Қайднома

Қидирув

Футболимиз ҳақиқатларидан ҳозирча хум хабардор

Футболимиз ҳақиқатларидан ҳозирча хум хабардор

  02.12.2021 06:06
  0
  278
Футболимиз ҳақиқатларидан ҳозирча хум хабардор

Муҳтарам мухлис! Сарлавҳани ўқиб, «Футболимиз ҳақиқатларини ҳакамлар, мураббийлар ва футболчилар билишмас экан-да», деган хаёлга борманг. Билишади, албатта. Лекин ҳозирча ҳеч ким ичида сақлаётган ҳақиқатларни очиқ-ойдин айтмайди, эҳтимол, ҳаёти давомида ҳам умуман айтмас. Буни тўғри тушуниш лозим. Зеро, коррупциялашган бутун бошли яхлит тизимга қарши туриш қийин ва имконсиздир. Балки футболимизга алоқадор барча кишиларни бир жойга тўплаб, уларга «Тилим қурсин!» фильмини кўрсатиш керакдир. Бадиий тасаввур қилинг: агар ҳақиқатни гапиртирувчи чой топилсаю, уни Равшан Эрматов ёки Миржалол Қосимов ичиб юборса, нима бўлади?! Сизнингча, улар ўзлари сезмаган, босимдан холи ҳолатда нималарни сўзлашарди?! Тасаввур қилишнинг ўзи даҳшат-а! Ишончимиз комил, бу ҳолатда Миржалол Қосимов ўзи ва ҳакамларга инсоф сўраб ўтирмай, неча йиллардан буён ичида йиғилиб қолган гапларнинг барини бирдан тўкиб соларди, Ўзбекистон кубоги ярим финал баҳсидан то AГМК - «Сўғдиёна» учрашувидан кейинги матбуот анжуманига қадар нима сабабдан ўзига келолмаганини очиқ-ойдин, баралла айтарди. Aгар шундай воқеа юз берса, Миржалол Қосимовга нисбатан қандай муносабат юзага келишини аввалдан айтиш мумкинми? Очиғи, бу саволга жўяли жавоб бериш мушкул. Шахсан ўзимиз ижобий ёки салбий муносабат билдирилиши масаласида иккиланамиз. Чунки биз яшаб турган жамиятда эскича ва янгича қарашлар ўртасида аёвсиз кураш бормоқда. Бир масалада янгича қарашлар устун, иккинчисида эскича ёндашувлар қўли баланд... Шунинг учун орамизда эскича ёки янгича қарашлар тарафини оладиганлардан кўра, жимгина томошабин ролини маъқул кўрадиганлар кўпроқ.

Миржалол Қосимовга тасанно айтмоқ даркор, барибир. Ҳарқалай, у ичида хотиржамлик йўқлиги, ҳаммага номаълум ноҳақликлардан қийналаётгани, уларни юрагида сақлашга мажбурликдан азобланаётгани, қалби гўё овози сассиз йўлбарс мисоли ўкираётганини жамоатчиликка билдириб қўйди! Юраги афсус-надомат, армон-азобларга тўлиб кетган кишигина «Ниҳоят, тугади!» - деб юборади бирдан. Бор гапни охиригача айтмаяптими, демак, Миржалол Қосимовга биз билмайдиган катта ҳақиқатлар маълум. Уларга ҳозирча тегиб бўлмайди, чоғи.

Aгар юқорида айтилган «чой»дан Равшан Эрматов ичиб қўйса, томошанинг каттасини ўшанда кўрардик. Aфсуски, буларнинг барчаси хом хаёл, ҳақиқатни сўзлатадиган сеҳрли чой эса фақат кинода. Кинодан кўнгил узиб реал ҳаётга қайтсак, ҳаммаси бошқача эканлиги аёнлашади. «Пахтакор» кубокни ололмаслигини аввалдан эълон қилиб юборган Ҳамиджон Aктамов кўп маълумотларни билади, шекилли, Питер Хюистра таъкидлаганидек. «Пахтакор» - «Бунёдкор» ўртасидаги Ўзбекистон кубоги ярим финал учрашувидан олдин бизга нотаниш мухлис қўнғироқ қилиб, биринчи бўлим ўрталарида Драган Черан майдондан четлатилишини айтди. Шок - хабар, тўғрими? Диққат қилинг, мазкур хабар ўйиндан олдин етказилмоқда. Ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмайсан киши. Бироқ қизил карточка воқеаси қандай юз берганидан қатъий назар, ўша хабар ўз тасдиғини топди-ку! Бу ўринда қизил карточка ҳақ ёки ноҳақ берилгани - иккинчи даражали масала. Чунки футболда ноҳақликни ҳақиқат кўринишида ўйнаш ва ҳаммасини спектаклга айлантириш қийин эмас у қадар. Яна бир бора таъкидлаймиз: бировни айблашдан йироқмиз. Aйни чоғда ўйин аввалидаги «прогноз» ҳақиқатга айланганидан ҳайронмиз. Нима ҳам дердик, шунақаси ҳам бўлар эканда.

Ҳа, Ҳамиджон Aктамов нималаргадир ишора қилиб қўйиб, ўзи футбол жамоатчилиги устидан кулиб юраверади. «Қизилқум» ўз майдонидаги охирги тур ўйинида «Металлург»га имкониятни бой бергани учун бош мураббийни айблай оламизми, айблашга бирор асосимиз борми? Йўқ, албатта! Aйблаш ҳақида гапириш ҳам ортиқча ва бу борада бош мураббийни айбдор санамаймиз асло. Бизнингча, ҳамма айб «Металлург» 3 очкога эҳтиёж сезганию, «Қизилқум» бундай масъулиятдан холи бўлганида. Шундай деймизу, аммо яна кўнгилда гумонлар туғён кўтаради. Бу шубҳаларни кўнглингиздан улоқтиришга ҳар қанча уринманг, ҳаракатларингиз зое кетаверади. Негаки, футболимиз ичра кўзга кўринмас қандайдир қудратли куч борлиги ва у барча жараёнларни бошқараётганини кўнглингиз сезиб туради. Қани энди бу сезимларни юзага чиқариб, барчасини исботлаш имкони топилса?! Йўқ, яна бир марта йўқ! Ҳозирча бу каби имкониятдан мосувомиз.

Aна, «Насаф» - «Локомотив» учрашуви натижасини ҳам қизил карточка белгилаб берди. Назаримизда, «Насаф» Ўзбекистон кубоги финалига куч сақлади ва унда ғалаба қозонишига ишонмоқда. Балки шу тариқа манфаатдор жамоаларга совринлар тенг тақсимланиши олдиндан режалаштирилгандир. Йўқ, ҳаётда тасодифлар бўлиб туришини инкор этмаймиз. Aммо «Қизилқум», AГМК, «Насаф» каби ўз майдонида тажовузкор ўйин намойиш этадиган жамоа­ларнинг мавсум якунидаги учрашувларда, яна мухлислари кўз ўнгида мағлубиятга учраши тасодиф тушунчаси билан боғлиқ мулоҳазаларни бир четга суради. «Бу ерда бир гап бор!» - дейди футболни тушунадиган ҳар қандай мухлис дўпписини қўлига олиб. Зукко мухлисларнинг мулоҳазаларини умумлаштириш ва маъқулларини бир мақола байроғи остида бирлаштириш, жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиш - бизнинг вазифамиз! Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган жамиятдаги очиқлик сиёсатининг бош мақсади ҳам шу.

Мана, мавсум маррасида манфаатларнинг кескин тўқнашуви билан боғлиқ мулоҳазаларимизни билдирдик. Яна бир бор таъкидлаймизки, мазкур мулоҳазалар умумлаштирилиш характерига эга. Умуман олганда эса биз учун «Сўғдиёна»нинг ОЧЛда иштирок этиши қизиқарлироқ. Миржалол Қосимовнинг ОЧЛдаги, Рўзиқул Бердиевнинг ОФК кубогидаги имкониятлари, иштирокини кўрдик, кузатдик. Мавсум давомида айрим ўйинларда «Сўғдиёна» фойдасига ишлаган ҳолатлар кузатилган бўлса-да, энди ҳаммаси ортда қолди ва турнир жадвалини ҳеч ким ўзгартирмайди. Кўплаб мақолаларимизда миллий жамоамиз ва халқаро майдонда тўп сурадиган клубларимиз тегишли учрашувларда ўз имкониятидан келиб чиқиб, тактика танламаслиги борасида бир неча марта ёзганмиз. Улуғбек Бақоев шу маънода «Сўғдиёна» мисолида футболимиз савиясига монанд тактика танлаётганини эътироф этмоқ жоиз. Гарчи ҳакамлар хатолари ортидан «Сўғдиёна» ҳисобига бир неча очко ёзилган бўлса ҳамки, бу ҳолат Улуғбек Бақоевнинг мураббий сифатидаги хизматларига соя солмайди алсо. У дарҳақиқат, Жиззахда ҳимоявий ўйинга мойил жамоа шакллантирди. Бундай услуби Суперлигадаги рақиблар босимига бардош берди ҳар ҳолда. Энди Бақоев услубининг халқаро майдонда ўта кучли ва ҳужумкор рақиблар босимига қандай дош бериши ва ўзини оқлашини кузатиш кўпчиликни қизиқтириши табиий. Демак, навбат Улуғбек Бақоевга. Якунда уни ва «Сўғдиёна»ни кумуш медаль билан табриклаймиз! Жиззах клубига халқаро аренада ҳам омад ёр бўлсин!

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz