Қайднома

Қидирув

Ракурс: Модрич ва мафия

Ракурс: Модрич ва мафия

  08.11.2021 03:30
  0
  206
Ракурс: Модрич ва мафия

Лука Модрич - Болқон футболи тарихидаги буюк футболчилардан бири. Ушбу минтақадан фақат у ва болгариялик Христо Стоичков «Олтин тўп»ни қўлга киритишган. Хорват эса, умуман, Месси ва Роналдунинг 10 йиллик гегемонлигини тўхтатган. Лука 35 ёшида ҳам Мадрид «Реал»ининг етакчиси ҳамда Европанинг энг кучли ярим ҳимоячиларидан бири бўлиб турибди.

Бироқ ўз юртида Модричнинг обрўсига бироз путур етгандек. Сабаби -«Динамо Загреб» клубининг собиқ мутасаддиси, хорват футболининг «кулранг кардинали» Здравко Мамичнинг ноқонуний ишларига аралашган. Хорватия футболи ака-ука Мамичлар назоратига ўтганига анча бўлган, ушбу ном эгалари юқори лавозимларни эгаллаган ҳолда, футболчиларни Европа клубларига сотиш пайтидаги коррупцион схемалар эвазига пул ишлашган. «Динамо»нинг собиқ спорт директори Здравко Мамич Лука ҳамда «Зенит» ҳимоячиси Деян Ловреннинг бу ишларга алоқадорлигини таъкидлаган - гўёки, ушбу футболчилар ҳам ўзларининг мос равишда «Тоттенхэм» ва «Лион»га трансферларидан улуш олишган. Шу боис, жараёнга алоқадор барчага нисбатан жиноий иш қўзғатилди.

«Мен «Динамо»дан Модрич ва Ловрен орқали пул олганман, - деганди Здравко Мамич судда. - Модричнинг ҳисобида биз биргаликда шахсий шартнома асосида ишлатган бир неча миллион сақланиб турибди. Модрич пулларни олиб, оила аъзоларимга тўлади. Агар ака-ука Мамичлар пулларни қайтарадиган бўлишса, Деян Ловрен ва Лука Модрич ҳам шундай қилишлари керак. Бундан хурсанд эмасман, уларга ёмонлик тиламайман. Бу футболчиларни ишга алоқадор деб ҳисоблашмаганидан мамнунман, лекин улар ҳам қатнашчи саналишади. Лука ва Деянда клуб бюджетига тегишли пуллар бор. Судда улар ҳам тан олишди: «Ҳа, биз шартнома имзолаганмиз. Пулларни олганмиз».

Суд жараёни 2015 йилда бошланган, 2018 йилда Лука Модрич «Олтин тўп»ни қўлга киритиши арафасида гумонланувчилар рўйхатига кирганди. Воқеа шундай бўлганди: 2008 йили Загреб «Динамо»си ярим ҳимоячини «Тоттенхэм»га сотган. Лука судда Англия клуби унинг учун 21-23 млн. евро атрофида пул тўлаганини тан олган, аммо сумманинг ярми бонус сифатида ўзига текканини қўшимча қилган. Бироқ Модричнинг «Динамо» президенти Здравко Мамич билан келишуви бўлган - компенсация мутасаддига тегиши керак эди. Футболчи суммани нақдлаштириб, уни Здравконинг укаси Зоранга берган. Модрич буни тан олиш орқали, беихтиёр молиявий фирибгарлик моддасига биноан жиноятчига айланди. Зеро, ушбу факт сабабли «Динамо» клуби 10-11 млн. евро атрофида пул йўқотган, уларнинг ҳаммаси президент чўнтагига кетган.

Модрични 1-2 йиллик озодликдан маҳрум этиш жазоси кутарди, шу боис, кейинги сафар кўрсатма берганида, сўзидан қайтиб, аввал айтганларини инкор этди. Узоқ йиллар аввал рўй берган воқеани эслай олмаслигини айтди. Аммо шу тариқа Лука бошқа бир қонунбузарликка йўл қўйди - ёлғон кўрсатма бериш учун ярим йилдан 5 йилгача қамоқ жазоси та­йинланади! Фактга кўра, Модрич бир-бирини инкор этувчи икки хил кўрсатма берган. Шу тариқа «Реал» юлдузи Хорватия спортидаги энг шов-шувли ишда бош гувоҳлардан бирига айланди.

Хорватия ҳукумати Мамичларнинг судьяларга босимини камайтириш мақсадида судни камтарона Осиек шаҳрига кўчирди. Натижада ака-укаларга қамоқ жазоси тайинланди - Здравко қамалди, укаси Зоран эса «Динамо» бош мураббийи лавозимидан бўшаб, Боснияга қочди. Тўғри, бир неча ойдан сўнг халқаро ордер эвазига у ҳам қўлга олинди.

Модрич эса «сувдан қуруқ чиқиш»ни уддалади - 2018 йилнинг октябрида жиноят ишлари бўйича Загреб суди ундан ёлғон кўрсатма бериш айбловини олиб ташлади. Мазкур ҳолатда нимага асосан бундай қарор чиқарилганига изоҳ берилмади. Мамлакат прокуратураси қаршилик билдирмади - эҳтимол, Луканинг мақоми ўз сўзини айтгандир («Олтин тўп»­ни қўлга киритди, терма жамоаси билан жаҳон чемпионати финалигача етиб борди), эҳтимол, Модричга Мамичлар босим қилиб, такрорий суд муҳокамасида сўзларини инкор этишга мажбурлашгандир.

Лекин Луканинг ўз юртидаги обрўсига катта путур етди - суд иши давом этаётган паллада футболчи яшаган меҳмонхона деворларида ҳақоратга тўла граффитилар чизилди, қўшимчасига, фанатлар Модричдан термада сардорлик боғичини олиб қўйишни талаб қилишди.

Дарвоқе, бу хорватиялик ярим ҳимоячи ҳаётидаги дастлабки суд иши эмас. 2017 йили Испания ҳукумати Лукани Люксембургдаги компания орқали солиқларни тўлашдан бўйин товлаганликда айблаганди. Натижада Модрич 1 млн. евро миқдорида жарима тўлаганди.

Д.АЛИМОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz