Қайднома

Қидирув

Александр Глеб: «The Sun қанчалик «сарғиш»лигини яхши биламиз»

Александр Глеб: «The Sun қанчалик «сарғиш»лигини яхши биламиз»

  05.12.2021 10:10
  0
  255
Александр Глеб: «The Sun қанчалик «сарғиш»лигини яхши биламиз»

Беларусь футболи афсонаси Александр Глеб яқинда Москвада меҳмон бўлиб, Маркус Гисдолнинг «Локомотив»даги биринчи машғулотида қатнашди. Собиқ футболчи Sport24 нашрига берган интервьюсида ушбу ташрифдан мақсади ҳақида гапирди. Шу билан бирга, бошқа кўплаб қизиқарли мавзуларда суҳбат бўлиб ўтди.

- Александр, анчадан бери кўриниш бермайсиз. Ҳозир нима қиляпсиз?

- Мен учун биринчи ўринда оила, болалар. Кўп вақтимни улар билан ўтказаман. Қолаверса, яқинда мураббийликка ўқишга кирдим.

- Қизиқ, «Красава»га берган интервьюда сиз ҳеч қачон мураббийлик қилмаслигингизни айтгандингиз. Гончаренконинг қанчалик асабийлашганини кўряпмиз. Ўша вақтдан бери нима ўзгарди?

- Виктор Михайлович билан яхши дўстмиз, қўшнимиз. Ва, албатта, уни кузата туриб, мураббийлик қанчалик машаққатли ва асабий касб эканлигини тушундим. Мени безовта қиладиган биринчи нарса оиламдан узоқлашишдир. Агар яхши мураббий бўлишни истасангиз, унга амал қилишга мажбурсиз. Ушбу касбга тўлиқ киришмасдан ишлаш ярамайди. Шубҳаларимга қарамай, буни синаб кўришга қарор қилдим. Кўрамиз, нима бўларкин. Ҳозирча ўрганиш билан овораман, мутахассислар билан гаплашяпман.

- Гончаренко ЦСКАни тарк этгач, кўпчилик унинг чарчаганини айтишди. Бироқ дарҳол «Краснодар»ни қўлга олгач эса бундан ҳайрон қолишди.

- Виктор Михайлович ЦСКАдаги фаолияти давомида чарчаган, деган таассуротга эга эмасдим. У ўзини ишга 100 фоиз бахшида этади. Ҳар бир ўйин ажойиб тажрибага эга ва бу ҳис-туйғуларнинг барчасини ўзи бошидан ўтказади. Аммо у футболни шунчалик яхши кўрадики, узоқ вақт бўш ўтира олмади. Шунинг учун дарҳол «Краснодар»ни қабул қилиб олди.

- ЦСКАдаги Гончаренко билан «Краснодар»дагиси ўртасидаги фарқни кўряпсизми?

- Назаримда, у «Краснодар»да ўзини ишончлироқ ҳис қилмоқда, чунки ҳозир тажрибалироқ мутахассисдек кўринмоқда. Айтганча, Виктор Михайлович ЦСКА ҳақида фақат яхши гапларни айтди. У шундай катта клубда ишлаганидан жуда хурсанд эди. Энди у янги босқичда: «Краснодар»­да ҳаммаси ёққанини, раҳбариятнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини ҳис қилганини билдирди. Ишончим комилки, агар бу мавсум бўлмаса, кейингисида «Краснодар» албатта, олтин медаллар учун курашади.

- Мураббийлик курсларига эндигина киришдингиз. Бунгача тирикчилик қандай ўтди?

- Футболчилик фаолиятим давомида нималардир жам­ғаришга улгургандим. Шунингдек, Беларусда анчадан бери ўз бизнесимга эгаман. Минск марказида офислар учун биноларимни ижарага бераман. Бундан ташқари, 2008 йилда ҳамкорим билан ташкил этган бизнесимиз ҳақида ғурур билан гапира оламан. Бу қуйма материалларни қадоқлаш учун кўп қатламли крафт қоғоз қопларини ишлаб чиқариш заводи: цемент ва турли қурилиш аралашмалари учун, шунингдек, кўмир, сут кукуни, ўғитлар, қуруқ ем каби маҳсулотлар. Ишлаб чиқариш базаси Гродно вилоятидаги Новоельня шаҳарчасида жойлашган. Бугунги кунда Беларусь республикасида бизникига ўхшаш ишлаб чиқариш корхонаси йўқ.

- Кўпчилик собиқ футболчилар фаолияти тугаганидан кейин пул масаласида қийналишларини тан олишган.

- Ўйнаганингизда, сизда шартнома борлигини ва яхши пул доимий равишда келишини тушунасиз. Сиз бундай эътибор билан харажатларингизни назорат қилмайсиз. Тугатганингизда, бу борада кўп нарса ўзгаради. Ўз бюджетингизни ёзишингиз керак, бу ойда нима сарфлашингиз мумкинлигини ва нима қилмаслигингизни аниқланг. Энди даромадим оилам тинч яшашга имкон беради, ҳеч нарсага муҳтож эмас. Лекин, албатта, бу менинг максимал шартномам имзоланган «Барселона»даги вақтдан анча паст.

- Ўтган йили «Инстаграм» саҳифангизда T**e Sun наш­ри Беларусдаги COVID билан боғлиқ вазият ҳақидаги сўзларингизни нотўғри талқин қилганини айтгандингиз. Илтимос, бизга кўпроқ маълумот берсангиз.

- Интервью бутун дунёда миллий чемпионатлар тўхтатилган пайт, Беларусда эса ўйинлар давом этаётганда берилди. Унда юртимизда миллий чемпионат хавфсизлик чораларига риоя қилинган ҳолда ўтказилаётгани, ҳаммаси назорат остида эканлигини айтдим. Улар эса Беларусь ҳукумати коронавирус ҳақида қайғурмаслигини ёзишди.

- Журналист билан муносабатларни билишга ҳаракат қилдингизми? Яъни, унинг хато қилганини тушунтирдингизми?

- Нима кераги бор? Ахир T**e Sun қанчалик «сарғиш» газета эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз-ку.

- Яқинда Москвага келдингиз ва Маркус Гисдолнинг «Локомотив»даги илк машғулотида қатнашдингиз. Нима учун?

- Агентим иккимиз бир бюро билан ҳамкорлик қиламиз. У менга қўнғироқ қилиб, Маркус Гисдол «Локомотив»ни қабул қилиб олганини айтди. Улар мендан келишимни, таржимада ёрдам беришимни сўрашди.

- Олдин Гисдол билан йўлларингиз кесишганми?

- «Асосий»да ўйнаб юрганимда, Маркус «Штутгарт»нинг иккинчи жамоасида ишлаган. Ўшанда у эндигина иш бошлаганди. Баъзан уни офисда ёки байрамларда кўрардик. Лекин унинг қўл остида ўйнамаганман. Маркус аслида нима истаётганини биладиган амбицияли мураббий. Ўйинни тезкор, агрессив танлов, тезкор ҳужумлар асосида қуради. Унинг учун тартиб-интизом муҳим. Ҳеч қандай ҳокимият йўқ. У бирга ишлайдиган йигитларга ишонади. Ҳаммага имконият берилади. Маркус футболчини очиб бериш учун ҳамма нарсани қилади. Бу эса жамоадан энг юқори натижаларга эришишни талаб қилади. Мавсум ўрталарида «Локомотив»ни қабул қилиб олди. Бундай пайтда эса ҳеч қачон осон бўлмаган. Аммо менинг фикримча, у буни яхши билади. Кейинчалик яхшироқ бўлади.

- «Локо»даги яна бир инсон - Ральф Рангник сизнинг Бундеслигадаги илк мураббийингиз бўлган. У нимаси билан эсланади?

- Ральф менга Арсен Венгерни эслатади. Уни оддий футбол функционери демаган бўлардим. У - доцент. Унинг учун футбол - фалсафа. Германияга илк бор ўйнаш учун келганимда, Ральф билан тез-тез суҳбатлашардик. У менга қайси жиҳатлар бўйича қўшишим кераклигини, қандай фазилатларни ривожлантиришни бармоқлари билан тушунтирарди. Ральф янги мамлакатга мослашишимга ёрдам берди.

- «Локомотив»га чақиришса, борасизми?

- Бажонидил. Ҳар қандай интилувчан мураббий учун энг яхши вариант Ральф ва Маркус каби одамлар билан тажриба орттиришдир.

- Фаолиятингиздаги энг зўр жамоа - «Барселона»ни яқинда Хави қўлга олди. У уддалайдими?

- Хави ўта ақлли футболчи. У ҳақиқий олим, фақат бутса ва тўп билан, албатта. Ишончим комилки, у мураббий сифатида ҳам ўзини кўрсатиб, натижага эриша олади.

- Яқинда Сеск Фабрегас сизни ўзи билан бирга ўйнаган энг паст баҳоланган футболчи деб атади. Нима деб ўйлайсиз?

- Тўғриси, Месси ва Хави - «Барса»нинг энг яхши футболчиларидан, лекин мени бу рўйхатга қўшишни унутиб қўйишди. Сеск дўсти учун хафа бўлган, шекилли. Албатта, ҳазил.

- Ҳозир Беларусь терма жамоасида нималар бўляпти?

- Ҳаммаси барқарор, нормал ҳолат.

- Қандай қилиб? Ахир гуруҳда сўнгги ўрин, ҳатто Эстониядан ҳам паст.

- Аслида, буларнинг ҳаммаси ёмон. Шарҳ беришдан ҳам фойда йўқ, чунки барча вазиятни яхши тушунишади. Клуб миқёсида ҳам ҳолат ижобий эмас. Жамоалар Европада жуда омадсиз чиқишди. Биз ҳозир чуқурликдамиз.

- Нега сиз, шундай катта тажрибага эга шахс, ўзингизга хос ғояларни олиб келиш учун Беларусь футболи таркибига бормайсиз?

- Аввало, тажриба орттиришим керак. Иккинчидан, жамоа, коллектив, малакали ёндашув бўлиши керак. Кўп нарсани ўзгартириш лозим.

МУҲАММАДХОН тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz