўра, «МЮ»да яна дарҳол етакчиликни қўлга олган Роналдунинг шахсий ҳайдовчиси ёнилғи қуйиш шахобчасида 7 соат навбат кутгани ҳолда, янгигина Bentley Flying Spur автомобили (баҳоси - 220 минг фунт)га бензин қуёлмади.

Гап шундаки, айни пайт бутун Буюк Британияда бензин тақчиллиги кузатилмоқда. Қироллик ҳудудида бензин учун узундан-узун навбат қаторлари ортидан баъзи жанжаллар ҳам келиб чиқмоқда. Роналдуга тегишли янги суперкарни унинг уйидан бир неча километр узоқликдаги Shell шахобчасида кўришган. Bentley Flying Spur ёнидаги Range Rover машинаси рулида ҳам Криштиану хонадонининг қўриқлаш хизмати ходими бўлган. Хуллас, соат 14:20да ёқилғи қуйиш шахобчасига келган икки ҳайдовчи 6 соату 40 дақиқа кутишдан сўнг бензинсиз чиқиб кетган. Роналдунинг ўзи бу вақтда Чешир графлиги Уилмслоу шаҳридаги кошонасида эди. «Роналду беҳисоб пули билан ҳам ҳамма қатори бир қайиқда. Унинг хизматкорлари бир неча соат кутишдан зерикишди, шекилли, бензин келишидан умид узиб, кетиб қолишди. Агар шундай давом этса, Роналду ҳам уйидан чиқолмаслиги мумкин...», - деб ёзилди таблоид хабарида.

Маълум бўлишича, Буюк Британияда бошланган бензин муаммоси анча жиддий. Юк машиналари ва ёнилғи танкерларига ҳайдовчилар етишмаслиги ортидан ёқилғи етказиб беришда узилишлар бўлмоқда. Аммо Буюк Британия ҳукумати бу тахминни қатъий оҳангда инкор этяпти. «Бизда бензин тақчиллиги йўқ. Фақат одамларни зарур пайтдагина ёнилғи қуйишга ўргатишимиз керак», - деди Буюк Британия Транспорт вазири Грант Шаппс. Бу орада кўпчилик канистрларда бензин сотиб олишни бошлади. Оқибатда ёқилғи қуйиш шахобчаларида чекловлар ўрнатилмоқда. Хусусан, бир кишига кўпи билан 30 фунт стерлингга ёқилғи сотиш тартиби жорий этилди.

Роналдуга келсак, у ҳашаматли Bentley Flying Spur автомобилини яқиндагина сотиб олиб, шахсий автопаркининг умумий баҳосини 17 миллион фунт стерлингга етказиб қўйди. Португалиялик юлдузнинг автоколлекциясида Ferrari, Lamborghini, McLaren, Rolls-Royce (2та), Porsche 911 Turbo S, Koenigsegg CCX, Bentley Continental, Range Rover, бир неча Audi ва Mercedes бор. Шунингдек, Ferrari Monza (1,5 миллион фунт), Bugatti Veyron Grand Sport (1,7 миллион фунт) ва Bugatti Chiron (2,15 миллион фунт) ҳам Роналду хизматида. 8,5 млн. фунт стерлингга харид қилинган Bugatti Centodieci эса футболчига тегишли энг қимматбаҳо «тойчоқ» ҳисобланади. Бу русум атиги 10 дона ишлаб чиқарилган.

Умуман, бензин етишмовчилиги ортидан Буюк Британияда ўйинлар ҳам қолдирилмоқда. Дейлик, Англия чемпионатининг Бешинчи ва ундан пастки лигалари доирасидаги кўплаб учрашувлар кейинроққа сурилди. 28 сентябрь кунги маълумотга кўра, чамаси жами 35та ўйин қолдирилди, Жанубий ва Шарқий лигалар баҳслари эса тўлиқ тўхтатилди. Зеро, жамоалар бензин йўқлиги туфайли ўйинга етиб боролмаяпти.

М.ПЎЛАТОВ  тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz