Қайднома

Қидирув

Ракурс: Орзу имтиёздан устун

Ракурс: Орзу имтиёздан устун

  11.01.2022 04:40
  0
  257
Ракурс: Орзу имтиёздан устун

2021 йили 19 ёшли Ансу Фати «Барселона» етакчисига айланди ва эндиликда Мессининг ўрнини билинтирмасликка интилмоқда. Яқинда у билан шартнома имзоланди, 1 миллиард еврога яқин товон пули белгиланди. Каталония клуби билан амалга оширилган келишувнинг муҳим қисми - Ансунинг 23 ёшли акаси Браима Фатига жойни кафолатлар эди. Бироқ Браима бу имтиёздан воз кечди. У Англия 9-дивизионида қатнашаётган «Бигглсуэйд» жамоасида тўп суришни танлади. Қуйидаги мақола шу ҳақда...

Катта Фати Англияда тўп суриш орзуси сабаб қийин қарорларни чиқаришга мажбур бўлди: қизини Испаниядаги қаллиғи ёнида қолдирди. Ҳаммаси уй-жой туфайли: Браима шаҳар четидаги мўъжазгина квартирада ижарада яшайди, инглиз тилини ўрганиш учун Кембриджга электричкада қатнайди. «Бигглсуэйд»да деярли маош тўлашмайди - аввалги фаолиятида тўплаган пулларига кун кечиради.

«Мен оддий йигитман, - деди катта Фати Daily Mail нашрига берган интервьюсида. - Биламан, бундай тажриба ҳаётимда кўп нарсани ўзгартириб юбориши мумкин. Эртага оилам энг яхши инсонга қараши учун бугун ниманидир қурбон қилишни маъқул кўраман. Бу муҳим - мен учун оила қадрини тушуниш осонроқ. Аммо ҳозир энг кўп орзу қиладиган нарсам - Кембриджга электричкадан кўра арзонроққа тушадиган машина».

Браима камтарона «Бигглсуэйд» сафига оилавий адвокати сабаб қўшилган: у жамоа ҳақида мунтазам гапирган, бир сафар эса кафеда испаниялик журналист Гильем Балаге билан учрашиб қолган. Шунчаки, адвокати билан саломлашгани  кирган Катта Фати охир-оқибат Балаге билан бир неча соат суҳбат қурди. Браимага лойиҳа ёқиб қолди ва Гильемдан имкон қадар тезроқ клубга жойлаштириб қўйишини сўради - ҳаттоки, текинга бўлса ҳам.

«Бу ерга Гильемнинг ёрдами туфайли келдим. Бу муҳим қарор эди. Мени ҳамма қўллаб-қувватлади: юристлардан тортиб, оила аъзоларимгача. Бу ҳаётимнинг янги босқичи. Туманли ўлкага футбол ўйнаш учун келмаганман. Англияга ташрифимдан мақсад - миллионлар ўйинисиз нима билан шуғулланишни аниқлаб олиш. Ўзим овқат тайёрлайман, инглиз тилидаги сериалларни томоша қиламан. Тез орада бу тилда гаплашишни режалаштиряпман - бусиз уйга қайтмоқчи эмасман», - деди Фати шартнома имзоланганидан сўнг.

Англияда камтарона кун кечириш нега Браимага ёқиб қолди? Шунчаки, у «Бигглсуэйд»нинг - англиялик ҳаваскорлар орасидаги энг ёқимли ва ўзгача лойиҳанинг бир қисмига айланди.

2014 йили Гильем Балаге тасодифан жамоа эгасининг мактубига дуч келиб, унинг спорт директори бўлишга розилик берганди. Бу кўп жиҳатдан кўнгилчоғликка ўхшарди - даставвал Балаге ушбу лойиҳа билан шуғулланишга жиддий қарамаганди. Аммо айнан шундан сўнг 15 минг аҳолига эга шаҳарчада ҳақиқий «портлаш» содир бўлди. Ҳозирнинг ўзида «Бигглсуэйд» «Твиттер»даги энг машҳур нопрофессионал клублардан бири ҳисобланади, шунингдек, Испанияда ҳам анча машҳурдир. Барчасига Балаге сабабчи.

У юлдузли меҳмон билан уюштирилган ҳар бир интервьюдан кейин ундан севимли жамоаси либосига дастхат қўйиб беришни сўрайди. Марадона, Месси. Роналду ва Агуэро кабилар Гильемнинг таниқли меҳмонларидандир. Уларнинг айримлари ҳақида журналист бутун бошли китоб ҳам ёзган. «Биз мунтазам равишда маҳаллий кичик газеталар муқовасидан ўрин оламиз, - деганди Балаге ВВСга берган интервьюсида. - Аммо вақт ўтгани сайин тушундикки, фақат шу билангина чекланиб қолмоқчи эмасмиз. «Бигглсуэйд»дагилар ўз мухлисларини яхши кўришади, бу ерда Англиядаги энг шинам лойиҳани амалга оширишни орзу қилишади. Ушбу юлдузлар - одамлар эътиборини ўзимизга қаратиш бўйича яхшигина, аммо оддий рекламадир. Биз 9-дивизионда қатнашамиз - «Бигглсуэйд» янги мухлисларни бошқача тарзда жалб этолмайди. Биз ҳозир ўзгаришни, одамларга яқинроқ бўлишни, уларга ёрдам беришни хоҳлаймиз».

Балаге ривожланишнинг янги режаси сифатида болаларни танлади. Гильемнинг ташрифидан тўрт йил ўтиб, шаҳарчада U-8 ва U-13 жамоаларига эга болалар академияси барпо этилди. Унинг қурилиши учун маҳаллий аҳолидан ҳам пул йиғилди. Балаге ота-оналарни ҳам назардан четда қолдирмади - шаҳарда кичик клуб бари бор. «Бигглсуэйд» футболчилари ҳар бир ўйинга барча хоҳловчи болаларни олишади. Футболчи билан майдонга чиқиш шарти осон - чипта сотиб олиш пайти кассага бу борада мурожаат этиш кифоя. Баъзан хоҳловчи болакайлар шунчалик кўпайиб кетадики, бир футболчи майдонга икки нафар кичкинтой билан тушишига тўғри келади.

Кейинчалик Бигглсуэойд»да аёллар жамоасига ҳам асос солинди. Хайрия ишларига ҳамма жалб этилган - байрам кунлари футболчилар ўзлари уйма-уй юриб, хайрия пулларини йиғиштиришади. Фанатлар кўп эмас - аммо Балаге стадионда улар учун ажратилган тамаддихонага ҳомийлик қилади. Бу унинг шахсий ташаббуси. Айнан Балаге ҳар ҳафта мухлислар учун учрашувлар ташкил этади. «Биггл-суэйд» палаткаси шаҳар бозорида жойлашган - истаган одам у ерда севимли жамоаси бўйича савол бериб, унга жавоб олиши мумкин.

«Бигглсуэйд» анча фаол: нафақат академия, балки шифохона учун ҳам хайрия пулларини йиғади. Шунингдек, стадионда мамлакатнинг энг раҳмдил шахсларидан бири - «МЮ» ҳужумчиси Маркус Рэшфорднинг портретини ҳам чизишган. Яқинда «Бигглсуэйд» ниҳоят, мамлакатнинг йирик нашрларидан бири - The Sun саҳифаларидан жой олди. Ҳаммасига ўша катта Фати билан боғлиқ воқеа сабаб бўлди. Унинг ёрдамида жамоанинг «Твиттер»даги саҳифаси бир неча минглаб обуначиларга бойиди. Балаге ваъда берди - бир куни бу ерга кичик Фати ҳам келади. У акасининг нималар билан шуғулланаётганини кўришни истамоқда.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz