Қайднома

Қидирув

Таҳлил: Фулбекларга аталган йил

Таҳлил: Фулбекларга аталган йил

  06.12.2021 03:30
  0
  195
Таҳлил: Фулбекларга аталган йил

Англия Премьер-лигасидаги ҳеч бир ҳимоячи «Челси» вакили Рис Жеймс сингари кўп голларда қатнашмади - 12 тур давомида 4та гол ва 4та самарали узатма. Ушбу позицияда тўп сурадиган футболчининг ғаройиб кўрсаткичи унинг жамоадаги ўрни нечоғли муҳим эканлигини кўрсатиб турибди.

АПЛдаги 5 рақиб жорий мавсум «Челси»га қарши 3 ҳимоячи схемасидан фойдаланди. Ушбу тизимни «кўклар»нинг собиқ мураббийи Антонио Конте Англияда машҳур қилганди, энди эса, жамоа Томас Тухель бошчилигида ҳам ушбу схемани яна ўзиники қилиб олди.

Рақиблар ўз кучларини Тухель шогирдлариникига тенглаштиришга уринган ўша 5 учрашувнинг барчасида «Челси» ғалаба қозонди, 17та тўп киритиб, бирорта ҳам ўтказиб юбормади. «Ливерпуль» (1:1), «Бёрнли» (1:1) ҳамда «Манчес­тер Сити» (0:1) билан ўйинларида очко йўқотишларига рақибнинг бошқачароқ тактика қўллагани сабаб бўлганди.

«Кўклар»нинг ҳеч бир рақиби «Челси»даги мудофаа триосида мужассам бўлган сифатлар - совуққонлик, тажриба ва атлетизм уйғунлиги билан мақтана олмади. Ўз навбатида, Н~Голо Канте, Жоржиньо ва Матео Ковачич ярим ҳимояни яхши бошқариш орқали, майдоннинг муайян ҳудудларида сон жиҳатидан танқисликни ёпишмоқда. Аммо бугун улар ҳақида гаплашмаймиз, зеро ҳозирги «Челси»нинг юлдузлари қанот ҳимоячилари бўлиб турибди. Нега? Келинг, буни таҳлил қиламиз.


Трентни ҳам ортда  қолдириб...

Премьер-лига бу йил қанот ҳимоячиларига аталгандек, гўё. Муҳаммад Салоҳ бунга қарши курашишга астойдил интилмоқда, лекин «Ливерпул»­да Трент Александр-Арнольд унга етиб олмоқда. Жоау Канселу эса «Манчестер Сити»да Кевин Де Брюйненинг кўплаб ижодий мажбуриятларини ўз зиммасига олган кўринади. Олий даражадаги номинал ҳимоячилар орасида бу икки футболчи дарвозалар томон зарба йўллаш билан якунланган ҳаракатлардаги иштирок бўйича 1-2-ўринларни бўлишиб туришибди: Александр-Арнольдда 54 (20та зарба, 34та яратилган имконият) ва Канселуда 39 (27та зарба, 12та яратилган имконият). Аммо иш урилган голлардаги иштирок ҳақида борса, уларнинг ҳеч бири 8 (4та гол, 4та ассист) кўрсаткичга эга Рис Жеймсга тенглаша олмайди. «Челси» фулбеки зарбагача олиб борувчи ҳаракатлардаги иштирок (12та зарба, 17та яратилган имконият) бўйича юқоридаги жуфтликдан кейинги ўринни эгаллаб турибди.

Жорий мавсум Премьер-лигада бир нечта голлар урган олти ҳимоячидан тўрт нафари «Челси» вакили, улардан икки нафари 3 ва ундан ортиқ марта тўп киритишган: Рис Жеймс ва Бен Чилуэлл, ҳар иккиси «кўклар»нинг ҳужумкор қанот ҳимоячилари. Англия термада ҳам шерик ҳисобланган Жеймс ва Чилуэлл «Челси»нинг бошланғич таркибига киришга асосий номзодлар саналишади, лекин улар бу мавсум чемпионатда атиги тўрт­та ўйинни бирга ўтказишди. Беннинг «Ювентус» билан баҳсда жиддий жароҳат олганини инобатга олсак, ушбу кўрсаткич яқин орада ўзгармаслиги турган гап.

«Хавотирдаман, чунки у (Чилуэлл) фантастик формада эди - худди нариги қанотдаги Рис сингари», - дейди Тухель. Лекин барибир, Чилуэллнинг йўқотилиши мураббий айтгандек, кучли таъсир этмаса керак. 2021-2022 йилларда дарвозалар томон йўлланган зарбалар билан якунланган 23та ҳаракатда қатнашган Маркос Алонсо Премьер-лига ҳимоячилари орасида икки марта энг яхши тўпурар бўлган (мавсум-2016|2017да 6 гол, мавсум-2017|2018да 7та гол). Кутилганидек, айнан у «МЮ»га қарши баҳсда чап қанотдан жой олди.


Ҳужум, ҳужум ва яна ҳужум!

Антонио Конте даврида Алонсо асосий «бенефисчилар» сафида бўлган, зеро италиялик мураббий ҳам 2016 йили орқа чизиқдаги тўртликдан воз кечган. Тухель «Челси»да иш бошлагач, унинг «учлик»ка мойиллиги эвазига Алонсо халқаро аренада Испания термаси шарафини 734 дақиқа ҳимоя қилди, Фрэнк Лэмпард даврида бу кўрсаткич 225 дақиқани ташкил этганди.

Лекин ҳозирги жамоа билан Конте жамоасини ажратиб турадиган ҳал қилувчи фарқ шундаки, бу мавсум «Челси»нинг асосий ҳужум кучи ҳисобланган ҳимоячилардан нима кутилаётгани аниқ. Улар аввалгилар сингари шартли Эден Азар, Диего Коста ёки Сеск Фабрегас кабиларнинг ўрнини тўлдириш билан шуғулланишмаяпти. Айни сабабга кўра, Жеймс ва Чилуэлл майдонда юқорироқдан жой эгаллашмоқда, Канте, Жоржиньо ёки марказий ҳимоя ташкилотчиси Тьяго Силва томонидан яратиб берилаётган платформадан максимал фойдаланишмоқда.

Бу мавсум 500 дақиқа ва ундан кўпроқ вақт тўп суришга улгурган ҳимоячилар орасида «Ньюкасл» стандартлари пайтидаги энг катта хавф саналган Жамол Ласселлс (6 фоиз) рақиб жарима майдончаси ичида тўпга тегинишлар сони бў­йича Чилуэлл (5,9 фоиз) ҳамда Жеймс (5,6 фоиз)ни ортда қолдирди. Бен майдоннинг олдинги учдан бир қисмига етказилган узатмалар (41,3 фоиз) бў­йича иккинчи бўлса, Жеймс (39,5 фоиз) ушбу кўрсаткич бў­йича олтинчи бўлиб турибди.

Ҳисоб-китоблардан кўринадики, 90 дақиқа давомида ўйиндан (стандартларни инобатга олмаганда) дарвозаларга зарба йўлланиши билан якунланадиган эпизодлардаги ўртача иштирок бўйича Жеймс (7,06) барча (камида 500 дақиқа ўйнаган) футболчилар орасида Жек Грилиш (7,99) ҳамда Муҳаммад Салоҳдан (7,67) кейин учинчи ўринни эгаллаб турибди. Чилуэлл (6,50) ва Алонсо (6,04) мос равишда 11 ва 19-ўринларда боришмоқда. Шунингдек, 90 давомида ўйиндан гол урилган вазиятдаги ўртача иштироклар сони бўйича Жеймс (1,31) Салоҳ (1,83) ҳамда Александр-Арнольддан (1,34) кейин кучли учликка якун ясаб турибди.

Шунга ўхшаш эпизодларда футболчиларнинг жамоага қўшаётган ҳиссаси бўйича «Челси»даги ҳолатга баҳо берсак, Жеймс ва Чилуэлл биринчи ва учинчи ўринларда боришмоқда, Маркос Алонсо - бешинчи. Кўриниб турибдики, Тухел ихтиёридаги фулбеклар рақибга улкан ҳужум хавфини туғдиради.


Жаҳонда энг яхшисими?

Жеймс ва Александр-Арнольд ўртасидаги солиштирувлар ҳар доим баҳсли вазиятни вужудга келтиради. Бу ҳақда Тухель ўтган ҳафта гапирганди: «Рис жаҳон, Англия ёки Европада энг яхшими?» деган нарсаларни ўйлаб, бор эътиборни шунга қаратмаслигимиз керак. Булар бизга ёрдам бермайди. Жеймс ҳали ривожланишдан тўхтагани йўқ».

Агар Александр-Арнольдда Салоҳ сингари шерик борлиги, «Челси»да эса мисрликка ўхшаш юқори сифатли форвард шерик йўқлигини инобатга олсак, Риснинг кўрсаткичлари янада ёрқинроқ таассурот уйғотади. Тахминларга кўра, Лукаку келгусида «Челси»нинг олдинги чизиғида асосий қаҳрамонга айланади, бироқ у ҳам бошқа машҳурлар қатори жароҳатларга йўлиқди.

«Челси»нинг 31та голидан 13таси ҳимоячилар томонидан урилган бўлса, 6 вазиятда ҳужумчилар тўп киритишди. Фақатгина мавсумга ҳужумчи бобида қониқарсиз трансферлар билан кирган «Тоттенхэм» (9,1 фоиз) ҳамда «Манчестер Сити» (16 фоиз) ҳужумчилар урган голлар бўйича ортда қолишмоқда.

«Челси» таркибидаги 15 нафар тўпурар ва 18 нафар турли ўйинчилар гол ҳамда самарали узатмалар муаллифларига айланишган, лекин майдоннинг бир қисмини назорат қиладиган Жеймс атиги 5 марта тўп ўтказиб юборган жамоада уларнинг аксариятидан кўпроқ масъулиятни ўз зиммасига олмоқда.

Лукаку йўқлигида ўтган 4та ўйинда «Челси»нинг ҳеч бир футболчиси гол (3), ассист (2) ва вазият яратиш (12) бўйича Жеймсдан ўзиб кетолмади. Шу давр мобайнида Премьер-лигадаги ҳеч бир футболчи ўйиндан яратилган, дарвозаларга зарба йўллаш билан якунланган эпизодларда қатнашиш (31) борасида Рисга яқинлаша олмаган. Чилуэлл (28) бу борада иккинчи бўлди.

Чилуэллдаги импульс жароҳат сабаб тўхтаб қолди, аммо Жеймс мавсумни «Челси» тўп­урари мақомида якунлай олармикан? «Рости, унинг ўйини, тўпга зарба йўллашидан келиб чиқсак, урган голига ажабланмадим», - деганди Риснинг жамоадоши Кристиан Пулишич ҳимоячининг ЕЧЛ доирасидаги «Юве»га қарши баҳсда киритган тўпи ҳақида берилган саволга жавоб қайтараркан.

Эҳтимол, Лукакунинг қайтиши Риснинг тўпурарликка эришиш эҳтимолини камайтирар. Клуб рекорд даражадаги шартномани амалга оширганидан буён ушбу ҳимоячи бир-бирига ўхшамайдиган уч хил стартни намойиш этди: «Арсенал» билан ўйинда Жеймс битта гол уриб, бир вазиятда Лукакуга тўп киритиш имкониятини тақдим этди; «Ливерпул»­га қарши баҳсда майдондан четлатилди; «Челси» дарвозага бирорта ҳам аниқ зарба йўлламаган «Манчестер Сити» билан ўйинда эса ютқазди.

Шундан буён 21 ёшли йигитча анча кучайди. Шу боис, энг яхши ҳимоячи номига лойиқми ёки йўқми, нима бўлишидан қатъий назар, у ҳамон ривожланишда давом этмоқда.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz