Қайднома

Қидирув

Тақдир: Тегирмон тошидек оғир қисмат ёхуд ПЕР ВАЙРАУХНИНГ ФОЖИАЛИ ТАРИХИ

Тақдир: Тегирмон тошидек оғир қисмат ёхуд ПЕР ВАЙРАУХНИНГ ФОЖИАЛИ ТАРИХИ

  04.12.2021 09:09
  0
  315
Тақдир: Тегирмон тошидек оғир қисмат ёхуд ПЕР ВАЙРАУХНИНГ ФОЖИАЛИ ТАРИХИ

Дания футболида чақмоқдек порлаб чиққан вундеркинд барча кучли клублар эътиборини ўзига қаратганди, бироқ «Аякс» ва «Челси»даги қисқа фаолиятдан кейин 19 ёшидаёқ футболдан кетишига тўғри келди. Ўтган йилнинг 30 октябрида Даниянинг В.Т. нашри қисқа хабар чоп этди: «Болалигидан улкан умид уйғотган Пер Вайраух 32 ёшида вафот этди. Унинг жасадини ўз уйидан топишди». Бу хабар футболчини билган даниялик мухлисларни «шок» ҳолатига туширди, хорижда эса фожиадан бехабар қолишди. Фақат «Челси» мухлисларига тегишли баъзи сайтларда Вайраух ўлими ҳақида ёзилди, йирик медиа вакиллари эса сукут сақлашди... Sports.ru сайтининг қуйидаги мақоласи шу оғир қисмат ҳақида.

***

2006 йили «Челси» ёшларини шуғуллантирган Брендан Рожерс The Athletic нашрига берган интервьюсида даниялик йигитчани алоҳида мақтаганди: «Пер айниқса, тўп билан нозик муомала қилади ва юқори савияга чиқиш салоҳиятига эга». Бироқ бундай бўлмади. Нега, нима сабабдан? Ҳаммаси атиги 50 минг аҳолиси бор Видовре шаҳарчасида бошланган. Копенгаген яқинидаги бу ўлка иқтидорларга бой бўлиб, футбол оламига бир қатор юлдузларни тортиқ этган. Дейлик, Даниэль Аггер ва Янник Вестергорни. 2004-2008 йилларда «Видовре» ёшлар жамоасини бошқарган «Брентфорд» бош мураббийи ёрдамчиси Брайан Ример хотиралари: «Пер етук футболчи учун зарур барча фазилатларга эга эди. У 4-3-3 тактик чизмасида қанотдан жой олишни ёқтирарди. Шунинг баробарида ҳужумчи позициясида ҳам талаб даражасида ўйнарди. Юқори жисмоний кўрсаткичлар, ақл, кучли зарба, тўпни ишонч­ли тарзда қабул қилиш, жарима майдонида эффектли ҳаракатланиш, жамоадошини қулай вазиятга олиб чиқиш, мустақил равишда ҳужумни якунлаш... Хуллас, Пер ноёб иқтидори билан ажралиб турарди». Вайраухнинг ўзи Ронал­диньо ва Куарежма каби нафис ҳаракатланишга интилар, «Ливерпуль» ва Робби Фаулер ўйини шайдоси эди. Пер гарчи «Ливерпуль» назарига тушмаган бўлсада, унга даъвогарлар етарли эди - «Атлетико», «Реал», «Аякс», «Челси», «МЮ», «Эвертон», «Тоттенхэм»... «Видовре» Англия сафари давомида «Норвич» билан куч синашган ва ўйиндан сўнг Англия клуби академияси мураббийи Рики Мартин даниялик йигитчани кўрикка чорлаган, уни трансферига жиддий қизиққанди. «Вайраух савиясидаги ўйинчилар «Норвич» каби жамоалар тизимида жуда кам. Пернинг айнан шу клуб сафига қўшилишини истагандим. Чунки у сокин ва хавфсиз муҳитга муҳтож эди...», - деганди Ример. Умуман, «Видовре»га Перга оид 14та таклиф тушганди. Якунда футболчи ва унинг яқинлари «Аякс» вариантини танлайдилар. Ахир «Аякс» - иқтидорли йигитлар учун идеал клуб.

***

Данияликлар азалдан Амстердамда ўзларини жуда эркин ҳис этадилар. Муҳими, «Аякс» ёш иқтидорларни юлдуз мақомига олиб чиқиши билан шуҳрат қозонганди. Хуллас, Златан Ибрагимовичдек даҳони кашф этган Жон Стин Ольсен ҳам Вайраухни юксак салоҳият соҳиби ва тезкор футболчи сифатида таърифлайди. Пернинг энг керакли клуб сафига қўшилганига ҳеч ким шубҳа қилмаганди. Бироқ даниялик йигит ўша вақт Тоби Алдервейрелд, Ян Вертонген, Грегори ван дер Виль каби юлдузларни тарбиялаган «Аякс»да кутилмаган муаммоларга йўлиқади. «Ҳаммаси рисоладагидек бошланди, аммо рақобат ўта кучли эди. Пер бегона муҳитда яшаш, янги тилни ўзлаштиришда қийналди. Энди муҳитга мослашганида, клубда жиддий ўзгаришлар юз берди: янги спорт директори ва мураббийлар штаби. Ўйлашимча, шу ўзгаришлар дебютантга оғирлик қилди» - дея хотирлайди Ример. Камига Вайраух «Аякс»нинг сафар учрашувида жароҳатланади. Шунга қарамай, кейинги баҳс­да ҳам майдонга тушади ва вазият янада чигаллашади. У шундай мураккаб ҳолатда ҳам «Аякс» сафига қўшилиб, адашмагани, фақат жароҳат ўз вазифасини мукаммал адо этишига имкон бермаётганини таъкидлайди. Бироқ Ример бошқача фикрда: «Барчасини ўйлаб, хулоса чиқардим - Пер Амстердамга йўл олиб, хато қилди. Ахир иқтидорли йигитча кўпчиликка мақбул аҳил клубда шунчаки, назардан четга чиқди. Пер кейинчалик кичик хонада ёлғиз яшаб, севимли ўйи­ни, жамоатчиликдан ажралиб қолди».

***

Шу орада ўта мураккаб вазиятга тушиб қолган футболчи билан боғланган Франк Арнесен уни «Челси»га чорлайди: «Лондонга кел. Фао­лиятингни қайта бошлашга уриниб кўрамиз».«Челси» Перга ишонганди, лекин амалда унинг фаолияти бутундай барбод бўлди. 2006 йили қаторасига 2-марта АПЛ ғолибига айланган «Челси» ёш иқтидорларни излашга зўр беради. Бунинг самараси ўлароқ, испаниялик Серхио Техера, словакиялик Мирослав Стох ва исроиллик Бен Саар «кўклар» сафидан жой олишади. «Перни ҳанузгача яхши эслайман. У бақувват ва иқтидорли вингер эди. Эндигина 17 ёшга тўлган бўлсада, ёшлар жамоасидаги барча йигитлардан кучли эканлиги яққол сезилиб турарди», - дейди Брендан Рожерс. «Челси» қайсидир маънода катта таваккалга қўл урганди. Ҳар ҳолда, Вайраух жароҳатларга боғлиқ муаммога ўралашиб қолганди. «Қийин бўлишини билардик. Шунга қарамай, унга имконият беришни лозим топдик. Агар ўз савиясини тиклай олса, ажойиб ижрочига айланарди. Вайраух бир қатор учрашувларда майдонга тушди, аммо қайта жароҳатланди», - дейди «Челси»нинг собиқ скаути Франк Арнесен.

«Челси» шифокорлари янги мавсум арафасидаги тиббий кўрикдан сўнг Вайраухни жиддий огоҳлантиришади: «Агар етарли дам олиб, жароҳатдан тўлиқ қутулмасанг, фаолиятинг барбод бўлади». Энди Рожерснинг фикрларига эътибор қаратинг: «Иқтидорли йигитлардан баъзан омад юз ўгиради, гоҳида уларга тиғиз машғулотлар оғирлик қилади. Пер худди шундай ҳолатга тушди. Хуллас, ноёб иқтидорнинг юқори даражага кўтарилишига беқарорлик халал берди». Аслида Вайраух Лондонда ўзини «Аякс»дагидан яхшироқ ҳис этади  - янги муҳитга осон мослашади. Бироқ охир-оқибат, тўлиқ даволанмаган жароҳатлар ўз таъсирини кўрсатади. «Челси» Перни жарроҳлик амалиёти учун Финляндияга юборади. Афсуски, операция ҳам самара бермайди. Барча шифокорлар Вайраухнинг оёқлари профессионал футбол юкламаларига дош беролмаслигини айтишади. Шу тариқа Пернинг фаолияти бошланмай туриб, ниҳоясига етади. У ўшанда атиги 19 ёшда эди.

***

Вайраух Данияга қайтиб, фаолиятини тиклашга уриниб кўради. Унга қадрдон клуби - «Видовре»да ўйнашни таклиф этишади. Мухлислар Пердан 2 йил аввалги дриблинг ва тезкорликни кутмаган бўлишсада, жамоанинг элитага чиқишига ёрдам бера олишига ишонишганди. Бироқ амалда барчаси бошқача тус олади. Вайраух «Видовре»нинг атиги 1та ўйинида захирадан майдонга тушади, шунда ҳам жамоа «Фредерисия»дан 1:4 ҳисобида енгилади. Шундан кейин ҳам қўл кўтармаган Пер «Копенгаген» ҳаваскорлар жамоасига йўл олади. Чунки ўзи яна юқори савияда ўйнай олишига ишонарди: «1,5 йил аввал «Челси»да бошқа ўйнолмаслигимни айтишди. Чунки шифокорлар тикланиш жараёни қанча вақтга чўзилишини аниқлай олишмади. Кейин нисбатан қисқа фурсатда саломатлигимни тикладим. Тўғри, спорт формасини кўтариш жуда секин кечди. Энди салоҳиятимни синаб кўриш вақти келди. Фаолиятимни қайта бошлаш ниятидаман, профессионал шартнома тузишдан умидворман. Асосий мақсадим - шу». Аммо жароҳат Пернинг рисоладагидек шуғулланишига йўл қўймайди. Охир-оқибат, Вайраух 1 йиллик самарасиз уринишлардан кейин тақдирга тан беради.

***

Шу паллада Пернинг собиқ агенти Сорен Лерби ёрдам қўлини чўзади. Яъни эски қадрдонини скаутликка таклиф этади. Вайраух шу тариқа Лербининг мижозлари - Пьер-Эмир Хейбьерг ва Виктор Фишерга ўз тажрибаси билан кўмаклашади. 2016 йилнинг ноябрида омадсиз футболчи ўз агентлигини очади, яна коллеждаги ўқишини тиклайди. Кейин молия соҳасига ўтиб, укаси Бо ёрдами билан Nordea банкида фаолият бошлаганди.

Пернинг вафоти ҳаммани «шок»ка туширди. «Унинг ўлимидан карахт ҳолга тушдик. Акам ҳақида фақат ижобий фикр билдираман. У ҳамма билан тил топишарди. Бу дафн маросимида яққол намоён бўлди. У билан видолашиш учун жуда кўп одам келди. Ҳеч қачон бу қадар кўп гул кўрмагандим», - дейди Бо. Вайраух «Челси»дан кетгач, 12 йил яшади. У 32 йиллик умрида атиги 3 мавсум профессионал футболчи сифатида тўп сурганди...

Теессайд университетининг 2015 йили олиб борган тадқиқоти натижаларига кўра, фаолиятини эрта якунлашга мажбур бўлган футболчилардан 55 фоизи руҳий муаммоларга йўлиқади. Вақтида «Ньюкасл» ва «Ноттингем Форест» ёшлар жамоаларида ўйнаган Дэвид Блейклок кейинчалик фан билан шуғулланиб, клиник психология мавзусида докторлик ишини ёқлади. «Бир неча йил клубнинг тараққиёт лойиҳасида қатнашган ёшлар спортга қаттиқ боғланиб қолишади. Агар улар бу боғлиқликни бутунлай йўқотиб қўйишса, руҳан чўкадилар. Бу ўз навбатида, кучли стресс ҳолатини келтириб чиқаради», - деганди Блейклок.

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz