Қайднома

Қидирув

Дўст бўлсанг, ёнимда тур: футбол оламидаги энг машҳур дўстлар ҳақида

Дўст бўлсанг, ёнимда тур: футбол оламидаги энг машҳур дўстлар ҳақида

  02.01.2022 16:36
  0
  289
Дўст бўлсанг, ёнимда тур: футбол оламидаги энг машҳур дўстлар ҳақида

Футбол ҳар доим рақобатлардан иборат бўлган. Аммо миллионлар ўйинида мустаҳкам дўстлик учун ҳам жой топилади. Мазкур спорт туридаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик жамоа олдига қўйилган мақсадларга эришишнинг муҳим қисми ҳисобланади. Айнан бир-бирини сўзсиз тушуниш ва ўзаро ишонч футболчиларни бутунлай бошқа савияга олиб чиқиши мумкин. Бундан ташқари, бу каби дўстлик яшил майдон ташқарисида ҳам давом этишига ҳеч қандай тўсқинлик йўқ. «Дарё» ҳозирги кунда жаҳон футболидаги энг машҳур дўст футболчилар ҳақида ҳикоя қилади.


Марио Гётце ва Марко Ройс

Марио Гётце ва Марко Ройснинг дўстлик тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади, икки иқтидор эгаси «Боруссия Д» академиясида танишган. Бироқ уларнинг ўртасидаги илиқ муносабатлар кейинчалик, футболчилар Германия ёшлар терма жамоаси ва Дортмунд клубининг асосий жамоасига киргач пайдо бўлган. Ёш борасидаги фарқ (32 ёшли Ройс Гётцедан 3 ёшга катта) ҳам уларнинг дўст тутинишига тўсқинлик қилмаган. Улар клуб базаси ва меҳмонхоналарда битта хонага жойлашар, футболдан бўш вақтларини ҳам бирга ўтказарди.

Кўпчилик 2013 йилга келиб, мазкур дўстлик барҳам топади деган фикрни илгари сурганди. Боиси ўша йили Марио Гётце қайсидир маънода хиёнатни амалга оширади ва «Боруссия»нинг ашаддий рақиби саналмиш «Бавария»га ўтиб кетади. Бироқ бу нарса ҳам футболчиларнинг муносабатларига таъсир ўтказмайди. Бироқ дўстлик тарихидаги энг таъсирли эпизод 2014 йилги Жаҳон Чемпионатининг финал ўйини якунланганидан кейин рўй беради. Ҳал қилувчи ўйинда Аргентина дарвозасига ҳал қилувчи голни урган Гётце тақдирлаш маросимидан кейин жароҳати сабаб мундиалга бора олмаган дўстининг футболкасини майдонга олиб чиқади.

«Бутун жамоани табриклайман. Орзуларингиз амалга ошди! Мен учун қилган ишинг учун раҳмат, дўстим», —деб ёзиб қолдирганди ўшанда Ройс ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига.


Давид Луиз ва Тиаго Сильва

Икки бразилиялик иқтидорли ҳимоячиларнинг дўстлик тарихи ҳам кўпчиликни қизиқтиради. Тиаго Сильва ва Давид Луиз Бразилия терма жамоаси сафида танишган ва тезда тил топишиб  кетган. Уларнинг футбол ташқарисидаги илиқ муносабатлари майдонда ҳам ўз сўзини айтиб келган, айнан икки ҳимоячи бир неча йил давомида Бразилия терма жамоасининг мудофаа чизиғининг юқори даражада туришини таъминлаган.

Бундан ташқари, тармоқда айланган бир сурат туфайли уларнинг дўстлиги янада машҳурликка эришади. Ўша суратда Сильва ва Луизнинг ёшлиги акс этган дея тахмин қилинади, бироқ кейинчалик ўша болалар шунчаки футболчиларга ўхшаш эканлиги маълум бўлади.

Дўстлар Бразилия терма жамоасидан ташқари ҳам маълум муддат давомида бир клубда тўп сурган. Давид Луиз 2014 йилда Сильванинг тавсиясига кўра «ПСЖ»га ўтиб, 2016 йилгача парижликлар шарафини ҳимоя қилади. Шундан сўнг футболчиларнинг майдондаги фаолияти бошқа кесишгани йўқ, бироқ бу нарса уларнинг дўстлигига таъсир ўтказмаган.


Серхио Рамос ва Икер Касильяс

«Реал» жаҳон футболидаги энг шафқатсиз клуб бўлиб, унда узоқ муддат давомида юқори савияда тўп суриш деярли имконсиздир. Клуб афсонаси номига эса фақатгина саноқлиларгина эга чиққан. Мазкур номга лойиқ кўрилганларнинг энг машҳурлари — Серхио Рамос ва Икер Касильяс бир-бири билан қалин дўст ҳисобланади. Улар 10 йил (2005 йилда 2015 йилгача) давомида биргаликда «Қироллик клуби» мудофаасининг ҳақиқий устунлари сифатида фаолият юритган.

Икер Мадрид клуби тарбияланувчиси бўлиб, 1998 йилдан бери асосий жамоада ўйнаб келарди. 2005 йилга келиб, Рамос «Реал»га ўтганида Икер аллақачон асосий дарвозабон эди. Айнан у Рамоснинг жамоага мослашишига кўмаклашган ва майдон ташқарисида ҳам у билан бирга вақтни мароқли ўтказган. Айнан шу нарса нафақат «қаймоқранглилар»нинг, балки Испания терма жамоасининг ҳам муваффақиятларига таъсир ўтказган. Бунга мисол сифатида «қизил фурия»нинг 2008, 2010 ва 2010 йиллардаги ғалабаларини ёдга олиш кифоя.

Рамос Касильяс ва Жозе Моуриньо ўртасида рўй берган келишмовчиликда ҳам дўстининг ёнини олиб, ҳатто ўшанда ишни «Беназир»нинг жамоадан кетишигача олиб борганди.

Бундан ташқари, «Реал»да уларни яна бир муҳим жиҳат боғлаб туришини қўшимча қилиш мумкин. Ҳар иккала футболчи ҳам жамоа афсонаси ўлароқ, клуб билан муносиб тарзда хайрлаш(ол)маган. Аниқроғи, бунга клуб президенти Флорентино Перес йўл қўймаган.


Лионель Месси ва Луис Суарес

Таътиллар вақтида Криштиану Роналду асосан оиласи ва футболга алоқаси бўлмаган дўстлари билан ҳордиқ чиқаришни маъқул кўрса, бошқа бир «ўзга сайёралик» — Месси оиласи билан биргаликда дўстлар даврасида бўлишни афзал билади. Ана шундай давралар одатда Луис Суарес ва унинг оиласи билан бирга ўтказилади. Кўпчилик фақат ҳавас қилиши мумкин бўлган бу дўстлик тарихи Суарес «Барселона»га ўтганидан кейин бошланган. Ўша йиллари «Барселона»нинг олдинги чизиғида Месси, Суарес ва Неймардан иборат даҳшатли трио пайдо бўлганди. Уч юлдузнинг бир-бири билан келишиб, ажабтовур ўйин кўрсатишига уларнинг майдон ташқарисидаги дўстлиги сабаб бўлганди. Бироқ 2017 йилга келиб Неймар Мессининг соясида юришдан чарчаб, «ПСЖ»га ўтиб кетди. Бу қайсидир маънода Лео ҳамда Суареснинг дўстлиги янада қалинроқ бўлишига сабаб бўлади.

Шундан сўнг Месси энг муҳим ишларини фақат Суарес билан муҳокама қиладиган ва фақат унга ишонадиган бўлди. Бироқ афсуски, 2020 йилга келиб, дўстларнинг клубдаги фаолияти айро тушди. «Барселона»нинг ўша пайтдаги бош мураббийи Суаресга уни режаларига киритмаганини ва жамоадан кетиши кераклигини айтди. Чорасиз қолган Суарес каталонларнинг асосий рақибларидан бири «Атлетико»га кетди. Ўшанда Месси Луис билан хайрлашар экан, шундай деганди:

«Кетганингни қабул қилишни бошладим, бироқ бугун кийиниш хонасига кирдим ва ўша ерда бўлаётган воқеаларни тўлиқ ҳис қилдим. Кунни сенсиз ўтказиш нақадар қийин бўлишини англаяпман, майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам. Сени жуда соғинамиз. Неча йиллик биргаликдаги тушлик ва кечки овқатланишлар...

Сени бошқа клуб либосида кўриш ғалати бўлади, сенга қарши ўйнаш эса ундан ҳам ғалати. Сен «Барселона» тарихидаги энг муҳим ўйинчилардан бири эдинг, соврин ва индивидуал ютуқларинг туфайли муносиб хайрлашишларига лойиқ эдинг. Клубдан бу каби ирғитиб юборишларига лойиқ эмас эдинг. Бироқ мени энди ҳеч нима ажаблантирмаяпти. Янги саргузаштларингда барча яхши тилакларни билдириб қоламан. Сени жуда яхши кўраман. Яқинда кўришамиз, дўстим».

2021 йилнинг ёзига келиб эса Месси ҳам «Барселона»ни тарк этиб, Франция пойтахтига йўл олди. Аммо орадаги масофа уларнинг ҳам дўстлигига таъсир ўтказмаслик эҳтимоли жуда юқори.

Бундан ташқари, Месси 29 ноябрь куни ўзи учун қадрли бўлган еттинчи «Олтин тўп»ини ҳам айнан дўсти Суаресдан қабул қилиб олди. Шунингдек, Мессининг Серхио Агуэро ва Сеск Фабрегас билан ҳам муносабатларини алоҳида қайд этиш керак.


Бонус: Элдор Шомуродов ва Достон Ҳамдамов

Ўзбекистоннинг айни пайтдаги энг яхши футболчиси Элдор Шомуродовнинг ҳам дўст борасида омади келган: Италиянинг «Рома» клуби ҳужумчиси футбол оламидаги дўстлари ҳақида гапирар экан, «Пахтакор» ярим ҳимоячиси Достон Ҳамдамовни энг яқин дўсти деб атайди.

Улар дастлаб Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ва «Бунёдкор» сафида бирга тўп сурган ҳамда биргаликда ажойиб ўйинлар кўрсатган. Ҳозирда эса миллий терма жамоани Жаҳон Чемпионатига олиб чиқиш мақсадида жавлон урмоқда.

Элдорнинг сўзларига кўра, ҳаётда қайси футболчи билан яхши чиқишса, ўша ўйинчи билан майдонда ҳам бир-бирини тушуниш осонроқ кечади.


Манба: daryo.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz