Қайднома

Қидирув

АНА, ХОЛОС! Либертадорес финали баҳона...

АНА, ХОЛОС! Либертадорес финали баҳона...

  08.12.2021 12:52
  0
  257
АНА, ХОЛОС! Либертадорес финали баҳона...

«Фламенго» мухлисларидан бири Либертадорес кубоги финали олдидан севимли жамоасининг ашаддий рақиби - «Палмейрас» мухлисаси қўлини сўради. Яъни унга турмуш қуришни таклиф этди. Шунда «Фламенго» фанатлари баралла бақиришди: «Йўқ, асло йўқ!» Қиз эса бунга парво қилмай, йигитга ижобий жавоб берди: «Розиман». Футболдаги фанатлик чегарасидан ошиб ўтган ажойиб муҳаббат тарихи!

28 ноябрга ўтар кечаси Бразилиянинг икки гранд клуби - «Палмейрас» ва «Фламенго» Либертадорес кубоги финалида ўзаро тўқнаш келди. КОНМЕБОЛ миқёсида клублар ўртасидаги асосий турнирнинг ҳал қилувчи учрашуви Уругвай пойтахти - Монтевидеода ўтказилди ва унда «Палмейрас» «овертайм» бошида урилган гол эвазига ғалаба қозонди - 2:1. Ўйиннинг асосий воқелиги - 95-дақиқада рақиб дарвозасини нишонга олган Дейверсон ва бош ҳакам Нестор Питана ўртасида кузатилди. Аниқроғи, рефери 120+3-дақиқада ўйин қаҳрамонини енгилгина урди ва у жаҳаннам азобида қолгандек майдонга қулади - аср симуляцияси!

Ўйин атрофидаги яна бир воқелик ҳакам ҳуштаги чалинишидан олдин рўй берди. Буниси анча ёқимли сюжет. Учрашувга 1,5 соат қолган паллада трибуналарнинг ярми мухлислар билан тўлди. Бунда тартибсизликлар олдини олиш учун икки жамоа тарафдорлари жойлашган трибуналар ораси бўш қолдирилди. Кўп ўтмай, у ерда «Палмейрас» футболкасидаги қиз ва «Фламенго» формасидаги йигит пайдо бўлишди. Кейинги ҳаракатлар:

1. Йигит «Фламенго» фанатларини жунбушга келтирувчи фанат қўлидан микрофонни олиб, тиз чўкканча қизга турмуш қуришни таклиф этди.

2. Бу вақтда «Фламенго» мухлислари жўр овозда бақиришди: «Йўқ, йўқ, йўқ!» Эътиборлиси, барчаси стадиондаги улкан экранда кўриниб турди.

3. Қиз эса ҳеч нарсага парво қилмай, таклифга рози бўлди.

Ўйиндан сўнг ижтимоий тармоқлар бу воқеага нисбатан билдирилган ҳазилларга тўлиб кетди. Мана, энг сара муносабатларга қаранг:

- Бечора йигит ўша куни ўзини озодликдан маҳрум этди. Яхшики, қизнинг жамоа­си ғалаба қозониб, уни яна озод қилди.

- Йигит ўша куни икки марта ютқазди.

- Бу никоҳ футбол табиатига қарши...

Лекин футбол ҳам, мухлислик ҳам, ҳазиллар ҳам ўз йўлига. Муҳими - муҳаббат тантанаси!


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz