Қайднома

Қидирув

«Ҳотамтойлик»нинг охири ёки футболдаги оксюморон

«Ҳотамтойлик»нинг охири ёки футболдаги оксюморон

  10.11.2021 03:30
  0
  262
«Ҳотамтойлик»нинг охири ёки футболдаги оксюморон

Тилшуносликда «Оксюморон» атамаси мавжуд. Моҳиятан ўзаро номувофиқ сўзлардан ташкил топган бирикмаларга нисбатан ишлатилади бу термин. Руслардаги «Мёртвые души» («Ўлик руҳлар»), «Оптимистическая трагедия» («Ҳаётбахш фожиа») каби бирикмалар бунинг ёрқин мисоли. Халқимиз нутқида учрайдиган ширин дард, ширин ёлғон, аламли ютуқ каби бирикмаларни ҳам мисол тариқасида келтириш мумкин. «Пахтакор» - «Сурхон» ва АГМК - «Андижон» учрашувлари томошаси чоғи шу лингвистик тушунча ёдимизга тушди.
Гоҳо хафа бўлганинг ёки қувонганингни билмайсан, ўзингни ўзинг тушунолмайсан киши. Ҳар икки учрашувдан олдин кўпчилик  аутсайдерларнинг очко олишларига ишонди негадир. Чунки «Сурхон» ва «Андижон» учун 3 очконинг аҳамияти шу қадар катта эдики, буни алоҳида таъкидлашга ҳожат йўқ...

«Андижон» Олмалиқда АГМК дарвозасига 2та гол уриб олганидан сўнг «Ана, айтмадикми...» қабилидаги гап-сўзлар кузатилди мухлислар ўртасида. Бироқ якунда ўйиндан олдинги «прог­ноз» ўзини оқламади, яъни АГМК суперкамбэкни амалга оширди. Миржалол Қосимов жамоаси шу иши билан ўзбек футболи муҳитида шаклланиб қолган негатив қарашларга зарба берди. Одатда мавсум якунидаги бу каби учрашувларда турнир жадвали карвонбошилари аутсайдерларга «ҳотамтойлик» қилишарди. Миржалол Қосимов эса ҳотамтойликни ўзига эп кўрмади. Президент сайловидан кейин Шавкат Мирзиёев юзакилик ва сохтакорликка чек қўйиш лозимлигини алоҳида таъкидлаганди. Давлатимиз раҳбарининг муросасиз мулоҳазалари ўз таъсирини кўрсата бошлади, назаримизда. Агар АГМК камбэк уюштирмаганида, мухлислар бу ҳолни тўғри тушунишмасди, барибир. «Андижон» ҳақиқатан ҳалол ғалаба қозонган тақдирда ҳам, ўзини оқлолмасди. «АГМК ўйинни сотди», - деб ҳисобларди негатив қарашлар шаклланган футболимиз муҳити. Миржалол Қосимов шундай танқид-дашномлар остида қолишни истамади ва жамоасини ғалаба сари етаклади. Виктор Кумиков эса шундоқ кўриниб турган ғалабани қўлдан чиқарди. «Андижон» астойдил курашганида, ўйинни ғалаба билан якунларди. Лекин АГМК бунга қарши чиқди, Қосимов мухлислар сабр косаси тўлиб-тошаётганини чуқур англаб етди. Шунинг натижасида ҳамма кутилмаган, ажабланарли камбэк гувоҳига айланди. Камбэкнинг ўзи моҳиятан кутилмаганлик, ажабланарли воқеликдир. Хуллас, АГМКнинг ғалабаси ўзбек футболидаги тараққиёт шуъласи сифатида кўпчиликни қувонтирди. «Андижон» мухлислари бу ўринда бизни тўғри тушунишади, деб ўйлаймиз. Йўқ, гап АГМК ғалабасида эмас, балки мавсум охиридаги учрашув натижаси «прогноз»ларни чил-парчин этганида, шаклланган негатив қарашларни парчаланганида.  Биз «Андижон» ва АГМК, умуман олганда, барча жамоаларга нисбатан бир хил позициядамиз. Тўғри, «Андижон» учун 3 очко сув ва ҳаводек зарурлигини биламиз, лекин бу ўринда ўзбек футболида қотиб қолган қарашлар аста-секин бўлса-да, чекинаётгани ҳам муҳим.

VAR тизими ишлатилмаслиги маълум қилингач, «Пахтакор»га қарши учрашувда «Сурхон» ғалаба қозониши мумкинлиги, ҳакамлар томонидан «нағма» кўрсатилиши билан боғлиқ «прогноз»лар ҳам янгради. Тўғриси, бу каби тахминларга унча ишонмадик, негаки, «шерлар» шу куни мухлислар ҳузурида чемпионликни нишонлашарди. Чемпионлик нишонланишидан аввал енгилиш - шармандаликнинг ўзгинаси. Балки шунинг учундир «пахтакорчилар» «Сурхон»га қарши баҳсда яйраб-яшнаб тўп суришди, хусусан, Шерзод Темиров миллий жамоа бош мураббийи Сречко Катанецга ўз имкониятларини кўрсатиш учун роса елиб-югурди. Қойил! Шундай бўлиши керак ҳар доим! Авваллари бундай эмасди. Энди ҳаммаси ўзгар­япти! Ўзгараётгани рост бўлсин! Биз яшаб турган жамиятда ортга қайтмас ислоҳотлар сари борилаётгани рўй-рост айтилмаганида, балки аввалги «сценарий»лар такрорланармиди?! Хайриятки, «Пахтакор» ҳаддини билди, ўйини билан қадрини кўз-кўзлади. Албатта, бу ҳол «Сурхон» учун фожиа. Бироқ шу фожиа-натижа, не ажабки, ўзбек футболи тараққиёти учун қувонч нишонасидир. Зиддият - шу. Кимнингдир  хафагарчилигини ўйламай, хурсандчилигимизни очиқ-ойдин ёздик. Оксюморон - шу. Аслида футболимиздаги бу каби ўзгаришдан мағлуб бўлган «Андижон» ва «Сурхон» мухлислари ҳам қувонишса, арзийди. Бинобарин, ижобий ўзгаришлар учқунлаётгани - барчамизнинг ютуғимиз. Умумфутбол тараққиёти - айрим клубларнинг бир ўйиндаги мағлубиятидан устун. Футболда бир-бирининг кўнглини авайлаш кетмайди. «Машъал» ва «Турон» ўзаро дуранг ўйнамай, қайсидир жамоа кичик ҳисобда бўлса ҳам ғалаба қозонганида, ўзгаришлар ҳақидаги хулосаларимиз янада кучлироқ ўз ифодасини топарди мазкур мулоҳазаларда.

«Насаф»нинг ОФК кубоги финалидаги мағлубиятидан кейин ҳам шу каби қарама-қарши туйғулар кечди кўнглимиздан. Мағлубият аламли, лекин ёш жамоа финал баҳсида иштиёқ билан тўп сураётганини кўриб, завқланганимиз ҳам рост. Очиғи, бу сафар Рўзиқул Бердиев рақибни баҳолаш ва ўйин тактикасини танлашда адашди. У финал баҳсини рақибга босим ўтказиш билан бошлашни режалаштирган бўлса, ажабмас. Рақиб эса буни «Насаф»дан аввалроқ ва муваффақиятлироқ амалга оширди. Рўзиқул Бердиев воқеалар ривожи бундай тус олишини ўйламаган ва кутилмаган ҳолатларга ҳозирлик кўрмаган, чоғи, «Насаф» зарба еб яна олдинга ташланаверадиган аждар каби олға интилаверди. Натижада жамоа потенциал жиҳатдан устун бўла туриб, рақибдан енгилди ва бу мағлубиятда Рўзиқул Бердиевнинг «ҳисса»си катта. Изланувчан мураббийнинг ярасига туз сепиш бир қарашда ноўрин, бироқ мулоҳазаларимизни ошкора ёзмасак ҳам бўлмайди. Ютса бўладиган ўйинни ютқазиш у каби биз учун ҳам аламли. Клубларимиз ҳар доим ҳам финалда ўйнамайди. Шу боис ҳал қилувчи баҳс арафасида рақибга қарши энг мувофиқ услубни танлаш жуда-жуда муҳим. Рўзиқул Бердиевдан шундай омадли танловни кутгандик, албатта. Тан олайлик, ўзимизни ғалаба учун ишонтириб қўйган эканмиз. Майли, бу финал изсиз кетмайди, барибир. «Насаф»нинг келгусида бу каби финалларда яна иштирок этишига ишончимиз комил!

Ўтган шанба оқшоми «Барселона» мухлисларида ҳам шунга ўхшаш кайфиятни кузатдик. Сафарда «Сельта» дарвозасига биринчи бўлимнинг ўзида 3та жавобсиз гол урилгач, аксарият мухлислар «Челси» - «Бернли» учрашуви томошасига ўтишди. Яширишга ҳожат йўқ, ўзимиз ҳам шундай йўл тутдик. Лондондаги учрашув якунлангач, яна «Сельта» - «Барселона»га қайтдик. Ажабо, ҳаммаси бошқача. Ҳисоб - 2:3. Қизиқишимиз ортди. Яна денг, «Сельта»нинг икки голи ҳисобга олинмабди. Баҳснинг сўнгги дақиқалари «Барса» бошига яна бир бор гурзи билан урди. Каталония жамоаси мухлисларининг ўша лаҳзалардаги ҳолатини тасвирлаш қийин: 3:0дан сўнг 3:3ни ҳазм қила олган мухлисларга офарин. Қиш ортидан баҳор келади, баҳор ортидан ёз. «Барселона» мухлислари ҳам энди Хави «баҳор»и­ни интизор кутишмоқда. Биз футболимиздаги ислоҳот учқунларидан шодланганимиз каби «Барселона» мухлислари нажотни Хавидан излашмоқда. У эса ўз жамоасига экстракласс, лекин бебошроқ футболчи Поль Погбани олиб келмоқчи. «МЮ» эркатойи қилиқлари олдида Филиппе Коутиньонинг захирачи ролида майдонга тушишдан бош тортгани ҳеч нима эмас. Футбол оламида шу каби оксюморон ҳолатлар учраб туради, азиз мухлис! Муҳими - шундай ҳолатларга тайёр туриш!

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz