Қайднома

Қидирув

Пиццериядан чиққан уддабурон воситачи

Пиццериядан чиққан уддабурон воситачи

  20.01.2022 03:30
  0
  169
Пиццериядан чиққан уддабурон воситачи

Футбол агенти Мина Райоланинг номи кўпчилик футбол мухлисларига жуда яхши маълум. Хўш, у машҳурликка қандай эришди, ўз мижозлари бўлган футболчиларнинг ишончларини қай тарзда қозонди? Sky Sports тайёрлаган мақола шу ҳақида.

Агентларни кўпчилик футбол душмани деб атайди. Райолага эса ушбу фикрлар жуда мос тушади. Унинг ҳамкасби ва замондоши Жорже Мендеш бизнесдаги фаолияти сабабли сояда қолаётган бўлса, Райола бу борада жуда очиқ ва қўрқмай фаолият юритмоқда. Машҳур шотландиялик мураббий сэр Алекс Фергюсон Минони ёқтирмаслигини дарров тан олиб, шундай деганди: «Футболда менга ёқмайдиган бир-икки нафар агент бор, улардан бири Поль Погбанинг агенти Мино Райола. Биз Поль билан яна бир йилга узайтириш имконияти бўлган уч йиллик шартномага эга эдик ва ундан фойдаланмоқчийдик. Аммо кутилмаганда катта саҳнада Райола пайдо бўлди. Бизнинг биринчи учрашувимиз муваффақиятсиз якунланди. Биз аллақачон франциялик ярим ҳимоячини қўлдан чиқариб бўлгандик. Чунки Райола Поль ва унинг оиласи ишончини қозона олди, натижада, маҳоратли футболчи «Ювентус» билан шартнома имзолади».

Шундай бўлсада, футболчилар Мино Райолани яхши кўришади. Боиси, Погба «Ювентус» таркибида суперюлдузга айланди ва «Манчестер Юнайтед»га қайтиши рекорд миқдордаги трансферга айланди. Бир пайтлари Минога Златан Ибрагимович ҳам мижоз бўлган, энди эса Эрлинг Холанд билан ишламоқда. Бу ҳақда Ибрагимович шундай дейди: «Агентимнинг қандай кўринишда эканлигини билмасдим ва йўл-йўл костюмли, катта тилла соат таққан йигитни учратаман, деб ўйлагандим. Бироқ тахминларимга терс ўлароқ, кимни кўрдим денг? Қориндор, жинси шим ва NIKE футболкаси кийган оддий одамни. У «Соп-рано авлодлари» телесериали қаҳрамонларидан бирига ўхшарди. Столга ўтирганимизда, Мино нима буюрди, деб ўйлайсиз? У авакадодан тайёрланган гуручли таом ва қисқичбақаларга буюртма берди. Официантлар бизга газаклар билан бирга катта лаганда овқат келтиришди ва бу таомга 5 кишининг қорни тўярди. Бироқ Райоланинг ўзи уни паққос тушира бошлади».

Келиб чиқиши итальян бўлган нидерландиялик агент Мино Райола ўз мижозлари билан мустаҳкам келишувга эриша олади. «Футболчилар Минони ажойиб йигит деб ўйлашади, чунки уларга энг яхши келишувларга эришишда ёрдам беради, - дейди собиқ футболчи Михел Крек. - Клублар эса уни футбол душмани деб ҳисоблашади.  Топ футбол юлдузлари нега Мино Райолага ишонч билдиришларини тушуниш учун унинг фаолиятини қандай бошлагани ва дастлабки келишувларига назар ташлаш зарар қилмайди. Тюрпейн билан юз берган воқеа Минонинг музокара борасидаги қобилияти юқорилигини англатса, бошқа маҳоратлари футболчилар ишончини қандай қозонишидан далолат беради».

Михел Крек бир пайтлари «Аякс» клуби ярим ҳимоячиси эди. У Луи ван Гал бошқарувидаги жамоа билан иккита совринни қўлга киритди, шунингдек, 1992 йилги УЕФА кубоги финалида «Торино» устидан қозонилган ғалаба эвазига мазкур мусобақа ғолибига ҳам айланди. Бироқ амстердамликлар таркибида Эдгар Давидс пайдо бўлганидан сўнг, у захира ўриндиғидан ўрин олди ва Италиянинг «Падова» клубига ўтиш имкониятидан фойдаланди. «Бу энг кучли жамоа бўлмасада, менда Европанинг энг кучли лигасига ўтиш учун ажойиб имконият юзага келганди ва бу олдинга ташланган катта қадам эди. «Аякс» футбол мактабига 8 ёшимда борганман, шу боис, стадионнинг ҳар бир бурчагини билардим. «Падова» таркибига қўшилганимдан кейин эса 23 ёшимда мус-тақил ҳолда яшашга кўникишим лозим эди».

Аммо Михелнинг ушбу сўзлари ҳақиқатга унчалик ҳам тўғри келмайди. Чунки ўша пайт «Падова»да Роб Янсен бош мураббий бўлиб, унинг ёрдамчиси Мино Райола эди. «Ўшанда Мино Роб билан бирга фаолият юритаётган ва Италияга келган барча янги ўйинчиларга шароитга мослашишлари учун ёрдам бериши лозим эди», - дейди Крек.

Болалигидан Гарлемдаги ота-онасининг пицца тайёрлайдиган кафесида ишлаган Райо-ла бизнес борасида ўзгача қобилиятга эга эди. Шунинг учун бўлса керак, у 17 ёшидаёқ Италия бозорида Нидерландия компаниялари учун ривожланиш имкониятларини ўрганадиган Intermezzo компаниясига асос солди. Минонинг таъкидлашича, ўзининг илк миллионини ўсмирлигидаёқ ишлаб топган.

Тақдирнинг ўзи Амстердам чеккасида яшовчи итальян миллатига мансуб йигитчани футбол соҳасига бошлади. Райола «лолалар юрти»даги иқтидорли футболчиларнинг буюк авлоди етишиб чиқаётган ҳамда «А» серия дунёнинг энг кучли лигаси бўлган бир пайтда иш бошлади. «Албатта, ўша даврда Италиядаги маош Нидерландиядагига қараганда кўпроқ эди», - дейди Крек.

Ишбилармонлиги боис, Райо-лада воситачи бўлиш имконияти туғилди. У Деннис Бергкамп-нинг «Интер» таркибига қўшилишида иштирок этди. Лекин Мино ундан бошқа ҳам кўплаб келишувларга эга бўлганди. Масалан, ўша йили ярим ҳимоячи Марcиано Винк «Женоа» таркибидан жой олди. Бир йил олдин эса яна бир нидерландиялик ярим ҳимоячи Брайан Рой «Фоджа» сафига қўшилганди. Ройнинг Райола билан ҳамкорлиги эса ўзгача бўлган. Бу ҳақда собиқ футболчи шундай дейди: «Мино итальян тилини яхши биланлиги учун менинг фоджаликлар таркибига қўшилишим борасидаги келишувни у олиб борди. Аммо янада муҳимроғи, шартнома имзоланганидан кейин Райоланинг менга қандай муносабатда бўлганлиги. Мино кеча-ю кундуз ёнимда бўлди. Бунинг учун ундан доим миннатдорман. Ҳамма ҳам сиз учун бунчалик яхшилик қилавермайди».

Мино Фоджада Ройга олти ой давомида ҳамроҳ бўлди. Бу ҳақда собиқ ярим ҳимоячи шундай эслайди: «Биз бир неча ой давомида меҳмонхонанинг қўшни хоналарида яшадик. Кейинчалик ўзимга хонадон топдим, у эса менга ҳамма нарсада ёрдамлашди, квартира учун керакли нарсаларни топиб берди».

Мино ўшанда барча ишни ўз зиммасига олди ва ҳеч нарсани кўздан қочирмади. Райола ҳаттоки, Брайанга квартирасини бўяшда ҳам кўмаклашди. Рой учун бу унинг садоқатидан далолат эди. «Италияда гўзал шаҳарлар жуда кўп, - дея гапини давом эттирди Рой. - Лекин Фоджа бундай шаҳарлар сирасига кирмайди. Ушбу гапларимдан эса Минонинг аслида қандай инсон эканлигини билиб олиш мумкин».

Ўша кезлари Мино шундай салоҳиятга эга бўлганди. У кўплаб танишлар орттирди, муаммоларни жуда осонлик билан ҳал этди. Райола давраларнинг гули ва жуда сўзамол инсон. У нафақат ўзини маданиятли тарзда тутади, балки ўз хатти-ҳаракатлари билан бошқаларни ҳам шунга ундайди. Мино «Ювентус»нинг собиқ директори Лучано Моджини ҳали агент сифатида кўпчиликка танилиб улгурмаган пайтида, режалаштирилган учрашувга келмагани учун ходимлари олдида қандай изза қилганлигини ҳам эслаб ўтганди.

«Лацио», «Наполи» ва «Рома» каби таниқли клубларда фаолият юритган чехиялик мураббий Зденек Земан ҳам Райола билан ҳисоблашишга мажбур бўлганди. Рой «Фоджа» сафига қўшилганида, жамоани Земан бошқарар ва тез орада у кутилмаган ёрдамчига эга бўлганди.

Земан ҳам Минонинг ишини юқори баҳолади. 1996 йилнинг ёзида Райола чехиялик Павел Недведнинг Прага «Спарта»сидан Зденек қўл остидаги «Лацио»га ўтишига ёрдам берди. Кейинчалик Недвед «Ювентус» таркибидан ўрин олди, Турин клуби сафида 2003 йили «Олтин тўп»-ни қўлга киритди ва Мино Райолани суперагент дея эътироф этди. Аммо бу вақтга келиб қаҳрамонимиз Янсеннинг таржимони эмасди.

Гарчи Райоланинг агентлик компанияси кичик бўлсада, Мино уни шахсан ўзи бошқараётгани билан фахрланади. Агентлик фаолиятини бошлаганига 20 йил бўлсада, Мино ҳамон футболдаги энг йирик келишувларни амалга оширмоқда, жаҳоннинг энг кучли клублари ҳасадини келтирмоқда. Юлдузлар эса ҳамон Райолага ишонишади...

Эрлинг Холанднинг трансфери футбол тарихидаги рекордлардан бири бўлиши мумкин. Ва бизнингча, у албатта, Мино Райола иштирокида амалга ошади.

Улуғбек Умаров тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz