Қайднома

Қидирув

Маълумот: «Буде-Глимт» - ҳафта сенсациячиси

Маълумот: «Буде-Глимт» - ҳафта сенсациячиси

  31.10.2021 05:25
  0
  199
Маълумот: «Буде-Глимт» - ҳафта сенсациячиси

Аввалги ҳафта еврофутболнинг асосий сенсацияси Норвегия томонларда қайд этилди - Жозе Моуриньо бошқарувидаги «Рома»ни қабул қилган «нотаниш» «Буде-Глимт» нақ 6:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ҳа, римликлар шимолий қутбга яқин Буде шаҳарчасида шунчаки, «куйиб» қолдилар.

Жозе Моуриньо мураббийлик фаолиятидаги 1008-ўйинда илк марта қўл остидаги жамоанинг 90 дақиқа ичида 6та гол қўйиб юборишидан азобланди. Эътиборни тортадиган томони, «Буде-Глимт» бундан 4 йил олдин ҳам Норвегия чемпионати иккинчи дивизионида ўйнарди. Қаранг, шу жамоа энди «Рома»га чинакамига «тарсаки» берди. «Буде» раҳбарияти 2017 йили жамоани кучайтириш учун қўшимча сармоя манбасини топди, жумладан, академия тараққиётига бирламчи вазифа сифатида қарай бошлади. Шунинг баробарида таркибга арзон, лекин салоҳияти бор легионерлар жалб қилди. Шу тариқа камтарин клуб қисқа вақт ичида янги даражага кўтарилди.

Будеда атиги 60 минг киши яшайди. Шаҳар 2020 йили клубнинг чемпионлигини ўзгача нишонлаганди. Умуман, Буде Шимолий қутб доирасидан атиги 80 км. узоқликда жойлашган. Клуб президенти Хеге Ингебритсен жорий мавсум старти арафасида бу жиҳатга алоҳида тўхталганди: «Географик нуқтаи назардан қарасак, Конференциялар лигасидаги энг ажойиб жамоа бизники. Оддий айтганда, шимол тимсолимиз. Бу  ерда ҳаммаси зўр. Қолган жамоаларни ҳам мавсум­олди йиғини учун ўзимизга таклиф этамиз».

«Буде-Глимт»нинг энг таниқли футболчиларидан бири - бу россия­лик дарвозабон Никита Хайкин. У вақтида «Челси», «Портсмут» ва «Рединг» клублари ёшлар тизимида шуғулланган. Никита кейинчалик «Насьонал» (Португалия), «Мордовия», «Кубань» (Россия), «Бней-Иегуда» ва «Хапоэль» (Исроил) жамоаларида ўйнади. 2020 йили эса «Буде-Глимт» сафига қўшилди ва биринчи мавсумдаёқ Норвегия чемпионати кумуш медалини қўлга киритди. Кейинги мавсумда рус кипери жамоанинг «олтин» ютишига катта ҳисса қўшди. Хайкин Норвегияга 2016 йили «Буде-Глимт»да тўп сурган ҳамюрти Владимир Манзон тавсияси билан йўл олганди. «Аввалига иккинчи дивизион клуби кўригида қатнашиш учун келдим. Якунда жамоада қолиб, бир ҳафта кутишим кераклигини айтишди. Шу орада «Буде-Глимт» варианти юзага келди. Энг муҳими, жамоа биринчи рақамли дарвозабон қидираётганди. Бир ҳафталик муддат охирида ўйинда имкон беришди ва жуда ишончли туриб, дарвоза дахлсизлигини сақлаб қолдим. Шундан сўнг Марбельяда ташкиллаштирилган ўқув-машғулотларида қатнашдим ва якунда 1 йиллик шартнома остига имзо чекдим», - дейди россиялик футболчи клубдаги тарихи ҳақида.

ЯРИМ АСРЛИК АНЪАНА

«Буде-Глимт»нинг яна бир ажойиб хусусияти бор - мухлислар трибуналарда улкан сариқ тусли тиш чўткасини силкитадилар. Бундай ғалати анъана 1974 йили пайдо бўлган. Ўшанда ўйинлардан бирида мухлислар етакчиси Арнулф Бендиксен трибунада тиш чўткаси ёрдамида дирижёрлик қилган. Кейин чўткани катталаштириш ғояси туғилган ва фанатлар дорихонага буюртма беришган. Муҳими, янги атрибут ҳаммага ёқиб қолган. Эндиликда мухлислар учрашувларда катта-кичик тиш чўткаларини силкитишади. «Буде-Глимт» фанатлари ҳаттоки, сафар ўйинларига ҳам чўтка олиб боришади. Асосийси, клубнинг ўзи ҳам чекланган миқдорда тиш чўткалари ишлаб чиқаради.

Сўз

- Бу ғалабадан кейин мени нима дейишлари керак? «Беназир»? Йўқ, бу ибора ишлатилган. Яхшиси, «Чиройли» таърифини ишлатишсин... Кьетиль Кнутсен («Буде-Глимт» бош мураббийи).

Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz