Қайднома

Қидирув

Якун: Анти рамзий жамоа

Якун: Анти рамзий жамоа

  21.01.2022 06:16
  0
  276
Якун: Анти рамзий жамоа

2021 йил ниҳоясига яқинлашиб қолган кунлар деярли барча спорт нашр­ларида ҳисобот даврини самарали ўтказган футболчилардан тузилган ўзига хос рамзий жамоалар таркиби эълон қилинди. Аммо йил давомида фаолиятида яққол пасайиш кузатилган футболчиларни аниқлаш кўпчилик хаёлидан кўтарилди. Sports.ru ижодкорлари ана шу бўшлиқни тўлдириш мақсадида йилнинг анти (омадсиз)  рамзий жамоасини шакллантирдилар. Қизиқ, унга кимлар киришди?

Дарвозабон: Марк-Андре тер Штеген («Барселона»)

Ҳа, ёқимсиз жамоа дарвозаси «Барселона» вакилига топширилди. Сабаби тайин - Ла-Лига-2020|2021нинг омадсиз якуни ва Куман давридаги ўта ишончсиз ўйинлар. Тўғри, германиялик кипернинг ақл бовар қилмас «сэйв»лари, «ўлик» тўпларни олиб чиққанини ҳеч ким унутгани йўқ. Бироқ йил давомида унинг руҳий ҳолати талаб даражасида бўлмагани ҳам рост.

Марк-Андре тер Штеген йил давомида

1та ўйинда қўйиб юборган голлари сони (ўртача): 2020|2021 - 1,03та; 2021|2022 - 1,2та

«Сэйв»лар сони бўйича Ла Лигадаги ўрни: 2020|2021 - 4 (71,6 фоиз); 2021|2022 - 6 (58,1 фоиз)

«Қуруқ» ўйинлари сони: 2020|2021 - 35,5 фоиз; 2021|2022 - 20 фоиз

 

Чап қанот ҳимоячиси: Серхио Регилон («Тоттенхэм»)

Дэниэль Леви 2020 йилнинг ёзида «Севилья» таркибида Ла Лиганинг энг яхши чап қанот ҳимоячиси мақомини олган футболчи учун «Реал»­га 30 млн. евро тўлаганди. Клубга Гарет Бэйл билан бир вақтда келган ҳимоячидан ишончли ўйин кутишди. Лекин ўтган йили испанияликнинг АПЛда ишлари унча юришмади.

Серхио Регилон йил давомида

Рақибдан тўпни олиб қўйиш бўйича кўрсаткичи: 2020|2021 - 51 марта (80-натижа); 2021|2022 - 22 марта (101-натижа)

Амалга оширилган кросс­лар сони: 2020|2021 - 59та (40-натижа); 2021|2022 - 30та (36-натижа)

Қўшимчасига, АПЛ тарихидаги 1000-ўта чиройли автогол ҳам Регилон номига ёзилди.

 

Марказий ҳимоячи: Клеман Лангле («Барселона»)

Каталонияда Самуэль Юмтитидан умид узиб, Лангледан шиддатли тараққиёт кутишганди. Бироқ у ишончни лоақал 20 фоиз даражасида ҳам оқламади. Фақат франциялик ҳимоячига боғлиқ мемлар кўпайганидан кўпайди.

Клеман Лангле йил давомида

Умумий статистикаси: Ла Лига 2020|2021 - 27та ўйин, 41 марта тўп олиб қўйиш (88-натижа), 39 марта тўп тўсиш (98-натижа); Ла Лига-2021|2022 - 4та ўйин, 11 марта тўп олиб қўйиш (223-натижа), 7 марта тўп тўсиш (280-натижа)

Ёш ҳимоячининг трансфер қийматидаги кескин пасайиш ҳам эътиборга молик: 50 млн. евродан 18 «лимон»га тушди.

 

Марказий ҳимоячи: Деян Ловрен («Зенит»)

«Зенит» ўйинларини кузатиб борувчи мухлислар Деяннинг ҳозирги ҳолатидан яхши хабардорлар. У «Ливерпуль» талабига жавоб беролмай қолгач, Россияга йўл олди. Ҳа, РПЛда аввалига ажойиб ўйин кўрсатди, лиганинг энг яхши марказий ҳимоячилари қаторига қўшилди. Лекин кейинчалик ўйини бирдан сусайиб кетди. Агар бош мураббий янги мавсумда ҳам 3 нафар марказий ҳимоячи билан ўйнашни лозим топмаганида, Ловрен захирадан жой оларди.

 

Ўнг қанот ҳимоячиси: Серхи Роберто («Барселона»)

Яна бироз шубҳали номзод. Испаниялик ҳимоячи Метт Доэрти билан таққосланди. Натижалар Робертода бироз пастроқ.

Серхи Роберто йил давомида

Умумий статистикаси: Ла Лига-2020|2021 - 11та ўйин, 7 марта тўп олиб қўйиш, 8 марта рақиб узатмасини илиб олиш, 25 марта тўп тўсиш, 7та кросс; Ла Лига-2021|2022 - 4та ўйин, 10 марта тўп олиб қўйиш, 2 марта рақиб узатмасини илиб олиш, 3 марта тўп тўсиш, 7та кросс.

Эслатма, Роберто февраль ойида 30 ёшга тўлади.

 

Марказий ярим ҳимоячи: Сауль Ньигес («Челси»)

Кокенинг доимий шериги «Атлетико»нинг чемпионлик мавсумида бўлгани каби «Челси»да ҳам талаб даражасида тўп суролмади. Сауль 2020|2021 йиллар мавсумида ўзи истаган позицияда ўйнамаганидан нолиганди. Унинг «МЮ»га ўтиши амалга ошмади, «Челси»даги «сургун» даври ўта омадсиз кечди: яккакурашларда устун келиш кўрсаткичи атиги 11 фоиз, қоида бузиш ва тўпни йўқотиш бўйича яққол етакчи. Натижада танаффусдан ке­йин майдонга туширилмади. Хуллас, Ньигес нисбатан дурустроқ тўп сурган ўйинларда ҳам аввалги савиясини кўрсатолмади.

 

Марказий ярим ҳимоячи: Донни ван де Бек («МЮ»)

2020 йил сентябрида 40 млн. евро эвазига «МЮ» сафидан жой олган нидерландиялик ярим ҳимоячи ўйин амалиёти муаммосига дуч келди. Чунончи, Манчестерда Бруну Фернандеш овер-футбол намойиш этишга тушди. Қисқаси, клуб танлашда янглишган иқтидорли ярим ҳимоя 2021 йил бадалига атиги 12 марта майдонга тушди. Натижа ҳам шунга яраша...

Донни ван де Бек йил давомида

Умумий статистикаси: 1та гол ва 1та самарали узатма

Шунингдек, футболчида зарбалар ва аниқ узатмалар сони ҳам камайиб кетди.

 

Марказий ярим ҳимоячи: Деле Алле («Тоттенхэм»)

«Ёрқин» ярим ҳимоячилар учлигида «Тоттенхэм» вакили ҳам бор, албатта. Унинг фаолияти хроникасига қаранг: 2016 йил апрель - мавсумда 10та гол маррасига етган АПЛ тарихидаги энг ёш футболчи (20 ёшу 7 кунлик), 2018 йил июль - ЖЧда гол урган британиялик иккинчи энг ёш футболчи (22 ёшу 87 кунлик), 2020 йил март - АПЛда 50та гол маррасига етган энг ёш ярим ҳимоячи (23 ёшу 331 кунлик), 2020 йил сентябрь - Жозе Моуриньо билан келишолмай, мавсумда 2-марта таркибдан четда қолди, 2021 йил декабрь - навбатдаги ўйинни ёмон ўтказиб, яққол голли вазиятни барбод қилди.

Деле Алли йил давомида

Умумий статистикаси: 2200 дақиқа, 5та гол, 6та самарали узатма

Ҳаммаси тушунарли, йигитча юлдузлик босимини кўтаролмади, шекилли.

 

Чап қанот ҳужумчиси: Эден Азар («Реал»)

Ниҳоят, навбат бельгиялик юлдузга келди. Аслида у 2020 йили ҳам жуда самарасиз тўп сурганди. Мана, ҳужумчи яна бир йилни беҳуда ўтказди, ҳисоб. Омадсизликнинг асосий сабаби - жароҳатлар. Эден «Реал» сафига қўшилганидан буён турли муаммолар ортидан 60та ўйинни ўтказиб юборди. Қисқаси, даволанишга ҳаддан ортиқ кўп вақт сарфлади. Кейинги сабаб - овқатланиш тартибига риоя қилмаслик. «Челси» футболчилари Азарнинг ўйин арафаси ва танаффус пайти бургер ейишини айтишганди. Ҳа, парҳезга амал қилмаслик шикаст­ланиш эҳтимолини оширган кўринади.

Эден Азар йил давомида

Умумий статистикаси: Ла Лига 2020|2021 - 6та ўйин, 3та гол (106-натижа), 2та самарали узатма (101- натижа); Ла Лига-2021|2022 - 5та ўйин, гол йўқ, 1та самарали узатма (117-натижа)

Таққослаш учун Эденнинг «Челси»даги кўрсаткичлари: АПЛ 2018|2019 - 33та ўйин, 16та гол (8-натижа), 15та самарали узатма (2-натижа). Энди жумбоқни ечишга уриниб кўринг: 120 млн. ва 25 млн. нимани англатади? Майли, бош қотирманг - булар Азарнинг 2019 йилнинг декабри ва 2021 йилнинг октябридаги трансфер қиймати.

 

Ўнг қанот ҳужумчиси: Тимо Вернер («Челси»)

Роман Абрамович Бундеслиганинг 2019|2020 йиллар мавсумидаги иккинчи тўпурари (28та гол) учун 53 млн. евродан воз кечганди. Ҳужумчи Лондонга етиб келгунича «қотил»лик хислатини йўқотиб қўйган кўринади. Ўтган мавсум тахмин қилинган маҳсулдорликни қайд этолмаган тўпурарнинг ҳозирги натижалари ҳам салбий. Эҳтимол, Вернер дастлабки қулай вазиятдан фойдаланолмаганида, ўз кучига нисбатан ишонч­ни йўқотиб қўйгандир. Хуллас, тўпурар АПЛда  иккинчи мавсум ҳам Бундеслигадаги голеадорлик хислатини ишга сололмаяпти. Афсус...

 

Марказий ҳужумчи: Пьер-Эмерик Обамеянг («Арсенал»)

Ҳа, омадсизлар жамоасига нуқта қўйиш имконияти ҳозир футбол ўйнашни деярли унутиб қўйган габонлик снайперга «ҳадя» қилинди. Гап шундаки, шартнома муддати ниҳоясига етаётган ҳужумчи 2019|2020 йиллар мавсумида бор куч-маҳоратини сарфлашга қарор қилган ва жамоа­га Англия кубогини тортиқ этганди. Муваффақиятдан боши осмонга етган раҳбарият голеадорга манфаатлироқ янги шартнома таклиф қилди. Бироқ афтидан, Обамеянг фақат мўмай даромадни ўйлаган, чоғи. Унинг сўнгги йиллардаги кўрсаткичлари фикримизни тасдиқлайди: АПЛ-2019|2020 - 22та гол (2-натижа), 40та аниқ зарба (3-натижа); АПЛ-2020|2021 - 10та гол (21-натижа), 19та аниқ зарба (45-натижа); АПЛ-2021|2022 - 4та гол (26-натижа), 16та аниқ зарба (11-натижа).

«Арсенал» яқинда, аниқроғи, 14 декабрь куни габонлик ҳужумчини сардорлик мақомидан маҳрум этди. Онасидан хабар олиб келиш учун Францияга кетган ҳужумчи белгиланган муддатда қайтмаганди. Хуллас, габонлик футболчи Мезут Озил ортидан бориб, «мойли» келишув ниҳоя­сига етгунича жамоада қолишга уриниши ёки моддий манфаатни четга суриб, «Барселона» ёки «Ювентус» таклифини қабул қилиши мумкин.

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz