Қайднома

Қидирув

Эътироф: Ноёб жавоҳир мисоли

Эътироф: Ноёб жавоҳир мисоли

  24.10.2021 03:30
  0
  196
Эътироф: Ноёб жавоҳир мисоли

- Бу йигитчани ҳаддан ортиқ мақташни ҳам, унга кучлироқ босим юклашни ҳам билолмай қолдим. Аммо елкаларида ўта ақлли бошни кўтариб юрганига кафолат бера оламан! Айтишларича, у ажойиб кишилар даврасида, меҳрибон оила парваришида. Бу ёш иқтидор учун ўта муҳим жиҳат. Ўйлайманки, йигитча келажакда энг яхши футболчилар қаторига киради, албатта. - «Ливерпуль» сардори Жордан Хендерсон оғзидан чиққан бу таъриф Англия футболининг янги ноёб иқтидори Жуд Беллингемга йўналтирилган эди. Эндигина 18 ёшни қаршилаган йигитча аллақачон чинакам юлдузлар қаторидан жой олиб бўлган Килиан Мбаппега тегишли рекордни янгилашга улгурди. Жуд майдонда баъзан безорилик қилишдан ҳам тоймайди. Лекин у таъриф-тавсифига сўз бойлиги камлик қиладиган ажойиб ўйинчи. Ҳар ҳолда, «Боруссия» (Дортмунд) сафида юксалаётган Жуд Беллингемга Англия футболи келажаги сифатида умид боғлашаётгани бежиз эмас.

Дортмунд «Боруссия»си спорт директори Михаэль Цоркнинг анг­лиялик ёш иқтидор билан шарт­нома имзоланганидан ке­йин айтган сўзларига эътибор қаратинг: «Жуд тимсолида асосий жамоамизни қисқа вақт ичида яққол кучайтирадиган ўйинчини кўряпмиз. Тўғри, нисбатан юксакроқ савияга мослашиб олиши учун унга бироз вақт ва имконият бериш керак, албатта». Вақтида англиялик футболчиларнинг туманли ўлкадан ташқарига йўл олишлари ажабланарли ҳол сифатида қабул қилинарди. Дейлик, 1990-2000 йиллар оралиғида фақат Стив Макманаман ва Дэвид Бекхэм, сал кейинроқ Оуэн Харгривзгина хориж клубларда омадли тўп суришди. Айтиш ўринли, шу уч нафар футболчи ҳам истисно тариқасида чиққан камёб ижрочи эди. Хуллас, улар Англиядан ташқарида ҳам талаб даражасида ўйин кўрсатиб, инглизларга нисбатан ишлатиладиган «уй футболчиси» таърифи ўринсиз эканлигини озми-кўп исботлашди. Лекин мисол учун, Майкл Оуэн ёки Жонатан Вудгейт ўз фаолиятларини континентал Европада барбод қилдилар. Бунинг сабаби тушунарли - оролда ўйнаган англияликлар шунга узвий боғланиб қолгандек таассурот уйғотишарди. Бу ёмон ҳам, яхши ҳам эмас. Қолаверса, тарих воқеалари ортда қолди, ҳозир ҳаммаси бошқача.

Қаранг, Киран Триппьер айни пайт «Атлетико»да жавлон урмоқда, қолаверса, навқирон англияликлар гуруҳ-гуруҳ кўринишида Европа сари парвоз қилмоқдалар. Улар орасида ёрқин нур таратган Жейдон Санчо Дорт­мунд клубида мукаммаллик сари қадам босиб, «МЮ» билан шартнома тузиш асносида Англияга қайтди. «Боруссия»да кўзга ташланган Жуд Беллингемни эса Санчо билан параллель равишда эътиборни тортган футболчи сифатида эътироф этиш мумкин. Умуман, англиялик Фаустино Анжориннинг РПЛда пайдо бўлганига нима дейсиз?!

Аввалги мавсум старти арафасида Чемпионшип вакили саналган «Бирмингем»га 17 ёшли Беллингем учун нақ 25 млн. евро санаб берган «Боруссия» тан­қидлар бўронига дуч келганди. Амалда Дортмунд жамоасининг трансферлар бобида шошқалоқ телба эмаслиги тез орада ойдинлашди. Зеро, Жуд дебют мавсумидаёқ Эмре Жан, Юлиан Брандт ва Томас Дилэйни каби таниқли футболчиларни навбатма- навбат захира ўриндиғига «жойлаб» чиқди. Энг муҳим факт: инглиз йигити илк учрашувдаёқ «Дуйсбург» дарвозасини ишғол қилиб, «Боруссия» Д. тарихида гол урган энг ёш футболчига айланди. Муҳими, Беллингем мавсумдаги юксак парвоз эвазига Англия миллий жамоасидан таклиф олди ва Евро-2020 турнирида 2 марта (гуруҳ босқичида Хорватия ва Чехия термаларига қарши учрашувларда) майдонга тушди, якунда финалгача етиб борди. Дебютант учун бундан-да яхшироқ натижа бўлиши мумкинми?

Мана, Жуд Беллингем кузга келиб, шиддатли парвозини давом эттирмоқда. Клубда ички рекорд натижа билан қаноатланиб қолмасликка қарор қилган вундеркинд ЕЧЛ гуруҳ босқичидан ўрин олган «Бешиктош» билан баҳсда рақиб дарвозасига йўл топиб, нуфузли турнир тарихига кирди. Оддий ифода этганда, энди ЕЧЛда гол урган энг ёш футболчи Килиан Мбаппе эмас, балки Жуд Беллингем! Тўғри, Жуднинг «Байер» билан учрашувда кўрсатган қилиғидан ке­йин кўпчиликда унинг шаънига битилган мақтовларни қиймалаб ташлаш истаги туғилгандир. Ҳа, тушунарлики, ҳозирги авлод футболчилари рок-н-рол тингламайдилар. Улар телба эмас, аслзода профессионаллар. Дейлик, Криштиану Роналдуни кумир ўрнида кўрадиган роботларга ўхшайдилар. Ана, Эрлинг Холандга эътибор қаратинг. Ўта осонлик билан голларни қалаштириб ташлаётган норвегиялик юлдузча уларни нишонлашни ҳам қойиллатмоқда. Худди нонга сариёғ суртгандек. Хуллас, эрта тонгда бардан гандираклаб чиқиб келган Пол Гаскойн кечқурун «Уайт Харт Лейн»да «Тоттенхэм» мухлисларини қувончдан карахт ҳолга тушириб қўйган даврлар ортда қолди. Ҳозирги пайт бўлганида, Ширер шунчаки, майдонга тушиш ҳуқуқидан мосуво этиларди. Энди замонавий футболда унга ўхшаганларга ўрин йўқ. Шунчаки, футбол ўзгача кўриниш, яъни тотал профессионал ўйин шаклига кирди. Баъзида ўта зерикарли, лекин...

Беллингемнинг хатти-ҳаракатига  қайтсак, у «Байер» фанати томонидан улоқтирилган пиво идишини чаққонлик билан илиб олди ва бир ҳўплаш «томоша»сини намойиш этди. Ўрнига захира вакили тушаётган паллада эса трибуналарнинг ҳуштакбозлиги остида судрала-судрала кийиниш хонаси томон бамайлихотир қадам босди. Боз устига, «Бай-Арена» билан тилини чиқариш воситасида хайрлашишдан хижолат чекмади. Ўша лаҳзада худди ўтмиш қайтгандек бўлди, кўпчилик кўксида қандайдир оғриқ турди. Умуман, бир қарашда, замонавий футболга ижобий телбаворлик етишмаётгандек. Мана, мисол тариқасида Хоакинни олайлик. У ёзда ичкиликдан карахт бўлиб қолгани туфайли машғулотларга чиқолмаганини тан олди. Аммо 40 ёшни қоралаб қўйган футболчи ҳозирги авлод вакили саналмайди. У «Бетис» сафида ЕЧЛ ўйинларини «ёндирган» янги асрнинг илк йиллари Жуд Беллингем ҳали ёруғ дунёга келмаганди ҳам. Лекин нима бўлганда ҳам, футболга телбалардек (фақат Пепега ўхшаган «суяксиндирарлар» эмас, албатта) кириб келаётган ўйинчиларни кузатиш завқи ўзгача. Очиғи, баъзан айни шу жиҳат етишмаётганини тан олиш ҳам қийин. Яна нима дейиш ммукин, барчага завқ улашганинг ва футбол фақат голлар ёки узатмалар билан чекланиб қолмаслигини эслатганинг учун сенга раҳмат, Жуд.

Бу йигит ўйинларини бир кузатиб кўринг: чиндан ҳам ажойиб!

Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz