Қайднома

Қидирув

Можаро: 6 йиллик муҳокама

Можаро: 6 йиллик муҳокама

  06.12.2021 07:07
  0
  250
Можаро: 6 йиллик муҳокама

Карим Бенземанинг Матье Вальбуэнани шантаж қилгани билан боғлиқ иш, ниҳоят, ўз ечимини топди. Версал суди «Реал» ҳужумчисини айбдор деб топиб, унга нисбатан бир йиллик шартли қамоқ жазоси ва 75 минг евро миқдорида жарима белгилади. Суднинг фикрига кўра, футболчи ўз ҳаракатларининг жиноятга хослигини англамаган.

Прокурор франциялик форвардга нисбатан 10 ойлик шартли қамоқ ва 75 минг миқдорида жарима қўлланишини сўраганди - бундан кўринадики, Карим айбловчи томон сўраганидан ҳам жиддийроқ жазога лойиқ кўрилган. Бензема вакилларини суд қарори қониқтирмади - улар эътироз билдиришади. Бу ҳақда адвокат Сильвен Кормье маълум қилди: «Бу жуда жиддий, исботларга асосланмаган адолатсиз ҳукм. Апелляция шарт, қарорга нисбатан эътирозимизни билдирамиз, чунки Бензема уятли ҳеч нима қилмаган. У апелляция судида оқланади».

Карим судда қатнашмади. Франция футбол федерация­си президенти Ноэль Ле Грэ суд ҳукми футболчининг терма жамоадаги ўйинига таъсир ўтказмаслигини таъкидлади: «Унинг Франция термаси сафида тўп суришига тўсиқ бўладиган ҳеч нарсани кўрмаяпман». Мазкур ишнинг бошқа қатнашчилари турлича жазоларга лойиқ кўрилдилар: 18 ойлик шартлидан тортиб, 2,5 йилгача қамоқ жазосига.

 

Муҳокама 6 йилга  чўзилди. Асли нима бўлганди?

2015 йилнинг 4 ноябрь куни Бензема Вальбуэнани интим видеолар билан шантаж қилганликда айбланиб, қўлга олинди. Шунингдек, товламачиликда қатнашган уч нафар шахс ҳам қамоққа олинди, улар орасида тахминий ташкилотчи - 39 ёшли Франция фуқароси Аксель ҳам бўлиб, у Марселда фаолият юритадиган футбол агентлари билан яқин алоқага эга.

Тергов-суриштирувларга кўра, Аксель ва унинг икки шериги видеоёзув эвазига Вальбуэнадан 150 минг евро сўрашган, акс ҳолда, роликни интернетда тарқатиш билан таҳдид қилишган. Бензема буюртмачи ёки ташкилотчи ҳисобланмаган - тахминларга кўра, жиноятчилар у билан ўзаро танишлар орқали боғланиб, ҳужумчининг Вальбуэнадан пул олишда ёрдам беришини сўрашган. Карим бир суткадан кўпроқ вақтини панжара ортида ўтказган - фақатгина адвокатининг оқилона ишлаши туфайли мамлакатни тарк этиш бўйича тақиқдан қутулиб қолган.

Карим айбловни қуйидагича изоҳлади: «Мен воситачи вазифасини бажаришим, Матье ва Карим Зенати (Вальбуэна иши бўйича яна бир қатнашчи) ўртасида алоқа ўрнатилишини енгиллаштиришим керак эди. Афсусдаман, чунки Зенати билан яқин дўстлармиз. Унга қамоқдалигида ва озодликка чиққанидан кейин ғамхўрлик қилгандим. Зенати билан барчасига Вальбуэна қандай муносабат билдириши борасида гаплашгандик. Матье пул тўламоқчи эмаслигини таъкидлади. Зенатининг фойда кўриши - менинг мақсадим эмасди, бу ҳақда ўйламагандим. Ростини айтсам, ҳозир бўлаётган воқеалардан шок ҳолатига тушдим».

Айбловлар Карим учун асоратсиз кечмади: 2016 йилнинг апрелида Франция футбол федерацияси уни термага чақирмаслик бўйича қарор чиқарди. Бензема миллий жамоага фақат Евро-2020 арафасида қайтди.

Вальбуэнанинг позицияси қандай?

У мунтазам ўзгариб турди. 2015 йилнинг ноябрида Матье шундай деганди: «Бенземадан бундай ҳаракатни кутмагандим, ҳаттоки, ашаддий душманимга ҳам буни раво кўрмайман».

v 2016 йилнинг сентябри: «Бенземага нисбатан эътирозим йўқ, можаро ортда қолди».

v 2016 йилнинг ноябри: «Албатта, Бензема билан бирга майдонга чиқишга тайёрман. Нега энди шундай бўлмаслиги керак? Ҳеч қандай муаммо кўрмаяпман. Майдон ва унинг ташқарисида рўй бераётган воқеаларни ажратишни яхши биламан. Сезган бўлсангиз, Бензема билан бирга майдонда ҳар доим яхши чиқишганмиз».

v 2017 йилнинг май ойида Бензема Матьенинг фикрлари турлича эканлигига ишора қилди: «Энг кулгилиси, у (Вальбуэна) бўлиб ўтган воқеалардан кейин мендан ранжимагани, мен билан бирга ўйнашга қарши эмаслигини айтди. Менимча, унинг аҳволи яхшимас, бошидан буён шундай бўлган. Матьенинг айтишича, мен босқинчиман, унга таҳдид қилганман, қўрқитганман. Энди эса у мен билан бирга ўйнашга қарши эмас! Ақлдан озганми? Бир ярим йилдан буён унинг учун душманман, тақлид қилишга арзимаган шахсман, қамалишга лойиқ безориман, одамлар ҳам менинг номимни булғашмоқда. Деярли икки йилдан буён энг яқин дўстларимдан бири Карим Зенати билан кўришолмаяпман. Чунки учрашадиган бўлсак, қамоққа тушамиз. Вальбуэна эса шунчаки дам оляпти. Бундай аҳмоқона ишлар билан шуғулланишни бас қилиши керак».

Вальбуэна кўп ўтмай «Твиттер» орқали Каримга абстракт кўринишида хабар йўллади: «Туҳмат - ожизлар қуроли! Бу кишини ранжитади. Ҳақиқат шундаки, адолат тантана қилади».

v 2021 йилнинг октябрида эса Матье шундай деди: «Бу иш 6 йилдан буён давом этмоқда. Айбланувчиларнинг барчаси шу ерда, фақат Карим келмади. Афсус, лекин нима ҳам қилардик. Биз охиригача борамиз. Олти йил кутдик. Буни миядан чиқариб юборишимиз учун қанча талаб этилса, шунча кутишга тайёрмиз».

 Д.АЛИМОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz