Қайднома

Қидирув

Тақдир: Коста-Рикалик камтар юлдуз

Тақдир: Коста-Рикалик камтар юлдуз

  02.01.2022 11:11
  0
  203
Тақдир: Коста-Рикалик камтар юлдуз

Бу йигитни 2014 йилдаги жаҳон чемпионатига қадар кўпчилик танимасди. Ушбу мақолада Бразилия мундиалидан кейин футбол оламининг энг яхши дарвозабонларидан бирига айланган Кейлор Навас ҳақида ҳикоя қилинади. Кейлор Антонио Навас Гамбоа 1986 йилнинг 15 декабрида Коста-Риканинг Сан-Хосе провинцияси таркибидаги Перес-Селедон кантонида дунёга келди. Унинг болалиги кўпчилик тенгдошлариникидан фарқли ўтди: ота-онаси пул топиш илинжида АҚШга йўл олишгач, 4 ёшли болакай бобоси ва бувиси қарамоғида қолди.

Фаолиятининг илк  даври

Кейлор асосан бобоси ва бувиси ёнида бўлсада, футболга қизиқиб қолишига отаси сабабчи бўлганди. 5 ёшли чоғида отаси Навасни маҳаллий жамоанинг машғулотига олиб борган, аммо у пайтда ўсмирлар шуғулланишаётганди. ЕЧЛнинг бўлажак кўп карра ғолиби ўшанда тўпни дадиллик билан қайтараётган 12 ёшлардаги боланинг чаққон ҳаракатларига маҳлиё бўлиб қолди ва дарвозабон бўлишга қарор қилди. Отаси уни тўла-тўкис қувватлагач, Наваснинг футболдаги фаолияти бошланди.

7 ёшли Кейлор ўзининг дастлабки клуби бўлмиш «Сан Исидро»га қатнай бошлади. Ҳа, том маънода қатнай бошлади. Энди бир тасаввур қилинг: у ҳар куни машғулотда қатнашиш учун 10 км. масофани босиб ўтарди. Айрим машғулотларда Навас майдон ўйинчиси сифатида ўйнашга мажбур бўларди. Лекин дарвозабон бўлиш орзусидан воз кечмади. Кейин болакай «Педрегосо» клубида 7 йил таҳсил олди. Бироқ асосий таркибдан жой олиш унга насиб этмади - 15 ёшда у паст бўйли ва озғин эди. Қисқаси, Наваснинг фаолияти бошланмай туриб ниҳоясига етадигандек эди. Шу қалтис вазиятда битта учрашув - ўсмирлар ўртасидаги маҳаллий турнирда Коста-Риканинг гранд жамоаси бўлган «Депортиво Саприсса»га қарши ярим финал баҳси унинг халоскорига айланди.

Ўша ўйинда Кейлор номдор рақиб мутасаддиларини шунчалик ҳайратга солдики, улар зудлик билан трибуналардан Наваснинг отасини излаб топишди. Нуфузли клуб таклифини рад этиш аҳмоқлик эканлигини яхши англаган Наваслар мамнуният билан розилик билдиришди ва тез орада Кейлор «Депортиво Саприсса» ёшлари сафидан жой олди.

18 ёшида асосий жамоага кўтарилган посбон 5 йил ичида 6 марта чемпионликка эришди, КОНКАКАФ Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқди. 2008 йилда Коста-Рика терма жамоасидан таклиф олди. Ўз дебютини эса 2009 йилнинг 11 октябрида бўлиб ўтган КОНКАКАФ Олтин кубоги турнирининг Суринам термасига қарши саралаш учрашувида нишонлади. Якунда Навас турнирнинг энг яхши дарвозабони унвонига сазовор бўлди. 2008 йилда Наваснинг агенти Европадаги топ-клубларга мижози ўйинлари ёзилган видеолавҳаларини жўнатганди. 2010 йилда Сегунданинг камтарин жамоаси Европага таниш бўлмаган Коста-Рика чемпионати вакилини таклиф этди. Ўша йилнинг 29 августида «Алькоркон»га қарши баҳсда Кейлор Навас Европадаги дебютини нишонлади.

 

«Леванте»га ўтиш ва Ла Лига юлдузига  айланиш жараёни

Мавсумнинг биринчи ярми дебютант посбон учун ёмон ўтмаган бўлсада, «Альбасете» барқарор жамоа эмасди. Қисқаси, иккинчи даврани ўта суст ўтказган жамоа қуйи лигага тушиб кетди. Таажжубки, шу қалтис вазиятда тақдир Навасга навбатдаги ажойиб имкониятни туҳфа этди - сўнг-ги турларни захира ўриндиғида ўтказган посбонни «Леванте» 150 минг евро эвазига ижарага олди. Шу тариқа Кейлор 2011 йилнинг ёзида Ла Лига вакилига айланди. Навас Қирол кубоги турнирида асосий дарвозабон бўлиб, «бақалар» таркибидаги дебютини 2011 йилнинг 13 декабрида нишонлади.

2012 йил ёзида жамоа «Альбасете»га яна 150 минг евро тўлаб, Кейлорни сотиб олди. Янги мавсумда у ЕЛда асосий дарвозабон бўлиб, нимчорак финалгача етиб борди. Мунуа иштирокидаги икки учрашувда жамоа умумий 1:9 ҳисобида мағлубиятга учрагач, Навас унинг ўрнини эгаллади. Шу тариқа Коста-Рика вакили биринчи рақамли посбон мақомида 2013/2014 йиллар мавсумида ажойиб ўйин кўрсатди. Муваффақиятли фаолият Бразилия мундиалида давом этди. Англия, Уругвай ва Италия билан бир гуруҳдан жой олган Навас терма жамоаси атиги битта ўйинда очко йўқотди, Кейлор фақат битта гол ўтказиб юборди. Нимчорак финалда Коста-Рика Грецияни таслим этди. Кейинги босқичда Нидерландия тўсиғидан ўтолмаган бўлсада, ўз дарвозасидан атиги 2та гол ўтказиб юборган Навас 3 марта ўйиннинг энг яхши футболчиси унвонига сазовор бўлди. Йил якунида эса, у ЖЧ-2014нинг ёрқин юлдузи бўлган ватандоши Брайан Руисни ортда қолдирган ҳолда, Шимолий Американинг энг яхши футболчиси бўлди. Кейин эса...

 

«Реал»га ўтиш, машҳурлик, совринлар ва «ПСЖ»

2014 йил августида Кейлор Навас «Реал» таркибига ўтди. Бироқ «қироллик клуби» бош мураббийи Карло Анчелотти Моуриньодан фарқли равишда Касильясга ишонч билдирди. Шу боис, дебют мавсумида коста-рикалик посбон Ла Лигада 6 ва ЕЧЛда 2 марта майдонга тушди. Таъкидлаш жоизки, унинг иштирокидаги барча учрашувларда «Реал» ғалаба қозонди.

2015 йили Касильяс Мадридни тарк этди. «Эспаньол»дан ўтган Кико Касилья унинг ўрнини тўлдира олмади. Мутасаддилар «МЮ»дан Давид де Хеани олиб келмоқчи бўлишди. Эвазига Навас Англияга йўл олиши керак эди. Бироқ томонлар трансфер дарчаси ёпилгунга қадар тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришга улгуришмади. Натижада «Реал» икки нафар савияли, лекин «топ» мақомига эга бўлмаган дарвозабон билан кифояланишга мажбур бўлди. Бенитес Навасга ишонч билдирди ва «Реал» ЕЧЛ ғолибига айланди. Кейлор эса қитъанинг энг моҳир дарвозабонлари сафига кўтарилди. Бенитес ўрнига Зидан келганидан кейин ишлар янада юришиб кетди - Навас қаторасига 3 марта ЕЧЛ кубокларини қўлга киритди, турнирнинг энг яхши дарвозабони унвонини олди, Ла Лигада ғолиб чиқди.

Лекин «қироллик клуби»нинг ёзилмаган қоидаларига биноан, унинг таркибида фақат юлдуз мақомидаги футболчи ўйнаши мумкин эди. Шу боис, ЖЧ-2018дан кейин клуб «Челси»дан Тибо Куртуани харид қилди. Шу тариқа Навас ўз ўрнини бельгиялик касбдошига бўшатишга мажбур бўлди. Асосан кубок мусобақаларида, баъзан ЕЧЛда ва Куртуа жароҳат олган кезларда майдонга тушишдан қаноатланмаган коста-рикалик «ПСЖ» таклифини қабул қилди ва парижликлар таркибида ажойиб сэйвларни намойиш эта бошлади. Навас янги жамоаси билан ЕЧЛ-2019/2020 йиллар мавсумида финалгача етиб борди, 2020/21 йиллар мавсумини ҳам асосий дарвозабон мақомида бошлади, аммо жамоа чемпионликни бой берди, ЕЧЛда эса ярим финалдан ўта олмади.

Жорий йилдаги ёзги трансфер дарчасида шайхлар «янги Галактикос» шакллантиришга қарор қилиб, Евро-2020нинг энг яхши футболчиси бўлмиш Жанлуижи Доннаруммани харид қилишди. Энди Кейлор италиялик касбдоши билан навбатма-навбат майдонга тушмоқда. Лекин унинг Парижни тарк этиши мумкинлиги хусусидаги миш-мишлар ҳам йўқ эмас.

Хуллас, болалигидан дарвозабон бўлиш орзуси билан нафас олган Кейлор Навас жаҳон миқёсидаги моҳир пос-бонлар қаторидан жой олди. Шунга қарамасдан, ЕЧЛнинг 3 карра ғолиби, Испания ва Франция чемпиони, Шимолий Америкада ХХI асрнинг иккинчи 10 йиллигидаги энг яхши футболчиси, Коста-Риканинг тирик афсонаси ҳанузгача 2-рақамли ўйинчи мақомида қолмоқда. Эҳтимол, ундаги камтарлик суперюлдуз даражасига кўтарилишига имкон бермагандир. Лекин бошқа томондан, футболчининг ўзи машҳур бўлишни истамайдигандек. Ахир Кейлор Навас - оилапарвар, виждонли, ҳар қанча ҳурмат-эҳтиромга муносиб инсон!

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz