Қайднома

Қидирув

Мураббийлар: Чин кашфиётчи устоз...

Мураббийлар: Чин кашфиётчи устоз...

  24.01.2022 03:30
  0
  178
Мураббийлар: Чин кашфиётчи устоз...

Хельмут Шнайдер, Херманн Эппенхофф, Фишкен Мультхауп, Хорст Кеппель, Маттиас Заммер ва Юрген Клопп - булар Дортмунд «Боруссия»си билан салмоқли натижалар ва совринларга эришган буюк мураббийлар. «Қовоқарилар»ни шоҳсупага олиб чиққан дастлабки бош мураббий эса - Фердинанд Фабра. Борзигплатц шунқорлари 1947 йили айнан шу мутахассис раҳбарлигида афсонавий Вестфалия чемпионатида ғолиб чиқишган. Фабра кейинги йили жамоа билан яна бир нуфузли турнир - Ғарбий Оберлиганинг илк мавсумида зафар қучган. Фердинанд бобо агар ҳаёт бўлганида, 2021 йилнинг 8 октябрь куни 115 ёшга тўларди...

***

«Дортмунд» урушдан ке­йин мураббийсиз қолганди. Ўша даврдаги вазиятга оид қисқача маълумот: иккинчи жаҳон урушидан сўнг Дортмунд клуби бошқарувини қўлга олган Фритц Телен 1947 йилнинг баҳорида Гельзенкирхенга қайтади. Бу ўта нохуш воқеа эди, чунки мавсум энди ниҳоясига етган, фақат Хернда бўладиган Вестфалия чемпионати финали қолганди. Малакали мураббийни дарҳол қаердан топиш мумкин? Муҳими, Аугуст Ленц мураккаб муаммога ижобий ечим топади. Маҳбусликдан қайтиб, сардорлик боғичини яна қўлган олган миллий жамоанинг «арилар» тарихидаги дастлабки вакили клубда юксак нуфузга эга эди. Хуллас, у Рейх терма жамоаси бош мураббийи, профессор Отто Нерцнинг ассистенти Фердинанд Фабра номзодини тавсия этади.

Фердинанд Фабра - ноёб тактика соҳиби. «Боруссия»ни илк бор шоҳсупага олиб чиққан спорт ўқитувчиси футбол тактикаси шайдоси ва ҳозирда «ромб» номини олган сеҳрли квадрат ихтирочиси эди. Фабра Англиядан олиб келинган мазкур схеманинг барча вариантлари ва нозик жиҳатларини ўрганиб чиққанди. Кашфиётчи мураббийнинг ҳаёт йўлига оид қисқача маълумот: у 1906 йилнинг 8 октябрь куни Гезекда туғилган. 10 ёшидан маҳаллий SSV Geseke клубида шуғулланган. Фабра 1927 йили Берлиндаги Германия жисмоний тарбия университетида Олимпиада-36 отаси сифатида танилган профессор Карл Дим ва Нерц раҳбарлигида ўқишни давом эттиради. Кейинчалик рейхсмураббий тавсияси билан спорт ўқитувчиси ихтисоси бўйича имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, теннис, енгил атлетика ва футбол бў­йича малакали мутахассис мақомида Кобургга йўл олади. У ерда маҳаллий жамоанинг марказий ҳужумчиси сифатида самарали тўп суради. Шундан кейин Нерц суюкли шогирдини Германия терма жамоаси бош мураббийи ассистенти ролига таклиф этади.

1936 йилги Олимпиада арафасида финляндияликлар Германия футбол иттифоқига малакали мураббий сўраб, мурожаат қилишади. Якунда ГФИ айнан Фабрани «Кўллар салтанати»га юборади. Шу тариқа ёш мутахассис Скандинавияда фин футболи отаси мақомига сазовор бўлади. 1939 йили эса Фабра бошқарувидаги жамоа Рейхсбундда ғолиб чиқиб, Германия чемпионати олтин медалини қўлга киритади. «Бавария»га қарши кечган ҳал қилувчи баҳс 2:1 ҳисобида якунланган эди. Фабра бу орада университетдаги таҳсилни ҳам ниҳоясига етказиб, магистр унвонини олади.

Ҳурмат-эҳтиромга лойиқ хотима. Мазкур биографияга қараган «Боруссия» Д. директорлар кенгаши аъзолари Фабра номзодини қўллаб-қувватлашади. Шу тариқа у 1947 йилнинг баҳорида «қовоқарилар»ни шуғуллантиришга ўтади. Орадан бир неча ой ўтгач, «Боруссия» Вест­фалия биринчилигида ғолибликни нишонлайди. Жамоа шундан сўнг Германия ҳудудий чемпионатида ҳам муваффақиятли иштирок этади, бироқ финалда «Гамбург»га имкониятни бой беради. Йил охирида мавсум-1963га қадар фаолият юритган Ғарбий Оберлига ташкил этилади. Фердинанд Фабра раҳбарлигидаги «Боруссия» Д. эса Оберлига тарихидаги дастлабки чемпион сифатида тарихга киради.

Муваффақият ортидан айрилиқ. Фабра ва «Боруссия» Д. ҳамкорлиги 1947|1948 йиллар мавсумидан кейин ниҳоясига етди. Зеро, клуб ўша даврда мураббийни рисоладагидек 3 хонали уй билан таъминлаш, шунингдек, шартнома талабларини тўлиқ бажаришга қодир эмасди. Фердинанд Фабра кейинчалик мураббийлик фаолиятини «Боруссия» (Нойнкирхен), «Пройссен» (Мюнстер) клублари ва Фюрт ўйинлар ассоциациясида давом эттиради. Мураббий шундан сўнг оилавий шароити туфайли маориф соҳасида ишлайди. Жумладан, 1954-1978 йиллар оралиғида Липпштадт­даги Остендорф гимназиясида жисмоний тарбия фанидан сабоқ беради. Диққатга сазовор факт: шахматнинг чин ихлосманди саналган ва ҳамиша катта иштиёқ билан дона сурган мутахассис бу спорт турини алоҳида фан сифатида ўз ўқув даргоҳи дастурига олиб киради. Шу тариқа ўтган асрнинг 60-йилларида мактаб шахматининг таниқли арбоби мақомига кўтарилади.

Фердинанд Фабра 2007 йили 101 ёшида фоний дунёни тарк этди. 2008 йилдан эътиборан Дортмундда алоҳида шахмат кунлари ташкиллаштирилмоқда ва мусобақа ғолибларига Фердинанд Фабра номидаги мукофот топширилмоқда.

О.АТАБОЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz