Қайднома

Қидирув

Португалча ташқи нигоҳ: «Зеро», «Катастрофа», «Нунка»!

Португалча ташқи нигоҳ: «Зеро», «Катастрофа», «Нунка»!

  27.10.2021 14:14
  0
  296
Португалча ташқи нигоҳ: «Зеро», «Катастрофа», «Нунка»!

Президент сайлови вақти якунланиши арафасида футболимиз жонкуяри, фидойи мухлисимиз Ғуломжон ака Ҳамидов билан қўнғироқлашдик. Домла куйиб-ёниб, жиғибийрон бўлиб сўзлади: «Муҳаммаджон, бу тепса-тебранмасларни нима қилиш керак? Республика миқёсидаги амалдор оиласи билан биргаликда сайловга бормаяпти! Бориш-бормаслик ўзининг ҳуқуқи эмиш!» У кишининг ҳолатини тушуниб, тинчлантиришга уриндим: «Жиддий эътибор берманг! Битта-яримта шундай одамлар учраб туради орамизда. Ўша тепса-тебранмас овоз бермаса, сайлов ўтмай қолармиди?!» Шу сўзларим билан тинчлантириш ўрнига оловга мой сепибман...

Ғуломжон акада бирдан «порт­лаш» кузатилди: «Сиз индамасангиз, мен жим қараб тураверсам, бундайларнинг сони кўпаяверади! Ҳеч бўлмаса, Микаэль Секейрадан ўрнак олайлик! У мўмайгина маошни чўнтакка уриб, индамай юртига кетса бўларди, лекин жим туролмади. «Зеро!», «Катастрофа!», «Нунка!» каби сўзларни айтиш, «порт­лаш» учун одам атрофида юз бераётган жуда кўп адолатсизликлардан хабардор бўлиши керак! Фақат адолатсизликкина кишини шундай чегарадан чиқаради. Юрагидаги адолат йўлбарси Секейрани ҳайқиртирди! Бизнинг юракларимиздаги йўлбарслар эса уйқисирамоқда! Нима, Секейра кўрган иллатларни футболимиз ичидаги одамлар кўришмаяптими, билишмайдими?! Ҳаммасини билишади, шу иллатлар ичида яшашади, бироқ жим юришни маъқул кўришади. Чунки ўзлари ўша иллатли «иш»ларга аралашишган ёки мансаб-мавқеларидан айрилиб қолишдан чўчишади! Бундай ёндашув билан жамият ривожланармиди, футболимиз тараққий топармиди?! Нимага «Пахтакор» Жиззахда «Сўғдиёна»га қарши чемпионларга хос ўйин кўрсатмади? Нимага бир ҳафта аввал катта гапирган Ҳамиджон Актамовнинг жамоаси «Сурхон»ни аяб тўп сурди?! Профессионал бўлгандан кейин майдонда рақибга очко зарурлигини унутиб тўп суриш лозим эмасми?! «Навбаҳор»га қўш қанот бўлиши кутилган Виктор Жалилов ва Самвел Бабаян амалда нима иш қилишди? Жамоанинг ўйинида ижобий ўзгариш кузатилдими ўзи? Ҳаммаси - жамият ишидан узоқлашиш, масъулиятни ҳис қилмаслик, «ўзингни ўйла - ўзгани қўй» тамойили  асосида яшаш натижаси. Мен сайловда футболимиз келажаги учун овоз бердим! Ислоҳотлар бир кун самара беради, албатта ва футболимиз иллатлардан тозаланиб, терма жамоамиз мундиалга боради! Мен каби ёши саксондан ошган нуроний мухлисларнинг орзу ва талаблари шу!» Домла билан мулоқотимиз узоқ давом этди. Ҳартугул, биз яшаб турган жамиятда ёшлар ҳавас қилса арзийдиган, ибрат олишга муносиб шундай нуронийлар бор - шунисига шукр!

Микаэль Секейра масаласига келсак, у газетамизнинг аввалги сонида эълон қилинган «Синиш ва синдириш «қонун»лари» номли мақоламизнинг давомини ёзди гўё. Очиғи, «Турон» бу мавсум Суперлигада мустаҳкам ўрнашиб олиши мумкин эди. Ёзилмаган, очиқ айтилмаган режаларни бузиб, «Нефтчи»ни енггани ва Суперлига йўлланмасини қўлга киритгани учун жамоа роса таъзирини еди. Мутасаддиларнинг мазкур жамоага эътиборсиз қарашгани, хусусийлик мақомида бўлгани учун уни қўллаб-қувватлашмагани, янада аниқроғи, катталарнинг режасини бузиб юборгани сабаб, «Турон» етарлича товон тўлади. Ҳолига маймунлар йиғлайдиган даражага тушган жамоани кўрган қайсидир сармоядор катталар билан келишмай, хусусий клуб ташкиллаши мумкинми энди?! Бунга ишониш қийин! Шу ҳам футболимиз тараққиётига тўсиқнинг бир кўриниши. Фақат бу тўсиқ кимлар томонидан қўйилаётгани билан бировнинг иши йўқ ва ўша «тўсиқчи»лар ҳеч қачон жавобгарликка тортилмайдилар, айбланмайдилар! Аламлиси - шу!

Секейра шу каби воқеалар гувоҳига айланди ва ўзи ҳам ўша иллатлар оловида жизғанак бўлди. Кимлардир ундаги эҳтиросли ҳолатни «Қўқон-1912»дан икки бор учралган мағлубият алами оқибати, деб баҳоламоқда. Инкор этмаймиз, бир жамоадан икки бор енгилиш ҳар қандай мураббий асаб тизимини бузади. Секейра ҳам қисман шундай таъсир доирасида бўлгани аниқ. Бироқ унутмайликки, у - қизиққон ва эҳтиросга бой португал халқи фарзанди. Шу хислатларига қарамай, Секейра бутун мавсум давомида ўзи кўриб, гувоҳи бўлган адолатсизликларни ичига ютгани яққол сезилди. Барибир, меҳмон португал мезбон ўзбек халқидан оз-моз сабр қилишни ўрганибди. Аммо сабрнинг ҳам чегараси бор, сабр косаси бир кун тўлиши муқаррар. Шу маънода «Локо» бош мураббийи ҳайқириқларини чидамасликка йўйиш ўзимизни ўзимиз алдаш билан  баробар. Яна такрорлаймиз, у индамай кетса ҳам бўлаверарди. Негаки, «Локо» мутасаддилари олдида юзи шувит бўлиб қолмади - жамоада ўзига хос ўйин услубини шакллантирди. Демоқчимизки, португалиялик мутахассис футболимиз тақдирига ачинганидан куйиб-пишиб сўзлади. Умид қиламизки, унинг ҳаяжони ва эҳтироси футболимиз мутасаддиларини уйғоқликка чорлайди.

Уйғоқликка чорлаш? Бунда нималарни назарда тутмоқдамиз? Равшан Эрматов ва Диёр Имомхўжаев раҳбарлик қилаётган ташкилотлар футболимиз учун бегонами? Бу икки ташкилот вакиллари футболимизни севишмайдими, уни тараққий топишини исташмайдими? Йўқ, бундай дейиш ноўрин. Улар ҳам барча қатори футболимизни яхши кўришади  ва унинг халқаро майдондаги ғалабалари кўпайишини хоҳлашади. Унда муаммонинг илдизи қаерда? Муаммо шундаки, футболимизни яхши кўриш уйғоқлик ҳисобланмайди. Яхши кўришнинг ўзи тараққиётни белгиламайди. Тараққиёт йўлида наинки яхши кўриш, балки адолатсизликларга қарши қатъий курашиш даркор. Бошқача айтганда, уйғоқлик адолатсизликларга қарши қатъият билан курашмоқликдир! Қайсидир мутасадди ўзи мухлислик қиладиган жамоа ютишини истаб қолса, ЎФА ва ПФЛ ўша мутасадди хоҳиш-истакларига қарши туролмаса, бу - ўлдирилаётган футболга совуққонлик билан қараб туриш билан тенгдир! Аввал ҳам айтганмиз, яна такрорлаймиз: футболимиздаги адолатсизликлар ва қуюшқондан чиқаётган айрим амалдорларнинг хархашаларини кўра-билиб туриб, қўл қовуштириш миллионлар ўйинига нисбатан чинакам душманликдир! Амалидан айрилишдан чўчийдиганлар, сурбет амалдорларнинг зуғумидан қўрқадиганлар футболимизни бошқаришга нолойиқлар!

Микаэль Секейра эҳтиросга берилиб, иллатлардан халос бўлиш йўли сифатида УЕФАга ўтишни айтмоқда. Тўғри, УЕФА бундай адолатсиз тизимни кечирмайди ва бутун бир механизмни янгиланиш, тозаланиш сари боришга мажбурлайди. Акс ҳолда, УЕФА талабларини бажармаган ассоциация аъзоликдан чиқарилади. Хуллас, Секейра айтмоқчи, УЕФАда адолат тамойили устувор. Бироқ бу Осиё футболида адолат йўқлигини англатмайди. Япония ва Жанубий Корея футболида амалиётга татбиқ этилаётган тизим - бунинг исботи. Жанубий Кореяда 10 йилдан ортиқ яшаб, яқинда юртга келган бир танишимиз тезда ортига қайтди. Ундан қайтиши сабабини сўрадик. «Ёлғонларга чидолмаяпман! Соппа-соғ одам ишга боришни хоҳламаса, «Касалман!» - де­йишдан тортинмайдиган бўлиб қолибди бу ерда! Тўғриси, кўниколмаяпман!», - деди у маъюс жилмайиб. Биз нега кўникишимиз керак ёлғонлар ва алдовларга?! ОФК аъзоси сифатида ҳам ёлғон ва алдов пардасига ўралган адолатсиз футбол тизимини янгилаш имконияти мавжуд. Барчаси ўзимизга боғлиқ!

Мулоҳазаларимизни якунлар эканмиз, яна бир мухлисимиз Маъруфхон Тошкандий қўнғироқ қилиб, Жиззахда ногиронлиги бор футболчилар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон 1-чемпионати 3-тур ўйинлари ҳақида маълумотларни етказди. Унинг айтишича, ташкилий ишлар бекам-у кўст бўлибди, бу борада Жиззах вилояти ҳокимлиги том маънода ёрдам қўлини чўзибди. Бироқ гарчанд яна «Матонат» пешқадамликни қўлдан бой бермаган бўлса-да, бошқа жамоалар иштирокидаги учрашувларда ноҳақликлар кўзга ташланибди. «Ҳатто ногиронлиги борлар тўп тепаётган ўйинларда ҳам адолатсизликка йўл қўйилиши - футболимиз инқирозга юз тутганидан далолат!» - деди ғоят ташвишланиб Маъруфхон Тошкандий. Ана, Секейра ортидан Питер Хюистра ҳам ҳакамлик масаласида тушиниш қийин ҳолатлар мавжудлигини тилга олди. Демак, вазият чиндан ҳам, жиддий ва футболимиз инқилобий янгиланишга муҳтож!

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz