Қайднома

Қидирув

Футбол атрофида: 100 фоиз «Веган» бутса

Футбол атрофида: 100 фоиз «Веган» бутса

  06.11.2021 05:35
  0
  222
Футбол атрофида: 100 фоиз «Веган» бутса

Футбол технологиясида инқиболий янгилик - «МЮ» ярим ҳимоячиси Поль Погба ва Стелла Маккартни (The Beatles гуруҳи бас-гитарачиси қизи) Adidas компанияси билан ҳамкорликда 100 фоиз «веган» бутсаларни тақдим этишди. Бу мутлақо янги маҳсулот бўлиб, асосий хусусияти шуки, пойафзал жинсга боғлиқ эмас ва энг экологик тоза материаллардан тайёрланган. Қуйидаги мақоласи шу ҳақда.

Поль Погба тақдимот маросимида ўз ҳайратини яшириб ўтиргани йўқ: «Ҳа, футболчиман, лекин мода ва дизайнга ҳам қаттиқ қизиқаман. Умуман, ҳар доим бу йўналишларни алоҳида ўрганишни хоҳлаганман. Ҳозирги ҳамкорлик мен учун алоҳида аҳамиятга эга, зеро, Стелла ижодининг чин мухлисиман. Янги бутса яратиш ғояси карантин режими авж олган паллада туғилганди.  Ўша вақт футболни қўмсаётган ва менга айнан ўйин етишмаётганди. Қисқаси, футболга уйғун нарсаларга эътибор қаратиш имконияти юзага келди. Айтишим керак, бу бутса жуда бақувват ва ноёбдир». Аслида Adidas гуруҳи экологик тоза бутса тайёрлашга биринчи марта қўл ургани йўқ. Зеро, компания 2017 йилдан буён океан чиқиндиларидан футболка ва кроссовкалар тайёрлаш борасида тинимсиз изланмоқда. Германияликлар хусусан, 2018 йили футбол бозорига ҳам шундай ғояни олиб киришди. Дейлик, Adidas брендининг деярли барча асосий ҳамкорлари («Ювентус», «Бавария» ва «Реал») бутун мавсум океанлардаги пластик идишларларни қайта ишлаш асосида яратилган учинчи тўплам футболкаларидан фойдаланди.

Умуман, ҳозирда пластик чиқиндилар - океанлар учун катта муаммо. Adidas ижодкорлари бу сафар футболчи Погба услуби ва қўшиқчи Маккартни қадриятлари уйғунлигида бутса моделини яратишди. Компания вакилларининг айтишларича, бу бутун сайёра учун муҳим ҳаракат ҳисобланади. Улар бутса воситасида экология ва услубни уйғунлаштиришганига шубҳа қилишмаяпти. «Мода - Погба шахсиятининг ажралмас қисми. Мақсад шуни бутсада акс эттириш», - деди Стелла тақдимот маросимида. У Буюк Британияда экологик маҳсулотлар маликаси ҳисобланади. Яъни Стелла хоним океан чиқиндиларидан либос тикиши ва шу мавзуда реклама роликлари суратга олиши билан машҳур. Стелла Маккартни олдин ҳам Adidas билан ҳамкорлик қилган. Жумладан, Британия терма жамоаси спортчилари 2012 йилги Лондон Олимпиадасида айнан Стелла яратган либосларда қатнашишган. Маккартни хоним шундан буён Германия компанияси билан янада кенг кўламда ишламоқда. Стелла ҳозирда бутун Британияда аёллар спорт кийимларини яратиш борасида мутлақ етакчи ҳисобланади. Янги бутса модели (Predator линиясининг бир қисми, лекин чекланган миқдорда ишлаб чиқарилади) Стелла учун футбол саноатида дебют чиқишдир. Кўринишидан, Маккартни хоним энди бу соҳада янада жиддийроқ ижод қилади. Ҳар ҳолда, унинг иши ҳаттоки, Пол Погбадек нозиктаъб юлдузга ҳам ёқди.

Янги бутса «веган» оиласига мансуб. Умуман, футболдаги вегетарианлик ҳақида нима дейиш мумкин? Миллионлар ўйинида вегетарианликка доир хабарлар йилдан-йилга кўп тарқалмоқда. Тўғри, охирги вақтларда бу жараён негадир нисбатан сокинлашди. Лекин ҳозир ҳам кўплаб қизиқарли «яшил» лойиҳалар мавжуд. Мисол учун, 2016 йилдан буён Англия футболи қуйи бўғинида «ям-яшил» клуб - «Форест Грин» фаолият юритмоқда. Бу жамоа футболчилари тўлиқ вегетарианлар, стадионнинг ёритиш тизими қуёш батареялари билан жиҳозланган, қолаверса, арена фақат ёғоч маҳсулотларидан қурилган. 2020 йили эса «Челси» ҳам вегетарианлик ривожига ҳисса қўшди. Аниқроқ айтсак, Лондон клуби Англияда биринчи бўлиб стадион атрофида фақат вегетарианлар учун мўлжалланган фуд-корт очди. Бу акция Британия аҳолиси саломатлигини яхшилашга қаратилган дастурни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилди. Ҳаттоки, ҳукумат расмийлари ҳам «Челси» ташаббусини олқишлашди. Айниқса, эко-фаоллар. Футболчилар орасида ҳам вегетарианлик кенг тарқалмоқда. Гўшт маҳсулотларидан воз кечган энг машҳур футболчи - бу «Арсенал»нинг собиқ ҳимоячиси Эктор Белье­рин. У гўшт тановул қилмасликни очиқ-ошкора тарғиб этяпти. Крис Смоллинг ҳам 2019 йили (ўшанда «МЮ» ҳимоячиси эди) худди шундай маънода гапирганди: «Гўшт маҳсулотларидан воз кечиш кундалик ҳаётимда катта ёрдам берди. Эндиликда тринежёр залидаги машғулотлар енгил ўтяпти, ўйинлардан кейин тикланиш ҳам анча кам вақт талаб қилмоқда. Танамдаги энергия бутун кунга етяпти. Қисқаси, вегетарианлар сафига қўшилганимдан хурсандман, бунинг фойдаси жуда катта».

Аслида вегетарианликнинг спортчилар учун фойдаси илмий томондан ҳали ҳам исботланган эмас. Тушунарлики, Пог­ба ва Маккартни билан ҳамкорликда яратилган бутса модели бу масалани теранроқ тушунишга ёрдам беролмайди. Аммо энди майдонда дунёдаги биринчи «веган» бутса бор. Поль Погба айнан шу бутсада ўйнашга ваъда берганини ҳам қўшимча қилиш ўринли.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz