Қайднома

Қидирув

Даҳолар ўрнига «ДДД»

Даҳолар ўрнига «ДДД»

  07.01.2022 02:42
  0
  297
Даҳолар ўрнига «ДДД»

Тақдир тақозоси билан 2021 йил Сербия футболининг бирданига 3 нафар вакилига ўта омадли келди. Гап мураббий - Драган Стойкович, футболчилар - Душан Тадич ва Душан Влахович ҳақида кетмоқда. Драган футболчилик фаолиятида тўлиқ юзага чиқаролмаган салоҳиятини мураббийлик йўналишида намойиш этиб, камтарин Сербия термасининг ЖЧ-2022 йўлланмасига эга чиқишини таъминлади. Унинг шогирдлари эса нафақат терма жамоа, балки ўз клубларида ҳам маҳсулдорликни ўрнига қўйиб, йил қаҳрамонлари қаторидан жой олишди.

Драган кимсан Венгер ишончини оқлади

Сербиялик собиқ ярим ҳимоячи ўтган асрнинг 80-йиллари охирида «Црвена Звезда»да порлаганди. У ЖЧ-90дан кейин Франц Беккенбауэр бошқарувидаги «Марсел»га ўтди. Бироқ Францияда Драганга жароҳатлар халал берди, ўжар табиати ҳам муваффақиятли фаолияти йўлида ғов бўлди. Америкаликларнинг кўҳна мультфильми қаҳрамони бўлмиш сичқонча шарафига «Пикси» лақабини олган Драган чиндан ҳам, ўта қайсар эди. Айтишларича, Стойкович «Марсель» ва собиқ жамоаси - «Црвена Звезда» ўртасида кечган 1991 йилги ЕЧК финалида пенальти тепишдан бош тортган. Оқибатда французлар 4:5 ҳисобида мағлубиятга учрашганди. Кейинчалик яна бир қатор қоидабузарликлар учун жазоланган ва жароҳатлар гирдобида қолган инжиқ ярим ҳимоячини «Верона»га «сургун» қилишганди.

Италиядан кутилмаганда Японияга йўл олган Стойкович «кунчиқар юрт»да севимли устози Арсен Венгерни учратди ва у билан бир неча йил ҳамкорлик қилди. Лекин ўз ўйинидан қониқмай, мураббийликка бош суқишни лозим топди. Арсен Венгер чамаси 10 йил муқаддам Стойковичнинг футбол фалсафаси ўзиники билан бир хил эканлигини алоҳида таъкидлаганди. Маълум бўлишича, франциялик мутахассис ҳар йили сербиялик шогирди билан Лондонда учрашиб, футболдаги долзарб мавзуларни муҳокама қилади. Драган ҳам Венгер каби Европа жамоалари бошқарувини қўлга олишдан аввал Осиёда тажриба тўплади. Аниқроғи, 11 йил давомида Япония ва Хитойда ишлади. Шундан сўнг Сербияга қайтиб, мамлакат миллий жамоасида фаолият бошлади. Айтиш ўринли, унинг олдига ҳеч қандай аниқ вазифа қўйилмади, чунончи, серблар жой олган ЖЧ-2022 саралаш гуруҳида Португалия термаси яққол фаворит эди. Амалда Стойкович жамоаси саралаш довонидаги 12та ўйиндан 8тасида ғалаба қозонди ва якунда португалларни ортда қолдириб, Қатар мундиали йўлланмасини расмийлаштирди. Криштиану Роналдуси бор Португалия термаси эса энди саралашнинг «плей-офф» раундида италияликлар билан ўйнашга мажбур. Демакки, Драган Стойковични бемалол 2021 йил қаҳрамонлари қаторига қўшиш мумкин. Чунончи, у савияли, лекин анча палапартиш ўйнайдиган Сербия термасини ақл билан тўп суришга ўргатди. Ҳа, жамоа ҳамон камчиликлардан холи эмас, дейлик, славянлар Португалия термасига қарши кечган дастлабки баҳсда омад туфайли мағлубиятдан қочишди. Муҳими, Стойкович жамоаси ҳал қилувчи жавоб учрашувида матонат кўрсатиб, сафардан ҳақли ғалаба билан қайтди - 2:1. Серблар саралаш босқичида айнан Венгер қоидаларига риоя қилган ҳолда тўп суришди - тўп назорати, турли услубда узатмалар, дарвоза томон кўпроқ зарба...

Душан Тадич - йилнинг бош ассистенти

Лионель Мессининг мухлислари Роберт Левандовски ва «Олтин тўп»га оид мунозараларда жуда фаоллар. Уларнинг иддаоларига кўра, Бундеслигада, яна «Бавария» сафида гол уриш анча осон экан. Лекин факт шуки, Левандовски ЧЛда 80та гол маррасига етишда Месси ва Роналдуга нисбатан анча кам вақт сарфлади. Футбол - пирамида. Ҳужумчининг нечоғли самарали ўйнаши унинг ортидаги ижрочиларга ҳам боғлиқ, албатта. Мана, Эрлинг Холанд «РБ Зальцбург»да қолиб кетмади, тез орада Дортмунд «Боруссия»сидан кетиши ҳам аниқ. Голга ассистентлик бўйича Месси ўрнатган рекордни янгилаш - катта натижа. Боз устига, футболчи сифатида Леодан анча пастда турадиган Тадич нисбатан камтарин жамоалар («Аякс» клуби ва Сербия термаси)да 37та голга ҳаммуаллифлик қилдики, бунинг салмоғи дейлик, «Барселона» ёки «ПСЖ»да қайд этилган натижадан баландроқ. Футбол бу борада адолатли - юксак кўрсаткичлар тарих варақларига муҳрланади. Мана, Душан Тадич «Аякс»ни сардор ролида ЧЛ «плей-офф» босқичига етаклади. Амстердам клуби квартетдаги 6та ўйинни ҳам ўз фойдасига ҳал этди - нуфузли турнирда кам учрайдиган воқеа. Душаннинг 37та самарали узатмаси эса - ажойиб кўрсаткич.

 

Душан Влахович - «А» серияда йил тўпурари

Влахович ҳам Нидерландиядаги адаши каби йил давомида ортиқча куч сарфламаётгандек енгил ҳаракатланди. Унда илҳом, ўзига ишонч ой сайин ортиб борди. Навқирон Душаннинг грандлар нишонида тургани бежиз эмас. Роналду 2020 йили Италия чемпионатида 33та гол урганди. «А» сериянинг яқин ўтмишида Марко ван Бастен ва Андрей Шевченко, Габриэль Батистута ва Филиппо Инзаги, Эрнан Креспо ва Кристиан Вьери, Лука Тони ва Алессандро Дель Пьеро каби буюк снайперлар донг таратишган. Лекин 1961 йилдан буён «Ювентус» ҳужумчиси Омар Сиворидан бош­қа ҳеч ким 33та гол маррасига етмаганди. Италия чемпионати тарихида фақат икки футболчи муайян йил давомида кўпроқ гол урган (1933 йили «Ювентус» тўпурари Феличе Борель - 41та ва 1950 йили «Милан» снайпери Гуннар Нордаль - 36та). Хуллас, фахрий Роналду анчайин мураккаб кечган 2020 йили 33та гол уриб, юксак савиясини намойиш этди. Қарангки, энди сербиялик навқирон ҳужумчи шу буюклар қаторига қўшилди. Қолаверса, Душаннинг натижаси аввалги энг юқори кўрсаткичларга нисбатан аҳамиятлироқ ҳам. Зеро, Феличе Борель 1933 йили яққол фаворит таркибида ўйнаган. Нордаль рекорд ўрнатган 1950 йили эса «А» серия фаворитлари мавсумни 100тадан кўпроқ гол билан якунлашарди. Ҳозир 90та гол ҳам кам учрайдиган ҳолатдир. Қолаверса, «Фиорентина» - ўтган мавсумни атиги 13-ўринда якунлаган жамоа. Хуллас, Душанга гап йўқ!

Сербия термасида иқтидорли футболчилар кўп. Улар орасида икки Душан чин даҳолар - Месси ва Роналду рекордларини янгилади. 2021 йили Сербия футболида бош кўтарган «ДДД» (Драган ва икки Душан) триоси Қатар-2022 мундиалига ҳам ўзгача чирой бағишласа, ажабмас.

 Содиқ РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz