Қайднома

Қидирув

«Қироллик клуби»нинг ҳашаматли ютуғи

«Қироллик клуби»нинг ҳашаматли ютуғи

  05.12.2021 06:00
  0
  223
«Қироллик клуби»нинг ҳашаматли ютуғи

«Реал» яна Чемпионлар Лигаси 1|8 финалига чиқди («Шериф» устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди) ва ЕЧЛ «плей-офф» босқичи иштирокчисига айланиш бўйича ажойиб серияни давом эттирди, қаторасига 19-марта Мадридликлар 2003|2004 йилдан (ўшанда турнирнинг замонавий регламенти қабул қилинганди) буён гуруҳ босқичидан ўтишмоқда - бунақаси жаҳоннинг ҳеч бир клубига насиб этмаган. Мазкур мақолада «Реал» турли даврларда Европанинг асосий клублар турнирида қандай қатнашганига эътибор қаратди.

** Мавсум-2003|2004да «Реал» бўлажак ғолиб - Жозе Моуриньонинг «Порту»си билан бир гуруҳдан жой олганди. Мадридликлар квартетда биринчи бўлишди, «Марсель» ва «Партизан» ҳам ортда қолдирилди. Кейинги босқичда «Бавария»дан ўтишди, аммо ярим финалда «Монако»га имкониятда бой беришди (ваҳоланки, биринчи ўйинда 4:2 ҳисобида ғалаба қозонишганди).

** ЕЧЛ-2004|2005да «Реал» яна қийналди: гуруҳда иккинчи поғонани Киев «Динамо»сига бой беришларига бир баҳя қолди (атиги битта кўп очко тўплашди, 6-турдан аввалги икки ўйинда ютқазишганди), «плей-офф»да эса «Юве»га ютқазишди.

** Мавсум-2005|2006да иккита яққол фаворитга эга гуруҳ ҳосил бўлди: «Лион» ва «Реал» кутилганидек, 1|8 финалга йўл олишди, «Русенборг» ва «Олимпиакос» эса деярли имкониятга эга бўлишмади. Тўғри, кейинчалик «Реал» яна қоқилди - иккита учрашувда атиги битта гол урган «Арсенал» чорак финалга йўл олди.

** Кейинги мавсумда шунга ўхшаш ҳолат кузатилди: «Реал» ва «Лион» «плей-офф» иштирокчисига айланишди («Стяуа» ҳамда Киев «Динамо»си ортда қолдирилди) - мадридликлар «Бавария»га ютқазиб, яна илк раунддаёқ мусобақани тарк этишди.

** ЕЧЛ-2007|2008да «Реал» «Олимпиакос» билан бирга гуруҳдан чиқди («Вердер» ва «Лацио» ортда қолдирилди). Лекин кейин таниш сценарий такрорланди: «Рома»га ютқазиш (ҳар иккисида 1:2 ҳисобида) ва турнир билан хайрлашиш.

**Мавсум-2008|2009да «Реал» ва «Ювентус» ўз квартетлари ғолибига айланишди, «Зенит» ва БАТЭ гуруҳда қолиб кетишди. Сўнгра мадридликлар «Ливерпуль» олдида ожиз қолишди (икки ўйинда - жами 0:5) ва Чемпионлар Лигасини тарк этишди. Ҳа, 2000 йилларнинг иккинчи ярми «Қироллик клуби» учун анча нохуш кечганди.

** Келгуси мавсум - гуруҳда (рақиблар - «Милан», «Марсель», «Цюрих») етакчилик ва «плей-офф»да навбатдаги фалокат («Лион»га кичик ҳисобда ютқазишди). Шу тариқа «Реал» қаторасига 6-марта 1|8 финалда имкониятни бой берди - кейинчалик ишлар анча юришиб кетди.

** ЕЧЛ-2010|2011 «Реал» иштирокида ижобий ўзгаришлар кузатилди: фақатгина қудратли «Барса»га ютқазишди ва ярим финалгача етиб боришди. Бунгача мадридликлар «Лион» ва «Тоттенхэм» тўсиғидан ўтишган, гуруҳ босқичида эса «Милан», «Аякс» ҳамда «Осер»ни ортда қолдиришганди. Ҳа, шунақа даврлар бўлган, ҳозир Франция клуби ҳатто топ-дивизионда ҳам ўйнамаяпти.

** Мавсум-2011|2012 ҳам нисбатан муваффақиятли кечди: «Лион» (ҳа, яна шу жамоа), «Аякс» ва Загреб «Динамо»си рақиблик қилган гуруҳда осонгина ғолиб чиқишди. Фақат ярим финалда «Бавария»га (пенальтилар сериясида) ют­қазишди.

** Кейинги кампанияда «Реал» Германиянинг бошқа клуби - Юрген Клопп бошчилигидаги «Боруссия»га имкониятни бой берди. Дастлаб «Аякс» ва «Манчестер Сити» ҳам жойлашган гуруҳда дорт­мундликларга етакчиликни топширишди, кейин эса айнан «қовоғарилар»га ярим финалда етарлича рақобат туғдира олишмади (Дортмундда 1:4 ҳисобида мағлуб бўлишган).

** Мавсум-2013|2014дан «Реал»нинг Чемпионлар Лигасининг ёрқин даври бошланди - ўшанда жамоанинг ҳозирги бош мураббийи Карло Анчелотти «Қироллик клуби»ни бош соврин сари етаклаганди. Финалда биз Серхио Рамоснинг ўша голи ва «Атлетико» устидан эришилган ёрқин ғалаба гувоҳига айлангандик. Мадридликлар «Галатасарой», «Ювентус» ва «Копенгаген» билан бир гуруҳда атиги икки очко йўқотишганди.

** ЕЧЛ-2014|2015-да «Реал» ғолиб бўлмади: ярим финалда «Ювентус» устунликка эришди - дарвоқе, бундан аввал яна «Атлетико»ни мусобақадан чиқариб юборишганди. Ваҳоланки, гуруҳни максимум очко билан якунлашган, «Базель», «Ливерпуль» ва «Лудогорец»дан сезиларли фарқ билан ўзиб кетишганди.

** Мавсум-2015|2016 «Реал»нинг ЕЧЛдаги тотал ҳукмронлиги бошланиши бўлди - ўшанда Зайниддин Зидан илк бор турнирда ғолиб чиқди, финалдаги рақиб яна «Атлетико» бўлди, аммо бу сафар пенальтилар сериясида ютқазди. Гуруҳда «ПСЖ», «Шахтёр» ва «Мальмё» ортда қолдирилди.

** ЧЛ-2016|2017да қаторасига иккинчи марта бош совринга эга чиқишди. Бу сафар Диего Симеоне жамоаси ярим финалда мағлуб этилди, ҳал қилувчи баҳсда эса «Ювентус»­ни осонгина енгишди (4:1). Ваҳоланки, гуруҳда иккинчи ўринни эгаллашганди: «Боруссия» Дортмунд биринчи поғонага жойлашган бўлса, «Легия» ва «Спортинг» ортда қолганди.

** «Шалпангқулоқ»ни кетма-кет учинчи марта қўлга киритиш - «Реал» ушбу фантазияни барибир, амалга оширди. «Плей-офф» босқичида мадридликлар «ПСЖ», «Ювентус», «Бавария» ва «Ливерпуль» клубларини ортда қолдиришди - анча жиддий рақиблар! Эътиборлиси, бу сафар ҳам гуруҳда иккинчи бўлишганди: бу сафар «Тоттенхэм» олдинга ўтиб кетди, «Боруссия» Дорт­мунд ва АПОЭЛ эса сезиларли фарқ билан ортда қолдирилди.

** Келгуси мавсум «Реал»нинг ишлари юришмади: Испанияда совринсиз қолган жамоа ЕЧЛ 1|8 финалида кутилмаганда «Аякс»га имкониятни бой берди - ўшанда бутун дунё де Йонг, де Лигт ҳамда Ван де Бекни таниди. Эҳтимол, мадридликларни гуруҳдаги енгил ғалаба хотиржам қилгандир: «Рома», «Виктория» ва ЦСКА Москва нисбатан ёмон қатнашишганди. Балки, гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаш фойдалироқмикан?

** ЕЧЛ-2019|2020да ҳам мадридликлар ажойиб иштирок этишди, дейиш мушкул: фақат гуруҳдан енгил ўтишди («ПСЖ»га ютқазишди, аммо «Брюгге» ва «Галатасарой»дан юқорироқ поғонани эгаллашди). «Плей-офф» яна ўхшамади: икки марта «Манчестер Сити»га имконият бой берилди (ҳар гал 1:2 ҳисобида).

** Ўтган кампания­да «Реал» кучли тўрт­ликка кирди: «плей-офф»да «Аталанта» ва «Ливерпул» тўсиғидан ўтишди, кейин эса Томас Тухелнинг «Челси» жамоасига тўқнаш келишди - бўлажак ғолиб устунроқ чиқди. Мусобақа бошланиши анча муваффақиятли кечганди: натижалар бўйича тенг ҳисобланган гуруҳда «Боруссия» Менхенгладбах, «Шахтёр» Донецк ва «Интер»-дан устунроқ чиқишди.

Ниҳоят, «Реал»нинг қаторасига 19-марта ЕЧЛ «плей-офф» босқичига чиққанини ҳам кўрдик. «Қироллик клуби» «Шериф» ва «Шахтёр»ни ортда қолдиргани аниқ, 6-турда «Интер» билан ўйинда биринчи ўрин масаласи ҳал этилади.

Европа Чемпионлар Лигаси регламенти фақат мавсум-2024|2025дагина ўзгаради, унгача «Реал» шундоқ ҳам буюклик мақомига эга бўлиб улгурган сериясини янада яхшилаш имкониятига эга.

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz