Қайднома

Қидирув

Эътироф: «РБ» тизимидаги энг соғлом клуб

Эътироф: «РБ» тизимидаги энг соғлом клуб

  03.01.2022 06:36
  0
  228
Эътироф: «РБ» тизимидаги энг соғлом клуб

«Ред Булл»нинг футболдаги ютуқлари ҳақида ўқишдан чарчадингизми? Ҳозир ушбу империя юксак чўққида эмас - 2020 йилда Чемпионлар Лигаси ярим финалига чиққан «Лейпциг» кейинчалик қийин аҳволга тушди. 2021 йили Юлиан Нагельсманн «Бавария»га кетди, ношуд спорт директори Маркус Крешедан қутулишди, мураббий Жесси марш истеъфога чиқди. Шунга қарамай, «РБ» барибир, Европа топ-16га кирди. «Зальцбург» ушбу тизимдаги иккинчи клуб, ЕЧЛ «плей-офф»ига чиққан Авсриянинг илк жамоаси ҳисобланади. Аммо «Лейпциг»даги инқироз шуъласида «ука»нинг муваффақиятлари янада чиройлироқ кўринмоқда.

Бу тасодиф эмас - «Зальцбург» узоқ ва оқилона ўсишга эришди. Бир неча йил мобайнида ўнлаб топ-иқтидорлар (Манедан Холандгача) етишиб чиқди, аммо фақат бир киши барқарорлик кафолатига айланди. Бу - 15 йилдан буён клубда ишлаётган спорт директори Кристоф Фройнд.

«Ред Булл» Австрия футболига шиддат билан кириб келди: 2006 йили қарзга ботган «Аустрия» ва «Зальцбург»ни сотиб олди, стадионда одатий бинафшарангни тақиқлади, клубнинг 72 йиллик тарихини бузди. «Зальцбург»нинг илк мураббийи «А» сериянинг кўп карра ғолиби, УЕФА кубогини уч марта қўлга киритган Жованни Трапаттони бўлди. Унга «Интер» ва «Бавария» орқали яхши таниш шогирди Лотар Маттеус кўмаклашди. Ўшанда клуб маҳаллий лигада чемпион бўлди, еврокубокларда эса иши юришмади.

2012 йили Ральф Рангник келгач, клубда жиддий янгиликлар кузатилди. «Ред Булл»нинг бақувват воситаларини тўғри йўналтириш бўйича яхши қарор чиқарилди: бутун дунёдаги ёшларга пул сарфлаш, тажовузкор ва ҳужумкор футбол қуриш, натижаларни яхшилаш, энг яхши футболчилар сотувидан даромад топиш. Рангник улкан скаутлик тизимини йўлга қўйди, идеалга яқин таркиб йиғди, аммо натижалар бирозгина яхшиланди, холос. Ральф «Лейпциг»га тўлиқ кўчиб ўтганидан кейин эса нохуш анъана давом этди.

Кристоф Фройнд ким? У 2006 йилнинг 1 июлидан буён «Зальцбург»да ишлайди. Дастлаб ташкилий ишларга масъул, жамоа билан раҳбарият ўртасида боғловчи бўлган. 2012 йили Рангник уни спорт координатори лавозимига кўтарган. 2015 йилда Ральфнинг ўрнига «Зальцбург» спорт директорига айланиб, унинг ишларини муваффақиятли давом эттирди. Фройнд даврида клубга 30 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячи Златко Юнузович келди, 2009 йилда ташриф буюрган чап қанот ҳимоячиси Андрес Ульмер ҳамон ўйнамоқда. Демак, Фройнд ёш иқтидорларни излашдан ташқари, тажрибали футболчилардан ҳам воз кечмайди. «16 ёшгача бўлганлар жамоасига фақат Австрия фуқаролари қабул қилинади. Агар 16 ёшга кириб улгурган бўлса, Европа иттифоқига аъзоларни ҳам оламиз. Қолган вазиятларда асосан 18 ёшни қаршилаганлар жалб этилади», - дейди Фройнд.

Кристофнинг айтишича, кузатувдаги футболчилар умумий базасидан (у ерда 400 мингта ном бор) айнан психологияга катта эътибор берилади. «Ҳар доим айтганман, менталитет иқтидордан устун. Футболчи майдон ташқарисида ўзини қандай тутмоқда, қандай кайфият билан машғулотда қатнашяпти, мағлубиятга муносабати қандай, жамоадошлари билан қандай гаплашяпти... Ҳаммаси муҳим», - дея изоҳ беради Фройнд. Ёрқин мисол - Эрлинг Холанд. - Биз Эрлингни 15 ёшидан бошлаб кузатганмиз. Ростини тан оламан: у ҳар доим ҳам яхши ўйнамаган. Иқтидорсиз трансфернинг амалга ошиши мумкин эмаслиги тушунарли, аммо харид пайти ундаги ақл ва ўзини тўғри тутиши ҳал қилувчи факторга айланди».

Шунингдек, Фройнд «РБ» тизими нафақат креатив футболчилар, балки яхшигина мураббийларни ҳам етиштира олишини исботлади. Дастлаб спорт директори Оскар Гарсияга ишонч билдирди. Бу тажриба анча оригинал чиқди. Кейин Марко Розега имконият берилди, у бундан аввал «Зальцбург» тизимида тўрт йил меҳнат қилганди. Розенинг ўрнини «РБ»нинг Нью-Йоркдаги жамоасидан келган Жесси Марш эгаллаб, қувноқ футболни шакллантирди. Энди эса Маттиас Яйссле ишламоқда.

Энг қизиғи, Фройнд ҳар сафар катталар футболида тажрибага эга бўлмаганларни тайинлагани учун танқид қилинарди. Кристоф эса бунга қуйидагича жавоб қайтарди: «Австрия чемпионатига машҳур мураббийни олиб келиш мушкул. Бунга ҳожат ҳам йўқ - яхшиси, фалсафага мос тушадиган одам бўлсин. Биз шундайлар билан ривожланмоқчимиз».

287,06 миллион евро - бу «Зальцбург»нинг Фройнд спорт директори лавозимида ишлашни бошлаганидан буён ўтган 5,5 мавсумда топган даромади. Умуман, клуб пулларни қандай ишлайди? «Зальцбург» муваффақияти африкалик футболчилар билан ҳамкорликка боғлиқ. Холанд ва Собослаи сотилишидан аввал Пэтсон Дака, Энок Мвепу, Наби Кейта ва Садио Мане пулланганди. Дака ва Мвепуни Замбиянинг «Селтик»идан олишган, Кейта Франция қуйи дивизионларидан келган. Манени «Метц» Лига 2да қатнашаётганда кашф этишган, клуб учинчи лигага равона бўлди, Садио эса Европани забт этишга йўл олди. Бу ўзига хос айсбергнинг юқори қисми, холос.

«Кўҳна қитъа» вакиллари билан эса иш осонроқ кўчади, чунки асосий иқтидорлар нархи тайин, бундай йигитлар учун Европанинг энг яхши клублари курашади. «Зальцбург»нинг обрўси иш беради - футболчилар ижараларда сарсон юрмай, еврокубокларда мунтазам ўйин амалиётига эга бўлишларини билишади.

Эҳтимол, Фройнднинг энг яхши инновацияси - фарм-клуб билан ишнинг тўғри йўлга қўйилгани. Бу Австрия иккинчи лигаси жамоаси - «Лиферинг». «РБ» тизими ичидаги ўтишларнинг устунлиги нимада? Футболчиларни иерархия бўйлаб жойлаштириш учун трансфер ойналарини кутиш шартмас. Мисол учун, ҳужумчи Мориц Кьергор 27 ноябрь куни «Лиферинг» сафида гол урди, бундан тўрт кун аввал эса ЕЧЛ доирасидаги «Лилл»га қарши баҳсда асосий жамоа захирасидан майдонга тушганди. Йўналиш иш бермоқда: ёш иқтидорлар профессионал даражада ўйнашмоқда, яхшигина ўсишга эришсалар, ёз ёки қишни кутиб ўтирмай, «Зальцбург» таркибига қўшилишлари мумкин.

«Зальцбург»нинг ЧЛ «плей-офф»ига чиқиш-чиқмаслигини аниқлаган «Севилья»га қарши баҳсни олсак. 14 футболчидан 8 нафари «Лиферинг» сафида ҳеч бўлмаганда битта ўйин ўтказишган. Холанднинг ўрнига келган ҳужумчи Карим Адейеми деярли икки йил фарм сафида голлар урди, энди эса асосий жамоа шарафини ҳимоя қилмоқда.

Албатта, бу нафақат Фройнд, балки катта жамоанинг меҳнатлари маҳсули. Клуб академиясидан Европанинг юқорироқ даражасигача чиққанларни санаб ўтсак. Мартин Хинтереггер (ҳозир «Айнтрахт»да), Ксавье Шлагер («Вольфсбург»), Конрад Лаймер («Лейпциг»), Ханнес Вольф («Боруссия М»), Штефан Лайнер («Боруссия М»). Булар турли амплуа вакиллари бўлсада, барчалари «Ред Булл» империяси қадриятларини катталар футболига кўчиришган: меҳнатсеварлик, жисмоний етуклик, персонал ва жамоавий прессингни ҳис қилиш.

«Кўпчилик бизнинг ишимизга ҳурмат билан қарайди, - дейди Фройнд. - Аммо баъзан ривожланиш жараёни секинлаб қолиши мумкинлигини биламиз. Шундай йиллар бўладики, қийинчиликлар муваффақиятлардан устунликка эришади. Энг муҳими - дастлабки режага нисбатан ишончни йўқотмаслик». Ҳозир бу таъкидлар «Зальцбург» эмас, кўпроқ «Лейпциг»га тааллуқли, аммо маъно аниқ: «Ред Булл» тизимида муаммолар кўзга ташланиши мумкин, аммо бу ривожланишнинг нотўғри йўналиши танланганини англатмайди. Инқироз баъзан ижобий ҳам бўлади: кераксиз инсонларни йўқотиш, механизм деталларини тўғрилаб, яна ўсишга интилиш.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz