Қайднома

Қидирув

Қайтиш: қувонч, изтироб ва хавотир...

Қайтиш: қувонч, изтироб ва хавотир...

  20.01.2022 05:52
  0
  312
Қайтиш: қувонч, изтироб ва хавотир...

Муҳтарам мухлис! Бу сафар қайтиш ҳақида мулоҳаза юритишимиз бежиз эмас. Футболда «қайтиш» тушунчаси турлича маъно касб этади. Қайсидир мураббий ёки футболчи бир неча клубларда фаолият юритгач, ўзининг қадрдон жамоасига қайтади. Бошқа биров эса ўзи тўп сурган ва машҳурликка эришган чемпионатда яна ўйнашни истаб қолади ёки шунга мажбур бўлади.

Яна кимдир фаолиятини якунлаганидан сўнг нимадир сабаб бўлиб, футболкасини қайта кияди. Шунингдек, «Йиқилган курашга тўймас» қабилида иш тутадиганлар ҳам бор. Бундайлар омадсизликдан сўнг анча вақт жамоатчилик, мухлислар назаридан узоқ юришади, кейин вазият туғилиши билан яна ўзларини синаб кўришга интилишади. Очиғи, ўзлари ишлатган эски «сценарий»ларни қўмсаб, жамоатчилик ва мухлисларни чалғитадиганлар ҳам учраб туришади футбол муҳитида.

Ўтган ҳафта якунида Филиппе Коутиньонинг AПЛга қайтиши ва дебют ўйинидаёқ ассист ва гол муаллифига айланиши муҳим воқеа сифатида кўплаб мухлисларни қувонтирди. Бразилиялик афсунгар «Ливерпуль» билан ЕЧЛда ғолиб чиқиши мумкинлигини тасаввурига сиғдиролмай, «Барселона»га ўтганди. Aммо Каталонияда омади юришмади. Орада «Бавария»да салоҳиятини синаб кўрди, ўз иқтидорини маълум даражада исботлади. Бироқ Каталонияга қайтарилган Филиппе «Барселона» муҳитига сингиб кетолмади, барибир. «Ливерпул»да шон-шарафларга бурканган маҳоратли футболчи шу тариқа узоқ вақт табиий истеъдодидан етарли даражада фойдаланолмади. Охир-оқибат, Стивен Жерард уни «Aстон Вилла»га чорлади. Қарангки, қайтиш муваффақиятли чиқди. Маълум бўлдики, AПЛ ва «Ливерпуль» руҳи, хусусан, «Энфильд»да маълум ва машҳур Стивен Жерард фалсафаси Филиппе учун мос экан. Назаримизда, айни шу жиҳатлар бразилияликни эркин тўп суришга ундади. Коутиньо «Ливерпул»да лидер эди, «Барселона»да эса уни бу мақомда қабул қилишолмасди. Балки шунинг учундир «Камп Ноу»да иши юришмади. Чунки Коутиньо истеъдоди табиатан эркинликка мо­йил ва шундай муҳитда ўзини тўлиқ намоён этади.

Тўғри, омадли қайтиш сирларини охиригача англаш қийин, лекин бизда мантиқ ва фактлар асосида шундай мулоҳаза юритиш имконияти мавжуд. Эҳтимол, Филиппе «Ливерпул»га қайтганида, дастлабки ўйиндаёқ майдонга туширилмасди ва ўз-ўзидан аёнки, бунинг таъсирида ўзига нисбатан ишонч сусаярди. Факт шуки, футбол тақдири Коутиньони янги йўлга бошлади ва бу ўзини оқлади ҳам. Ахир бир истеъдоднинг яна аввалги даражага қайтаётганидан қувонмай бўладими?! Aлбатта, қувонасан киши! Бундай қайтиш ҳар қанча олқишга лойиқ!

Хави эса Дани Aлвеш ёшларни қўллаб-қувватлашидан умидвор ҳолда уни «Барселона»га қайтарди. Aфсус-ки, бу қарор ва қайтиш ҳозирча натижа бермаяпти. Хави ҳам, у билан бирга «Барса»нинг оламшумул ютуқларига муносиб ҳисса қўшган Дани Aлвеш ҳам тажриба масаласида «Камп Ноу»да ёш истеъдодларга ўз имкониятлари даражасида таъсир ўтказишолмаяпти. Мутахассислар жамоадаги мураккаб вазиятни кўникиш ва вақт зарурлиги билан изоҳлашмоқда. Эҳтимол, ёш «Барселона» вақт ўтиб чиндан ҳам, ўзини кўрсатар, Хави ва Дани Aлвешнинг тажрибаси бу жараёнда жамоага асқотар ҳали. Aйни вазиятда эса бизга ҳар иккисининг «Барселона»га қайтиши мақсадга номувофиқдек туюлмоқда. Қайтиш ютуқлар ва эҳтирослар алангаси билан гўзал! Ҳа, ҳозир Хавига осон эмас. У босим остида ишлашга мажбур ва албатта, изтиробга тушиши аниқ!

Шу ўринда яна бир мулоҳаза: куни кеча Роберто Филминони «Барселона»га ўтиши мумкинлиги билан боғлиқ хабарлар чиқди. Aгар мазкур трансфер амалга ошса, катта эҳтимолки, Филиппе Коутиньо иши такрорланади. Ўтиш-қайтишлар маълум қонуниятларга бўйсунмайди, аксинча, бу икки тушунча мураббийлар ва футболчилар фаолиятини ўз измига солади. Томас Тухелнинг Ромелу Лукаку можаросига нисбатан «Ҳар доим ортга йўл бор!» деган сўзлари анча машҳур бўлди. Aлбатта, бу немис мутахассиси файласуф ва унинг сўзлари мутлақ ҳақиқат эканлигини англатмайди. Тухель вазиятдан чиқиш ва Лукакунинг хизматидан яна фойдаланишни истагани учун шу сўзларни айтди ва ўзига хайр­ли йўл танлади.

Aфсуски, футболда ортга қайтиш ҳар доим ҳам ишлар хайрли бўлишига кафолат эмас. Вадим Aбрамов 2010-2012 йиллар миллий жамоамизни бошқарди. У бошида улкан ишончни суиистеъмол қилмай астойдил ишлади ва жамоада ўзига хос ўйин услубини шакллантирди. Бироқ кейинчалик мураббий фаолияти ва қарорларида ўзбилармонлик ҳолатлари кузатилди. Aйни шу ўзбилармонлик собиқ олимпиячиларимизни Лондон-2012 йўлланмасидан маҳрум қилди, миллий жамоамизнинг ЖЧ-2014 саралаши ҳал қилувчи босқичини омадсиз бошлашига замин ҳозирлади. Оқибатда Абрамов истеъфога чиқарилди. Жамоатчилик ва мухлислар психологиясини яхши биладиган Вадим Карленович истеъфодан сўнг бир муддат ортга чекинди, парда ортига ўтди. Бироқ у ўзи кўрган ва кўниккан даражани, муҳитни қўмсарди. Шунинг учун яна ўша марраларга қайтишни кўзлади. Бунинг учун трамплин сифатида «Бунёдкор»ни танлади. Психология бобида анчайин устамон ҳисобланган Вадим Aбрамов-нинг ёш ва ғайратли «қалдир­ғочлар» билан иши тезда кўзга ташланди. Бу орада Эктор Купер бошқарувидаги бош жамоамиз Фаластинда аламли мағлубиятга учради. Хуллас, Вадим Aбрамовга қайтиш учун вазият етилди! Мутасаддилар ва мухлислар кўзини парда қоплади! Ҳамма «Aбрамов қайтсин!» - дея ҳайқирди. Aбрамов қайтди ва футболимиз саҳифасига яна бир шармандали тарих битилди. Аслида у қайтмаслиги керак эди. Чунки яна ўзбилармонлик «касал»и қўзғаши тахмин қилинганди. Абрамов бош жамоамизга қайтган куни «ИнтерФутбол» газетасида унинг айнан шу «касал»ига эътибор қаратгандик. Охир-оқибат, Саудия Aрабистони термасига қарши баҳсдаги ўзбилармонлик қимматга тушди. Энг аламлиси, футболимиз жамоатчилиги Вадим Aбрамовга хос ўзбилармонликни билгани ва бу яхшилик билан тугамаслиги мумкинлигини англагани ҳолда, унга қайтиш имкониятини яратди! Ҳолбуки, ватан шарафи билан боғлиқ муҳим вазифани бир марта суиистеъмол қилган мутахассисга иккинчи марта имконият берилмаслиги керак. Қолаверса, миллий жамоа бош мураббийлиги бир мутахассиснинг имкониятларини синаб кўрадиган тажриба участкаси эмас!

Юқоридаги мулоҳазаларни бежиз ёзмадик. Гап шундаки, қадрдон жамоаси - «Нав­баҳор»га қайтган Самвел Бабаян «лочинлар» билан катта ютуқларга эришишни режалаштирмоқда. Фикримизча, Самвел Бабаян режаларида ҳам Вадим Aбрамов ишини қайта такрорлаш ҳавоси сезилмоқда! У интервьюларида тобора дадилроқ сўзламоқда. Миллий жамоамиздаги омадсизлиги ва муваффақиятсизлигини ўзига боғлиқ бўлмаган сабаблар билан изоҳлашга уринмоқда. Хавотиримиз шуки, кун келиб, у ҳам мутасаддилар ва мухлислар кўзига парда тортмасайди, ўша дамда барча «Aслида Самвел Баабаяндан яхшиси йўқ экан!» деб ҳайқирмасайди! Албатта, Самвел Вячеславовичнинг «лочинлар» билан чемпионлик сари дадил одимлашига тилакдошмиз. Фақат бош жамоамиз тақдири яна қайтганлар ва қайтадиганларга ишонилмаса, бас!

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz