Қайднома

Қидирув

Нигоҳ: Совуқ ҳам бир восита...

Нигоҳ: Совуқ ҳам бир восита...

  05.12.2021 03:30
  0
  191
Нигоҳ: Совуқ ҳам бир восита...

Канадаликлар ЖЧ-2022 саралашидан ўрин олган Коста-Рика ва Мексика термаларига қарши ўйинларни мамлакатнинг совуқ ҳаво ҳукм сураётган ҳудудида ўтказиб, 6 очко олишди ва КОНКАКАФ гуруҳида яққол пешқадамга айланиб олишди. Ҳа, футболда жамоа­лар гоҳида иқлим шароитидан ҳам унумли фойдаланишни ўрнига қўяди. Рақибларни «музлатиш» - ақлли йўл... Sports.ru сайти ижодкорлари айни шу ҳолатга алоҳида эътибор қаратишди.

КОНКАКАФ ҳудудидаги ЖЧ-2022 саралаш довони энг қизғин паллага кирди. Айни пайт 8та жамоани ўз ичига олган ҳал қилувчи босқичда Канада миллий жамоаси 1-ўринни эгаллаб турибди. Бу кутилмаган ҳолат, албатта. Мисол учун, хоккей ватани вакиллари ҳозирга қадар футбол бўйича жаҳон чемпионатида атиги 1 марта қатнашишган (1986 йили). Энди уларда мундиалга иккинчи марта йўл олиш учун ажо­йиб имконият юзага келди. Канада термаси гуруҳда бежиз етакчилик қилмаяпти - таркибида кўплаб ёш истеъдодлар бор, ўйин ҳам яхши йўлга қўйилган. Шунинг баробарида жамоа натижасида кичик найранг­ларнинг ҳиссаси бор. Мана, канадаликлар ноябрь ойига белгиланган Коста-Рика ва Мексика термаларига қарши муҳим ўйинлар учун Эдмонтондаги «Ҳамдўст­лик» стадионини танлашди. Бу шаҳар эса континентал иқлим ҳудудида жойлашган (қишда қуруқ совуқ, ёзда иссиқ ҳаво ҳукм суради). Тушунарлики, мезбонлар иссиқликка одатланган Коста-Рика ва Мексика термалари футболчиларини совуқда қийнашни режалаштиришганди.

Канада миллий жамоаси бош мураббийи Жон Хердмэн октябр ойи бошида иқлим масаласига тўхталиб, барчасини тан олганди: «Ҳа, бошқача шароитда ўйнаб, вазифани соддалаштиришимиз ҳам мумкин эди. Бироқ ўзимизни ўйламадик, аксинча, аввало, рақибларни мураккаброқ ҳолатга солишни хоҳладик. Мақсад тайин - Канадага келувчи жамоаларни вақт тафовути воситасида қийнаш ва ноқулай шароитда ўйнашга мажбур этиш. Зеро, ўзимизда 1-2 кун ичида Эдмонтон иқлимига мослашиш имконияти бор, рақибларда эса йўқ. Хуллас, бу вариантни тўлиқ маъқуллайман». Мана, ўйланган «комбинация» иш бериб, Канада термаси ҳар икки ўйинда ғалаба нашидасини сурди.

Коста-Рика термаси билан баҳс вақти ҳарорат -3 даража бўлди. Якунда канадаликлар «Лилль» ҳужумчиси Жонатан Дэвид томонидан урилган ягона гол эвазига 3 очко олишди. Мексикаликларга қарши ўйин вақти эса ҳаво ҳарорати -6 даражагача тушди. Тўғри, майдон қордан тозаланди, бироқ совуқ... Бунисида «Бешиктош» ҳужумчиси Кайл Ларин «дубл»­га эришди ва канадаликлар яна ғалаба қозониб, ҳал қилувчи саралаш раундида тўплаган очколари сонини 16тага етказишди. Натижада хоккей ватани жамоаси 8-турдан кейин гуруҳ пешқадами бўлиб олди. Энг яқин таъқибчи - АҚШ термаси 15 очкога эга бўлса, Мексика ва Панама жамоаларида 14 очкодан бор. Дарвоқе, канадаликлар 1976 йилдан буён ЖЧ саралашида Мексика термаси устидан ғалаба қозонолмаётгандилар.

Қизиқ, қандай иқлим шароитида ўйнаш мумкин эмас? ФИФА кучли совуқ туфайли ўйинни қолдириш бўйича аниқ кўрсатма бермаган. Хал­қаро профессионал футболчилар ассосиациялари федерацияси эса ҳаво ҳарорати -15 даражадан пастга тушса, машғулотлар ва ўйинларни қолдириш ёки бекор қилишни тавсия этади. Ўз ўрнида эслатиш керак, ЖЧ-2026 мезбонлик ҳуқуқи Канада|АҚШ|Мексика учлигига берилган. Эдмонтондаги «Ҳамдўстлик» эса Канада томонидан ўйинлар учун танланган 2та стадиондан бири ҳисобланади. Тўғри, ЖЧ-2026 ёз ойларида ўтказилади, шундай экан, мундиал иштирокчиларининг қор устида ёки изғирин совуқда ўйнашларига тўғри келмаса керак.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz