Қайднома

Қидирув

«Янги Роналду»лар, қаердасиз?

«Янги Роналду»лар, қаердасиз?

  18.01.2022 19:00
  0
  256
«Янги Роналду»лар, қаердасиз?

Кўзга кўринган ёш иқтидор соҳибларини футбол юлдузларига, айниқса, Криштиану Роналдуга қиёслашлари одатий ҳолга айланган. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам бу ишончни оқлай олмай, якунда «радар»лардан йўқолиб қолади. Бугун шундай футболчиларнинг айримларини ёдга оламиз.


2008: АЛИПИО

«Реал» ушбу футболчини 2008 йили 16 ёшга тўлган паллада сотиб олганди. Кейинчалик йигитчанинг фаолияти ажойиб тарзда кечишини тахмин қила бошлашди: «Алипио ўз ёш тоифасида Португалиянинг энг салоҳиятли ўйинчиси саналади, уни Роналдуга қиёслашмоқда». Аммо у «Реал» либосида битта ҳам учрашувда майдонга тушмади - умуман, ривожлана олмади. Ҳозир 29 ёшга тўлган, ўнлаб клубларда тўп сурган футболчи Бразилия иккинчи лигасида ўйнамоқда.

 


2009: ФЕДЕРИКО МАКЕДА ВА ГАБРИЭЛЬ ОБЕРТАН

Сэр Алекс кашф этишни истаган «МЮ»нинг икки собиқ футболчиси. Улар топ-клубга мослашишни уддалай олишмади. Жароҳатларга мойил Обертан «Юнайтед»дан кейин «Ньюкасл»да фаолиятининг энг яхши дамларини ўтказди, 32 ёшли француз айни пайт АҚШ учинчи лигасида тўп сурмоқда. 30 ёшли Македа эса, қанчалик ғалати туюлмасин, тўртинчи мавсумдирки, «Панатинаикос»да барқарор ўйнамоқда. Бунгача эса ҳеч қайси клубга ўрнаша олмаганди.


2010: БРУМА

Фаолиятини «Спортинг»да бошлаган, уни Роналду билан солиштируви шу тариқа якунланади. Ҳозир ПСВ шарафини ҳимоя қилмоқда, бунгача эса «Лейпциг», «Галатасарой» ва «Реал Сосьедад» клубларида ўйнаган, Португалия термасига чақирилган. Аммо Криштиануга етишига анча бор экан.


2011: ЛУКАС ОКАМПОС

Францияда «Монако» ва «Марсель» клубларида порлаган, «Милан»да ишлари қовушмаган, «Севилья» ўйинига эса тезда мослашди. Уни Ла Лига юлдузи дейиш қийин, аммо савиясини сақлаб турибди. Ҳозир 27 ёшда, демакки, янада юқорироққа интилиш имкони мавжуд. Дейлик, Люк де Йонг­нинг йўлидан бориб, «Барса» сафига қўшилса, ажабмас.



2012: ГАСТОН РАМИРЕС

Уругвайлик бу футболчини эсласангиз керак? Афсуски, у салоҳиятини рўёбга чиқаролмади, гарчи «Сампдория» ва Уругвай термасида муносиб ўйин намойиш этган бўлса ҳам. Айни пайт «В» серияда «Монца» шарафини ҳимоя қилмоқда.


2013: АЛЬВАРО ВАДИЛЬО

2013 йили «Бетис»даги ўйин-лари орқали футбол жамоатчилигига умид бағишлаган, бошланғич таркибга кирган энг ёш дебютант сифатида Ла Лига тарихига кирган, аммо якунда Испания ўртамиёналари даражасидан кўтарила олмади. Ҳозир «Эспаньол»да ўйнаяпти.


2014: УИЛФРИД ЗАА

«МЮ» таркибига жойлашолмаган вингер «Кристал Пэлас» либосида АПЛда ёрқин ўйин кўрсатмоқда. Анг­лиянинг исталган клубида ротация футболчиси бўлишга лойиқ, аммо нисбатан кичикроқ жамоада юлдуз ролида ўзини қулай ҳис этяпти, шекилли. 29 ёшни қаршилаб улгурди ва риивожланиш имконияти борган сари камаймоқда.


2015: ГОНСАЛУ ГЕДЕШ

Роналдунинг 25 ёшли ҳам-юрти «ПСЖ»га керак бўлмади, аммо «Валенсия»дагилар уни ўзлариники каби қабул қилишди. Термада мунтазам ўйнамоқда, гарчи Криштиану даражасига яқинлашолмаган бўлсада, савияли футболчи мақомини бой бермаяпти.


2016: АНТОНИ МАРСЬЯЛЬ

«МЮ»даги 6,5 йил мобайнида баъзан юлдузлик салоҳиятини намойиш этди. Мавсум-2019/2020да ниҳоят, юқори савияга чиққандек кўринди (АПЛда 17та гол ва 7 ассист), аммо кейинчалик яна қуйига «шўнғиди» (бунга асосан жароҳатлар сабаб бўлди). Эътиборлиси, айнан Криштианунинг Манчестерга ташрифидан сўнг жамоада ортиқчага айланди - энди кетишни хоҳламоқда.


2017: ДИОГУ ЖОТА

«Ливерпул»га ажойиб тарзда мослашиб, кўринишидан имконсиз нарсани амалга оширди: Мане-Салоҳ-Фирмино учлигини бузди, рақобатда бразилияликни ортда қолдирди. Агар ўсишдан тўхтаб қолмаса, Роналдудан кейинги Португалиянинг энг кучли футболчиси бўлиши мумкин. Эндигина 25 ёшда, демакки, ҳаммаси олдинда.


2018: РАФАЭЛ ЛЕАУ

22 ёшида «Милан» таркибига муқим жойлашди, Португалия термасидан чақирув оляпти. Салоҳияти юқори, ўсишда давом этса, «А» сериянинг энг яхшиларидан бирига айланиши мумкин. Кейин нима бўлишини эса кўраверамиз.


2019: ЖОАУ ФЕЛИШ

Шубҳасиз, Криштиану муваффақиятларини такрорлаш бўйича энг катта имкониятга эга эди. 22 ёшли Фелиш «Атлетико»да барқарорликка эришолмаяпти, кўпинча ишончни оқламаяпти, лекин барибир, баъзида мўъжиза кўрсатиб, муҳим голларни урмоқда. 126 млн. евролик нарх ҳам катта босим юклайди, аммо яқин йилларда Жоаунинг янги босқичга чиқишини кутамиз. Буни уддалай олмаса, афсусланишдан ўзга илож қолмайди.


2020: ЖОЭЛСОН ФЕРНАНДЕШ

«Спортинг»нинг 18 ёшли вингери ҳозир ижара асосида «Базел»да ўйнамоқда. Техникаси ва ақлли ўйини эвазига скаутлар назарига тушган, аммо юқори савияли ўйинларда порлашга улгурмади. Унинг ишлари қандай кечаётгани билан беш йилдан сўнг қизиқсак, тўғри бўлади.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz