Қайднома

Қидирув

Футболчи қадри ёки амалга ошган-ошмаган табрик трансфери

Футболчи қадри ёки амалга ошган-ошмаган табрик трансфери

  04.01.2022 09:00
  0
  251
Футболчи қадри ёки амалга ошган-ошмаган табрик трансфери

Инсон қадри улуғланиши расман эътироф этиладиган йил бошланди! Савол туғилиши табиий: аввал инсон қадри улуғланмаганми? Улуғланган ва бу йилдан кейин ҳам улуғланиши шак-шубҳасиз! Йилга бундай ном берилиши эса эътибор ва эътироф жараёнида ҳар биримиз ибрат кўрсатишимиз учун ўзига хос имкониятдир. Албатта, кимдир бундан фойдаланади, бошқа биров яна фойдаланмаслиги мумкин. Аслида ҳаммаси инсоннинг ўзига боғлиқ. Янги йил арафасида айни шу хулосага монанд воқеаларни кузатдим. Кимдир ўзида йўқ имконларни ишга солиб, яқинлари, ҳамкасбларига қувонч улашди, яна биров бу каби ишлардан ўзини олиб қочди. Мана, қувонч ва ташвиш, қўллаш ва қўлламаслик оғушида янги йил ҳам қаршиланди. Яна барча ўз иши билан машғул. Ҳаёт ўз йўлида давом этаверади, жумладан, футбол ҳам!

Йил номидан келиб чиқиб, футбол ва футболчи қадри ҳақида ўйладик, барибир. Мулоҳазаларимизни тартибга солар эканмиз, «Мальорка» ва «Барселона» ўртасидаги учрашув қолдирилмаганлиги билан боғлиқ хабарларга кўзимиз тушди. Ла Лига Хавининг илтимосини инобатга олмади. Албатта, коронавирус ва бошқа сабаблар туфайли 18 (!) нафар футболчиси хизматидан фойдаланолмаётган Хавини тушуниш мумкин. Лекин Ла Лига раҳбариятида ҳам ўйинни қолдирмаслик учун ўзига яраша сабаблар бўлса керак. Буни билмаймиз. Биз учун сабаблар қизиқ ҳам эмас. Зеро, энг муҳим жиҳат - футболчи ва бош мураббий сўзининг қадри! Фикримизча, ўйин қолдирилса, биров бунга эътироз билдирмасди. Ҳаттоки, «Мальорка» раҳбарияти ҳам буни қўллаб-қувватларди.

Коронавирус - бутун дунёга келган «тўй». Ана, АПЛ буни тўғри тушунмоқда. Испанияда эса вазиятга муносабат сал бош­қачароқ, шекилли. Майли, барчасини тўла ўрганмай туриб, бир томонлама мулоҳаза юритмайлик. Сабаб ва оқибатлар ўз йўлига. Биз учун муҳими - футболчи саломатлиги, унинг қадри. Чунки вирус ва жароҳатлар ортидан ўзини нохуш ҳис қилаётган футболчи жамоасига ёрдам беролмаётганидан баттар эзилади. Бундай вазиятда  футболчини руҳан қўллаб-қувватлаш - том маънода уни қадрлаш демакдир! Шу жараён сезилмади, холос.

Элдор Шомуродов эса футболчи сифатида қадр нималигини тобора теранроқ анг­ламоқда, назаримизда. У ўтган йилнинг сўнгги ўйинида отасининг кўз ўнгида гол уриб, шон-шарафга бурканди! Элдор отаси қалбини шукуҳга тўлдирди! Қадр - шу! Рим қаерда-ю, Сурхондарё ва Азамат ака қаерда?! Элдор буни юрак-юрагидан ҳис қилгани аниқ. Ўзи Элдор падари бузрукворининг Римга ташрифини ўғил сифатида бирор катта иш билан шарафлаши, қадрлаши керак эди. Ҳужумчининг энг катта иши эса - гол уриш. Шу тариқа Азамат ака ва Элдор учун гол қадр рамзига айланди. Футболчининг, ҳужумчимизнинг қадри гол билан мукофотланди, шарафланди, улуғланди!

Футболдаги зиддият шуки, ҳужумчи агар гол уролмаса, қадрланмайди. Шу маънода футболчи вужудида доимо инсоний муносабатлар ва ўйин жараёни алоҳида-алоҳида яшайди. Ҳар икки жиҳатнинг қадри алоҳида, айни чоғда бир-бирига чамбарчас алоқадор. Зарур голни уролмаганлари оқибатида жабрланган футболчилар кўп тарихда. Мухлис ўйин томошаси вақти беихтиёр футболчи ҳам ўзи каби инсон эканлигини унутади, гоҳо мағлубият алами ичра унинг инсоний қадр-қимматини топтайди. Футболда шундай вазиятлар бўладики, баъзан юз бераётган адолатсизликни кўриб, хунобингиз ошади, минг-минглаб мухлислар қаршисида бечораҳол ва ёлғиз турган забун ўйинчига раҳмингиз келади! Афсуски, унга ёрдам беролмайсан киши. Ҳа, футбол - шафқатсиз ва мафтункор спорт. У ҳамиша ўзининг қадрланишини истайди. Футболчининг қадри эса ҳар доим ҳам улуғланавермайди, ҳар бир ўйинчи пешонасига улуғланиш ёзилмаган. Қадр-қиммат бобида ҳам қайсидир футболчининг омади чопади, бошқаси аксинча, тўп тепиб-тепиб, охирида ўзи ҳам тепилиб кетиши ҳеч гап эмас.

Янги йил арафасида футбол ва газетамизнинг ашаддий мухлиси Ғуломжон ака Ҳамидов қўнғироқ қилиб, Одил Аҳмедовга бағишлаб ёзган табрик шеърини трансфер қилишимизни сўради. Домлага ёрдам бериш учун икки-уч бор чоғландик, бироқ бош муҳарриримиз Аҳадхон Абдуҳамитовга бу масалани айтишга ҳеч маврид топилмади. Йил якунидаги «югур-югурлар» сабаб, Ғуломжон ака сўраган табрик трансфери биз томондан амалга оширилмади! Ғуломжон ака Ҳамидов - ташаббускор ва қатъиятли инсон, бир ишни бошладими, албатта, охирига етказади. Вазиятни тушунтирсак, домла ортиқча хафа бўлмай, дарҳол жавоб қайтарди: «Ҳечқиси йўқ, Одилнинг олдига  ўзим бораман! Табрик шеърини ўз қўлим билан топшираман!» Ғуломжон ака эртаси куни ЎФА биносида Одилга футбол ҳақидаги шеърлари жамланган китобини бериб, унинг ишларига муваффақият тилади. Одил ҳам миннатдорчилик рамзи сифатида домлага, ўзини ўқитган устозига «Орзунинг шонли йўли» китобини тақдим қилди. Хуллас, мухлис ва футболчи, устоз ва шогирд бир-бирларини қадр­лашди. Китобни бир кун ичида ўқиб чиққан Ғуломжон ака бизга таассуротларини ҳаяжон билан сўзлади: «Вой, вой, вой! Муҳаммаджон, буни қаранг, бир вақтлар пул қадри истеъдод қадридан баланд бўлган-а?! Одил - молодец, ҳаммасини очиқ-ойдин айтибди, муаллиф буни қойил қилиб ёзибди!»

Муҳтарам мухлис! Инсон қадри расман эъзозланадиган, улуғланадиган йилга эндигина қадам қўйдик. Йил бошида эзгу ният қилайликки, мамлакатимизда футбол чинакамига қадрлансин. Мураббийлар ва футболчилар ҳам Суперлига ҳамда Про лига қадрига етишсин! Шундай бўлсинки, учрашувлар аввалида майдон эгалари сафида тўп сурган собиқ ва фахрий футболчилар шарафлансинлар. Ҳали ўйин бошланмай туриб, стадион сухандони уларнинг номларини мухлислар жўрлигида олқишласин! Бу каби таклиф-мулоҳазаларимиз анчагина. Мавриди билан ҳаммаси ҳақида мулоҳаза юритамиз насиб этса!

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz