Қайднома

Қидирув

Футболга ошнолик - рўшнолик ёки

Футболга ошнолик - рўшнолик ёки

  13.01.2022 07:37
  0
  259
Футболга ошнолик - рўшнолик ёки

Миллионлар ўйини аталмиш футбол чиндан ҳам, сеҳрлидир. Унга ошно тутинган ҳар бир инсоннинг ўйин томошасидан завқланиб, руҳан тетиклаши - бор гап. Санжар Турдиевнинг онаси Фарида ая Жўраева ҳам футболга меҳр қўйганлардан. Хонадонига ҳар гал «Насаф» ўйинчилари ташриф буюришганида, қўлини дуога очиб, уларга бахт-иқбол сўрайди. Махсус мухбиримиз тадбиркорлик билан шуғулланаётган ашаддий мухлис Санжарни суҳбатга тортиб, жамоага яқинлик ҳамда шарқона маданиятнинг баъзи қирралари ҳақида гурунглашди. Айтиш жоиз, унинг кенжа фарзанди Шоҳжаҳон ҳозирда «Насаф» клуби махсус мактабида таҳсил олмоқда.

- Санжар, аввало, янги йил билан муборакбод этамиз. 2022 йил футболидан нималар кутяпсиз?

- Албатта, 2022 йил улуғ ғалабалар тақдим этишидан умидвормиз. Муҳтарам Президентимиз тадбиркорларга кенг йўл очиб бериб, инсон қадрини биринчи ўринга қўймоқдалар. Соғлом турмуш тарзини шакллантириш, спорт, жумладан, футболга эътибор йил сайин ошмоқда. 2021 йилги футбол мавсумини олсак, ҳаяжонли воқеалар кўп кузатилди. Дейлик, «Насаф» кечагина футбол мактабидан чиққан ёш йигитлар билан ОФК кубоги финалида ўйнади, мамлакат кубоги соҳибига айланди. Ёхуд Одил Аҳмедовнинг  мамлакатимизнинг бир йўла уч нуқтасида ўз академиясини ташкил этгани - таҳсинга сазовор. Миллий жамоа­миз собиқ сардори ўз даромадини футболимиз равнақига йўналтираётгани - ҳаммамизга катта ибрат. БААда чиройли ўйинлари билан мухлислар ҳурматини қозонган Отабек Шукуров эса ўзи туғилиб-улғайган Чироқчи туманида йирик савдо-маиший хизмат мажмуасини фойдаланишга топширди, яна Қаршида унинг шахсий сармояси ҳисобидан хусусий мактабгача тарбия муассасаси қад ростлади. Албатта, бу каби хайрли ишлар 2022 йилда ҳам давом этишини истардик.

- Ўзингиз ҳам футболимизга бефарқ эмассиз ва тадбиркор сифатида хайрли ишларга ҳисса қўшяпсиз...

- Албатта. Қарши таъмирлаш-механика заводи раҳбари, қадрдон  дўстим ва акам Комил Жўраев (охиратлари обод бўлсин)га сунъий қопламали майдон бунёд этиш ҳақида маслаҳат солганимда, у киши ташаббусни қўллаб-қувватлаб, қисқа муддатда мўъжазгига спорт шаҳарчаси қурдилар. Бўш вақтда Комил аканинг фарзандлари, завод ишчилари ва Хонтепа маҳалласи ёшлари билан ўйнаб турибмиз. Энди ўзимиз фаолият кўрсатадиган ҳудудда ҳам шундай спорт шаҳарчаси барпо этишни режалаштиряпмиз. Бундан ташқари, «Насаф» жамоаси ёшлари билан тез-тез учрашиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари, режаларига қизиқаман. Керак паллада ёш укаларимни қўллаб-қувватлайман, баъзида зарур маслаҳатлар бераман. Ёш-ларда аввало, жамоага садоқат руҳини уйғотиш муҳим. Зеро, футболда бир жамоадан иккинчисига кўчиб юриш ҳеч қачон фойда келтирмайди.

Ўтган йили «Насаф»нинг ишончли ўйинларидан ҳар қачонгидан кўпроқ руҳий қувват олдим. Клуб президенти - «Шўртангазкимё» мажмуаси бош директори Шуҳрат Асланов футболни жондан севадиган киши. Билишимча, жамоанинг молиявий ҳолати анча яхшиланди, клуб инфратузилмаси ва «Насаф» футбол мактаби фаолиятига эътибор кучайди. Вақтида «Насаф»да ўйнаган украиналик Валентин Поддубнийнинг раҳбарлик лавозимига тайинланиши билан мактабда замонавий амалиёт қўлланилаётгани кўзга ташланди. Клуб бош директори Сергей Кучеренко ва бош мураббий Рўзиқул Бердиевни ҳам эътироф этиш керак. Зеро, «Насаф»да ҳар йили янги-янги йигитлар порлаб чиқишяптики, бунда уларнинг хизматлари катта. Мавсумнинг иккинчи ярмида Баҳром Абдураҳимовнинг таркибга қайтарилгани марказий чизиқни анча кучайтирди. Яна «Насаф» тарбияланувчиси Дониёр Нарзуллаевнинг «Металлург»дан қайт­гани ҳам фойда берди. Ҳусниддин Алиқулов, Ҳусайн Норчаев, Ойбек Бозоров, Дилшод Саи­тов каби йигитларга гап йўқ. Ярим ҳимоячи Шерзод Нас­руллаев ўз позициясида эркин ўйнади. Ўзи «Насаф» вакиллари билан тез-тез учрашиб, ўйинларни муҳокама қиламиз. Айниқса, дарвозабон Абдувоҳид Неъматов хушчақчақ йигит - ўйинларда кузатилган қизиқарли воқеаларни ўзгача тарз­да айтиб беради.

- Истеъдодли ҳужумчи Бобур Абдухолиқов билан ҳам ака-укалардек экансизлар.

- Бобур - оддий оила фарзанди. 4 декабрь куни Самарқандда ўтказилган Ўзбекистон кубоги финалига Бобур билан бирга бордик. «Динамо» стадионида бир зумда мухлислар уни қуршаб олишди. Кимдир бирга суратга тушди, бошқаси дастхат олишга интилди. Бобурнинг ўйиндан сўнг айтган гаплари ёдимда: «Тўғриси, майдонга тушгим келди, «Насаф» - севимли жамоам.  Ҳали клубнинг бундан-да залворли ютуқларига ҳисса қўшадиган давр ҳам келади. Ҳозирча еврофутбол ҳавосидан нафас олиб, уни Осиё майдонига йўналтиришимиз керак...». 2021 йил ёзги трансфер пайти Абдухолиқов Украинадан қайтгач, «Турон» жамоаси унга катта ваъдалар берди. Шунда Бобур дангал гапирди: «Ўзбекистонда ўйнайдиган бўлсам, фақат «Насаф»ни танлайман. Ҳозир мақсадим - Европада ўз ўрнимни топиш». Билишимча, унинг «Энергетик-БГУ»даги ишлари чакки эмас. Мана, яқинда Беларусь клуби билан янги шартномани расмийлаштирибди.

2022 йил футбол оламида тарихий воқеаларга бой бўлади. Қатар мезбонлик қиладиган жаҳон чемпионати янги-янги истеъдодларни кашф этишига ишонаман. Афсус, Ўзбекистон миллий жамоаси бўлажак мундиалда ҳам иштирок этмайди. Шундай бўлсада, орзу-умидлар билан яшашда давом этамиз. Ажабмас, Сречко Катанец жамоамизни барча кутган довонларга олиб чиқса. Умуман, ўзбек футболининг мустақиллик йилларидаги ҳолати ҳақида гапирганда, ижобий ўзгаришларни ҳам тан олиш керак. Қаранг, чекка-чекка қишлоқларда замонавий стадионлар ёки майдонлар қад ростламоқда. Энди спорт ареналарида маданий-маиший шароитлар яратилса эди. Бу борада «Турон» амалга оширган ишлар мақтовга лойиқ. Стадион трибуналари ва майдон жаҳон андозаларига мос тарзда жиҳозланди. Жамоанинг ўзи Суперлигада чакки кўрингани йўқ. Ҳар ҳолда, ўйинларида мазмун кўзга ташланди. Бироқ «Турон»га омад етишмади, менимча.

Ўйлашимча, футбол клубларини хусусийлаштириш йўлидан боравериш керак. Қачондир бизда ҳам телетрансляциялар ҳуқуқини сотиш, реклама шартномалари тузиш йўлга қўйилади, барибир. Шунда стадионларда мухлислар учун тўлиқ қулайлик яратилади ўз-ўзидан. Оддий мисол, «Реал»нинг уй аренаси - «Сантьяго Бернабеу»ни олайлик. Мухлислар атиги 10 дақиқа ичида стадионга кириб, ўз ўриндиқларига жойлашар эканлар. Чиқишга ҳам шунча вақт кетади. Стадионлар атрофида салқин ичимликлар, мевалардан тайёрланган шарбатлар, турли егуликлар сотиладиган кичик дўкончалар очилса, нур устига аъло нур бўлади. Шунингдек, футболга доир нашрлар, буклетлар, жамоанинг оригинал спорт экипировкалари савдоси йўлга қўйилса, айни муддао. Албатта, мухлислар маданиятини шакллантириш ҳам зарур. Дейлик, ҳар бир клуб мадҳия­си стадионда мухлислар томонидан ҳамоҳанг тарзда куйланса эди. Бу каби ишлар ҳам клубларимизнинг ўзини ўзи бошқариш жараёнига ўтишида муҳимдир.

Ҳусан ТЕМИРОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz